15:31 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Шоир — президентга: Тажриба ўтказиб кўрайлик!

19.12.2016 20:23 msk

Санжар Янышев

Ҳурматли Шавкат Миромонович, сизни мушкул вазиятга тушиб қолган оддий инсон сифатида кўриб, мурожаат қилмоқдаман. Бу вазиятдан муносиб равишда чиқиш йўли бор. Бу вазифани мустақил равишда ҳал қила олишингизга ишонаман, аммо (Конституцияга кўра) давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи халқ бўлгани учун, ҳар қандай шаклдаги (масалан, “очиқ хат” тарзидаги) ЎЗАРО ТАЪСИРнинг аҳамияти катта — мен бунга ишонаман. Нашр этилган сўз кучига ҳам ишонаман.

Сизга жуда яхши халқ меросга қолди: бу халқ меҳнатсевар, сабр-тоқатли ва ишонувчандир. Сизга ҳозир осон эмас — чунки бу одамлар ҳар қандай ваъдангизга ишонишга тайёр: улар ўзгаришларни соғинган. Тарихда тиран ва қонхўр сифатида из қолдиришдан ҳам кўра ҳозир президент-популист сифатида ном қолдириш хатари юқори. Шунақа замонда яшаяпмизки, ҳар бир элемент ягона организмнинг ҳужайралари каби ўзаро боғланган. Бирор қоронғи бурчакда аксирсангиз, қайсидир авианосец бортида ёки атом сувости кемасидан туриб соғлиқ тилашади. Оёқ тагига тупурсангиз, шу заҳоти узоқдаги замондошлар бунинг гўзаллиги ва мўлжалга аниқ тушганини мақташади (яқиндагиларини айтиб ҳам ўтирмайман).

Қуйидагича нуқтаи-назар мавжуд: мамлакат меъёрида ривожланиши учун одамларга халақит бермасликнинг ўзи кифоя. Бу ерда “давлат” деб ўтирмадим, буниси мураккаб масала, менинг ақлим етмайди. Бизнесменлар фойдани ўйлаб товарларга пул тиксин, ошпазлар палов ейдиганларга ёқадиган палов тайёрласин, рассом ва шоирлар келажакни ўйлаб ва/ёки ўзининг ижодий сезгисига таяниб расмини чизсин ва шеърини ёзсин, врачлар врачлигини қилсин, журналистлар жамият манфаатларини ёқласин. Профессионаллардан ташкил топган оркестр зарур бўлганида дирижёрсиз ҳам куй чалиши мумкин: ахир ҳамма товуш ва паузалар битилган партитура бор, ёнидаги асбобларни эшитадиган қулоғи бор, ҳамоҳангликни таъминлаш мумкин.

Шундай бўлса ҳам, менимча, Ўзбекистон каби мамлакатга дирижёр керак. Ўзбекистонликлар қатъий иерархияга бўйсунади – шунақа туғилганмиз. Шу сабабли (мусиқий мавзуни давом эттирсак) дирижёрлик пультини эгаллаган киши ҳар бир нотўғри нота учун жавобгар бўлади.

Қўлимиздан иш келади. Ишлашни хоҳлаймиз ҳам. Миннатдор бўлишни ҳам эплаймиз. Бу ҳаётда кўп нарсалар учун миннатдор бўлишга тўғри келган: ментлар уриб тишимизни тўкмагани учун, амалдордан олинган справка ёки чиқишга рухсат учун (бу ерда миннатдорлигимиз хизматдан ҳам ўзиб кетади, ҳали хизмат кўрсатилмаган, аммо миннатдорчилик бериб бўлинган), “тинч осмон” учун... Ўҳҳў, бизни ташқи (аслида афсонавий) террордан қутқаришгани учун қанчадан-қанча миннатдорлик кўз ёшларини тўкдик... Биздан ўғирланган қанча сўмни шу “осмон”га тикворишди — бунинг саноғи йўқ! Бизда ҳаммаси худди Высоцкий айтганидек: “ҳали тириклигинг учун раҳмат айт...»

Келинг, кичик бир тажриба ўтказамиз. Битта президентлик муддати давомида. Мен бир нечта тилак билдираман — яхши маънода, одамларга муҳаббат ва саломатликни тилагандек; бирорта ғайриоддий нарсани ихтиро қилмайман: айтадиганларимни Ўзбекистон республикасининг ҳар бир фуқароси сизга (ўзига ҳам!) тилаши мумкин эди, очиқ айтмаса, дилидан ўтказади. Кинодаги бир персонаж ҳазиллашганидек, жуда чуқурдан ўтказади.

Сиз, Шавкат Миромонович, президент қасамёди пайтида бу ваъдаларни бажаришингизни айтасиз албатта, қолаверса, яшириб нима қилдик, қанчалик мавҳум бўлса ҳам ўзимиз шуни кутамиз (нимагадир “қасамёд”дан кўра ҳам ваъдага ишонч кўпроқ)...

Қадимги Хитой донишмандлари ҳар куни худди сўнгги кундек яшаш кераклигини уқтиришади. Интиҳонинг муқаррарлиги ва яқинлиги туфайли ҳис-туйғулар худди фотосинтез таъсири остидагидек кучаяди, инсонга бўйсунмайдиган хотира энергияси озодликка чиқиб, овқатни ҳазм қилиш ва истеъмолга боғлиқ бўлмаган асл қадриятлар юзага чиқади. Диний даражадаги қадриятлар. “Дин” сўзининг маъноси ҳам ўзи шунда, яъни йўқотилган алоқани тиклашдадир.

Келаётган муддатни биринчи ва охирги муддат деб фараз қилайлик. Кейин ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, охирида авлодлар олдида ҳисоб-китоб бўлади (нариги дунёдаги ҳисоб-китоб ҳам). Мен Сизни уругвайлик ҳамкасбингиз Хосу Мухики йўлидан боришга ундамайман. У “дунёдаги энг камбағал президент” деб аталиб, бойлик тўпламаган, эски фермада яшаган ва ўзи етиштирган сабзавотлар билан озиқланган. У Лотин Америкаси учун ягона ҳодиса бўлиб қолди, Сизники эса собиқ иттифоқ ҳудудида ягона бўлиб қолсин.

Мен сизни саройдан воз кечиб, 1987 йилги фольксваген “жук” машинасига ўтишга ундамайман — буни тушуниб етишмайди, биз ўзбеклар биринчи навбатда тушунмаймиз... Аммо Худо ҳақи, пойтахт марказидаги тўсиқларни олиб ташланг! Умуман олганда, сизнинг хавфсизлигингиз масаласи бу УЧИНЧИ (ва кейинги) муддатлардаги масаладир, чунки бошқарув тепасидаги ИККИНЧИ ўн йилликдагина одамда паранойя аломатлари пайдо бўлади – бу геронтократиянинг атрибутидир. Аммо биз тажриба ўтказяпмиз-ку, тўғрими? Шунинг учун маҳлуқни туғилмасиданоқ енгишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон — асрлардан бери меҳмондўст мамлакатдир; бугунги кунда ҳам кўпчилик учун “сеҳрли эртак”дир. Бизда меҳмон бўлган туристлар бу ердаги тартибни сақлаш органлари вакилларининг ниҳоятда кўплиги, фото-видеога олиш тақиқлангани, метродаги чексиз текширишлар ва бошқаларни назарда тутган ҳолда “полиция давлати” дейиши менинг кўнглимни оғритади.

Хавфсизлик масаласи – икки томонлама тиғдир. Жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш кучайтирилса, оддий фуқаролар жабр кўра бошлайди: формадаги шахс кўпинча хилватдаги ўғридан ҳам хавфлироқдир. Бундан ташқари кучишлатар тузилмаларни боқиш ҳам керак – бу ҳам халқнинг елкасига тушади. Сўрашингиз мумкин: буларни нима қиламиз? Уй бошқарувчилигига рози бўлишмайди, бизга бунақа бошқарувчилар керак ҳам эмас. Аммо махсус малака керак бўладиган бошқа соҳалар ҳам бор-ку: масалан, хусусий қўриқлаш хизмати.

Шавкат Миромонович, жамият ботиб кетган коррупция ҳақида айтмасам ҳам биласиз, булар мотор билан бензинга ўхшайди. Ўхшатишни қаранг: откат ва пора — тизимнинг ёнилғисидир: “ёғламасанг — юрмайсан”. Ҳукуматнинг юқори қатламларига қарамасдан туриб ҳам ишонч билан айтиш мумкин: милиция, божхона, бизнес вакиллари ва бошқалар билан учрашувда бундай универсал воситадан фойдаланмаган одамнинг ўзи мамлакатда йўқ бўлса керак. Менимча бу ерда қонунчиликда ислоҳотлар керак. Бир ажойиб мамлакатда амалдорлар ўтирадиган креслога тириклигида пора олган бошқа амалдорларнинг териси қопланади. Бундай усул бизга тўғри келмайди, албатта. Аммо давлат раҳбаридан тортиб, ҳар бир давлат хизматчиси ҳар бир сарфланган сўмнинг ҳисобига бориб юрса, иш юришади.

Дарвоқе, ҳаётимизнинг ҳар қандай соҳасида ҳам ошкоралик ва очиқлик халақит бермайди. Ўзбекистондаги журналист ва ёзувчилар Сизнинг ишларингизни барча газеталарда танқид қилсин – шунда “Фарғона.Ру” каби турли ноқулай сайтларни тўсишга ҳожат қолмайди.

Судлар очиқ бўлсин, қамоқларда сиёсий маҳбуслар бўлмасин.

Биринчи навбатда Сизга мана шуларни тиламоқчи эдим, Шавкат Миромонович. Менимча бу унчалик мураккаб эмас: шунчаки амалдаги Конституцияга мувофиқ равишда иш юритиш керак – айнан Конституция сизнинг асосий кундалик қўлланмангиз бўлиши керак. XVIII асрда яшаган украин дарвиши Григорий Сковорода айтганидек, “керакли нарсаларни осонлаштирган ва қийин нарсаларни кераксиз қилган Худога шукр”.

Албатта, қандайдир кўз илғамас тўсиқлар фақат Сизгагина аён — биз бугун шунчаки ишонишни хоҳлаяпмиз. Янги даврда ёрқин келажак – зўравонликсиз ва ёлғон-яшиқсиз келажакка ишонишни истаймиз. Сизни барча хайрли ишларингизда қўллаб-қувватлашни ва ёмонликлардан асрашни чин дилдан истаймиз.

Санжар Янышев

...Ҳа, айниқса иккинчи муддатдан кейин эҳтиёт бўлинг: тарихдаги тажрибага кўра, айнан шу пайтда оддий одамлар, айниқса президент чалғишни бошлайди, унинг ўлими ҳамманинг кўз ўнгида, жонли эфирда рўй беради. Баъзида бу йилларга чўзилади: одам сиёсий ўликка айланади; унинг душманлари ва ҳамкорлари (баъзида иккаласиям бир нарса) очиқдан-очиқ унинг устидан кулишни бошлайди, кўнглида эса нафратланади. Ўзингникилар хушомад қилишни бошлайди, бу дегани кўнглига қўрқув оралаганини билдиради. Уларнинг муҳаббати худди ботқоқ ёки қум устига қурилган уйдек беқарор.

Бир гап айтайми? Тажриба тажрибадек бўлсин. Учинчи муддатга тупуринг, у сизга керакмас. Тўртинчиси ҳам керакмас. Картада шунақа бўлади: сал камроқ олган маъқул. Шунга ишонаманки, иқтисодий ва сиёсий (қолаверса, фуқаровий) тараққиётнинг ягона шарти бу ҳукуматнинг алмашувчанлигидир.

Биз албатта сиздан кетмасликни сўраймиз, аммо сиз қулоқ солманг. Биз доим ҳам ўз фойдамизни билавермаймиз. Бизга ҳам невара-эвараларимиз баҳо беради.

Ва биз сайлаган ҳар бир президент юзасидан ҳисоб талаб қилади.

Санжар Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама