06:51 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўрта Осиёда сув туфайли уруш чиқиши мумкинми?

16.11.2016 11:18 msk

Мансур Мировалев

Тимур Карпов олган сурат

Фарғона водийси – Хитой ва Эрон ўртасидаги энг маҳсулдор ва аҳоли зич жойлашган ер ҳудуди бўлиб, бу ерда тоғдан келадиган сув билан тўкилган қон доим мўл-кўл бўлган.

Бу ерга Александр Македонский, араблар, мўғуллар ва рус подшолари қўшин тортган. Ўрта Осиёнинг * янги тарихидаги энг йирик низолар шу ерда бўлиб ўтган: 1990 ва 2010 йилларда Ўш қирғини, 1999 ва 2000 йилда экстремистлар ҳужуми ва 2005 йилги Андижон қирғини.

Водийни уч томондан ўраб олган ғарбий Тянь-Шань тизмаларидаги қор ва музликлар уни Исроилнинг ҳудудига тенг бўлган табиий иссиқхонага айлантиради, бу мева-сабзавот, пахта ва ипак манбаси Ўрта Осиёни боқибгина қолмасдан, Россия ва собиқ иттифоқ ташқарисидаги кўплаб мамлакатларига ҳам чиқарилади.

Шу музлик ва қорлар Ўрта Осиёдаги энг узун ва серсувлиги жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган Сирдарёни бошлаб беради, унинг ҳавзасида Ўзбекистоннинг олтита вилояти (Тошкент вилояти билан бирга), Қирғизистоннинг учта вилояти, Қозоғистоннинг иккита ва Тожикистоннинг битта вилояти жойлашган.

Аммо 1961-2012 йиллар орасида Тянь-Шань музликлари 27 фоизга камайди. Германия геологик фанлар тадқиқот марказининг ўтган йили баёнот беришича, бу ерда музликларнинг эриш тезлиги умумжаҳон ўртача кўрсаткичидан тўрт марта тезроқ экан. Тадқиқот раҳбари, швейцар профессори Даниэль Фариноттига кўра, йилига 5,4 куб километргача сув йўқотилмоқда.

“Бу дегани, бир йилда Тянь-Шань музликларида Швейцариянинг аҳолиси ва саноати олти йил давомида сарфлайдиган сувидан кўпроқ сув йўқотилмоқда” – дейди у интервьюдв.

Музликларнинг эришидаги парадокс шундан иборатки, у водий аҳолисига сезилмайди. Музнинг эриб кетиши оқибатида оқимлар ва сел келиши вақтинчалик кўпаяди, совуқ қишда ёғадиган қор эса баҳорда сув кўп бўлишидан дарак беради – аслида эса музлик илма-тешик бўлиб қолиб, пастга оқади ва эриб битади.


Фарғона атрофидаги қуриган ариқлар ва ишлатилмайдиган шлюзлар

2050 йилга келиб Тянь-Шань музликларининг ярми эриб битиши мумкин, деб ҳисобламоқда тадқиқот муаллифлари. “Маҳаллий аҳолининг кўпайиши ва иқлимнинг глобал ўзгариши оқибатида музликларнинг эришда давом этиши кутилаётгани алоҳида хавотир уйғотади”, - қайғули хулоса чиқармоқда олимлар.

“Сув учун ўлдириш ҳеч гапмас”

Фарғона вилояти Қува туманининг боғ ва далалари тоғ яқинида жойлашган. Бу туман ўзининг будда ёдгорликлари билан ҳам машҳур. Аммо бу қишда тоққа кам қор ёғди, натижада водийда сув танқислиги юз бериб, оқибатда маҳаллий фермерлар “бир-бирини ўлдиришга” тайёр бўлди, дейди маҳаллий мироб.

Бу танқислик бир марталик эмас, балки кўп йиллик ва сурункалидир. Тепадагилардан қўрққани учун исмини ошкор қилмаган миробнинг айтишича, кейинги йилларда фермерлар сув учун муштлашиб кетмоқда, бир-бирига жароҳат етказмоқда, тунда эса бировнинг еридан сув ўғирламоқда ёки миробларга совға ё пул бериб, ишни битирмоқда.

Март ойининг бошида Қува атрофида ўрик боғлари гуллаб, кулранг-сариқ ер бўйлаб сузаётган оқ-қирмизи булут кўринишини олди. Бу ерда алпоқ-чалпоқ қуриган ўт-ўланлар сувсизликдан қақраб ётибди.


Фермерлар ўрикзорда пушта чопмоқда, Фарғона вилояти

“Бу йили қиш бўлмади. Шунинг учун Худодан сув сўраб турибмиз”, – дейди Расул Азаматов, қорамтир юзига ғамгин ажинлар тушган кекса фермер.

Боғига сув келадиган бетон ариқча қовжираб, қадимги калтакесакнинг умуртқасига ўхшаб қолган. Бу умуртқа қийшайиб, тешилиб-ёрилиб кетган, ёриқларига целлофан, латта, тош ва пахта тиқиб қўйилган.

Туманга сув Каркидон сув омборидан келади, бу жой бир пайтлар дам олиш ва чўмилиш жойи бўлиб, катта сом балиқлари овланарди. Аммо Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида тенг тақсимланмаган бу сув омбори тубига чўккан бир нечта кўлмакдан иборат бўлиб қолди.

Сувнинг йўқлиги маҳаллий контрабандистларга қўл келмоқда, улар қирғиз томонидан тугун ва коробкаларда Хитой молларини кўтариб ўтишади, дейишмоқда ўзбек чегарачилари.

Тошкентга таҳдид

Орол денгизининг қуриб кетгани ҳақидаги хабарларга дунё ўрганиб бўлди, Қорақалпоғистон, Хоразм ёки Дашогуз туманидаги қурғоқчилик ҳақидаги хабарлар доимийга айланди.

Аммо Фарғона вилоятида ўзбекларга сув етишмаслиги бошқача воқеадир, чунки Фарғона водийси доим ўзини-ўзи таъминлай оладиган макон сифатида кўрилар эди, чунки бу ерда музликдан далагача бўлган масофа қисқа бўлиб, Ўрта Осиёнинг асосий қисмини ташкил этувчи чўл ва саҳроларнинг таъсири йўқдай эди.


Фарғона вилоятидаги боғлар кўриниши

Бу муаммолар минтақанинг энг йирик шаҳрига ҳам таъсир кўрсатди.

Икки миллион аҳолиси бор Тошкент Тянь-Шань тармоқларидан ғарбда жойлашган бўлиб, уни сув билан таъминлаш Сирдарёнинг ирмоғи бўлган Чирчиқ дарёсига боғлиқ. Чирчиқ сувларининг узоқдан шовиллаб эшитилиши ҳақида XIX аср рус саёҳатчилари ёзган эди, аммо бугунги Чирчиқ илгариги ўзанда оқаётган бир нечта ингичка жилғалардан иборат.

Тошкент воҳасининг йирик ҳовузи, деярли қуриб қолган Бахт кўли бир неча йилдан бери тошкентликлар учун ёпиқ эди. Бу кўл тўқайларида XIX аср охиригача Турон йўлбарслари бўлган.

Амударё-чи?

Амударё оқиб келадиган Помир тоғларида ҳам вазият хавотирли.

2010 йилда Oxfam халқаро хайрия жамғармаси Тожикистонда қурғоқчилик, ҳосилсизлик, сув тошиши ва сел келиши хавфидан огоҳлантирган эди. Жами саккиз мингтадан ортиқ бўлган Помир музликларининг 20 фоизи кичрайиб ёки бутунлай эриб битган. 2050 йилгача музликларнинг 30 фоизигача эриб кетади, деб таъкидлайди Oxfam.

Помир тоғларида “вақт ишламай қолди” дейди National Geographic журнали.

Бу ердаги маҳаллий аҳоли қадимдан ўнлаб “календар”лардан фойдаланиб келади, бу календарлар водий шароитига мосланган бўлиб, юлдузларнинг ҳаракатига эмас, балки қушларнинг учиб келиши, куртак чиқиши ёки қор эриши сингари атроф-муҳитдаги ўзгаришларга асосланади. Вақтнинг ўтиши “ҳисобдор”нинг (шу ерда яшовчи одамнинг) баданида қайд қилинади – бу оёқдаги бармоқдан тортиб, юрак ва бошгача бўлган ўзгаришлардир.

Аммо табиатдаги кейинги йиллардаги тартибсизлик бу ҳисобдорларни чалкаштирмоқда ва уларнинг экинни бошлаш ёки ҳосилни йиғишга киришиш ҳақидаги маслаҳатлари ёрдам бермаяпти.

Табиатга зид

Ўрта Осиёда сув танқислиги худди Россияда қор танқислигидек табиий ҳодиса. Ушбу бебаҳо ресурс туфайлигина бу қурғоқ минтақада яшаш имкони бор. Ҳар қандай маҳаллий ҳокимият эски каналларнинг тозаланиши ёки янгисининг қазилишини бир ютуқ сифатида кўриб келган.


Боғ яқинидаги тешиклари ямалган ариқ. Фермерлар сув олиш учун ариқлардаги тешикларни ямашга мажбур

Совет ҳукумати Мирзачўл ёки Қорақум каби жойларга ўн минглаб километрли каналлар тортса ҳам, унинг фойдасини ўйламаган. Қорақумда ҳозир бир миллион аҳолига эга Ашхобод жойлашган. Бу каналларни сирти одатда сувалмаган, натижада сувнинг бир қисми қумоқ ерга сингиб, буғланиб кетаверган.

Сурхондарё вилояти каби тепаликларга сув чиқариш кенг йўлга қўйилган, бунда келгинди мелиораторлар ва марказдан узоқни ўйламай берилган буйруқлар маҳаллий ер эгаларининг кўп асрли тажрибаларига мос келмас эди.

“Ортиқча” сув доим қолар эди, аммо ундан фойдалана билишмаган.

1969 йилдан сўнг Қизилқум саҳросининг Арнасой чуқурлигида, Нурота ва Жиззахнинг шимолида Айдаркўл пайдо бўлиб, унга Сирдарё сувларининг “ортиқчаси” қуйилган. Натижада у бир неча ўн километр кубгача кенгайиб кетди, аммо унинг суви ва балиғидан фақат атрофдаги қишлоқлар аҳолиси ҳамда миллионлаб қушлар фойдалана олади холос.

Совет Ўрта Осиёсида соғлиқни сақлаш тизими ҳамда ижтимоий таъминотнинг яхшиланиши аҳолининг, жумладан қишлоқ аҳолисининг тез кўпайишига олиб келди. Иқтисодий ўсиш ёки мактабларнинг қурилиши ва корхоналарнинг очилиши қанчалик тез бўлса ҳам, туғилишнинг кўплиги иқтисодий таъсирни йўққа чиқаради. Бу ҳолат Миср ёки Ҳиндистон каби туғилиш кўп бўлган жойларнинг тажрибасидан маълум.

Совет даврида бу ўсиш СССР шимоли ва ғарбида ўсишнинг йўқлиги билан қопланар эди, ҳозир эса Фарғона вилоятидаги уч мамлакатнинг фуқаролари Россия ва Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларининг асосий қисмини ташкил этади.


Фарғона вилоятидаги ариқлардан бирида хонаки ғозлар

Аммо суғориш тизимидаги совет сиёсатининг энг мудҳиш оқибати бу сувга бўлган муносабатнинг ўзгаришидир.

Сувнинг қадрига етилмади, бекорга сарфлаб, далаларга сувни кўп берилди ва бу ер ости тузларининг кўтарилишига олиб келди. Баҳорги экиндан олдин ернинг шўри ювиб ташланарди, натижада туз баттар йиғилиб қоларди. Йил ўтган сайин ҳосилдорлик камайиб, ер шўрланиб кетди.

Худди шу йўл билан замонавий Ироқдаги икки дарё оралиғи – Яқин Шарқ цивилизациясининг бешиги ҳисобланган Месопотамиянинг энг ҳосилдор ерлари минг йиллаб деҳқончилик оқибатида беҳосил шўрхок ер ва саҳроларга айланди. Илғор совет иқтисоди учун эса юз минглаб гектар ерларнинг шўрланиши ва Оролни қуритишга етмиш йилдан камроқ вақт етарли бўлди.

Иттифоқ парчалангани билан муаммолар тугаб қолмади – Ўзбекистонда ҳали ҳам фермерларга мажбуран пахта (сувни яхши кўрадиган экин) эктирилади, кузда камида миллион киши мажбуран теримга ҳайдалади. Бундай ҳар йиллик меҳнат армиясини Шимолий Кореянинг тоталитаристик қилиқларига ёки “қизил кхмерлар” даврида Кампучияда шаҳарликларнинг ёппасига қишлоққа ҳайдалганига таққослаш мумкин.

Глобал исиш – бу ҳали ҳолваси

Тянь-Шань музликларининг эриши – узоқ вақтдан бери мавжуд ва мушкул муаммоларга машъум қўшимча бўлиб, бу муаммоларнинг сўнггиси СССР парчаланганидан сўнг пайдо бўлди.

Нефть ва газга бой Ўрта Осиё республикалари – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда сув тақчил бўлиб, улар минтақадаги дарё ва каналларнинг қуйи оқимида жойлашган. Сирдарё ва Амударёнинг юқорисидаги Қирғизистон ва Тожикистонда эса углеводород ёқилғи йўқ.

Газ қувурлари, электр энергияси, кўмир, мазут ва бензинни етказиб бериш имкониятлари билан “сув ўрнига ёқилғи” совет тизими 1990 йиллар давомида аста-секин барҳам топди, чунки Бишкек ва Душанбеда тўлаш учун пул йўқ эди.

Ўрта Осиёдаги сувга боғлиқ зиддиятлар сабабларини 2014 йилда кенг кўламда ўрганган Кризисларни ўрганиш халқаро гуруҳи (The International Crisis Group) шундай хулоса чиқаради: “Муаммонинг илдизи – Совет Иттифоқи 1991 йилда парчалангунига қадар минтақада амал қилган ресурсларни тақсимлаш тизимининг барбод бўлишидир”.

Натижада қирғизлар ва тожиклар сув омборларида ёзда сув тўплаб, қишда иситишга электр энергияси ишлаб чиқариш учун очиб юборишади. Қишда кераксиз бўлган сув оқим бўйлаб пастга оқиб, суғориш каналларини четлаб ўтиб, Айдаркўлга тушади ёки дарё атрофидаги ҳудудга тошади.


Фермерлар ўрикзорда ишламоқда, Фарғона вилояти

Кейинги йиллардаги яна бир барбод қилувчи таъсир – Ўрта Осиёнинг деиндустриализациясидир.

Хитой ўзбекларни далага ҳайдамоқдами?

Гавжум чорраҳанинг йўл бўйидаги чойхонада ўтириб, тухумли шўрва ичиб ўтирган марғилонлик нуроний Акбар ака Фарғона вилоятида саноатнинг чўкишига хулоса беради. У кейинги йигирма йил ичида Марғилоннинг ўзида ёпилиб кетган ўн битта завод, устахона ва бошқа майда ишлаб чиқариш корхоналарини санаб ўтди.

90-йилларда Россия ва қўшни мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларнинг узилиши инқирознинг биринчи тўлқинига олиб келди. Иккинчи тўлқини эса йилдан-йилга кучайиб бормоқда – бу Хитойдан арзон молларни келтириш бўлиб, бу моллар божхона тўловлари ёки контрабандистларнинг ҳақини чиқариб ташлагандан кейин ҳам маҳаллий товарлардан арзонга тушади.

Акбар ака ёпилиб кетган заводларда ишлаган дўстлари ва танишларини айтиб ўтди, улар ҳозир фермерлик, майда тижорат билан шуғулланиш ёки Россияда қурилишда ишлашга мажбур. Асакада автомобил заводининг очилиши ҳам аҳолининг бир қисмининг қишлоқ хўжалигига қайтиши туфайли келтирилган зарарни қоплай олмади.

“Яна нима билан шуғулланиш мумкин? Савдо қилиш ёки далага ёки Россияга кетиш керак”, – дейди.

Шундай жараёнлар Яқин Шарқ ва Ҳиндистонда ҳам Европа давлатларининг мустамлакачилиги даврида юз берган. Англияда ишлаб чиқарилган чўян ва завод товарлари ҳинд ва миср ҳунармандлари ва темирчиларини хонавайрон қилиб, пахта етиштиришга мажбур қилган. Лион ипак тўқиш фабрикалари ливанлик тўқувчиларни ишсиз қилиб қўйган. Голландия расмийлари эса ўн миллионлаб индонезияликларни кофе, тамаки ва шакарқамиш етиштиришга мажбурлашган.


Қуриб қолган Каркидон сув омборининг кўриниши

2008 йилда бу мақола муаллифи қозоқ-хитой чегарасидаги Хоргос шаҳарчасида бўлган. Хитой томонида қурилиши битмаган осмонўпар бинолар турувди, улар ҳозирда улкан “Порт Хоргос” савдо ва божхона марказининг бир қисмига айланган. Қозоғистон томонида эса бир-иккита ҳайдовчи бултдозерда ер текислаб, майдонни қурилиш учун тайёрлаётган эди. Янги суратларга қараганда, улар ҳали ҳам ўша ерда юрибди.

Хитойдан Олма-Отага борадиган йўл эса бўлган Хитой товарлари билан тўлиб-тошган юк машиналарининг ғилдираклари остида эзилиб кетган эди. Орқага қайтадиган йўл теп-текис эди. Юк машиналари Хитойга бўш қайтади ёки онда-сонда мол териси ортиб олади, дейди чегарачилар.

“Биз Мексика билан АҚШ чегарасига ўхшаймиз, – дейди қозоқ божхона хизмати капитани Талипжан Сулейменов. – Биз мексикаликлармиз”.

Сув юзасидан уруш

Сув юзасидан юзага келган муаммоларни ечишга ўзбек, тожик ва қирғиз лидерларининг ўзаро муносабатлари халақит берар эди.

Марҳум президент Ислом Каримов Бишкекдаги ҳокимият алмашишларига шубҳа билан қарарди, бунинг устига анчадан бери тожик президенти Имомали Раҳмонни ёқтирмас эди. 2010 йилда Ўшда ўзбекларнинг қирғин қилиниши ҳамда афғон героинининг Тожикистон орқали ўтиши ҳам мамлакатлараро муносабатларни мушкуллаштириб юборди.

Сирдарёнинг ирмоғи бўлган Норин дарёсида гидроэлектростанциялар каскади учун Россиядан маблағ жалб қилиш юзасидан Бишкекнинг режаларига жавобан Каримов 2012 йилнинг сентябрида шундай жавоб берган эди: “Сув юзасидан муаммолар шунчалик мураккаблашиб кетиши мумкинки, бу диний қарама-қаршиликкина эмас, ҳаттоки урушга олиб келиши мумкин”.

Каримов “ГЭС қуриш юзасидан буюк мамлакатлар билан ҳужжат имзолашдан олдин кенг кўламли халқаро экспертиза ўтказиш”га чақирди.

Каримов худди шу тарзда Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилишига ҳам қарши бўлган. Шунга қарамасдан, қурилиш 29 октябрда бошланди, аммо президент в.б. Шавката Мирзиёев ҳукумати ҳозирча эътироз билдирмади.

Энди афсона эмас

Глобал исиш – илмий, сиёсий ва оддий баҳслар учун мавзудир. Кимдир унинг мавжудлигини инкор қилади, кимдир унга инсон сабабчилигини, кимдир эса буни халқаро ташкилотларнинг фитнаси деб (йўқ бўлиб кетган “озон тешигини” эсланг), бундан мақсад бюджетни ошириш ва қудратни кенгайтириш деб ҳисоблайди.

Аммо юз миллионлаб одамлар учун глобал исиш – содир бўлган факт бўлиб, у ўнлаб мамлакатларда урушлар, оммавий кўчиш ва ҳаёт даражасининг ёмонлашишига олиб келмоқда.


Фарғона вилоятидаги каналлардан бирининг кўриниши

Суриядаги фуқаролар уруши ва Европага муҳожирларнинг мисли кўрилмаган тарзда ёпирилишига сабаблардан бири бу Яқин Шарқда 1998-2012 йилларда давом этган қурғоқчилик бўлиб, бу қурғоқчилик сўнгги 900 йил ичидаги энг қаттиғи бўлди ва Суриянинг ўзида бир ярим миллионча деҳқонни ўз ери ва уйини ташлаб кетишга мажбур қилди, деб таъкидлайди НАСА.

Эрондаги етти йиллик қурғоқчилик боғ ва далаларни нобуд қилди. Чўллашиш, қуриган сув ҳавзалари тубидан чиққан чанг ва туз туфайли эса Эрондаги тўртта шаҳар дунёдаги энг ифлосланган мегаполислар рўйхатига киритилди. Қачонлардир Каспийнинг жанубий соҳилларидаги қишлоқлари сув бўйида бўлган балиқчилар ўз анжомлари ва қайиқларини кўплаб километрга олиб боришга мажбур.

Сўнгги ўн минг йилликдаги энг даҳшатли қурғоқчилик Ўрта Ер денгизи атрофидаги ерларга хавф туғдирмоқда, аср охирига бориб жанубий Европанинг бир қисми саҳрога айланади, деб таъкидлайди француз иқлимшунослари.

Шимолий Ҳиндистонда 330 миллион киши (аҳолининг чорак қисми) сўнгги 40 йил ичидаги энг даҳшатли қурғоқчиликдан жабр кўрмоқда, қарз туфайли ва ҳосилдан умид йўқлиги сабабли 2015 йилда ҳар куни ўртача ҳисобда тўққизта фермер ўз жонига қасд қилган.

Яқин ўн йилликлар ичида кенг кўламли сув тақчиллиги Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Лотин Америкасининг катта қисми, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жануби-шарқий Осиё ва Австралияга хавф солмоқда. Глобал исиш туфайли узумнинг эрта етилиши туфайли айрим турдаги винолар йўқолиб кетиши мумкин. Дунёда вино ишлаб чиқариш беш фоизга камайиб бўлган.


Сув айиргич

Буёғи нима бўлади?

Шундай апокалиптик тасвир фонида ҳам Ўрта Осиёдаги муаммолар кичкина кўринмайди. Минтақада 60 миллиондан кўп аҳоли яшайди (ярми Ўзбекистонда), уларнинг олтидан бири 2000 йилдан кейин туғилган. Бир неча миллионта ўзбек, қирғиз ва тожиклар Россия ва Қозоҳистонда ишлайди, уларнинг аксарияти аҳолиси кўп ва сувсиз қишлоқлардан келиб чиққан.

Минтақанинг иқтисодий локомотиви бўлган Қозоғистонда ҳам сув таъминотида муаммолар етилиб қолган. Балхаш кўлининг саёз, ўроқсимон ва кам тузли ва чучук сувли қисмларга бўлинган ҳавзаси жануби-шарқий Қозоғистоннинг учта вилояти, жумладан Олма-Ота учун сув манбаидир.

Катталиги бўйича дунёда ўн тўртинчи ўринда турувчи Балхаш асосан Или дарёсидан сув олади, бу дарё Тянь-Шаннинг Хитойдаги қисмида ҳосил бўлади. Бир неча йил олдин Хитойда канал қурилиш бошланди, бу канал Или сувининг бир қисмини Тарим ҳавзасига тўплайди. Бу Хитойнинг ўта сувсиз вилояти бўлиб, бу ерда қачонлардир ҳинд-европаликларнинг энг шарқий мамлакати жойлашган, Буюк ипак йўли ўтган, бугунги кунда эса у ерда йирик нефт ва газ захиралари топилди.

Сўнгги тўрт йилда Балхашнинг сатҳи ярим метрга пасайди, кўлнинг бошига Оролнинг куни тушиши тахмин қилинмоқда.

Бундай тахминлар нуқтаи-назаридан минтақада қуролли тўқнашувлар бўлиши эҳтимоли юқорими?

“Жавоб аниқ: ҳа”, – дейди швейцариялик профессор Маринотти.

***

*Матнда “Ўрта Осиё” тўртта совет республикаси (Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон) ҳамда жанубий Қозоғистонни билдириш учун айтилмоқда, чунки ҳозирда урфга кирган “Марказий Осиё” ҳудудига Мўғулистон, Шарқий Туркистон ва Тибет (баъзида Афғонистон) ҳам киради.

Мансур Мировалев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги