22:41 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўрик данаклари ва “Русский мир”: Нимага Екатерина Сажневани Ўзбекистондан депортация қилишди?

08.12.2016 14:50 msk

Фарғона

Россия фуқароси Екатерина Ўзбекистонга 27 ноябрда учиб келган. “Московский комсомолец”да ишлайдиган бу журналист аёл Ўзбекистонда бир неча марта бўлган: Тошкент ва Бухорода дўст орттирган, бу мамлакатни севиб қолган, бир неча йил олдин Наманган вилоятида таниқли ветеран – Сталинграддаги Павлов уйининг сўнгги ҳимоячиси Камолжон Турғунов ҳақида репортаж тайёрлаган эди.

Бу гал Екатерина Ўзбекистонга шахсий сафар билан келган эди. Учинчи куни уни қўлга олиб, бир неча соатдан сўнг “мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани учун” ватанига депорт қилишди. Бунинг қандай содир бўлганини Екатерина “Фарғона” бош муҳаррири Даниил Кисловга берган ушбу интервьюсида сўзлаб берди.

- Екатерина, ассалому алайкум! Сизни Ўзбекистондан чиқариб юборилганлар рўйхатига тушганингиз билан табриклаймиз...

- Бундан ташқари, мен бу ажойиб демократик мамлакат бўлган Ўзбекистонга бошқа кела олмаслигим билан ҳам, чунки мени уч йилга депорт қилишган эмиш.

- Сизга бирорта қоғоз беришдими?

- Йўқ,аммо паспортимга белги қўйишди. Мендан “иқрор бўлиш ҳақида кўрсатма” беришни сўрашди, мен рад қилиб, Россия консулини чақиришларини сўрадим, ҳеч кимни чақириб ўтирмасдан, ўзбек тилида қандайдир баённомани тўлдиришди. Аммо умуман олганда уришмади, сўкишмади, мулойим гапиришди, қоғозларни қаёққадир олиб кетиб, кейин суд бўлиб ўтганини айтишди. Аэропортнинг вип-зали орқали самолётга кузатиб қўйиб, Москвага жўнатворишди. Мени мамлакатдан нимага чиқариб юборишганини ҳам билмайман: ноқонуний иш қилганим йўқ. Мен журналист сифатида Москвада меҳнат муҳожирларининг Москвадан Ўзбекистонга депорт қилинишига оид судларда қатнашганман. У ерда гастарбайтерларни судга олиб келишади, улар ҳеч бўлмаганда қоғозларга қўл қўяди ва ҳоказо. Аммо менда ҳеч бири бўлмади.


Екатерина Сажнева, Фейсбукдаги шахсий саҳифасидан

- Ўзбекистонда нималар қилганингиз ва нималар содир бўлганини батафсил айтиб беринг.

- Ўзбекистонга шахсий ишларим бўйича келдим, аммо менга одамлар билан мулоқот қилиш тақиқланмаган эди. Мени ҳаммадан ҳам маданият масаласи, маънавий жиҳатлар, рус дунёси, одамлар қандай яшаётгани қизиқтирарди... Мен уруш пайтида тўрт марта Сурияга борганман, Америка, Франция, Болтиқбўйида бўлганман, ҳамма ерда бемалол мулоқотга киришар эдим, ҳеч ким журналистлик фаолиятимга халақит бермаган ва аккредитация талаб қилмаган эди. Чунки мен жосуслик қилмаяпман – шунчаки одамлар билан суҳбатлашяпман.

Кеча тошкентлик танишларим билан кўришганимда, улар бизни кузатишаётганини сезгандек бўлишди. Катта супермаркетдан чиқиш жойида милиция формасидаги икки киши турарди, улар менинг паспорт режимини бузганимни айтишди. Машинага ўтиришни сўрашди, кейин камида қирқ дақиқа қаергадир юрдик. Ваниҳоят мени – милиция бўлимигами ёки миллий хавфсизлик хизматигами – қаерга олиб келишганини билолмадим, менга айтмай қўяқолишди.

Телефонимни олиб қўйишди. Шунда мени олдиндан, камида икки кун давомида кузатишганини тушундим. Айфонимда ижтимоий тармоқлар йўқ, аммо менга кутилмаганда ижтимоий тармоқларда нималарни қўйганим ҳақида гапира бошлашди. Гап шундаки, мен ўзбек ўригининг данакларини жуда яхши кўраман. Бир кун олдин данакларни суратга олиб, Фейсбукда ёзган эдим, буларнинг таркибида цианид бор, бу фойдали, деган эдим. Мендан бўлса нега Ўзбекистонни шарманда қиляпсиз деб сўрашди? Фейсбукда данакнинг пўчоғини қўйгансиз, бу дегани сиз салбий нарсаларни ёзяпсиз! Бу дегани, бизда бутун данак йўқ деганими?


Екатеринанинг Фейсбукдаги пости, 28 ноябрь, 19:00.

Мен бир рус аёли билан учрашган эдим. Менга айтишдики: сиз у билан касалхонада бўлгансиз, Ўзбекистонда хорижий фуқароларнинг касалхонага кириши тақиқланган. Улар менинг шахсий иш билан келганимга ишонишмади, Ўзбекистонда журналистларга пишириб қўймаганини тушунтиришга ҳаракат қилишди. Сим-картамни олиб қўйишди, ота-онамга қўнғироқ қилишга қўйишмади, мен бўлса уларга олдинроқ етиб боришимни айтмоқчи эдим. Парвознинг охиригача, Москвага қўнгунча телефонни ола олмадим, чунки уни юкхонага қўйиб қўйишган эди. Телефондан барча суратларни, ҳаттоки Бухородаги рус черкови сингари оддий суратларни ҳам ўчириб ташлашибди. Черковнинг қизиқ томони шунда эдики, илгари унинг биносида вокзалнинг кутиш зали жойлашган эди. Бухородаги амир саройи, минораларни ҳам ўчириб ташлашибди... Булар кимнинг ғашига теккан?

Кейин мени аэропортга кузатиб қўйишди. Кузатувчилар тахминан ўн киши эди, мен шунча эркакнинг эътибор марказида бўлдим! Жуда хушмуомала бўлишди, фақатгина мен Ўзбекистоннинг қанчалик гўзал мамлакатни кўрмаганим сабабли, энди камида уч йил кўрмаслигимни айтишди. Мана энди уч йилгача ўрик данагидан баҳраманд бўла олмайман!..

- Ўзбекистондаги дўстларимиздан сўраймиз, ҳар йили шу куни сизга бир кило данак олиб келиб беришади.

- Катта раҳмат! Ўзбек махфий хизматларига ҳам раҳмат, менга яхши муносабатда бўлишди – калтаклашмади, хафа қилишмади. Бундан ёмонроқ бўлиши ҳам мумкин эди.


Екатерина Сажневанинг паспортига ўзбек чегарачилари қўйган белги


Екатеринанинг Фейсбукдаги пости, 29 ноябрь, 19:00.


Бу суратни Екатерина Бухорода 27 ноябрда олган. Чиройли...

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги