08:12 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда очиқ сиёсат пайдо бўлмоқда. Бу кетишда сўз эркинлигига ҳам эришамиз

10.11.2016 04:59 msk

Феруза Жоний

Ўзбекистон биринчи президентининг вафотидан сўнг кутилмаганда бу мамлакатда Ислом Абдуғаниевич Каримовдан бошқа нотиқлар ва сиёсатчилар ҳам борлиги маълум бўлиб қолди. Ҳар ҳафтада мамлакат ва жаҳон аҳли ўзи учун янги номларни кашф қилмоқда, бу тарзда давом этса, аҳоли ўзбек сиёсатчиларини россиялик сиёсатчиларни танигандек таниб қолади. Ахир икки ойгина олдин “ўзбек сиёсатчиси” деган ибора фуқаролар учун фақат битта нарсани англатар эди: президент Каримов.

Масалан, агар илгари ўзбек делегацияларининг раҳбар ва аъзоларининг исмлари деярли айтилмас эди. Онда-сонда ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов билан бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг исмлари учраб қоларди, энди ҳатто ўзбек матбуоти сарлавҳаларида ҳам исмлар кўрина бошлади: “Ўшга борган делегацияга Адҳам Икромов раҳбарлик қилади” (бош вазир ўринбосари), “Улуғбек Рўзиқулов МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этади” (бош вазир ўринбосари), “Абдуҳакимов ЖБ делегацияси билан иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш дастурини муҳокама қилди” (меҳнат вазири).

Камдан-кам ҳолларда Рустам Азимовни ҳисобга олмаганда, Каримов даврида бирор-бир мансабдор ёки ҳукумат аъзосининг қандайдир баёнот билан чиққанини эслай олмайман, бугун эса - марҳамат: “Икромов: Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг қўшничилик муносабатлари ҳамкорликни ривожлантиришнинг гарови бўлиши керак”. Одатда Каримов даврида оммавий ахборот воситаларига бундай хабарларнинг сарлавҳаси сифатида мамлакат раҳбарияти аъзосининг бирорта аҳамиятли жумласинигина беришга рухсат берилган, масалан, “Рогун лойиҳаси бўйича хулосаларни қабул қилиб бўлмайди”. Агар ўтган йилги матбуот нашрларидан ўн уч йилдан бери Ўзбекистон бош вазири бўлиб келган Шавкат Мирзиёевнинг исми сарлавҳага қўйилганини ёки 2016 йилнинг сентябригача бирорта баёнот берганини топсангиз, менга юборинг – миннатдор бўламан.

Президент сайлови бўйича кампания ҳам ажаблантирмоқда: бу сафар ОАВ аввалгиларга қараганда номзодларнинг анча кўп баёнотларини чиқармоқда. Улар кўлами ва дадиллиги билан Шавкат Мирзиёевдан анча паст турса ҳам, келгуси президент маълум бўлса ҳам, бу камтар сиёсатчиларнинг юзларини одамлар танийдиган бўлди, бу ҳам жамиятнинг ривожланиши учун фойдали.

Ҳозирча Ўзнетда учта номзоднинг ичидан “Миллий тикланиш” партияси номзодининг фаоллиги кўзда ташланмоқда: “Сарвар Отамуродов: Миллий манфаатлар ва миллий қадриятларимиз ҳимояси — бош вазифамиз” “Отамуродов: Лотин ёзувини жорий этиш соҳасида муаммолар бор”, «Отамуродов ўсмирларга зарарли энергетикларни сотишни тақиқлашни таклиф этмоқда”…

Халқ Демократик Партиясидан (ХДП) илгари сурилган Ҳотамжон Кетмонов долзарб вазифалар сифатида иш ўринлари яратиш, қишлоқ врачлик пунктлари сонини кўпайтириш, тротуарларни таъмирлаш ва велосипед йўлакчаларини қуришни келтирди: “Ҳотамжон Кетмонов: ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қилиш”. “Адолат” партиясининг номзоди Наримон Умаров эса баёнотга шошилмаяпти: ўзбек матбуотида унинг исми фақат партия қурултойи муносабати билан тилга олинди, ўша йиғилишда у президентликка номзод қилиб кўрсатилди. Аммо сайловолди тарғибот ишлари 28 октябрдагина бошланди, балки у ҳали ҳаммани ҳайрон қолдирар.

Олий лавозимга асосий ва ҳақиқий даъвогарга келсак, унинг тарғибот жамоасини мақташ мумкин. Уни ғайратли, ташаббускор, аҳоли муаммоларини ечишга бел боғлаган ва тартиб ўрната оладиган раҳбар образида кўрсатишмоқда. Балки аслида ҳам шундайдир, унинг ишлари фақат сайловчиларга ёқиш учун қилмаётганига ишонгимиз келади. Бунинг устига сайловчилар барибир ҳеч нарсани ҳал қила олмайди. Аммо раҳбар Мирзиёевнинг бу ажойиб сифатлари ўн уч йиллик бош вазирлик даврида қаерга яширилган эди?

Матбуотда бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ўн минглаб шикоят тушгани ҳақида завқ-шавқ билан ёзилмоқда, аммо бунга хурсанд бўлиш эмас, даҳшатга тушиш керак: давлатнинг биринчи шахсига келаётган аризаларда лифтни таъмирлаш, автомобиль сотиб олиш, болаларга нафақа ёзиш, декрет тўловини олиш, свет ва газ бериш, светофор ўрнатиш, касал ётган одамни паспортга суратга тушириш сўралмоқда...

Аксарият муаммолар эски бўлиб, йиллар давомида, Мирзиёев давлатда иккинчи одам бўлган пайтида ҳал қилинмаган. Наҳотки бу ўн минглаб муаммоларнинг ҳал бўлмаганига “биринчи одам” айбдор бўлган бўлса?

Йўқ, бунақа саволларни бериб, турли шубҳаларга бориш ярамайди, Мирзиёев ўз нутқларида албатта Ислом Каримов ҳақида илиқ гаплар айтади. “Раҳбар ўз кучини аямасдан мамлакат ҳамда одамлар ташвиши билан яшаб, уларнинг талаб-истакларини қондириши кераклиги ҳақидаги унинг кўрсатмасига қатъий амал қилишга” ваъда беради. Кейин тўсатдан бундай дейди: “Халқнинг давлат органларига эмас, давлат органларининг халққа хизмат қилиш пайти келди”, “аксарият давлат органларининг иш услуби давр талабига жавоб бермайди”.

Мана яна битта қизиқ эътироф: “Муаммоларнинг асосий сабаби – кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”. Яна биттаси: “Бу рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади”.

Шу тариқа Мирзиёев билвосита ўзидан олдинги шахснинг давлат бошқаруви ва кадрларни тайинлашдаги муваффақиятсизлигини тан олади. Бунинг билан у мамлакат раҳбари мунтазам алмашиб туриши зарурлиги ҳақидаги фикрни тасдиқламоқда. Буни Ўзбекистон конституциясининг 90-моддаси ҳам талаб қилади. Коррупцияни йўқотиш ва қонун устуворлигини таъминлаш зарурлиги ҳақидаги баёнотлари билан (Ўзбекистонда судлар фақат айблаш ҳукми чиқаришини тан олганига нима дейсиз) келгуси президент ҳаёт сифатининг яхшиланишига аҳолида умид уйғотмоқда.

Бу умидлар рўёбга чиқиши учун Ўзбекистон халқига юзаки эмас, ҳақиқий сўз эркинлигини бериш керак: сўз эркинлигисиз қудратли, соғлом ва фаровон жамиятни қуриб бўлмайди.

Феруза Жоний, “Фарғона” шеф-муҳаррири

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама