11:04 msk, 20 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Боши берк кўча. Москвадаги ўзбек консуллиги паспортини йўқотган фуқароларга уйга қайтишга қандай “ёрдам беради”

03.11.2016 06:50 msk

Фарғона

“Фарғона” таҳририятига Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимидан ватанга қайтиш сертификатини олишда муаммога дуч келган Ўзбекистон фуқароси Шаҳноза (исми ўзгартирилган) мурожаат қилди. Паспорти йўқолган, шикастланган ёки муддати ўтган ўзбекистонликлар учун бундай сертификатни расмийлаштириш борган сари қийинлашмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон фуқаролари йўқолган паспорт ўрнига янгисини фақат ватанда расмийлаштириши мумкин. Уйга қайтиш учун эса консулликдан тегишли ҳужжат (сертификат) олиш керак. Шаҳнозанинг сўзларига қулоқ тутамиз:

- Мен Тошкентдаги халқаро ташкилотда ишлайман, хизмат сафари билан Россияга кўп келаман. Иш юзасидан 15 сентябрда Москвага учиб келдим, 4 октябрда эса паспортни йўқотганимни билдим. Уйда ҳам, ишхонада ҳам топа олмагандан кейин полицияга ариза ёздим, улар тегишли справкани беришди. 5 октябр куни Ўзбекистон консуллигига йўл олдим. У ерда анкетани тўлдириб, барча керакли ҳужжатларни, жумладан, йўқотилган паспортнинг нотариусда тасдиқланган нусхасини ҳам қўшдим. Қабул қилиб олишди ва бир ойдан кейин келишни айтишди. Мен ҳайрон қолдим, чунки бунақа ҳужжат одатда 24-48 соат ичида қилинади. Мен бир неча йил чет элларда яшаганман, Ўзбекистоннинг кўплаб консуллик муассасаларида бўлганман. Хорижда яшайдиган танишларим ҳам паспортларини йўқотган пайтлари бўлган, аммо уларга керакли ҳужжатни бир сутка ичида тўғрилаб беришга. Нимага бунча узоқ кутиш кераклигини сўрадим. Аммо консуллик ходимининг жавобига кўра, бу уларнинг айби эмас экан, барча ҳужжатлар Ўзбекистонга жўнатилиб, у ерда менинг Ўзбекистон фуқароси эканлигим тасдиқланиши керак экан.

Мен саросимага тушдим, чунки йил охиригача бошқа хизмат сафарларини режалаштирган эдим, ҳаммаси барбод бўлди. Ўзбекистонга қўнғироқ қилиб, шахсимни аниқлаш жараёнини тезлатиш мақсадида онамдан РОВДга боришини сўрадим. У ердан онамни шаҳар бошқармасига жўнатишди, шаҳардан – вилоятга, охирида ТИВга мурожаат қилишни айтишган, чунки элчихоналар бевосита вазирлик билан ишлайди. 18 октябрда онам ваниҳоят ТИВга кирган. У ердагиларнинг айтишича, консулликдан ҳужжатларимни 5 октябрда олиб, 6 октябрдаёқ тасдиқлаб, ҳаммасини телекс билан Москвага жўнатишган. Яъни Москвадаги консуллик аллақачон ТИВдан жавоб олган. Бундан ташқари, ТИВдагилар айтганки, “қизингизнинг паспорти биометрик экан, унинг Ўзбекистон фуқароси эканлигини консулликнинг маълумотлар омборидан кўришлари мумкин эди”. Бундай маълумот омборлари хориждаги барча консулликларда бор экан. Улар ҳеч қаерга ҳеч нарса жўнатиши ҳам шарт бўлмаган, чунки мен ҳақимдаги барча маълумотлар базада бўлган. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида менинг муаммоимга жуда инсоний тарзда ёндашишган. Онамга айтишганки: “Ҳечқиси йўқ, шунақаси ҳам бўлиб туради. Ҳамма ҳужжатлар аллақачон Россияга жўнатилган. Қизингиз консулликка борсин – муаммоси бир-икки кунда ҳал бўлади”.

Мен хурсанд бўлдим, лекин шошилган эканман. 19 октябрда яна консулликка келдим ва онам ТИВда эшитганларини ходимга айтиб бердим. Сертификатни тезроқ беришини сўрадим, чунки тезда Ўзбекистонга кетишим керак эди. Жавоб эса кутилмаган бўлди: “Йўқ, ҳужжатларингиз ҳали келмаган”. ТИВдагилар адашганмикан деб ўйладим. Онамга яна бир марта бориб, аниқлаштиришини сўрадим. Онамга яна ўша гап, ҳужжатларим 6 октябрда Москвага жўнатилганини айтишган. “Бизга тегишли қисмини бажариб бўлганмиз. Қолганини қизингиз Москвада аниқлаштирсин”, - деган ТИВ ходими.

Хоҳлаган жойингизга шикоят қилинг

- 24 октябрда яна элчихонага йўл олдим, - давом этади Шаҳноза. – ТИВдан олинган маълумотларни яна бир бор айтиб, муаммо юзасидан шикоят қилишимни айтдим.

- Хоҳлаган жойингизга шикоят қилинг, - дейишди.

- Яхши. Ҳужжатларим сизда йўқ, демак, ТИВ ёлғон гапирмоқдами? – деб сўрадим.

- Демак, шунақа.

- Унда Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонасига шикоят ёзаётганда сўзларингизни қўшиб ёзаман.

- Бизга барибир, қаерга ёзсангиз ёзинг, - деб гапни калта қилди консуллик ходими.

Мен Ўзбекистон бош вазирининг портали орқали шикоят ёздим. Мурожаатим республика ТИВга жўнатилди – виртуал қабулхона сайтидан шу ҳақда билдиришнома олдим.

Барбод бўлган режалар

- Консулликда бир неча кун навбатда турганим учун ўша ердаги кўпчилик билан гаплашдим, - дейди Шаҳноза. – Консулликда доим одам кўп бўлади, 150 тача одам навбатда туради, сертификат расмийлаштириш бўйича учтагина ходим ишлайди. Битта яхши томони, аёлларни навбатсиз ўтказиб юборишади. Қайтиш сертификатини фақат Москвадаги консулликда олиш мумкинлиги туфайли, бу ерга Россиянинг ҳамма бурчакларидан одам келади. Улар справка олгунича 2-3 ойлаб кутишга мажбур. Ёнимда Камчаткадан келган қиз турганди. У йиғлаётганди, чунки унга 2 ойдан кейин келасан дейишибди, у бўлса дарров справкани олиб, Ўзбекистонга кетишни режалаштирган. Камчаткага қайтишга пули йўқ. Москвада қаерда ва қайси пулга яшашни билмайди. Бу билан элчихонадагиларнинг иши йўқ. Битта аёлнинг айтишича, ҳужжатларни августда топширган эмиш, ўшандан бери справкани кутаётган экан. Бошқалар июлда ҳужжат топширган бўлса, октябрга келибгина справкани олибди.


Москвадаги Ўзбекистон консуллиги бўлими биносидаги навбат. 2015 йилги мақоламиздан олинган сурат. 2016 йилниг октябрида ҳам шу аҳвол

Ахир Россияда ҳужжатсиз юрганларни депортация қилиб, анча йилга мамлакатга киришни тақиқлаб қўйишлари мумкин. Консуллик ходимларидан Россия миграцион органларига нима деймиз, деб сўралса, бу бизнинг эмас, сизнинг муаммоингиз деб жавоб беришади. Ўз ватандошларига нисбатан шунақа шафқатсиз муносабатда бўлишади. Одамлар навбатда турган жойида йиғлайди ёки иложсизликдан елка қисади, аммо шикоят қилишдан қўрқишади – баттар бўлмасин дейишади.

Декабр ўртасида менинг регистрациям муддати тугайди. Йил охиригача режалаштирилган барча хизмат сафарларини бекор қилишга тўғри келди, чунки Ўзбекистонда янги паспортни расмийлаштириш ўрнига Москвада ўтириб, сертификатни кутишга мажбурман, - дейди “Фарғона” суҳбатдоши.

Одатий ҳолат

Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги консуллиги устидан “Фарғона” таҳририятига шикоят қилганлардан битта Шаҳноза эмас. Илгари ҳам қўнғироқ ва хатлар бўлган. Ўзбекистон фуқаролари навбат жуда катталиги, консуллик ходимларининг қўпол муносабати, сертификатларнинг узоқ расмийлаштирилиши, Россияда ҳужжатини йўқотган ёки фалокатга дуч келган ватандошларга ёрдам беришга ҳаракат қилинмаслигидан шикоят қилишган. Шу билан бирга ўз исмларини ошкор қилмасликни сўрашади. Ўзбекистон ёки Россия давлат органлари жазолашидан қўрқишади, чунки сертификатни кутиш даврида айримларнинг Россияда бўлиш муддати тугайди ва ноқонуний муҳожирга айланишади.

Шаҳнозадан бир-икки кун олдин Санкт-Петербургдан бир меҳнат муҳожири қўнғироқ қилиб, мушкул вазиятга тушиб қолганини айтган эди. Паспортини йўқотиб қўйиб, полициядан справка олган ва Ўзбекистонга қайтиш сертификатини расмийлаштириш учун икки марта Москвага бориб келган. Аммо Шаҳнозадан фарқли ўлароқ, унда йўқолган паспортнинг нусхаси бўлмаган. Консулликда ундан 9-шаклни олиб келишни сўрашган, бу справка доимий пропискадан ўтган манзил бўйича Ўзбекистон ички ишлар органлари томонидан берилади. Бу формани олиш ҳам катта муаммога айланган – маҳаллий ички ишлар бўлими ходимлари номаълум сабабларга кўра унинг қариндошларига бу ҳужжатни бермаган. Муҳожир консулликка яшаш жойидан справкани тақдим қилган бўлса ҳам, қабул қилишмаган. Шу тариқа муҳожир боши берк кўчага кириб қолган: Россияда бўлгани учун миграция қонунларини бузмоқда, ватанга эса қайта олмайди, чунки унга қайтиш сертификатини беришмаяпти.

Наҳотки ўзбек қонунчилигида шундай вазиятларни ҳал қилиш кўзда тутилмаган бўлса? Ахир шундай бўлиши мумкин-ку, ўз паспортини юзлаб, балки минглаб одамлар йўқотади. Нимага консуллик ходимлари муҳожирнинг яшаш жойи бўйича ИИБга ўзлари сўров юбориб, унинг шахсини аниқламасдан, ундан 9-шаклни талаб қилади? Ватанда қариндошлари ёки танишлари йўқлар нима қилсин? Ўзбекистонга бориб, ҳужжатни олиб, Россияга жўнатсинми?

Жавобсиз консуллик

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси сайтининг республикага қайтиш сертификатини расмийлаштиришга бағишланган бўлимида тайёр ҳужжатни бериш муддатлари кўрсатилмаган. Аммо сертификатни расмийлаштиришга $55 миқдордаги консуллик тўлови олиниши ёзилган. Ўзбекистонлик (жумладан, меҳнат муҳожири) учун кичкина бўлмаган шу суммани тўлаган ҳолда, нимага одамлар сифатли ва тезкор хизматни кўрмасдан, оддий справкани ойлаб кутади? Ўз мамлакатингнинг дипломатик вакиллиги Россия қонунчилигини бузишга мажбур қилади, ахир элчихона ва консулликнинг вазифаси – ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бегона мамлакатда юзага келган муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериш эмасми?

Ўзбекистонликлар ҳужжат олишга Калининград ёки Узоқ Шарқдан Москвага келиб юрмасликлари учун Россиянинг турли вилоятларида консулликнинг бир нечта филиалини очиб қўйса бўлмайдими? Ахир паспортсиз қолган одамлар автотранспортда келишга мажбур бўлади, улар самолёт ёки поездга чипта харид қилолмайди. Бундан ташқари, Россияда яшаётган ёки вақтинчалик бўлган миллионлаб ўзбекистонликларнинг муаммосини ҳал қилиш учун сертификатни расмийлаштириш ва беришда ишлаётган учтагина ходим ҳаддан ташқари камлик қилади.

Шуни истардикки, Шаҳнозанинг онасига Ташқи ишлар вазирлигида кўрсатилган инсоний муносабатни вазирлик таркибидаги хориждаги муассасаларнинг ходимлари ҳам ўргансин.

P.S. “Фарғона” журналисти расмий сайтда кўрсатилган рақамлар орқали Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлимига қўнғироқ қилди, аммо ҳеч ким гўшакни кўтармади ёки доим банд тушаверди. Элчихона ходимлари ушбу мақолага эътибор қилиб, таҳририятимиз билан боғланишлари ва изоҳ беришларини кутиб қоламиз. Уларнинг изоҳларини албатта чоп этамиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама