17:25 msk, 30 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон МХХси “сиёсий тақиқланган” рассомларнинг асарларини ёқиб ташлашни талаб қилмоқда

20.12.2016 17:27 msk

Фарғона

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) вакили Урганч картиналар галереяси раҳбарларидан икки ўзбек рассоми – Вячеслав Ахунов ва Шуҳрат Бобожоновнинг асарларини ёқиб юборишни талаб қилди. Alerte Héritage ассоциацияси маълумотларига кўра, бу ерда гап Ахуновнинг 1984 йилда сотиб олинган саккизта манзарали асари ва Бобожоновнинг 1983-1991 йилларда Галереяга келтирилган ўн саккизта асари ҳақида кетмоқда. Бу маълумотни Урганч картиналар галереяси фондининг энди собиқ бош сақловчиси, рассом, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ижодий уюшмаси аъзоси Ширин Тошева “Фарғона”га тасдиқлади.

Унинг сўзлаб беришича, 2016 йил декабрининг ўрталарида МХХ Урганч ҳокимияти билан бирга Галереяни инвентаризация қилиш учун махсус комиссия тузган. Унинг таркибига, жумладан, Урганч давлат университети ва “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг мутахассислари кирган.

- Маданият соҳасига раҳбарлик қиладиган МХХ вакили ўзини Анвар деб таништирди, фамилиясини билмайман. Фондга келди. У ерда мен билан ҳокимиятнинг бир нечта вакили бор эди. Иккита фамилияни айтди – Ахунов билан Бобожонов. Уларнинг бир нечта асарини кўриб чиқди, кейин уларни йўқ қилиш кераклигини айтди. Ёқиб ташлашни айтди, - сўзлаб берди Тошева.

- Сабабини айтдими?

- Булар сиёсий тақиқланган рассомлар эканини айтди.

Alerte Héritage қайд қилишича, “ҳукумат сиёсатини танқид қилган муаллифларнинг асарлари хавф остида қолди... МХХ назарида бу асарларнинг мазмуни эмас, балки муаллифларнинг фамилияси муаммо туғдирмоқда: Вячеслав Ахуновга бир неча йилдан бери республикадан чиқишга рухсат берилмаяпти, Шуҳрат Бобожонов эса анчадан бери муҳожирликда яшаб, мухолифатчилик билан шуғулланмоқда”. (Аниқлик киритайлик, Шуҳрат Бобожонов — “Озодлик” радиосининг журналисти. “Фарғона” изоҳи).

- Тасвирий санъат нуқтаи-назаридан қарасак, бу асарлар ажойиб. Сиёсатга алоқаси йўқ, - таъкидлади Тошева.

- Фақат шу икки рассом сиёсий тақиқланганми ёки бошқаларининг асарлари ҳам Урганч галереясида борми?

- Агар келиб айтишмаганида, биз билмасдик ҳам. Масалан, мен ўзим рассомман, Бадиий академия аъзосиман. Ўйлаб даҳшатга тушяпман. Мен сиёсатга умуман алоқаси бўлмаган расмларни чизаман. Агар эртага келиб, “мана Тошева Ширин сиёсий тақиқланган” дейишса, буёғи нима бўлади?


Ширин Тошева. Сурат Фейсбукдаги саҳифасидан

- Ахунов билан Бобожонов асарлари тез-тез кўргазмага қўйилармиди?

- Мен ишлаган даврда кўргазмага қисқа муддатга – масалан, икки ойга қўйиларди. Кейин айримлар пайдо бўлиб, “Фондга олиб қўйинглар” дейишди. Аммо йўқ қилиш ҳақида гап бўлмаган. Энди биттаси келиб, йўқ қилинглар деяпти.

Alerte Héritage маълумотларига кўра,Бобожоновнинг айрим асарлари “республикада ҳаттоки аноним тарзда кўргазмага қўйилган, чунки давлат қачонлардир сотиб олган бу асарлар муаллифининг исмини расмийлар ошкор қилишни исташмаган”. Аммо Ширин Тошева бу маълумотларни рад этаркан, Галерея асарларни аноним тарзда кўргазмага қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди. Қолаверса, Alerte Héritage назарда тутган асарлар бошқа бир музейнинг хазинасида сақланаётган бўлиши ҳам мумкин.

- Биз Анварга тегишли ҳужжат йўқлигини айтдик, бизнинг [асарларни йўқ қилишга] ҳаққимиз йўқлигини айтдик, чунки экспонат келтирилган асарлар рўйхатида турибди. У: “Керак бўлса, сизларга ўша қоғозни жўнатаман” деб жавоб берди. Аммо бугунги кунда Вячеслав Ахунов ва Шуҳрат Бобожоновнинг асарлари бус-бутун сақланмоқда! Улар Урганч картиналар галереясининг хазинасида турибди.

- Галерея бу асарларни йўқ қилиш талабига қарши чиқишга уриниб кўрдими? Кимдандир ёрдам сўраб мурожаат қилдими? Масалан, Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига.

- Мен Галереянинг бошлиғи эмасман. Сизнинг мақолаларингизни кўпчилик ўқийди, балки у [президент] вазиятдан хабар топар, шунинг ўзи хулоса чиқаришга етарли бўлади.

Каримов даврида одамлар келиб, [тегишли экспонатни] фондга олиб қўйишни айтишарди. Аммо “ёқиб ташлаш” ёки “йўқ қилиш” ҳақида гап бўлмаган. Менимча, янги сайланган президентимиз – у Каримовнинг шогирди-ку – фондга олиб қўйишни буюрса керак. Йўқ қилишдан нима фойда? Ахир бу тарих-ку. Мамлакат тарихи, Ўзбекистон тасвирий санъатининг тарихи. Бугун буни йўқотсак, эртага бошқасини йўқотсак, ҳеч қанақа экспонат қолмайди.


Шуҳрат Бобожонов. Сурат Фейсбукдаги саҳифасидан

Умуман олганда бу муаммони халқаро миқёсда муҳокама қилиш керак деб ҳисоблайман: музейнинг қандайдир экспонатни йўқ қилишга ҳаққи борми-йўқми? Мутахассисларни тўплаб, фикрини эшитиш керак. Гап фақат бизнинг галереяда эмас, бошқа музейларда ҳам кўргазмага қўйиш тақиқланган асарлар бор деб ўйлайман, - дейди собиқ бош сақловчи.

Тошеванинг айтишича, масалан, Галереяда соцреализм йўналиши рассомларининг асарлари ҳали ҳам бор экан, улар мафкуравий сабабларга кўра кўргазмага қўйилмайди: “Улар Урганч картиналар галереясининг ёпиқ фондига топширилган. Биронта ҳам экспонат йўқ қилинмаган. Чунки уларни йўқ қилишга ҳуқуқимиз йўқ”.

Ўзининг ишдан ҳайдалиш сабаби ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Ширин Тошеванинг сўзлаб беришича, ноябрда келган комиссиянинг асосий вазифаси Галереянинг ходимлари ўз мажбуриятларини қандай бажараётганини текшириш ва экспонатлар ичида қалбакилари бор-йўқлигини аниқлаш бўлган.

Аниқланишича, камида битта бор экан: Қосимовнинг “Ота билан суҳбат” ҳайкал композицияси қалбаки чиқди. Бу нафақат Тошева учун, балки Галереянинг собиқ директори Озод Султонов учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди: “У скульптурани худди ҳозирги кўринишда қабул қилганини тасдиқлади”, - деб эслайди собиқ бош сақловчи.

Шу воқеа туфайли Тошевани ишдан бўшатишди. “Ишдан четлатилдим. Мендан мулойимлик билан ариза ёзишимни сўрашди. Келтирилган асарлар дафтари, инвентар дафтари ҳамда шу скульптурани эътиборсизлик билан қабул қилганим асос бўлди”, - дейди Тошева. У Галереяда тўққиз йил, охирги лавозимида икки йил ишлаган эди.


Вячеслав Ахунов. Сурат Change.Org сайтидан

Охири нохуш тугаганига қарамай, Тошева ревизорларнинг ишидан қониқди: “Комиссия менга ёқди деса ҳам бўлади. Агар ҳар беш йилда ҳар бир музейни шунақа – эрталаб соат 9 дан кечки 5 гача, холис, ўлчамлар ва техникани диққат билан текширишганда – ҳамма музейлар шаффоф бўлган бўларди”.

Унга кўра, бунақа текширувлар тез-тез ўтказилиши керак, “бу сафар тўсатдан ғафлатдан уйғониб, ҳаммасини ҳозирги ходимларга ағдаришди. Бу ходимлар музейда икки-уч йилдан бери ишлаяпти холос. Музей ташкил бўлганига 33 йил бўлди!” Тошевага кўра, агар инвентаризация ҳеч бўлмаганда ҳар беш йилда ўтказилганида, “бугун Қосимовнинг “Ота билан суҳбат”ини менга ағдармаган бўлишарди, дафтарларни расвоси чиққанига мен айбдор бўлмасдим… Менда нима айб? Лавозимга келдим, [ҳамма нарсани] қабул қилдим-у, ишлай бошладим”.

- Нимага текширувчилар шу пайтга келиб уйғониб қолишди деб ўйлайсиз?

- Ҳеч кимга сир эмас, ҳозир бутун Ўзбекистон бўйлаб [музейларни текшириш] бўляпти. Нимадан бошланганини билмайман. Қаердадир картиналар йўқолгани, балки қимматга сотилаётгани, қалбакилари борлиги ҳақида сигналлар бўлувди. Савицкий музейи, Ўзбекистон санъат музейи текширилди – булардан хабарингиз бор. Энди бизнинг галереяга ҳам навбат келди. Худога шукур, бизда расмларда ва графикаларда қалбаки асарлар йўқ.

- Галереянгиздан Андрей Крикиснинг “Йигирувчи аёллар” асари йўқолгани ҳақида ёзишяпти

- Йўқолган асарлар юзасидан илгари акт тузилган эди. Бу айбловлар автоматик равишда биздан олиб ташланади. Мен фондни бу экспонатларсиз қабул қилганман.

- Демак, бунақа текширув анча илгари бўлганми?

- 2009 йилда бўлган. Ўшанда ҳам ҳаммасига акт тузилган. Аммо унда дафтарлар [келтирилган асарлар ва инвентар дафтарлари] ёки “Ота билан суҳбат” ҳақида гап йўқ эди. Балки ўша комиссия охиргисидек сабр-тоқатли ва виждонли бўлмагандир.


Урганч картиналар галереяси. Esosedi.ru сурати

- Интернетда Урганч галереяси ҳақида қуйидаги маълумотлар топилди: “Унда 347 та тасвирий санъат асарлари, 253 та графика, 40 та скульптура ва 9 та амалий санъат асарлари сақланади”. Шу маълумотлар ҳалиям ўринлими?

- Ҳа, келтирилган асарлар дафтарида 649 та экспонат кўрсатилган. Аммо мен ишлаган тўққиз йил ичида галереяда яна 600 тача расм тўпладик. Уларни келтирилган асарлар дафтарига киритиш керак. Бунинг учун аввал комиссия тузилиши керак, бу экспонатлар томошабинларга тақдим этишга муносиблигини илмий кенгаш тан олиши керак. Кейин экспонат картина галереясининг фондига келиб тушади. Биз муносиб асарларни тўплаганмиз, деб ҳисоблайман.

Умид қиламанки, музейларимиз доим ўз мавқеига муносиб бўлади. Чунки уларда ҳақиқатан ҳам яхши асарлар йиғилган. Ҳар бир музейнинг коллекцияси бетакрордир. Биронта ҳам асарни йўқ қилиш мумкин эмас. Мен ҳеч қачон бундай қилмаган бўлардим.

Бу экспонат, у сақланиши керак. Абадий.

Айни пайтда Change.Org сайтида “Урганч бадиий галереясида расмларни йўқ қилишга қарши” петицияга имзо йиғилмоқда.


Шуҳрат Бобожоновнинг Урганч картиналар галереясида сақланаётган асарларидан бири

Феруза Жоний тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама