16:49 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон vs Ўзбекистон: Ғайирлик ва лидерлик

16.11.2016 09:24 msk

Анатолий Иванов-Вайскопф

Илгаридан шунақа бўлиб келганки, Қозоғистонда доим Ўзбекистонга нисбатан анчагина ғайирлик билан қараб келишади. Тошкентда метро қурилганми, бўлди, Олма-Отада ҳам бўлиши шарт. Пойтахтдаги аҳоли миллионга етмайдими? Атрофдаги посёлкаларни қўшамиз, шунда етади! Энди орадан йигирма йилдан ошиқ вақт ўтиб, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳрида ҳам метро қурилганида таққослаш бошланди: Тошкентдаги метро чиройли, аммо биздагиси яхшироқ!

Ҳамма нарсада шу аҳвол. Автомобил саноатида – бизнинг Chevrolet яхшироқ. Фуқаро авиациясида – уларда Boeing-787, бизда эса яқинда Airbus-320 NEO бўлади. Темир йўл транспортида – Олма-Отадан Астанагача тезкор темирйўл қурсак, ўзбек “Афросиёби” ортда қолиб кетади.

Сиёсатда ҳам шунақа “бизники барибир зўр бўлади” тамойили қўлланади.

Қозоғистон ишончни йўқотди

Шу кунларда “Новая газета”да, кейинчалик Фейсбукдаги “Загранбюро оппозиции Казахстана” саҳифасида Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Акежан Кажегельдиннинг интервьюси пайдо бўлди. У президент Нурсултон Назарбаев билан ихтилоф юзага келгани туфайли 90-йилларнинг охиридан бери Ғарбда яшамоқда. Интервью кенг акс-садо берди – ўнг минглаб киши ўқиган, минглаб “лайк”, “супер” ва “қойил!” деган баҳолар Фейсбукнинг Қозоғистон сегментида камдан-кам бўладиган ҳолатдир.

Муваффақиятнинг сири оддий: Акежан Магжанович одатдагидай “Акорда”даги (Қозоғистон президентининг қароргоҳи шундай номланади. – “Фарғона” изоҳи) азалий рақибини танқид қилиб ўтирмади. У кутилмаганда қўшни Ўзбекистонга эътибор қаратиб, бу мамлакатнинг келажагини АҚШдаги президент сайловлари билан боғлади. Қозоғистоннинг собиқ бош вазирига кўра, АҚШ Астананинг сиёсатидан ҳафсаласи пир бўлган, шунинг учун сайловда Хиллари Клинтон ютиб чиқса, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий иштирокини ҳамда Вашингтоннинг Тошкент билан ҳамкорлигини кучайтиради: “Қозоғистон ҳаддан ташқари кўп ваъда берди, аммо унга боғланган умидлар оқланмади. Ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нарсани ваъда қилмаган Ўзбекистондан фарқли ўлароқ. Марҳум Ислом Абдуғаниевич бировларнинг қизил гиламидан кам юрган, аксинча, кўпчиликни ўзининг олдига борадиган қилган. Ҳозирда янги раҳбарият шу йўлдан бориши кўринмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатда блокларга қўшилмаслиги ҳақида айтилмоқда”.

Оддий қозоғистонликнинг оғриқ нуқтаси

Кажегельдин Қозоғистонда яшовчиларнинг Ўзбекистондаги ҳодисаларга нисбатан ғайирлигини қўзғаб, нақ нишонга урди. Қозоғистонликлар ҳозирча ўзбек фуқаролари иш излаб фақатгина Россияга эмас, балки Қозоғистонга ҳам келишидан фахр ҳиссини туйишади. Айниқса Кажегельдиннинг “АҚШ учун минтақада Ўзбекистондан кераклироқ бўлган мамлакат йўқ” деган сўзларини эса Фейсбук фойдаланувчилари Қозоғистоннинг келгуси ривожланиши прогнози деб қабул қилишди, чунки бу ерда уч йилдан бери инқироз ҳукм сурмоқда. Шу сабабли Акежан Кажегельдиннинг интервьюсига нисбатан билдирилган қуйидагича фикрлар табиийдек кўринади: “Ўзбекистон бизга ўхшаб қарзга ботмаган. Агар кредиторлар қарзини талаб қилса, биз ўзбекларнинг ҳовлисини супуришга борамиз”. Ёки: “Озгина вақт ўтгач, Ўрта Осиё ва Марказий Осиё бозорида биз эмас, балки қўшни Ўзбекистон ҳукм суради. Уларда бунинг учун ҳамма нарса бор, энг муҳими омил эса – ташқи қарзларининг йўқлиги ҳамда аҳолининг меҳнатсеварлигидир. Улар бизга ўхшаган дангаса эмас! Чўкаётганимизни кўриш қанчалик оғир, ахир тўғри йўлдан бораётганимиз ҳақида қанча гапирилган ва ваъдалар берилганди”.

Ўзбекистоннинг қадамини олдиндан билиш мумкин бўлиб қолди

Қозоғистон фуқаролари оммавий равишда Тошкент, Самарқанд ёки Навоий “ҳовлиларини супуришга” қачон боришини айтиш қийин. Аммо янги раҳбарият билан Ўзбекистон бутун Марказий Осиё иқтисодининг локомотивига айланиши мумкинлигини воқеаларни диққат билан кузатиб турган таниқли қозоғистонлик экспертлар ҳам айтмоқда.

Шулардан бири – Қозоғистон ТИВ собиқ амалдори Казбек Бейсебаев. “Марказий Осиёдаги қўшнилардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон иқтисодни диверсификация қилишга эришди. Биринчи навбатда пахтага қарамликни камайтиришди. Ҳозирда Ўзбекистон автомобил, кимё ва енгил саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Шу йили Ўзбекистон иккинчи замонавий газ-кимё мажмуасини ишга туширди, янги темирйўл ва автомобиль йўллари фойдаланишга топширилди”, - дейди Казбек Бейсебаев.

Шу билан бирга у бизнесдаги давлат назоратининг ўта юқорилиги, долларнинг иккита курси ва фуқароларнинг меҳнат миграцияси сингари мамлакатдаги жиддий муаммоларни тилга олиб ўтди. Собиқ дипломатнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳали иқтисодни ривожлантириш учун қонуний асосни яратиши керак, бу нарса Қозоғистонда анчадан бери мавжуд. Асос пайдо бўлиши билан, Қозоғистондан фарқли равишда нефтнинг халқаро нархига қарам бўлмаган Ўзбекистон минтақанинг етакчи мамлакатига айлана олади. Қолаверса, Казбек Бейсебаевга кўра, республика Марказий Осиёда лидерлигини намойиш қилишни бошлади: “Ўзбекистонда ҳозирги президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг ворисларидан бири деб ҳисобланган бўлса, Қозоғистонда ворис мавзусида гапиришнинг ўзи хавфли. Шунинг учун Ўзбекистон аллақачон Қозоғистонни иккинчи планга суриб қўйиб, Марказий Осиёнинг сиёсий ва иқтисодий нуфузли мамлакатига айланмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг келажагини прогноз қилиш мумкин, Қозоғистонда эса унақа эмас”.

Иқтисод ва молия масалалари бўйича таҳлилчи Тулеген Аскаровнинг нуқтаи-назари сал бошқачароқ. Ўзбекистон бозорининг улкан салоҳиятини тан олган таҳлилчи молия тизимининг кучли эмаслигини қайд этди, бусиз эса иқтисодни ривожлантириб бўлмайди: “Бизнинг банкирлар билан гаплашган эдим. Уларнинг айтишича, чакана айланма бўйича Ўзбекистоннинг салоҳияти Қозоғистонникидан анча баланд. Муаммо шундаки, Ислом Каримов ўз мамлакатига бизнинг банкларни ҳам, Россия банкларини ҳам киритмаган”.

Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти бошқа мамлакат банкларига нисбатан муносабатини ўзгартиришига Тулеген Аскаров ишонмайди, демак бу мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳияти салоҳиятлигича қолаверади.

Ҳаммаси бир ҳафтадан кейин ойдинлашади

Акежан Кажегельдиннинг интервьюсига қайтсак. Унда айтилишича, агар АҚШ президент сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги лидерлиги бир неча йил орқага сурилиши мумкин. Трампга “Афғонистон қаердалигини ярим йил тушунтириш керак” экан. Демак, “ечимга” бир ҳафта қолди, холос.

Шуни назардан қочирмаслик керакки, Трампнинг ғалабаси Астанага қўл келиши мумкин, чунки бу республикачи айрим таниқли қозоғистонлик бизнесменлар билан анчадан бери дўстлашиб келмоқда. Кимлар билан? Бу энди бошқа мақола учун мавзу. Нима бўлганда ҳам, оддий қозоғистонлик учун, масалан, Астана футбол жамоасининг Тошкентдан келган жамоани ютиши аввалгидек жуда аҳамиятли ҳодиса сифатида қабул қилинаверади.

Анатолий Иванов-Вайскопф

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама