01:00 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Жамшид Каримовга нисбатан жазо психиатрияси муолажалари қўлланиши тўхтатилсин!

23.11.2016 15:48 msk

Фарғона

Психиатрия касалхонасида мажбуран сақланаётган журналистнинг дўстлари ва ҳамкасблари мурожаати

2016 йил 22 ноябрь

Ўзбекистонлик мустақил журналист Жамшид Каримов 2012 йил январидан бери шу кунгача Самарқанддаги психиатрия касалхонасида мажбуран ва яширин равишда сақланиб келмоқда. Мамлакат раҳбарияти буйруғи билан ҳаракат қилаётган шифокорлар журналистнинг саломатлиги тўғрисидаги ҳар қандай маълумотнинг тарқатилишига тўсқинлик қилишмоқда, унинг ўзини эса “ташқи дунёдан” тўлиқ изоляцияда сақлашмоқда. Онда-сонда унинг қизига отасини кўришга имконият берадилар, холос.

Жамшид Каримов – Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг энг катта акаси Арслоннинг ўғли бўлади. У Жиззах шаҳрида туғилиб ўсган, 2000 йиллар бошидан халқаро оммавий ахборот воситалари, хусусан, Institute for War and Peace Reporting (IWPR), “Фарғона.Ру” агентлиги, Ўзбекистоннинг “Арена” веб-сайти билан ҳамкорлик қилиб келган. Маҳаллий расмийларнинг ноқонуний фаолияти юзасидан журналистик текширувлари ўтказиб келгани билан танилган. Цензурага, авторитаризмнинг барча кўринишларига қарши фаол чиқишлар қилган.

Жамшид Каримов 2004 йилдан бошлаб бир неча бор номаълум кимсаларнинг ҳужумига дуч келиб, калтакланган, маҳаллий расмийларнинг бўғзига тиқилиб қолган суяк мисоли улар томонидан таъқиб этилган. Унинг ўзи бу ишларни журналистик фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблаб келган.

Жамшид Каримов 2006 йил сентябрида илк бор психиатрия касалхонасига мажбуран ётқизилган. Бу иш Жиззах шаҳар судининг Жамшид ва унинг адвокати иштирокисиз ўтказилган мажлисининг яширинча қарори билан амалга оширилди. Бу ҳақда ҳатто унинг оила аъзоларига ҳам хабар қилинмаган. Бу ишлар унинг иши ҳамда президент амакисига қарата танқидий фикрлар билдириб берган интервьюси сабабидан амалга оширилганига шубҳа йўқ.

Самарқанд психиатрия касалхонасида беш йилдан кўпроқ умрини ўтказган Жамшид 2011 йил ноябрда озодликка чиқди. Тахмин қилинишича, уни АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ташрифидан сўнг қўйиб юбордилар. “Жамшидни қўйиб юборишганидан кейин мен у билан телефон орқали гаплашдим, - дейди Каримовнинг дўсти, Канадага муҳожиротга чиқиб кетган журналист Улуғбек Ҳайдаров. – Унинг овози аввалгидек, фикри теран, ўзи ҳам ўзгармаганди. Мен унга ҳозирча қатъий баёнотлар билан чиқмасликни, барча ишларни четга суриб қўйишни, дам олиб куч тўплашни маслаҳат бердим... Аммо у қулоқ солмади. Халқаро оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқ ҳимоячилар билан алоқа ўрнатиш йўлини излади, ўзининг тақдири ҳақида маълумот бермоқчи бўлди. Унинг айтадиган гаплари оз эмасди”.


Бу ердаги Жамшид Каримовнинг овози 2011 йил охирида ёзиб олинган. “Бу ерда ҳамма нарса жўн: менга бир марта яшаш имконияти берилган. Табиийки бир марта ўламан. Икки марта ўлмайман. Мен тимсоҳга ўхшаб юз йил яшамоқчи эмасман. Мен умримни инсон каби яшаб ўтмоқчиман, ярим букчайган ҳолда эмас. Боз устига, мен ҳеч қанақа қонунбузарчилик қилганим йўқ, қилмоқчи ҳам эмасман. Зўравонлик, ўғрилик ёки қотиллик қилиш менинг касбим эмас. Мен оммавий ахборот воситалари ходимиман, холос. Мен ҳатто сиёсатчи ёки ҳуқуқ ҳимоячи ҳам эмасман. Мен оддийгина “мистер янгиликлар”ман, бор-йўғи шу холос”.

Тез орада, 2012 йил юошида Жамшид Каримов расмийларнинг буйруғи билан яна касалхонага жойлаштирилди. “У озодликка чиққанидан икки ой ўтиб яна қайта олиб кириб қўйдилар, - дейди унинг 19 ёшли қизи Евгения. – Самарқанддаги одамлар орасида “Супер” номи остида танилган психиатрия муассасасига. Турмадаги каби деразаларига панжара ўрнатилган хонада сақлашмоқда. У ерда ҳар-хил одамлар, ҳатто қотиллар ҳам бор. Ҳеч қанақа суд бўлмаган. Уни СНБга (Миллий хавфсизлик хизмати - МХХ) “гаплашиб олиш” учун чақирдилар, етиб борганида эса кўчанинг ўзида унга тўрт киши ташланиб калтакладилар, тишини синдирдилар, машинага итариб кириб ўша ерга олиб кетдилар. Унинг ҳамма ери кўкариб кетганди. Отамнинг айтишича, агар унга бир киши ҳужум қилганида ҳам у ўзини ҳимоя қилиб олган бўларди, бироқ тўрт кишига кучи етмаган”.

Евгениянинг айтишича, отаси иккинчи бор “псиихушка”га тушиб қолганидан бир неча ой ўтиб соғлиғи кескин тарзда ёмонлашиб кетди ва натижада у ўлиб қолишига сал қолди. Унга нима бўлганини аниқ айта олмайди тахмин қилишича, бу унга ёки укол қилиб ёки чойига қўшиб берилган дориларнинг таъсири бўлиши мумкин. “Менга (президент) Каримовнинг ўзи шифокорларга унинг ақлини киритиб қўйишни буюрган деб айтишди”, - дейди қиз амаки-бобосни фамилияси билан номлаб.

“Милиционерлар уни доим қўриқлаб юрадилар, агар унинг олдига келсам албатта у билан нималарни гаплашаётганимни назорат қилиш учун ёнимизда туришлари керак: унга бирор оғиз ортиқча гапни айта олмайман, доим ёнимда бир ёки ики, баъзида эса уч киши туради. Учрашувдан олдин эса уни фотосуратга туширмаслигим учун телефонимни олиб қўядилар. Ундан президентнинг ўлганини яширишяпти, буни билиб қолса, чиқариб юборишларини талаб қилиш мумкинлигидан хавотирланишса керак. Милиция ҳам буни айтишни тақиқлаяпти. Отам эса ҳамон озод бўлишига умид қилмоқда. Аммо “Ислом Каримов ўлмагунича, мени чиқаршмайди” деб айтади ва қайта-қайта бу кунни кўрмай ўлиб кетсам керак дейди”.

Айни пайтда 49 ёшга кирган Жамшид Каримов амакиси томонидан барпо этилган режимга нисбатан танқидий муносабатда бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келгани учун жазоловчи психиатрия қурбони бўлгани кундек равшан. Қисқа муддатга озодликка чиққан пайтда ўзи врачлар унга “ аста-секин кечувчи шизофрения” ташхисини қўйганини айтиб берганди. Бу ташхис буюртма характерга эканлиги борасида шубҳалар рад этилса ҳам, Жамшид на жамият учун ва на атрофдаги бошқа одамлар учун хатарли шахс эмас (у жуда ҳам мулойим, тинчликпарвар одам) ва уни узоқ йилларга “психушкага” қамаб қўйишга ҳеч қанақа зарурият йўқ эди.

Жамшиднинг дўстлари ва ҳамкасблари унинг психиатрия касалхонасида сақланиши ва “даволаниши” жазо психиатрияси аломатларига эга деб билдирмоқдалар ҳамда халқаро ҳуқуқ ҳимоячилар, БМТ, ЕХҲТ, Европа иттифоқи ҳамда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари тамойилларини ҳимоя қилувчи барча мамлакатларни Жамшид Каримовнинг тақдири билан қизиқиб кўришга ҳамда Ўзбекистон расмийларидан журналистни зудлик билан озод этиш ва мустақил психиатрия кўригидан ўтказишни талаб қилишга чақирмоқдалар.

Имзолар:

Алексей Волосевич, мустақил журналист, Ўзбекистон

Аркадий Дубнов, журналист, Москва

Ганимат Захид, Озарбайжоннинг"Азадлыг" газетаси бош муҳаррири

Даниил Кислов, “Фарғона.Ру”АА бош муҳаррири, Москва

Ёдгор Обид, шоир, Халқаро ПЕНклуб аъзоси, Австрия

Ивар Дале, Норвегия Ҳелсинки Қўмитасида катта маслаҳатчи

Қанат Адилов, мустақил блогер, Прага

Кудрат Бобожонов, журналист, Стокҳольм

Людвика Влодэк, социолог ва публицист, Варшава университети, Польша

Мария Шищенкова, , Front Line Defenders ҳимоя бўйича координатори, Париж

Надежда Атаева, "Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари" Ассоциацияси президенти, Франция

Стив Свердлоу Human Rights Watch ташкилотининг Марказий осиё бўйича вакили

Улуғбек Ҳайдаров, мустақил журналист, Ванкувер (Канада)

Умида Ниязова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия Форуми

Шуҳрат Бобожонов, журналист и рассом, Прага

Эмин Ахмедбеков, "Азербайджан Сааты" телевизион дастурининг рус бюроси раҳбари

Имзо тўплаш давом этмоқда. Ушбу мурожаатни ушбу мақола остидаги шарҳларда ёки Фейсбукдаги “Фарғона” саҳифасида қолдиришингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги