03:53 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги НАТО алоқалар маркази ёпилмоқда. Аммо альянснинг минтақадаги фаолияти давом этади

18.11.2016 19:34 msk

Даниил Кислов суҳбатлашди

Суратда — Розария Пульизи (Rosaria Puglisi, Nato Liaison Officer to Central Asia, Head of Office)

“Фарғона”га ўз манбаларимиздан маълум бўлишича, НАТОнинг Марказий Осиё бўйича алоқалар маркази (Тошкентда жойлашган) келаси йилда ёпилади. Бу офис Шимолий Атлантик альянснинг минтақадаги барча мамлакатлар билан алоқаларини бошқарар эди. Бунга нима сабаб бўлди? Бу саволларга жавоб олиш учун биз марказ раҳбари — Розария Пульизи билан боғландик, у барча саволларимизга жавоб беришга рози бўлди.

- Ҳурматли Пульизи хоним, Тошкентдаги НАТО маркази ёпилаётгани ҳақиқатми? Йўқ бўлса, унинг фаолияти қайта кўриб чиқилмоқдами? Қай тарзда? Бундай қарорга келишга нима сабаб бўлди? Ўзбекистон расмийлари томонидан босим бўлдими ёки бошқа омиллар таъсир қилдими?

- НАТОнинг Марказий Осиё бўйича алоқалар маркази чиндан ҳам 2017 йил март охирида ёпилади. Бу қарор ички бюджетни кўриб чиқиш асосида қабул қилинган ва ҳеч қандай сиёсий характерга эга эмас. Ўзбекистон томонидан ҳеч қанақа босим бўлмаган. Аксинча, минтақада бизга нисбатан самимиятни ҳамиша ҳис қилиб келганмиз ва зарур даражадаги сермаҳсул ва манфаатли ҳамкорликдан мамнунмиз. Марказий Осиё НАТО учун стратегик нуқтаи назардан муҳим бўлган ва шундай бўлиб қолади. Ҳамкорлик давом этади, ва апрел ойидан бошлаб алоқаларимиз тўғридан-тўғри Брюсселдан бошқарилади.

- Офис фақатгина Ўзбекистон эмас, балки минтақадаги бошқа мамлакатлардаги фаолиятни ҳам тартибга солиб келган. Қайси ҳамкор мамлакат билан энг яхши/энг ёмон алоқа ўрнатилган?

- НАТО блоки ва унинг дунёдаги 41 та ҳамкори ўртасидаги ҳамкорлик шундай даражадаки, у алоҳида тартибда белгиланади ва ҳар бир ҳамкорнинг иштирок этиш хоҳишини рўёбга чиқариш учун махсус танланади. Худди шу тамойил НАТО билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги алоқаларга ҳам тааллуқли. Минтақадаги ҳар бир мамлакат ўз манфаати, келажак ҳақидаги тасаввури, стратегик долзарб масалаларга эга ва шундан келиб чиқиб қарор қабул қилади. Айрим мамлакатлар бошқа ҳарбий ташкилотлар ёки хавфсизлик бўйича ташкилотларга аъзо бўлган. Уларнинг бошқа ташкилотга аъзолиги НАТО билан ҳамкорликка таъсир қилмаслигини доим таъкидлаб келамиз. Масалани биз билан бирга бўлиш ёки бизга қарши бўлиш тарзида қўймаймиз.

Аксинча, НАТО доирасидаги турли дастурлар орқали мамлакатларга қуролли кучларини қайта шакллантириш ва замонавийлаштириш, самарасини ошириш ҳамда ўз халқи ва ҳудудини яхшироқ ҳимоя қилишда ёрдам берамиз. Ҳар бир мамлакат ўз эҳтиёжларига мос келадиганини танлаши мумкин. Масалан, бизда ҳарбий таълим тизимини қайта ташкиллаштириш ёки қуролли кучлар тизимидаги коррупцияга қарши курашишда ҳамкорларимизга ёрдам берадиган дастурлар бор. Айниқса Building Integrity деб аталган сўнгги дастуримиз аҳамиятга молик, чунки Марказий Осиёдаги бир нечта президент давлат бошқарувидаги коррупцияга барҳам бериш, давлат ресурслари ва харажатларини оптималлаштириш йўлида қатъий чоралар кўришни бошлади. Биз Марказий Осиё қуролли кучларини БМТ тинчликни сақлаш йўлидаги операцияларида иштирок этиш учун ўқитишда ёрдам берамиз; НАТО стандартларини қабул қилиш орқали уларнинг зиддиятли минтақаларда бошқа мамлакатларнинг ҳарбийлари билан самаралироқ ишлаш имконияти ошади. Бизда оператив режалаштиришдан тортиб, ҳарбий тиббиётгача бўлган соҳада 1400 дан ортиқ ўқув курслари ва семинарлар мавжуд. Улар ҳамкор мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам очиқ. Марказий Осиё мамлакатларининг бу ва бошқа йўналишдаги иштироки бир-биридан фарқ қилади ва ҳар бир мамлакатнинг манфаатидан келиб чиқади. Биз бундай ёндашувни ҳурмат қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

- Афғонистондаги вазиятни баҳоласангиз. Собиқ Иттифоқ Ўрта Осиёси мамлакатларининг Афғонистонда тинчликка эришишдаги ҳозирги ва келгусидаги роли қанақа?

- Умума олганда Афғонистондаги вазият мураккаблигича қолмоқда, чунки мамлакатда ҳали ҳам беқарорлик ва зўравонлик учраб турибди. Аммо хушхабар ҳам бор, 2015 йилдан бошлаб Афғон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб хавфсизликни ўз зиммаларига олдилар. Улар афғон халқини ҳимоя қилишда жасорат кўрсатишмоқда; уларнинг ҳаракати тан олиниши керак ва биз жойларда сезиларли ютуқларни кўрмоқдамиз.

Сизга маълумки, НАТО ҳали ҳам Афғонистонда Қатъий ёрдам миссияси (Resolute Support mission) доирасида фаолият юритмоқда. Бу ноҳарбий миссия афғон хавфсизлик органлари, жумладан полицияни ўқитиш, консультация ва ёрдам беришга мўлжалланган. Бу миссия вазият тақозо этган муддатга ўша ерда қолади. Мақсадимиз – афғон кучларининг ривожланиши ва профессионал таълим олиши, қолаверса уларга керакли анжомларни етказиб беришдир. Жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистон билан ишлаётган бошқа мамлакатлари ва НАТОнинг мақсади шундан иборатки, бу мамлакат ҳеч қачон террористлар учун хавфсиз макон бўлиб қолмаслиги керак.

Афғонистондаги хавфсизлик соҳасида Марказий Осиё давлатлари “алоҳида пакет”га эга. Уларнинг кўпчилиги Афғонистондаги беқарорликнинг бутун минтақага ёйилиши борасидаги хавотирларини бир неча бор билдирганлар. Айни пайтда бундай тарқалиш хатари чекланган бўлса ҳам, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг манфаати ва [афғон вазиятига] ижобий иштироки қўллаб-қувватланиши лозим. Тарихий алоқалар туфайли бу мамлакатлар Афғонистондаги вазият хусусида ўзига хос маълумот ва тушунчага эга. Айримлари алоқалар ёрдамида кўп йиллардан бери Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватламоқда, масалан, энергия етказиб бермоқда. Айримлари бугунги кунда зарур бўлган минтақавий инфраструктурани яратмоқда. Буларнинг ҳаммаси мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ўсишга ёрдам берувчи муҳим ташаббуслардир. Сиёсий музокаралар нуқтаи-назаридан келгуси ҳамкорликни биз қўллаб-қувватлаймиз, бундай ҳамкорлик Осиёнинг юрагида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

- НАТОнинг минтақадаги кейинги режалари қанақа?

- НАТО ҳали ҳам Марказий Осиё ва Афғонистонда сезиларли таъсирга эга. Тинчлик учун ҳамкорлик дастури доирасида Марказий Осиёдаги ҳар бир ҳамкоримизга фаоллик ва ҳамкорлик даражасини ўзлари белгилаш ҳуқуқи берилади. Афғонистонга келсак, Варшавадаги июль саммитида НАТО мамлакатлари раҳбарлари тасдиқлаганидек, Афғонистон ёлғиз қолмайди. НАТО сиёсий, ҳарбий ва молиявий жиҳатдан узоқ вақтга Афғонистон билан ҳамкор бўлиб қолади.

Даниил Кислов суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама