10:20 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Кун кечириш учун энг оз миқдор: Ўзбекистонда бир ойда юз долларга қандай яшаш мумкин?

26.11.2016 05:07 msk

Фарғона

Яқинда Ўзбекистонда долларнинг “бозор” курси кескин кўтарилганига кўпчилик озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ҳам кўтарилиб кетди. Президентликка тўрт номзод ваъда берган маошларнинг ошишига ҳали анча бор. Бўлғуси давлат раҳбари маош ва пенсияларни оширади, деб тахмин қилсак ҳам, бу нарса албатта дарҳол рўй бермайди. Лекин у Ислом Каримов давридаги анъанани буза олармикан? Яъни маошлар, нафақа, пенсия ва стипендиялар ўн беш фоизга ошса, ҳамма халқ истеъмоли товарлари камида ўн беш фоиз ёки ундан ҳам кўпга ошарди. Бу аҳволда аҳоли турмуш тарзининг яхшиланиши ҳақида гапирмаса ҳам бўларди. Мамлакатда истеъмол саватининг энг кам ойлик иш ҳақидан қимматга тушиши ваниҳоят тан олинармикан?..

Бугунги кунда долларнинг бозор нархи 7000 сўмда қатъий турибди. 2016 йилнинг июнь ойи ўртасида долларни бозорда 6000 сўмга олса бўларди, октябрь бошида эса – 6400 сўм эди. Валютачиларнинг тахмин қилишича, янги йилга яқинлашганда аҳоли маҳсулотлар олиш учун оммавий равишда валютасини сотади, ўшанда курс озгина пасаяди, ундан кейин эса яна 7000 ёки унданам баландроққа қайтади.

Долларнинг Марказий банк белгилаган расмий курси ҳам доим ошади, аммо бир неча ўн сўмгагина холос, уни долларга чаққанда арзимаган пул бўлади. Бугунги кунда у 3138,95 сўмга тенг, бу бозор курсидан икки баравардан ҳам пастроқдир. Қайд этиш керакки, расмий курс билан ҳеч кимнинг иши йўқ, чунки бу курсда банкдан доллар олиб бўлмайди.


Бозорларда мўл-кўлчилик. Ҳамён бўш

2016 йилнинг биринчи октябридан Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 149.775 сўм (бозор курси бўйича 21 доллардан сал кўпроқ), ёшга доир пенсия – 292.940 сўм (деярли 42 доллар). Мактаб ўқитувчисининг ўртача ойлиги – бир миллион сўм ёки 143 доллар, ўртача пенсия – 700 минг сўм (камида 30 йиллик иш стажи бўлса) ёки 100 доллар.

Қуйидаги саволларни ўртага қўйдик: Ўзбекистонда бир кишининг бир ойлик истеъмол савати қанчага тушади, Тошкентда ҳеч бўлмаганда юз долларга яшаш мумкинми?

Ҳисоб-китоб

Бугунги кунда Тошкент бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (тансиқ таом сифатида мева, колбаса маҳсулотлари ва пишлоқларни ҳисобга олмадик) қуйидаги нархларда сотилмоқда:



Энди Тошкентда кун кечириш учун энг кам миқдордаги маҳсулотларни ҳисоблаймиз. Мош, ловия, нўхат, сўк, перловка, майиз ва ёнғоқсиз ҳам кун кечирса бўлади (худди мева, колбаса ва пишлоқ сингари), шунинг учун уларни ҳисобга олмаймиз.

Хуллас, битта одам бир ойда буларни истеъмол қилади дейлик: саккиз кило энг арзон картошка (12000), беш кило пиёз (5000), икки кило гуруч ўртача нархда (14000), бир кило гречка (9000), икки кило макарон (7000), ўттиз дона ўртача катталикдаги тухум (16500), бир кило мол гўшти (20000), икки кило товуқ гўшти (28000), уч кило ун (9000), икки кило шакар (9000), бир литр ўсимлик ёғи (пахта, 8500), ярим кило сариёғ (18000), бир кило сариқ сабзи (1500), икки кило қизил сабзи (3000), бир килодан қизил лавлаги ва қовоқ (3000), уч кило помидор (12000), бир кило бодринг (5000), уч литр сут (9000), икки литр қатиқ (кефир, 6000), ярим кило қора чой (11000), ярим кило кўк чой (9500), ўн беш буханка нон (15000) бир кило туз (1000). Жами – 232 минг сўм.

Ойлик бюджетнинг анча қисми гигиена буюмларига сарфланади. Битта 200 миллилитрли шампун (16000), иккита атирсовун (12000), бир кило кир ювиш кукуни (автомат, 8000), 100 граммлик тиш пастаси (10000), икки рулон ҳожатхона қоғози (5000), иккита соқол олиш станоги (бир марталик), битта соқол олиш кўпиги (15000) қўшилса, 76 минг сўм чиқади.

Энди коммунал хизматларнинг ойлик харажатини ҳисоблаймиз. Бу одам ёлғиз ўзи, майдони 40 квадрат метр бўлган икки хонали квартирада яшайди, деб ҳисоблайлик. Ҳозирги тарифларга кўра (жумладан, хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари эксплуатацион харажатлари ҳам қўшилганда) ўртача тўлов – 123 минг сўм.

Ойлик йўловчи карточкаси (автобус ва метро учун) биринчи октябрдан 166 минг сўмга чиқди. Йўловчи карточкаси ўтмайдиган такси ва маршруткаларда юрмаймиз.

Пулни тежаш натижасида йилда бир марта сотиб олиш мумкин бўлган энг арзон Хитой кийими нархини ҳисобга олмаймиз. Маданий муассасаларга ҳам бормаймиз (театр, кинотеатр, кўргазма заллари ва бошқалар). Ресторан ва кафелар ҳақида унутамиз, таътил пайтида чет элларга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Чунки масалан, Москвага учиш нархи (бориш-келишга, долларнинг бозор ва расмий курсларидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда) камида 350 доллар ёки 2450000 сўм туради. Таътил пайтида яшашга ҳам пул керак.

Натижани чиқарамиз: 232+76+123+166=597 минг сўм. 600 мингга яхлитлаштирайлик. Демак, бугунги кундаги шароитни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон пойтахтидаги истеъмол савати ва энг кам ойлик иш ҳақи ва пенсиялар шу миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.

Кўриниб турибдики, юз долларгача 100 минг сўм қолди, бу пулга бир нечта кийим-кечак олиш мумкин (масалан, иккита аёллар колготкаси, икки жуфт арзон пайпоқ ва иккита трусик). Ёки онда-сонда мева, пишлоқ ва колбасадан баҳраманд бўлиш мумкин.

Хулосалар

Бундан келиб чиқадики, пенсия 700 минг бўлса, яшаш мумкин. Бир миллионлик маош бўлса, бир-икки марта кафега ва кинотеатрга бориш ҳам мумкин.

Аммо пенсияси 600 мингдан кам бўлган ёлғиз қариялар нима қилсин. Бунақалар Тошкентда аксариятни ташкил қилади. Бундан ташқари, кексаликда барибир сарфланадиган дори-дармон харажатини ҳисобга олмадик. Одатда айнан пенсионерлар коммунал хизматлардан қарздор бўлмайди, демак озиқ-овқат ва гигиена воситаларидан пул тежаши керак.

Республиканинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида яшайдиганларнинг аҳволи бундан ҳам оғир, чунки у ерларда даромад даражаси пойтахтникидан паст. Улар ун ва ёрмаларни килолаб эмас, қоплаб сотиб олишади, шунда буларнинг нархи 20-30 фоиз арзонроқ бўлади. Аммо аксарияти гўштни фақат байрамларда ейишади, қанд ва конфетларни эса меҳмонлар учун сақлашади.

“Фарғона” мухбири бир-икки йил олдин Самарқанд вилоятидаги кўп фарзандли бир оилага меҳмон бўлиб борган. У ерда шўрва беришган, шўрванинг таркибида қўй суягидан рагу, гуруч оқшоғи, пиёз, сабзи ва ёғли бўлиши учун пахта ёғи. Нонни ўзлари ёпишган эди...

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама