20:43 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига фуқаролар нима масалада мурожаат қилмоқда?

02.12.2016 18:18 msk

Фарғона

Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат вазирлик ва идоралари раҳбарларига тўғридан-тўғри ва самарали мурожаат қилиш механизми ҳеч қачон бўлмаган. Расмий қабулхоналар бор эди, аммо уларда худди Кафка қасридагидек бир умр кутиш, кети узилмайдиган навбатларда туриш керак бўлиб, дардингга қулоқ солишларига ҳам ишонч йўқ эди.

Ислом Каримовнинг 25 йиллик даврида Ўзбекистонда шунчалик кўп муаммо йиғилиб қолдики, президент в.б. Шавкат Мирзиёевнинг “виртуал қабулхонаси” фуқаролар учун бир юпанчиқ бўлди: улар янги раҳбарга мурожаат қилганда энг жиддий муаммолар ва кўнгилсизликларнинг ҳал бўлиши йўлидаги орзу-истакларини баён қилмоқда.

Виртула қабулхонага қандай саволлар билан мурожаат қилишмайди дейсиз. Ҳаттоки оилавий ҳаётини йўлга қўйиш борасида ёрдам ҳам сўрашган. Шаҳрисабзда яшовчи 28 ёшли қиз президентт в.б.дан куёв топишни сўраган. Бу мурожаат матни Тошкентдаги “Дийдор Азиз” интернет-нашриётининг таҳририятига келиб тушган.

“Ассалому алайкум ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев. Сизга соғлиқ, узоқ-умр, бўлажак ишларингизда кўпдан-кўп омадлар тилаб қоламан. Илтимосимни тўғри тушунасиз деб умид қиламан. …Миллий ва замонавий либослар тикиб яратаман, яхшигина пазанда ҳамман. Ўзимга яраша иффатим, гўзаллигим ҳам бор, қадди-қоматим ҳам келишган, табиатан меҳрибонман. Ҳаётга реал қарайман. Лекин бир муаммо бахтим борасида ўзимга мос кўнглимдагидек бўлажак турмуш ўртоқ учратмаяпман. Сизга илтимосим шуки, келишган, чиройли, ўқимишли, бўлажак оиласига меҳрибон, соғлом, ҳаётга тайёр, молиявий томонлама ҳам ҳамма нарсаси бор муносиб шогирдларингиз бўлса, илтимос мустаҳкам оила қуришимизга ўзингиз бош бўлинг”, - самимий умид билан ёзмоқда қиз. Ажиб ҳолат. Аммо жиддий гапирадиган бўлсак…


Шавкат Миромоновичнинг виртуал қабулхонасини ўзбекистонликлар президентнинг қабулхонаси деб аташади – “вазифасини вақтинчалик бажарувчи” сўзлари ёзиш ва айтишга узунлик қилади. Фуқаролар “президент” Мирзиёевга қайси масалада мурожаат қилмасин, албатта жавоб олади. Ишни ҳал қилиш топшириғи қуйи идоралар ва уларнинг тузилмаларига юборилади – аммо ҳар доим ҳам тўғри манзилга ва мавзу бўйича тўғри жойга йўналтирилавермайди. Қабулхонада одамларнинг эҳтиёжига қандай жавоб берилишига бир нечта мисол келтирамиз.

Талабанинг ҳикояси

“Фарғона” таҳририяти илтимоси билан Тошкентдаги коллеж талабаси Ўзбекистон Бош вазири виртуал қабулхонасига ўз муаммоси билан мурожаат қилди. Биз фуқароларни иш билан таъминлаш борасида виртуал қабулхона қандай ишлашини билмоқчи эдик. Нималар бўлганини йигитча бизга айтиб берди.

“Қабулхонага ёзганда исм-фамилиянгиз, яшаш манзили ва касбингизни кўрсатасиз. Кейин муаммони қисқа тарзда ёритасиз. Мен қабулхонага таклиф билан мурожаат қилдим – SMM-лойиҳа билан шуғулланмоқчи эдим. Бир неча кундан сўнг менга қўнғироқ қилиб, мен яшайдиган тумандаги меҳнат биржасига таклиф қилишди – менинг сўровим ўша ерга жўнатилган эди. Бордим. Биржа ходимлари асосан аёллардан иборат экан, ёшлар жуда кам, деярли ҳеч қайсиси русчани тушунмайди.

Мен кабинетга кирдим, менга вакансиялар билан танишиш таклиф қилинди. Ходим менга Тошкент туманлари бўйича иш ўринлари рўйхатини берди ва бошқа ишларига шўнғиб кетди. Менинг хатимни ўқиб ҳам ўтиришмаганини, менинг кимлигимни билмасликларини тушундим. Ахир кундузги бўлим талабасиман, қандай қилиб ишлайман?

Менга бу вакансияларнинг қизиғи йўқлигини тушунтирдим. Савол бера бошлашди: нима билан шуғулланасиз, қаерда яшайсиз ва ҳоказо. Менинг мурожаатимда буларнинг ҳаммаси кўрсатилган эди. Мен қизиқиб суриштирдим, ўзи қанақа бўлади, фуқаролар виртуал қабулхонага юборган масалалар қандай ҳал қилинади? Ҳаммаси чалкашиб ётган экан. Меҳнат биржаси ходимларининг айтишича, виртуал қабулхонанинг ишчи гуруҳи саволни тушунишга ҳаракат ҳам қилмасдан, шунчаки туманлар бўйича тарқатиб, маҳаллий идораларни ишга кўмиб юборар экан.

Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Қайсидир фуқаро тўртинчи марта қабулхонага ёзиб, кардиологик бўлимга врач бўлиб ишга киришни сўраётган экан, уни қайта-қайта биржага жўнатишмоқда. Биржада эса бунақа вакансия йўқ. Биржа ходимининг айтишича, яқинда уларда штат қисқариши бўлиб, 14 та ходим ишдан бўшатилган, шу сабабли ҳам иш жуда кўп.

Биржадан қуруқ қўл билан қайтдим, чунки виртуал қабулхонага мурожаат қилганимдан сўнг мени таклиф қилишган ташкилот масалани ҳал қила олмасди, чунки бу уларнинг соҳасига кирмайди. Охири нима бўлди? Охирида сизга тўлдириш учун бланка беришади, унда мурожаатингизга ўз вақтида жавоб берилгани, қабулхона ишини юқори баҳолашингиз, натижаси сизни қониқтирганини ёзасиз.

Тошкентлик бизнесменнинг масаласи нимага ҳал бўлмаганини тушундим. У видеомурожаатда Мирзиёевнинг қабулхонасига шикоят қилиб, прокуратура ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилган эди. Аммо таъмагир прокурорлар устидан жиноий иш очилмади, ҳеч ким ишидан бўшатилмади. Мирзиёевнинг мақталган қабулхонаси шундай ишлайди.

Менинг хулосам: Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси хўжакўрсинга чиқарилган. Натижаси йўқ. Мурожаатингизни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди".


Пенсионер аёл ҳикояси

Онлайн қабулхонага мурожаати юзасидан тошкентлик пенсионер аёл ҳам “Фарғона” билан таассуротларини ўртоқлашди.

“Келиним биринчи қаватда яшайди, тепадаги тўртинчи қаватда эса кекса ўқитувчи аёл яшайди. Унинг квартирасини тахтакана босиб кетган. Аёл кексалиги учун кўп ҳаракатлана олмайди, шу сабабли чойшабларини балкондан қоқади. Натижада тушган тахтаканалар бошқа квартираларга, жумладан, келинимнинг квартирасига киради. Дорилаш кор қилмайди, чунки тепадан доимий равишда ёғиб турибди. Келиним анчадан бери қўшнисига тушунтиролмай юрибди. Бу сўзлашув ва жанжаллардан натижа чиқмаган. Келиним ҳамма жойга ёзиб чиққан – санэпидемстанцияга, ЖЭКка, участка милиционерига. Барибир натижа йўқ.

Шунда президент қабулхонасига қўнғироқ қилган. Қўнғироқ қилиб тушиш қийин экан, аммо тушибди. Мурожаатлар 15 кун ичида кўриб чиқилар экан. Аммо учинчи куниёқ ҳамма биргаликда келди – ЖЭК бошлиғи, участка милиционери, Санэпидемстанция ходимлари ва ширкат раиси келган. Ҳаракатга тушиб қолишган, квартираларни дорилаш ва анави аёлнинг квартирасини нима қилишни маслаҳатлашишган. Чунки у квартирада тахтаканалар ҳамма ёқда – мебелда, чойшабларда, ҳаттоки гулқоғоз остида ҳам босиб кетган. Қатъий чора кўриш керак дейишган, ҳамма нарсани ёқиб ташлаш керак, акс ҳолда қутилиб бўлмайди. Аммо бувини булардан маҳрум этиб бўлмайди-ку?

Афсуски, муаммо ҳал бўлмади, аммо қабулхонага қўнғироқдан кейин ҳамма ҳаракатга тушганига қойил қолдим. Бунгача келиним бир неча ой идорама-идора юриб, ҳал қила олмаган эди. Энди ўзим ҳам қабулхонага қўнғироқ қилмоқчиман. Кабел телевидениесини узиб қўйишди, тўламаган эмишман. Аммо бир йиллигини олдиндан тўлаб қўйганман. Энди ноябрь келган бўлса ҳам узиб қўйишди. Қўнғироқ қилиб, бир йиллигини олдиндан тўлаганимни тушунтирмоқчи бўляпман. Улар квитанциянинг нусхасини олиб келишни сўраяпти. Уёққа қандай бораман? Шаҳарнинг нариги чеккаси бўлса! Бунақа саёҳатлар менга тўғри келмайди, ўзи зўрға юраман, қон босимим ўйнайди. Илтимос қиладиган одамим йўқ, қариндошлар узоқда, бегонани овора қилгим келмайди. Уларга икки ҳафтадан бери қўнғироқ қиламан, аммо барибир квитанцияни сўрашади. Уларнинг компьютерида ҳаммаси бўлиши керак-ку!

Қабулхонага қўнғироқ қилмоқчиман – бир парча қоғозни кўрсатиш учун кексаларни шаҳар кезишга мажбур қилишмасин. Бу пенсионерлар устидан кулиш холос. Кабелсиз қийин – усиз русча “Ахборот”ни ҳам кўра олмайман, янгиликлардан ҳам хабар топмайман. Бепул телевидениеда ҳаммаси ўзбекча. Умид қиламанки, худди келинимга ўхшаб, менга ҳам президент қабулхонасидагилар ёрдам беради. У даражада тез бўлмаса ҳам”.

Таассурот ҳаммада ҳар хил

Мана яна иккита мисол. Facebook тармоғида тошкентлик тадбиркор Елена Агибалова (Елена ва унинг ҳамкасби Динара Латипованинг сарсон-саргардонликлари ҳақида “Фарғона” кўп марта ёзган) ёзишича, хусусий мулкининг солиқ органлари амалдорлари томонидан талон-тарож қилиниши юзасидан виртуал қабулхонага бешинчи марта мурожаат қилган. Аммо уларга “навбатдаги қуруқ хат” билан жавоб ёзишган, шикоят қилинган одамлар эса жазосиз қолмоқда.

Чирчиқлик 78 ёшли пенсионер Любовь Чуракованинг додига эса ваниҳоят қулоқ солишди. Биз у ҳақида ҳам кўп ёзган эдик. Унинг ноқонуний ҳукм чиқарган суд коллегиясига бўлган эътирозлари қондирилди шекилли. Ҳар ҳолда унинг саволи (пенсионернинг банкдаги омонатининг ўғирланиши оқибатида унга жарима санкцияси ва неустойкани тўлаш ҳақидаги суднинг ноқонуний қарори ҳақида) бўйича Бош прокуратуранинг жавоби шундай бўлди, деб хабар беради AsiaTerra.

“Орадан олти йил ўтар-ўтмас, Бош прокуратура ваниҳоят қонунга мувофиқ қарор қабул қилди. Шунча йилдан бери ҳаммаси битта нарсани такрорлаб, менинг қонуний талабларим юзасидан “шикоят қилинмайди” дейишди, мени қуруқ ёзма жавоб билан “боқишди”, “сиз истеъмолчи эмассиз” деган абсурд баёнотларни беришди (унда кимман?). Янаги ҳафта бошида узоқ кутилган ҳукмни қўлимга оламан деб умид қиламан”, - дейди Чуракова. Пенсионер аёлга кўра, у бир неча марта Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилгани ва бир нечта телеграмма юборгани учунгина Бош прокуратура томонидан протест берилишига эришди.

Ўзбекистонликларнинг Шавкат Миромоновичнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиш тажрибасини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин. Фуқаролар шикояти жавобсиз қолмайди – бу ижобий томони. Аммо баъзида жавоб номига бўлади – муаммо нотўғри жойга ёки шу муаммони келтириб чиқарган органларга юборилади. Кўпинча жойлардаги амалдорларнинг лоқайдлиги туфайли келиб чиққан маиший масала ёки муаммолар бўйича аниқ ёрдам берилади. Аммо тизимли характерга эга бўлган жиддий саволлар, масалан, юқорироқ даражадаги амалдорларнинг коррупция ва амалини суиистеъмол қилиш ҳолатларида виртуал қабулхона ёрдам бермайди. Бу ерда инсон омили ҳам муайян рол ўйнайди. Қайсидир амалдор юқоридан келган топшириқни бажармасликдан қўрқади, бошқалари эса жазосиз қолиш ва фуқароларни сарсон қилишга ўрганиб қолгани учун, “туширилган” шикоятларга одатдагидек қуруқ ёзма жавоб бериб қутулади.

* * *

Мақола чоп этишга тайёрланаётганда яна бир Ўзбекистон фуқаросидан шарҳ олинди. У бир неча йил давомида ўз муаммосини судлар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилган, аммо натижаси бўлмаган. “Бугун виртуал қабулхона сайтида аризам кўриб чиқиш учун Олий Судга юборилганини ўқидим. Ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. Чунки туманлараро судда амалдорлар тарфини олган ҳолда менинг даъвоимга ҳам, Конституцияга ҳам тупуришган эди. Натижасини айтаман”.

Ҳурматли муштарийлар! Давлатнинг бирор-бир онлайн қабулхонасига мурожаат қилган бўлсангиз, таассуротлар ҳақида бизга ёзинг. Шу ердаги шарҳларда ёки бош муҳаррир Даниил Кисловга dan@kislov.ru манзилига ёзишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама