08:12 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги валюта сиёсати: Таажжуб ва истаклар

10.12.2016 06:16 msk

Шуҳрат Ғаниев (Бухоро)

“Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисидаги” қарор лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг энг кўп муҳокама қилинадиган ташаббусларидан бирига айланди. Валюта тартибининг либераллашувини йирик бизнес ҳам, кичик бизнес ҳам, оддий фуқаролар ҳам анчадан бери кутмоқда. Аммо бюрократик тилда ёзилган бу ҳужжат баъзида ўйлантириб қўяди: уни ҳар хил тушуниш мумкин, айрим жойлари умуман тушунарсиз. Шу жиҳатларига “Гуманитар ҳуқуқий марказ” ННТ (Бухоро) раҳбари Шуҳрат Ғаниев эътибор қаратади.

***

Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи қилиб Шавкат Мирзиёев тайинланганидан сўнг киритилган янгилик ва ташаббуслар ичида оддий одамлар учун жуда фойдали бўлган учта қадамни ажратиб кўрсатиш мумкин:

- ўзбек жамиятини мамлакатнинг биринчи одамига яқинлаштириб қўйган виртуал қабулхонанинг очилиши. Бу орқали халққа тўғридан-тўғри тепадагиларга мурожаат қилиб, сўнгги йилларда ташкил этилган ва мустаҳкамлаб келинган кўп қаватли бюрократик тузилмаларини четлаб ўтиш имконияти очилди;

- милиция ҳақидаги қонун – ярим йилга кечиктирилган бўлса ҳам, буни одамлар анчадан бери кутаётган эди. Бу қонун ваниҳоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларимизни ўзгартиради, деган умид бор;

- тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишдаги эскирган талабларнинг бекор қилиниши.

Аммо ўзбек жамиятининг барча қатламларида “Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисидаги” қарор лойиҳаси энг кўп муҳокама қилинадиган мавзуга айланди.

Бу энг узоқ вақтдан бери ўзбек ҳукуматидан кутилаётган ташаббус бўлса керак. Валюта сиёсатининг эркинлашувини йирик бизнес анчадан бери кутмоқда. Ҳозирги аҳволда йирик бизнес учталик валюта курсида чалкашиб, сўмни “қора бозор”да алмаштириб, ҳисоботларда муаммо чиқиб, валюта тушумларини легализация қилишда қийинчиликларга учрамоқда.

Валютани сотиш-олишдаги ўзгаришларни кичик тадбиркорлар ҳам анчадан бери кутмоқда. Улар қонуний ишлаб топган долларларига хориждан керакли ускуналар ва технологияларни сотиб олишни орзу қилишади. Ҳозирги аҳволда эса улар мамлакат ичидаги валюта монополистлари уч баравар қимматга сотаётган ускуналарни олишга мажбур.

Оддий фуқаролар ҳам буни кутмоқда, улар очиқдан-очиқ, атрофга алангламасдан, бемалол валюта алмаштириш пунктига келиб, ҳалол ишлаб топган долларлари, сўм ёки рублларини алмаштириб олишни хоҳлайди. “Қора бозор”да фирибгарларга алданиш ёки валютани ноқонуний олди-сотди қилгани учун милиция қўлига тушишни ҳеч ким хоҳламайди.

Бу қарор Ўзбекистон фуқароларининг умидларини оқлайдими ёки айримлар айтганидек, шунчаки сайлов олди эртаги бўлиб, 4 декабрдан кейин бу ҳақда унутиб юбориладими? Валютани бозорда алмаштиришнинг коррупцияга ботган схемаси йўқ қилинадими? Бу схема ишлашда давом этадиган бўлса, бундан жамият ҳамда давлатнинг ўзи зарар кўради.

Ҳаммаси яхши бўлишига ишонгимиз келади. Кўпчилик ишонди, кўпчилик умид қилмоқда. Ишонишади, чунки ҳақиқий эркинлаштириш сари қўйилган қадамлар натижа бера бошлади. Илгари оддий одамларнинг нидоси етмайдиган ҳукумат идораларининг виртуал қабулхоналари ишга тушди. Истаганимиздек самарали ва тез бўлмаса ҳам, одамларга тепадан жавоб келмоқда: жавоб бериш механизмлари ғижирлаб бўлса ҳам, ишга тушди.

Албатта, бу қарорнинг қабул қилиниш муддати кўпчиликни қизиқтиради. Муҳокама босқичида қолиб кетмайдими?..

Қарор бюрократик “қуш тили”да ёзилганлиги ҳам оддий одамларни ўйлантиради, чунки уни турлича шарҳлаш мумкин. Масалан, “миллий валютанинг бошқа валюталарга нисбатан курси фақат бозор механизмлари ёрдамида белгиланиши керак” дегани нимани билдиради? Бозорнинг давлат томонидан тартибга солиниши бозор муносабатлари ривожланган мамлакатларда ҳам кенг қўлланади. “Бизнинг” ҳужжатни ишлаб чиққанлар “бозор механизми” деганда нимани назарда тутмоқда?

Кейинги банди ҳам бор: “миллий валюта барқарорлигига таъсир қиладиган қонуний нормалар қабул қилинишига йўл қўймаслик”. Унда бозор механизми нима бўлади? Битта абзацда бир-бирига зид келадиган икки пункт…

Яна бир момент: “Экспортёр ва импортёрлар улар томонидан имзоланган ташқи савдо шартномалари бўйича тўлов шаклини валюта назорати қонунчилиги доирасида ўз хоҳишига кўра эркин танлайди” – қайси қонунчилик? Амалдаги қонунчилик кўзда тутилган бўлса, унда тўлов шакли ва экспорт-импорт операцияларидаги танлов эркинлиги анча чеклаб қўйилган.

“Якка тартибдаги тадбиркорларга юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда товар ва хизматлар импорти учун ўз банк ҳисобларидан ўрнатилган тартибда тўлашга рухсат бериш”. 3-пунктнинг бу абзацида кичик тадбиркорлар, яъни Ўзбекистонда кичик бизнеснинг энг йирик тоифаси бўлган “чайқовчилар” ҳақида сўз бормоқда. Уларнинг аксарияти нақд пул билан ишлагани учун қўйидаги қўшимчани таклиф қилган бўлардик: “ҳисоб-китоб учун ўз банк ҳисобларига нақд шаклда валюта қўйишга рухсат бериш”.

Қарорда белгиланган чора-тадбирлар илгаригидек асосан Марказий банкка юклатилгани ҳам кишини ўйлантиради. Аксарият тадбиркорларнинг фикрича, бу муассаса кўпинча ҳукумат ташаббусларининг мазмунига зид келувчи ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқади. Марказий банкда ички фойдаланиш учун чиқариладиган матн ва меъёрлар, хат ва фармойишларга қатъий чеклов ўрнатиш лозим, чунки улар бу қарорга зид келади ва унинг самарасини камайтиради. Қарорнинг бандлари нотўғри изоҳланишининг олдини олиш мақсадида, Марказий банк тижорий банклар ва мижозлар ўртасидаги муносабатга аралашмасдан, фақатгина банклар фаолиятининг ташкилий масалалари бўйича ҳужжат чиқариши кераклиги белгилаб қўйилиши лозим. Бундай масалалар бундан кейин қонунлар ёки Ўзбекистон президентининг қарорлари билан тартибга солиниши лозим.

Афсуски, қарорда аҳоли учун хусусий валюта алмаштириш пунктлари очилиши имкониятини кўриб чиқишга ишора ҳам топилмади. Шу йўл билангина валюта олди-сотдисидаги монополияни йўқ қилиш мумкин. Алмаштириш пунктларига муқобил бўлган “қора бозор” аҳолида валютани қонуний равишда сотиш ёки сотиб олиш имкони йўқлиги учун гуллаб-яшнамоқда.

Шуҳрат Ғаниев, “Гуманитар ҳуқуқий марказ” ННТ (Бухоро) раҳбари

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама