03:34 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Миллатни оёққа турғизиш керак!”

17.11.2016 09:12 msk

Зоҳид Ҳақназаров

Ўзбекистон президентининг сайлови яқинлашмоқда. Айрим кузатувчилар бош номзод – Шавкат Мирзиёевнинг сайловдан олдинги ваъдаларидан хурсанд бўлмоқда. Бошқаларнинг нолишича, ҳокимият алмашиши яна конституцияга хилоф равишда бўлмоқда, тахтга барча “альтернатив” номзодлар эса қўғирчоқ, узурпатор қўлидаги ўйинчоқдан бошқа нарса эмас. Шу билан бирга, номзодлар дастурларида энг асосий масала ҳақида гап йўқ – дейди ишонч билан Ўзбекистон халқ артисти, профессор Зоҳид Ҳақназаров.

***

“Ҳурматли жаноб номзодлар!

Мен Ўзбекистон президенти лавозимига сайлов олди дастурларингиз билан қисқача танишиб чиқдим. Уларда ҳақиқатан янги гап кўрмадим.

Каримовнинг китоб ва мақолаларидаги асосий фикрлар ва мазмунлар ўзгартириб берилмоқда. Ўша-ўша гаплар, қонун устуворлиги, бозор иқтисодига ўтишда давлатнинг етакчи роли, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳақида, халқнинг фаровон яшаши, давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, турли ҳарбий блокларда қатнашмаслик ва ҳоказо. Аммо ижобий ҳал қилинган тақдирда Ўзбекистонни XXI асрга яқинлаштирадиган энг асосий масала ҳақида сўз очишга ҳеч бирингиз журъат қилмагансиз. Бу – пахта далаларидаги мажбурий меҳнат масаласи.

Бу шаклдаги меҳнатдан фойдаланиш оқибатида мамлакат феодал қулдорчилик тузуми даврига қайтиб қолмоқда, бунинг устига бу нарса Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки меҳнатнинг бу шаклини жорий этаётган ҳар қандай расмий шахс, умумий таълим мактабининг директори, ҳокимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи раҳбарлари, МХХдан тортиб, ҳукумат вакилларигача бўлган ҳар қандай амалдор давлатнинг вакилидир. Демак, уларнинг умуминсоний қадриятлар ҳақидаги тушунчаси, ақли, онги феодал қулдорлик тузуми даражасида қолган. Шунинг учун пахта далалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида вояга етмаганларнинг ишлашини тақиқлайдиган буйруқ чиқариб, ўзини ўзбек халқи ва жаҳон ҳамжамияти олдида оппоқ қилиб кўрсатган билан, ўзларининг қулдорлигини яшира олишмайди.

Пахта ҳосилининг яхши бўлиши мамлакат иқтисоди ва мудофаа қобилияти учун қанчалик муҳимлигини яхши тушунаман. Аммо ҳосилнинг ҳосилдан фарқи бор. Ҳосил эркин меҳнатдан келиши мумкин ёки эркин бўлмаган меҳнатдан келиши мумкин. Ўзбекистонда эркин эмас. Далага юз минглаб, балки миллионлаб мактаб ва коллеж ўқувчилари, талабалар, тиббий, маданий, давлат ва транспорт муассасалари ходимлари чиқарилади. Бундан қанча ёшлар билим ола олмаётгани, шифокор ёки амалдорнинг иш жойида эмаслигидан одамлар қандай жабр чекишини ёлғонсиз, ростакамига кўрсатадиган давлат статистикаси борми?

Бугунги кунда олийгоҳ битирувчиси 4-синф учун диктантни ёза олмаслиги, консерватория талабаси мусиқа назарияси уёқда турсин, ноталарни билмаслиги, врач беморга тўғри ташхис қўя олмаслиги ва ҳоказолар меъёрий ҳолат бўлиб қолди. Бундай салбий ҳолатларнинг асосий сабаби бу ўқиш даврида вақтни қишлоқ хўжалиги ишларига сарфлаш оқибатида керакли билимларни олмасликдадир.

Энди бу муаммога бошқа тарафдан қарайлик. Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон дунёда пахта етиштирадиган ягона мамлакат эмас. Бошқа жойларда қанақа? Аниқ биламан, икки асрдан ошдики, Америкада оқ танлилар бойиши учун қора танлилар пахта плантацияларида елкаси яғир бўлмайди (Википедия: АҚШда 1861—1865 йиллардаги фуқаролик уруши тугаши ва 1865 йил декабрида конституцияга ўн учинчи тузатиш киритилганидан сўнг қулдорлик бекор қилинган. Ундан кейин шериклик кенг ёйилиб, озод фермерлар – африка-америкаликлар ва оқ танли фермерлар шерикчилик асосида бойларнинг плантацияларида ишлаган. – “Фарғона” изоҳи) . Ҳиндистон, Миср ва бошқа мамлакатларда ҳам аҳвол шунақа.

Нимага Ўзбекистонда меҳнатнинг бу шакли ҳукм суришда давом этмоқда? Ахир бу бутун дунё олдида шармандаликдан ташқари, давлат уни ташкиллаштиришга катта маблағ сарфлайди-ку. Маошини сақлаб қолган ҳолда одамларни вақтинчалик касбий вазифаларини бажаришдан тўхтатиш, далада овқатланиш, тунги ётоқ, пахтакорларни уёқ-буёққа ташишга юзлаб автобусларни ташкиллаштириш... Бу харажатларни кимдир ҳисоблайдими?

Бу вазиятдан чиқиш йўли борми? Менимча, бор. Ўзбекистонда хўжалик юритишнинг бозор йўлига ўтиш эълон қилинганига анча бўлди. Жумладан, собиқ колхозлар ери фермерларга бўлиб берилди. Менимча фермерларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, аввало пахтани етиштиришда тўлиқ эркинлик бериш керак. Хўжаликни ўзлари юритсин, ишчиларни жалб қилиб, меҳнатига пул тўлашсин. Маданияти ривожланган барча мамлакатларда хўжалик шундай юритилади. Менимча фақат шу йўл билан феодал тузумдан XXI асрга ўтиш мумкин.

Номзодлар ўз дастурларида эҳтиёткорлик билан четлаб ўтадиган кейинги мавзу – бу фуқароларнинг конституцион ҳуқуқи бўлган сўз эркинлиги, ўз фикрини ифода этиш эркинлиги, турли сиёсий партиялар яратиш ва уларда иштирок этиш, йиғилиш, пикет, намойишларда қатнашиш ва ҳоказолар. Марҳум президент ўз республикаси фуқароларини шафқатсизлик билан бу ҳуқуқлардан маҳрум қилган. Ҳақиқий мухолиф бўлган “Бирлик” халқ ҳаракати, “Эрк” партияси ўрнига унинг буйруғи билан шошилинч тарзда тўртта ўйинчоқ партия тузилди, уларнинг асосий вазифаси Ислом Каримов шахсини улуғлаш эди. Бундай дискриминацион сиёсатнинг давоми сифатида марҳум президент фуқароларнинг ўз республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланиши ва яшаш жойини танлашга ҳуқуқидан маҳрум қилди. Унинг ўзбек муҳожирлари ҳақидаги фикри эса ўз миллатини менсимаслигига мисол бўлди.

Миллионлаб ёш ўзбеклар ўз қишлоғида очдан ўлмаслик учун Россия, Қозоғистон бўйлаб ҳар қандай ишни қидириб юрибди. Улар бу мамлакатлар ижтимоий поғонасида энг паст, маргинал даражада туради. Уларнинг таҳқирлашади, калтаклашади, ўлдиришади. Улар мослаша олмайди, чунки ўқимаган, ривожланмаган, дунёқараши тор, чунки мактаб йилларининг ярмини пахта даласида ўтказган. Кейин ўз фуқаро-муҳожирларининг ҳаётини енгиллаштириш учун Россия ва Қозоғистон раҳбарлари билан гаплашиш ўрнига марҳум президент уларни дангаса деб аташдан бошқа нарсани ўйлаб тополмади. Ўз ватандошларини очиқ ҳақорат қилгани учун худонинг ўзи ҳукм чиқарсин, ахир одамлар унинг айби билан шу аҳволга тушган. Унга яхши одам сифатида ҳеч қачон ёдгорлик қўймаган бўлардим.

Золим ҳукмдор сифатида қўйиш мумкин. Унинг қўли қонга ботган, у сабабли ўзбек халқи ҳали ҳам ҳукумат олдида қўрқув билан яшайди. Унинг оила аъзолари ҳам жиноятчи, унинг номини пеш қилиб, Америкада, Европа мамлакатларида кошоналар ва ер участкалари сотиб олишган. Ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун уларни халқаро судларда суд қилишмоқчи. Ўзбекистонда эса уларнинг отасига қандайдир ёдгорлик ўрнатмоқчимиз.

Жаноблар, агар халқни озгина бўлса ҳам ҳурмат қилсангиз, бундай қилманг.

Жаноб номзодлар, агар сизларга Ўрта Осиёдаги энг кўп сонли бўлгани билан ўзбек халқи энг эзилган, қолоқ ҳолатдалигини айтсам, менга ишонмаслигингиз мумкин. Аммо бу ҳақиқат. Деярли 60 йиллик чор ҳукуматининг амалдорлари ҳукмдорлиги, 70 йиллик большевистлар мафкураси исканжаси, 25 йиллик Каримов режими халқимизни тилсиз тўдага айлантириб қўйди. Черняев, Скобелев, Кауфман каби чор генераллари туб жойлиларни минглаб оттирган, осган. Уларнинг ўрнига большевиклар мафкураси келди, икки марта алифбо ўзгартирилди, миллатни манқуртга айлантириш мақсадида ҳаракат қилинди. Большевиклар мафкурасини акс эттирган кишилар ўз юрти ҳимоячиларини босмачилар деб атади, аслида уларнинг ўзлари шунақа эди. Уларнинг ўзлари бегона юртларга бостириб кириб, бегуноҳ одамларни ўлдирган. Улар уйидан араб алифбосидаги китоб топилган одамни ўлдиришган. Улар ўқимишли ўзбекларни шафқатсизларча ўлдириб, уларнинг ўрнига Охунбобоев каби ўқимаган одамларни қўйишган. Улар пахтақуллар авлодини етиштиришди, еримизни, дарё ва кўлларимизни турли “бутефослар” (дефолиант тури) билан заҳарлашди. Каримов большевикларнинг пахтақулчилик сиёсатини давом эттирди. У “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” сиёсий партияси қиёфасида уйғонаётган миллий ўзликни англаш учқунларини жисмоний жиҳатдан йўқ қилди.

Менинг фикримча, мамлакат ва халқ ҳаётида зудлик билан ечиш керак бўлган айрим муаммолар шулардан иборат. Аммо афсуски, булар сизнинг дастурларингиздан ўрин олмаган. Тиз чўккан миллатни турғизиш керак. Одамларга 150 йилдан бери турли колониализм ва деспотизм шакллари билан нобуд қилинган шахсий ва миллий қадр-қимматни қайтариш керак”.

Зоҳид Ҳақназаров, Ўзбекистон халқ артисти, профессор

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама