14:03 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пахта теримига бормадингми? Институтдан ҳайдалдинг!

07.12.2016 08:12 msk

Фарғона

Ваниҳоят Ўзбекистонда пахта кампанияси тугади. Бу йили мамлакат расмийлари терилган ҳосил миқдорини ошкор қилишга шошмаётгани диққатга сазовор. Аммо стратегик хомашё теримида қатнашмаганларга нисбатан репрессиялар бошланиб кетди. Масалан, Қўқон педагогик институти раҳбарияти ноябрь бошида тўртта контрактчи талабани ўқишдан ҳайдади. Бемаъниликми? Йўқ албатта: Ўзбекистонда пахта теримидан бош тортган ҳар қандай талаба ёки бюджет ташкилоти ходими ҳайдалиши мумкин. Бу ҳолда ўқишдан ҳайдалишнинг расмий сабаби қилиб уларнинг фанларни ўзлаштирмаслиги кўрсатилади. Бошқа курсдошлар улардан ҳам билимсизроқ бўлиши мумкин, аммо улар пахтада давлатга хизмат кўрсатгани учун барча фанлар бўйича баҳоларни “ясаб” беришади, бу даврда ўқиш билан боғлиқ муаммо бўлмайди.

Элёр Менбариев, Абдуқаҳҳор Имомов, Музаффар Қиличев ва Ойбек Маҳкамовлар энди жисмоний тарбия факультетининг собиқ талабаларидир. Ҳикматулло Бозорбоев ҳам собиқ талабага айланди, унинг ҳайдалишига расмий сабаб ҳам кўрсатилмади. Улар турли курс талабалари бўлган. Ҳаммаси спортчи, айримлари сезиларли ютуқларга эришган. Масалан, Бозорбоев ва Менбариев Ўзбекистон чемпионатларининг олтин совринини қўлга киритган, биринчиси гандболдан, иккинчиси футболдан, иккаласи ҳам республика терма жамоаси аъзоси бўлган.

Ҳаммасига ШҲТ айбдорми?

Қўқонлик беш талабанинг муаммолари ШҲТ саммити олдидан бошланди, бу саммит 23-24 июнда Тошкентда бўлиб ўтганди. Шу тадбир туфайли 10 июнданоқ барча олийгоҳларда дарслар ҳамда бошланиб қолган имтиҳонлар тўхтатилди. Талабаларга имтиҳонларни 25-30 августда топширишлари айтилди, уларга барча топширилмаган фанлардан алоҳида йўлланмалар (“хвостичка”) бериладиган бўлди.

Қўқоннинг бошқа олийгоҳларида қанақа бўлгани номаълум, аммо пединститутда айтилган даврда имтиҳон ўтказиб бўлмади. Менбариевга кўра, 80 фоизча талабалар сессияни ёпа олмаган, уларга қарзларни пахта теримидан кейин ёпишлари айтилган. Аммо кейин бундай қилиш шарт ҳам бўлмай қолган, чунки пахтага чиққан талабаларга автоматик равишда баҳолари қўйиб берилган.

Қўқонлик талабалар учун пахта кампанияси 13 сентябрдан 4 ноябргача бўлиб ўтди. 6 октябрда эса махсус тузилган комиссия томонидан юқорида айтилган тўртовлон “қарздор” ўқишдан ҳайдалган. Улардан иккитаси буни дарслар бошланганидан кейингина билган. Факультет декани Акмал Маҳкамов маърузалардан бирига кириб, тахминан бундай деган: “Сизлар бу ерда нима қиляпсизлар? Ўқишдан ҳайдалгансиз, бориб билган ишларингни қилаверинглар”.

Ҳайдалиш сабаблари ҳар доим ҳам аниқ эмас

Иккинчи курснинг собиқ талабаси Элёр Менбариев пединститутга 2007 йилда кирган. Икки мавсум давомида мунтазам пахта теримига чиққан. Аммо 2009 йилда оёғидан жиддий жароҳат олиб, соғлиғини тиклаш учун академик таътил олишга мажбур бўлган. Институтга ўтган йилнинг декабридагина қайтган. Катта спортдан эса кетишига тўғри келди.

Элёр яхши ўқиган, деканнинг илтимосига кўра ўқиш билан бир вақтда факультет футболчиларини Универсиадага тайёрлаган. Универсиада 2016 йилнинг мартида Фарғонада бўлиб ўтди. Контрактга тўланадиган пулни ўқишдан ташқари вақтида асосан бўёқчилик қилиб топган. Пахта теримига борса пул ишлай олмаслигини тушунган.

“Ота-онам пенсионер бўлгани учун контракт пулини ўзим ишлаб топишимга тўғри келади, - дейди Элёр. – Даладаги штаб бошлиғидан мени пахтадан озод қилишини сўрагандим, чунки ишлашим керак эди. У мени деканга йўллади, декан эса менга академик таътил беришга ваъда берди, таътил вақтида эса футболчиларни машқ қилдиришим керак эди. Аммо октябрь охирига келиб кутилмаганда шуни билиб қолдимки, академик таътил бериш ўрнига мени ўқишдан ҳайдашибди”.

Музаффар Қиличев ҳам шунга ўхшаш аҳволда. Отаси йўқ, оилада Музаффардан ташқари беш киши – онаси, хотини, иккита қизи ва синглиси бор. Уйдагилари ишламайди, шунинг учун Қиличев уларни боқиш билан бирга ўқиш пулини ҳам тўлаши керак. У ҳам академик таътилга чиқиш орқали пахтадан қутулиб қолишга ҳаракат қилди, аммо ўқишдан ҳайдалди.


Элёр Менбариев ва Ҳикматулло Бозорбоев

Ойбек Маҳкамовнинг (деканнинг фамилиядоши) ҳам оиласи, фарзанди бор. У ҳам ишлайди ва контрактини вақтида тўлайди. Аммо спортчига кўра декан негадир уни “кўргани кўзи йўқ, иложи бўлса ҳақорат қилишга ҳаракат қилади”. Ойбек ҳам пахта термаслик учун академик таътил олмоқчи бўлганида ўқишдан ҳайдашди. Ҳайдашнинг асосий сабаби деканнинг нафрати деган фикри ҳам йўқ эмас.

Абдуқаҳҳор Имомов ғалати вазиятга тушиб қолди. Уни военкомат 17 августда ойлик армияга жўнатади. Армия тугамасдан туриб Абдуқаҳҳор ўқишга ҳам, пахтага ҳам кечикишини сезиб, отасига қўнғироқ қилади ва ундан деканнинг олдига бориб, бир йиллик академик таътилга ариза ёзишни сўрайди. Декан рози бўлади таътил ҳақидаги буйруқни имзолагандек бўлади. Аммо армиядан қайтган Абдуқаҳҳорга ҳайдалганини айтишади, сабабини айтишмайди. Имомовнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёзган шикояти жавобсиз қолади.

Пулни ким ўғирлади?

Гандболчи Ҳикматулло Бозорбоев ҳам тушунарсиз вазиятга тушиб қолди. Унинг ўқишини ўзи эмас, балки гандбол федерациясининг гранти (йўлланмалари) ҳисобидан тўлар эди. Ўтган йили пахта теримида қатнашмади, чунки Италиядаги Европа турнирида эди. Уланинг жамоаси биринчи ўринни олди.

Март ойидаги Универсиадада жамоа кутилмаганда тўртинчи ўринни олди. Бу мусобақалардан олдин ёқимсиз бир воқеа содир бўлиб, Бозорбоевнинг тақдирига таъсир қилди.

Гап шундаки, январдан бошлаб жамоа келгуси мусобақаларга тайёргарлик йиғинларида эди. Бу йиғинлар пайтида спортчиларнинг озиқ-овқати учун Қўқон ҳокимияти 10 миллион сўм (расмий курс бўйича $3150 атрофида) ажратган эди. Аммо пул ғаройиб тарзда ғойиб бўлди, Ҳикматулла эса ўз ҳисобидан овқатланди. Бошқа спортчилар тренерга боришар эди.

“Сентябрга келиб битта фандан – немис тилидан қарзим қолди, - дейди Ҳикматулла. – Кейинчалик билдимки, сентябр бошида декан немис тили ўқитувчисининг олдига келиб, мендан имтиҳон олмасликни буюрган. Сабабини билмайман. Мен ҳамма билан пахтага кетдим, у ерда эса менга “Бу ерда керакмассан, чунки энди ўқимайсан”, дейишди.

Ҳикматулло ҳайдалишининг асл сабабини билиши ҳам мумкин. Фараз қилайлик, у ўғирланган пул ҳақида хабар топган ва бу ҳақда бирор жойда гапириб қўйган. Буни эшитган декан уни кечирмаган. Балки сабаби бошқадир, чунки йиғин пайтида Бозорбоев алоҳида овқатланган, шу сабабли нимагадир декан билан ораси бузилиб қолган. Фол очиб ўтирмаймиз, шуниси аниқки, у бошқалар билан бирга институтдан ҳайдалди. Аммо бунга пахта сабаб бўлмаган.

Мирзиёев, ёрдам беринг!

Умуман олганда бу пединститутда ғалати муҳит ҳукмрон. Охирги беш ой ичида тўрт марта ректор алмашди: ёз бошида олийгоҳни беш йил бошқарган Анваржон Фармонов бўшатилди, сентябрда ректор вазифасини бажарувчи бўлиб проректор Ҳоким Хонбобоев келди, октябрда ректор в.б. Ҳусанов бўлди (исми номаълум). Энди ваниҳоят, бу лавозимга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан юборилган Азиз Эминов қўйилди. Узоққа борармикан?

Бугунги кунда Қўқон пединститутида контракт тўлови йилига 6.650.000 сўмни (расмий курс бўйича $2106) ташкил этади, тўлов йилига икки марта – ҳар семестрда қабул қилинади. Кичик шаҳарда яшайдиган ва ота-онаси бой бўлмаган ёшлар учун бу кичкина маблағ эмас. Талабалар бу пулни қўлдан келганича ишлаб топишга мажбур, эҳтимолки, тунда ҳам ишлашади. Айримлари оиласини ҳам боқиши керак. Бунинг устига ҳар йиллик пахта кампанияси – бекор сарфланган вақт, олинмаган даромаддир. Шу ўринда риторик бўлмаган бир савол туғилади: нима қилмоқ керак?

Ўқишдан ҳайдалган беш талаба шу кунларда мамлакатнинг бош вазири ва президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ёзма шикоят билан мурожаат қилди. У талабаларнинг ўқишини тиклаб, бу олийгоҳда нималар бўлаётганини аниқлаштира олармикан?..

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги