16:59 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Таниқли фоторассом Умида Аҳмедова деярли икки ойдан бери “чиқиш визасини” кутмоқда, ҳозирча натижа йўқ

28.11.2016 13:15 msk

Сид Янышев

Тошкентлик кинодокументалист ва фотограф Умида Аҳмедова шу йилнинг 22 сентябрида Яшнобод тумани (яшаш жойи бўйича) ОВИРга чет эл мамлакатларига чиқишга рухсат берадиган стикер ёки халқ тили билан айтганда “чиқиш визаси” сўраб ариза ёзган, аммо ҳалигача стикерни олгани йўқ. Қонун бўйича стикерни расмийлаштириш 15 иш кунидан ошмаслиги керак.

Дам олиш кунларини ҳисобга олсак, Аҳмедова четга чиқиш рухсатини октябрнинг ўрталарида олиши керак эди. Аммо ҳар гал ОВИРга борганида (Ўзбекистонда ХЧКФРБ – “Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси” деб аталади), у ердаги ходимлар “яна озгина кутиш”ни маслаҳат беришган.

Кутишдан чарчаган Аҳмедова телефон орқали республика президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг “виртуал қабулхонаси”га шикоят қилди ва бироз вақтдан сўнг Яшнобод тумани ОВИР бошлиғидан ёзма жавоб олди. Унинг мазмуни ҳам шу “ариза кўриб чиқилмоқда” деган жавобда тўхтаган эди.

Аҳмедова яна бир бор Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига қўнғироқ қилгач, худди шу маънодаги ёзма жавобни ўқиб беришди, фақат бу сафар республика ОВИРи раҳбар ўринбосари У.Тошхўжаев номидан берилган эди.

“Бу визани оламанми-йўқми билмайман, агар беришмаса, нимагалигини ҳам билмайман, - дейди Аҳмедова. – Менинг 25 май куни Ослода Вацлав Ҳавел мукофотини олганимни кечиришмагандир, балки украин телеканалига интервью берганим туфайлидир. Аммо интервьюда бирор-бир махфий нарсани айтганим йўқ”.


Умида Аҳмедова

Аҳмедовага чиқиш визаси янги йилда Латвияга бориш учун керак, у ерда қизи ўқийди. Испаниядаги Нафис санъат институти ўқитувчиси билан оғзаки келишув бор, Аҳмедованинг талабалар билан ижодий учрашуви ташкил қилинади. Келгусидаги режалар бўйича Германияга ижодий сафар ҳам қилмоқчи.

Бунақа кечиктириш биринчи марта бўлаётгани йўқ: 2010 йилда Аҳмедовага чиқиш визасини уч ойгача – июнь бошидан сентябрь охиригача беришмаган. Кечиктириш сабаби сўралганида, унга юқоридаги органдан рухсат йўқлигини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, чет эл мамлакатларига чиқишга рухсат берадиган ёзув стикери барча ўзбекистонликларнинг фуқаролик паспортига ёпиштирилади, бу паспорт бир вақтнинг ўзида хорижий паспорт бўлиб ҳам ҳисобланади. Бу стикер икки йилгача амал қилади. Шимолий Кореядан ташқари дунёнинг бирор-бир мамлакатида бунақанги чиқиш учун рухсат бериш ҳужжати талаб қилинмайди.

Стикерни кўпинча ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва ҳаттоки санъат арбобларига беришмайди. Масалан, бутун дунёда таниқли тошкентлик рассом Вячеслав Ахунов мана беш йилдан ошибдики, чиқиш визасини ола олмаяпти. Рад этишнинг сабабини “унинг чиқиб кетиши республика учун мақсадга мувофиқ эмас”лиги билан изоҳлашмоқда.

Октябрь ўртасида петиция ташкил этиш билан шуғулланадиган иккита сайтда “Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи”нинг Шавкат Мирзиёевга мурожаати пайдо бўлди. Унда республика фуқаролари учун чиқиш визасини бекор қилиш таклиф қилинган. Аммо ҳозирги кунгача бу мурожаатга ҳеч қандай жавоб берилмаган.

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама