00:11 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда Азимжон Асқаров иши бўйича навбатдаги суд мажлиси: Маҳкум, адвокатлар ва прокурорлар сўзга чиқдилар

22.12.2016 19:43 msk

Фарғона

Бишкекда 20 декабрь куни Қирғизистон жанубида 2010 йилда содир бўлган оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор дея тан олиниб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқиш бўйича суднинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Судда Асқаров, унинг адвокатлари ва прокурорлар сўзга чиқдилар. Kloop.Kg нашри суд залидан репортаж олиб борди.


Азимжон Асқаров суд залида. Фото © Kloop

Азимжон Асқаров нутқи

Азимжон Асқаров судга мурожаат қилиб, ўзининг кўлга олинишида содир этилган процессуал қонунбузарликлар, хусусан, унга адвокат тақдим этилмагани, иш сохталаштирилгани, Азимбек Бекназаров ва Роза Ўтунбаева унинг қўлга олинишига алоқадорларлиги ҳақида билдирди.

“Менинг ишим бўйича текширув процедураси Бозорқўрғон РОВД ходимлари томонидан сохталаштирилган”, - деди Асқаров. Унга кўра, ўндан зиёд гувоҳлар унинг айбдор эмаслигини тасдиқлашлари мумкин эди, аммо уларга бу имконият берилмади.

“Менинг асосий айбим шуки, мен ўзбекман ва мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганман”, - деди Асқаров.

У расмийлар буйруғи билан унинг иши бўйича текширув ўтказган омбудсмен институти бир неча бор унинг айбдор эмаслиги ҳақида билдирганини эслатди.

Асқаров нега менинг айбимни исботловчи видеоёзув бор деб таъкидлашганига қарамай бу видеоёзувни тақдим этишгани йўқ деб сўради. “Бунинг асосий сабаби эса, бу видеоёзувда менинг йўқлигим, - деди у.

Ҳуқуқ ҳимоячи Бозорқўрғон ИИБ, ДМХҚ (Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси) ва прокуратура ходимларидан ўзини полиграф ёрдамида текширишларини сўраган. Унинг айтишича, 2010 йил 4 июнь куни Бозорқўрғонда милиция билан такси ҳайдовчилари ўртасида тўқнашув содир бўлган, ўшанда прокурор ўринбосари Жамила Туражанова РОВДга олиб келинганлардан пул таъма қилган, милиционер Миқтибек Сулайманов эса бу ҳақда керакли жойга хабар қилмоқчи бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячига кўра, 15 июнь куни унинг акасини (укасини) қўлга олиб калтаклашган, товламачилик йўли билан ундан 50 минг сом олмоқчи бўлишган, кейин уни қўйиб юборишган, бироқ ҳеч ким унинг қўлга олинишини ҳужжатлаштирмаган.

“Менга қарши олиб борилган текширувларнинг ҳаммаси бир томонлама, айблов ниятида олиб борилган. [...] Судда менинг ишим доим босим остида, суд залида зўравонлик ва тажовузлар билан ўтган”, - дея эслатди Асқаров.

“Азимбек Бекназаров мени жиноят содир этилган жойда бўлган деяпти. Бироқ тўқнашувлар 13 число куни бўлган. Унақа бўлса, нега 13-дан 15-гача мени қўлга олиш учун ҳеч ким келмади? Мен одамлар орасида юриб, содир этилган жиноятлар, ўт қўйиш ва одам ўлдиришлар ҳақида гувоҳлик кўрсатмалари тўплаётган пайтимда мени қўлга олиш учун келдилар”, - деб билдирди Асқаров.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси қарори ҳамда Қирғизистон Конституциясига асосан мен зудлик билан озод этилиш ҳуқуқига эга эдим”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи ва судлар мустақил бўлишлари ва сиёсий қарорлар қабул қилмаслиги кераклигини қўшиб қўйди. Унга кўра, “июнь воқеалари бўйича суд процесслари расмийлар томонидан назорат қилинган”.

Адвокат Валерьян Вахитов

Ҳуқуқ ҳимоячининг адвокатларидан бири Валерьян Вахитов “ўтган суд процесслари объектив ва холис бўлмаган, объектив адолат ва ҳаққоният бўлмаган”, деб билдирди.

У Жамила Туражанова 25 октябрда сўроқдан кейин Асқаровни соат 16 дан кейин уйига қўйиб юборганман, деб айтганини эслатди.

“Мен ундан, Асқаровни олиб келишни кимга топширгансиз, нега тергов топшириғи бўлмаган, деб сўрадим. Бироқ у бу саволга жавоб бера олмади, - дея давом этди Вахитов. – 4 октябрда биз сўроқ қилган милиция ходимларининг кўрсатмасидан келиб чиқишича, Асқаров 15 июнь куни қўлга олинган. Сўроқларда аниқланишича, милиционерлар уни олиб кетгани келишганида Асқаров Сайдуллаев кўчасида, ўзининг офиси ёнида турган. Аввалига Асқаров бош тортган, лекин милиционерлар атайлаб уни олиб кетгани келишганини айтишганида, улар билан боришга рози бўлган. Асқаровни РОВДга олиб келган Осконбаевнинг айтишича, Асқаров унинг олдида 10 минут турган холос. Прокурор муовини Туражанова уни 15 июнь куни сўроқ қилган. Агар Асқаров РОВДга соат 11 да келтирилган бўлса, унда соат 16 гача у қаерда бўлган? Туражанова айтишича, у Асқаровни соат 16 да қўйиб юборган. Кейин у қаерда бўлган? Асқаровнинг хотини айтишича, у уйида тунамаган – уни ўша пайтда калтаклашган. Бизда шахсни ноқонуний қўлга олишдан иборат жиноят мавжуд”.

Вахитовга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уч соат ичида қўлга олиш протоколини тузишлари ва адвокат тақдим тишлари керак эди. У Асқаровни қийноқлардан кейин кўрикдан ўтказган мустақил экспертнинг хулосасини ўқиб берди ҳамда давлат ва мустақил экспертизалар натижалари ўртасида фарқ мавжудлигини қайд этиб ўтди.

Вахитов Асқаровга нисбатан қўйилган ЖК моддаларини таҳлил қилиб берди.

Гаровга олиш. Судда 2010 йил 12 июнь куни Чек қишлоғида ўзбек миллатига мансуб кўплаб одамларнинг тўплангани аниқланди. “Чегара заставаси ходими Бекишев чегара олдига одамлар тўпланганини ва Ўзбекистонга ўтиб кетмоқчи бўлганларини тасдиқлади. Одамлар кўп эди ва улар Асқаров бирор кимсани гаровга олганини кўришмади”, - дея билдирди у.

Оммавий тартибсизликларда иштирок этиш. Вахитовга кўра, агар Муваққат ҳукумат ўз вақтида постларни қўйганида, оммавий тартибсизликлар содир бўлмасди.

Милиционерни ўлдиришда шерик бўлиш. “Сўроққа тутилган милиционерларнинг кўрсатмалари ҳеч қандай танқидга дош бера олмайди, - дея билдирди Вахитов. – Улардан: “Сиз Асқаровни кўрганмидингиз, Асқаров кўприкнинг қаерида турганди, қанақа кийимда эди, унинг роли қанақа эди?” деб сўралди. Ҳар қандай терговчи протоколга бу каби тафсилотлар киритилишини билади. [Олдинги судларда, милиционерлар сўроққа тутилганида улар бу саволларга жавоб бера олмагандилар].

Асқаров иши бўйича тергов ва суд процесслари Жиноят-процессуал кодексининг ўта қўпол бузилишлари билан ўтгани ҳаммага аён. Шунинг учун прокуратура келтираётган исботлар далиллар билан мустаҳкамланмаган. Шунинг учун Ақаровни озод қилиш, барча моддалар бўйича оқлаш ва БМТ Қўмитаси талабларини бажариш керак”, - дея сўзига якун ясади Вахитов.

Адвокат Нурбек Тўқтақунов

Адвокат Нурбек Тўқтақунов Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилиши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси қарорининг бажарилиши муҳимлигини қайд этиб ўтди. У Асқаров ишида жуда кўп процессуал қонунбузарликлар мавжудлигини билдирди.

Мисол учун, Асқаровнинг уйи тинтув қилинган пайтда 10 та патрон топилди. Бироқ Асқаров нега тинтув бўлган жойда бўлмади? Қораловчи томон тинтувни гўё кузатиб турган холисларни тақдим эта олмади. Холис – бу гувоҳ. У келиб, тинтув қанақа қилиб ўтказилаётганини кузатиб туради, дея тушунтирди Тўқтақунов.

Унга кўра, тинтув давомида мусодара қилинган буюмлар ўраб муҳрланмаган, протоколда бу ҳақда керакли ёзувлар йўқ. Демак, бу нарсалар ҳам йўқ бўлиши ҳам мумккин.

“Июнь воқеалари давомида кўплаб патронлар у ерда “сайр” қилган, кўпчиликка буни “юклашган”. Бу патронлар айнан шу уйда топилгани тўғрисидаги ёзувлар қани? Бозорқўрғонда бу патронларни ҳеч ким кўрсатмади, балки улар бўлмагандир? Патронларни сақлаш тўғрисидаги айбловлар ва исботлар сохталаштирилганди. Қонунбузарликлар билан тақдим этилган далиллар кўриб чиқилиш мумкин эмас”, - дея эслатди адвокат. У биринчи инстанция судларида Асқаров бирор нарсага чақирганини кўрганини ҳеч ким тасдиқламагани эслатди.

Тўқтақунов нега милиционер 13 июнь куни ўлдирилганига қарамай 15 июнгача Асқаровни ҳеч ким қўлга олмаган, деган саволни берди. “Туражанова айтишича, 15 июнь куни Асқаров билан тинч суҳбат ўтказиб, уни уйига қўйиб юборган. Агар одам ўлдиришни ташкил этишда унинг роли маълум экан, нега уни фақат 16 июнь куни қўлга олдилар? Жавобини ўзим бераман: ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида бу ғоя 15 число куни пайдо бўлди ва рапортлар кейинроқ сохталаштирилди”, - дея билдирди Тўқтақунов.

Унга кўра, Асқаров фигураси жуда мафтункор бўлиб кўринган, “чунки давлат ўзбеклар жамоасининг лидерларидан бири қўлга олинишидан манфаатдор эди. Асқаров ҳаммага маъқул келадиган қулай фигура бўлиб чиқди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг нопрофессионаллигидан фойдаланиб, оммавий тартибсизликларнинг ҳақиқий ташкилотчиларининг бир қисми қочиб кетди, бошқа қисми эса пул билан қутилди”.

“Жасадни кўрикдан ўтказиш протоколи 14 июнь куни ўтказилмоқда. Жасад топилган жойда кўрикдан ўтказилиши керак эди, унинг қаердалигини аниқ белгилаш учун. Бироқ бу иш қилинмади, унинг жасади бутунлай бошқа жойда кўрикдан ўтказилди, - дея давом этади адвокат. – Биз Сулаймановнинг синглисидан унинг ўзи [акасининг] бўйнида ўқ изини кўриб қолгани ҳақида гапирганини эшитдик ва биз биламизки, милиция ходимларининг ўзлари эҳтимол қурол билан бўлишган”.

Моҳиятан, гувоҳларни сунъий равишда жабрланувчига айлантирдилар, дейди Тўқтақунов. “Адолат манфаати йўлида улар судга навбат билан кириб кўрсатма беришлари керак эди, бироқ улар бирга ўтирдилар, бир-бирларининг гапларини эшитдилар ва оқибатда улар бир хил кўрсатма бердилар. Асқаров экспертиза хулосаси билан таништирилмади. Унинг қанчадан-қанча фойдалана олмаган ҳуқуқлари бор эди”, дея процессуал ҳуқуқбузарликларни санаб ўтади адвокат.

У аввалига Асқаров иши билан шуғулланишга қўрққанини тан олди. “Мен Бозорқўрғон ва Жалолободда бўлганимда, бу ерда [Бишкекда] қилишим мумкин бўлган ишларни қила олмаганман. Агар мен бу ишларни тергов ва суд давомида амалга ошира олганимда, балки шу чоққача уни [Аскаровни] оқлаб бўлишган бўларди, - деди Тўқтақунов. – Мен Бозорқўрғонга борганимда, ростини айтсам кўчаларда юришга қўрқардим. Олдимга доим бирор киши келиб, “сени сўйиб кетаман”, деб қўрқитарди. Мен хали кўп нарсаларни гапирмаяпман. Биз қилмоқчи бўлган ишларни қила олмадиик. Биз қўрқдик”.

“Ноокен суди залига кирганимда, ҳамммаси аён эди. Асқаровнинг бутун бадани моматалоқ бўлиб кўкариб кетганди, шунинг учун суд мажлиси қолдирилди. Мен эртаси кун келдим. Прокуратурадагилар менга Асқаров баданидаги тан жароҳатларини қайд этиш учун медицина экспертиза кўригидан ўтишдан бош тортмоқда дейишди. Мен Асқаровнинг фикрига қўшилдим. Нима фойдаси бор эди? Унинг кўзи кўкаргани шундоқ ҳам кўриниб турган бўлса, - дея эслайди Тўқтақунов. – Эртаси куни судда эксперт сўроқ қилинганида, у Асқаров экспертизадан ўтишга кўнмади деб айтди. Эксперт судда Асқаровнинг кўзи кўкарганини тасдиқлади. Кейин эса протоколда эксперт кўзи кўкармаган деб айтгани ёзилиб қолибди. Бу очиқдан-очиқ ёлғонку”.

“Бизнинг тизимда барча медицина ходимлари ИИВ назорати остида, - дея изоҳ берди адвокат. – Асқаровнинг айтишича, врачлар олдин бир нарсани гапирса, судда бошқа нарсаларни гапиришади. Ҳар биримиз бу системанинг қурбонига айланишимиз мумкин. Қийноқлар ҳақида қанақасига сўз юритишимиз мумкин, агар қийноқлар тўғрисида аризамиз ортидан бадтар қийноқларга солинсак?”

“Агар суд Асқаровни оқласа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига қийноқлар қўллаш мумкин эмаслигига бу ёрқин ишора бўлади, суд ислоҳотида олдинга ташланган янги қадам бўлади. Агар сиз ҳозир уни оқласангиз, одамлар ҳаддан ошиш мумкин эмаслигини, уларнинг қўлига урадиган таёқ борлигини, процедураларни бузиш мумкин эмаслигини тушуна бошлайдилар. Бу суд ислоҳотини илгари суради. Агар ҳукмни ўз кучида қолдирсангиз, бу инсон ҳуқуқларини бундан кейин ҳам бузиш мумкинлигига ишора бўлади. Мен Асқаровни оқлашингизни сўрайман”, - деди Тўқтақунов.

Адвокат Айдар Сидиқов

Адвокат Айдар Сидиқов Асқаров ишидаги ҳужжатлар жуда сифатсиз тузилганини билдирди.

“Мен ўзим учун Азимжон Асқаров чиндан ҳам айбдорми ёки йўқлигини аниқламоқчи бўлдим. Мен Асқаровни қоралаши мумкин бўлган бирорта исбот ёки гувоҳлик кўрсатмасини топа олмадим”, - дея таъкидлаб ўтди Сидиқов.

Ундаги маълумотга кўра, айблов 36 нафар гувоҳнинг кўрсатмасига таянади, гувоҳларнинг етти нафари ўзларига нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида билдирдилар. Улардан ҳеч ким Асқаровни кўприкда кўрганини айтмади, бироқ у кўприкда бўлган деб айтдилар.

Асосий гувоҳлардан бирининг айтишича, у тўрт кун қамоқда ўтирган, ўзи кўприкда бўлмаган, бироқ у кимлардандир Асқаров кўприкда бўлган деган гапларни эшитгани учун шу гапни гапирган.

“Ишнинг таҳлили давомида мен бир бирига зид келадиган 13 та қарама-қаршилик борлигини аниқладим ва айнан салмоқли кўринган зиддиятларни танладим”, - дея тушунтиради Сидиқов.

Мисол учун, “[ҳалок бўлган милиционернинг хотини] Бечелованинг кўрсатмасида айтилишича, у қариндошлариникида бўлган пайтда Миқтибек Сулаймановнинг ўлдирилгани ҳақида хабар етиб келган. Шундан кейин у РОВДга бориб эрининг жасадини кўрган. Сулаймановни 14 июнь куни дафн этишди. 15 июнь куни судмедэкспертиза тайинланди. Марҳум дафн этилганидан кейин қанақа қилиб экспертиза ўтказилиши мумкин? Экспертиза хулосасининг ўзи ҳам ўта саводсизларча тузилган, унда Сулаймановнинг қаерига урилгани ҳақида бирор оғиз гап ёзилмаган.

Милиционерлардан кўпчилиги шокда бўлгани ҳақида гапирадилар. Шу муносабат билан менда шунақа савол туғилади: [ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилишга ва хавфсизликни таъминлашга] ўргатилган одамлар қанақасига шокка тушадилар [ва қандайдир тафсилотларни эслай олмайдилар]?

Биргина Мантибаев ва Салимбаев Асқаров кўприкда бўлган деб кўрсатишмоқда. Бироқ Салимбаев Асқаровнинг одамларга буйруқ бергани ёки бирор нарсага чақиргани ҳақида гапирмаяпти. У бу гапни фақат прокурорларнинг ёрдамчи саволлари воситасида тасдиқлади, холос”, - дея таҳлил қилади адвокат. У Азимжон Асқаровни оқлашни сўради: “Мен айби йўқ одамнинг турмада ўтиришини истамаган бўлардим”.

Ҳуқуқ ҳимоячи Тўлеқан Исмаилова

“Бир дуйно Кыргызстан” ҳуқуқ ҳимоя ҳаракатининг раҳбари Тўлеқан Исмаиловага кўра, “Асқаровнинг тақдири – бу бутун жанубий Қирғизистоннинг тақдири бўлиб қолмоқда. “Асқаров ишининг биринчи саҳифасини очишим биланоқ, ундан уфириб турган дискриминация, ҳуқуқларнинг поймол этиш ва миллатчиликнинг қўлланса ҳидини сездим. Вахитов, Сидиқов ва Тўқтақуновларнинг ҳамма гапларига қўшиламан. Сизлар одамни фақат унинг миллатига қараб суд қилмоқдасиз. Мамлакатимизда 80 дан зиёд миллат вакиллари яшайдилар. Сизлар ҳақиқий текширув ўтказишдан манфаатдор эмассиз. Сизлар инсониятга қарши содир этилаётган жиноятга шериксиз. Октябрь туман суди Асқаровни оқлаб чиққанида айнан сизлар апелляция шикоятини бергансизлар”, - деди Исмаилова.

“ Ўшга [2010 йилда] борганимизда албатта қанақанги тартибсизликлар содир бўлаётгани, милиция халқни тўнаётгани, судланувчиларни қийноққа солаётгани ҳақида гапирганмиз. Биз халққа ҳақиқатни гапирганмиз. Агар халқаро ташкилотлар бўлмаганида, бизни ҳам қамаб қўйишарди”, - деди Исмаилова. У БМТ Қўмитаси қарорига мувофиқ Асқаровни суд залининг ўзида озод қилиш, унга медицина ёрдамини кўрсатиш ва унга ва оиласига товон пули тўлаш ҳақида ўйлаш керак, деб билдирди.

Прокурорлар Нурлан Тағаев ва Марбек Тўқтақунов

Прокурорлар Нурлан Тағаев ва Марбек Тўқтақунов 20 декабрь куни сўзга чиқиб, “13 июнь куни бир нечта кўча қўлга олиниб тўсиб қўйилгани” ва “бу тартибсизликлар аввалдан режалаштирилган”, деб билдирдилар.

“Сизлар бизни гувоҳларга нима дейиш ҳақида кўрсатма бераяпсизлар деяпсиз, аммо биз аралашганимиз йўқ. Биз фақат қонун доирасида ҳаракат қиляпмиз.

Ҳа, Асқаров ўзига қаратилган ҳамма айбловларни инкор этяпти, бироқ уларнинг бари эксперт хулосалари, гувоҳлар кўрсатмалари ва далиллар билан исботланган”, - дея билдирдилар прокурорлар. Сўзларини тасдиқлаш учун улар бир неча гувоҳларнинг кўрсатмаларини мисол қилиб келтирдилар. Мисол учун, Умурахунов “оламон ичидаги одам милиционерни бошига тош билан урганини, Сулаймановни эса четга суриб қўяётганларини кўрган. Мантибаевнинг кўрсатмасига кўра, у Асқаровни болалигидан билади, чунки улар битта қишлоқда катта бўлишган. У Асқаров одам ўлдиришга чақираётганини эшитган. Туман ГАИ ходими Советбек Дўсов ҳам Асқаров шу гапларни гапираётганини тасдиқлади”.

“Сизлар қоралов томони гувоҳларининг барча кўрсатмалари бир хил, уларда ҳеч қанақа янги маълумот йўқ деяпсиз, лекин ўзингиз бу кўрсатмаларни ўқиб чиқинг. Сизлар Асқаровнинг уйида тинтув ўтказган милиционерлар уйдаги бор нарсаларни – кийим-кечак, озиқ-овқат ва ҳатто мураббони ҳам олиб чиқиб кетган деяпсиз. Нега Асқаровнинг хотини бу ҳақда энди, бир йил ўтиб гапиряпти, бу ажабланарли эмасми?” – сўрадилар прокурорлар.

“Биз ҳимоя тарафи гувоҳларининг кўрсатмаларини эшитдик. Уларнинг ҳаммаси Асқаровни кўприкда кўрмаганларини, одам ўлдиришга чақирганини эшитмаганларини айтишмоқда. Аммо ўзлари у ёққа боришмаган бўлса, қандай қилиб кўрадилар? Биз баён этган маълумотларни эътиборга олишни ва айбдорни жазога тортиб, унга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллашингизни сўраймиз”, - дея сўзларига хулоса ясадилар прокурорлар.

Судья 2017 йил 10 январгача танаффус эълон қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама