22:51 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон - Туркия: Қабр тепасидаги қўл сиқишувлар

30.11.2016 16:11 msk

Даниил Кислов

Бировга ёқадими ёки йўқми, лекин Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Шавкат Мирзиёев ўзларимини эски хафагарчиликларни унута оладиган ҳамда муносабатларни янгидан барпо этишга қодир прагматик сиёсатчи сифатида кўрсатиб қўйдилар. Узоқ йиллар давом этган ўзаро таъна ва маломатлардан сўнг улар турк-ўзбек муносабатлари иқлимини тезда яхши томонга ўзгартира оладиларми?

Тарихга назар

Икки мингинчи йилларнинг ўртасида Туркияда марҳум Ислом Каримовнинг бош душмани – “Эрк” мухолиф партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳ қўним топганидан сўнг Анқара ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар совуқлашди. Тошкент бир неча марта Солиҳни мамлакатдан чиқариб юборишга шама қилган, аммо Туркия қулоқ солмади. Бундан ташқари, 2006 йилда Анқара Андижон воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказишни ёқлаб чиққан ва ҳатто Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилишини танқид қилган.

Анқаранинг бу позициясига жавобан Тошкент 2012 йилда миллий телевидениеда турк сериалларини кўрсатишни тўхтатиб, турк бизнесига босим ўтказишни бошлаган, турк ишбилармонларини депортация қилган ёки ҳибсга олган. 2012 йилнинг апрелида депортация қилинган бизнесменлардан бири – Тошкентдаги йирик савдо маркази “Туркуаз”нинг собиқ бошлиғи Воҳид Гунеш – матбуотга хабар беришича, унга нисбатан қийноқ қўллангани ва мусодара қилинган мол-мулкини тиклаш юзасидан Ўзбекистон расмийлари қарши даъво қўзғаган. Унинг айтиб беришича, депортациядан олдин уни 9,5 ой давомида Юнусобод туманидаги МХХ тергов изоляторида сақлаб, қийноқ қўллашган.

Шундай бўлса ҳам, икки ярим йил олдин Каримов билан Эрдўғон Сочи Олимпиадасининг очилишида учрашгани ортидан Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг илиқлашишига умид уйғонган. Бу учрашув ҳақда ҳаттоки ўзбек ахборот агентликлари ҳам хабар қилган. Аммо бу борада ҳеч қандай силжиш сезилмади.

Янги шахслар

Эрдўғон билан Мирзиёевнинг тақдирида ўхшашлик бор: иккаласи ҳам ўн йиллаб бош вазир, кейин президент бўлган (Ўзбекистонда ҳаммаси режа бўйича кетишига шубҳа йўқ). Иккала мамлакат муносабатларининг чигаллашуви уларнинг кўз ўнгида содир бўлган. Аммо илгари бош вазирлар нимадир қилиб, вазиятни ўзгартира олармиди? Йўқ шекилли.

Чунки турк-ўзбек биродарлигидаги асосий тўсиқ Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг ўзи бўлган – унинг характери, ҳар кишига, айниқса авторитар ҳукмдорга хос бўлган амбициялари бўлган. Каримовга тан бериш керак: у сиёсатчи сифатида ҳеч кимга бўйин эгмаган, зарбага зарба қайтарган, ўжарликка ўжарлик қилган. Бошқача айтганда, ҳамкорлар билан мослашувчан бўлмаган. Бу нафақат турклар масаласида, балки Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатлар масаласида ҳам кўринади... Бу факт бугунги ўзбек раҳбарияти томонидан бевосита ёки билвосита тан олинмоқда. Янги раҳбарият қўшнилар билан 25 йил давомида йиғилиб қолган муаммоларни – чегара, сув, тижорат-иқтисодий масалаларни тезда ҳал қилиш ёки ҳеч бўлмаганда силлиқлашга ҳаракат қилмоқда.

Ўлим қўл келди

Ҳаммасини бошидан бошлаш бугунги кунда Туркияга ҳам, Ўзбекистонга ҳам фойдали. Туркларнинг Марказий Осиёдаги бошқа собиқ иттифоқ мамлакатлари билан муносабатлари кўнгилдагидек. “Турк оиласида” фақатгина Ўзбекистон тихирланиб, гапга кўнмаётган эди. Шу сабабли, агар Ражаб Эрдўғон ўз мақсади хайрли эканига Шавкат Мирзиёевни ишонтира олса, ўз мамлакатида яхшигина баҳога эришади. Айниқса мамлакатдаги аксариятга маъқул келадиган пантуркистлик ғояси мухлисларига бу нарса ёқади.

Бошқа томондан қарасак, бугунги кунда Ўзбекистонга ҳар қандай хорижий меҳмоннинг келиши Шавкат Мирзиёевга ҳам фойда. Бу унинг сайлов олди кампаниясига ижобий қўшимча бўлади. Биринчи ўзбек юртбошиси қабрида қанча кўп мамлакат раҳбари тиз чўкса, унинг вориси мамлакатда ҳам, ташқарида ҳам шунча обрўси ортади.

Эски ҳафагарчиликларни эслаш йўқ

Ислом Каримов вафот этгани заҳоти ўзбек-турк илиқлашувининг аломатлари сезила бошланди. 18 октябрда Тошкентда ташқи ишлар вазирликлари музокараси бўлиб ўтди – бошлиқлар Абдулазиз Комилов ва Мевлют Чавушоглу учрашди. Ўшанда Эрдўғоннинг Самарқандга ташрифи санаси белгиланган бўлса керак.

Эрдўғон билан Мирзиёев Каримов давридан қолган ўзаро ишончсизликни бартараф эта оладими? Ҳа, иложи бор, бунинг учун Тошкент 2010-2012 йилларда ўнлаб турк бизнесменларини ҳайдаб чиқаргани айбини ювиши керак. Айрим ишлар бўйича Туркияда ҳали ҳам суд ишлари давом этмоқда – тадбиркорлар босқинчилик билан тортиб олинган мол-мулк, активлар ва маблағларни қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда. Айбини ювишгина эмас, балки келажакда шунга ўхшаш воқеалар бўлмаслигига кафолат бериши керак.

Ҳа, иложи бор, агар Туркия билан Ўзбекистон мухолифатчи Муҳаммад Солиҳнинг тақдири ҳақида келиша олса. У Истанбулда яшайди ва ҳали ҳам расмий Тошкентга муайян сиёсий хавф туғдиради. Шунга қарамасдан, бугун Туркияда ўзбек махсус хизматларидан қочиб, кўнгилга яқинроқ хавфсиз мамлакатга келган юзлаб ва минглаб ўзбек мухолифатчилари, диний арбоблар, бизнесменлар бор. Уларни нима қилиш керак?

Яна бир марта иложи бор, агар Тошкент билан Анқара бу муаммоларга кўз юмса, агар келажакдаги манфаатли ҳамкорлик учун ўзаро гина-кудуратларни ютиб юборса. Аслида ҳаммаси яна шу раҳбарларнинг амбицияларига, инжиқлигига, гапга кўнишига ёки ўжарлигига боғлиқ.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама