04:37 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонга ўз иномаркаси билан борилмайди, ёки эски “Нива” учун $13000 бож тўлаш

02.11.2016 05:24 msk

Ўз мухбиримиз

Автомобил ишлаб чиқарадиган ҳар қандай мамлакат ўз бозорини импорт қилинадиган, кўпинча арзонроқ турадиган машиналардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Ўзбекистон ҳам турли енгил автомобиллар ишлаб чиқарадиган мамлакат сифатида бундан мустасно эмас. Мамлакатда хорижий автомобилларга нисбатан божхона тўловлари шунчалик юқорики, деярли ҳеч ким чет элдан автомобил олиб киришга ҳаракат қилмайди. Молдовалик пенсионер Владимир Медведев эса таваккал қилиб кўрди: 2010 йилда ишлаб чиқарилган “Лада 21310” автомобилини олиб келди. Ааммо божхона ходимлари унинг олдига юридик жиҳатдан бажариб бўлмайдиган шартлар қўйиши ва эски “Нива” учун иккита янги машинанинг нархига тўғри келадиган суммани сўрашини кутмаган эди.

“Фарғона” инженер Владимир Медведев ва унинг аёли – журналист Марина Козлова ҳақида ёзган эди, улар Тошкентда “Суҳбат” номли китобсеварлар клубини очишган. Ўша мақолада интернет орқали топишган бу жуфтликнинг муҳаббати ҳақида ҳам ёзилган эди.

Молдовада яшовчи эркак тошкентлик журналистнинг мақолаларидан завқ олган ва унга хат ёзган. Журналист жавоб ёзган, ўртада ёзишма бошланиб кетиб, натижада Владимир Тошкентга келади ва 2010 йилда Маринани Кишинёвга олиб кетади. Аммо Марина қадрдон Тошкентсиз яшай олмайди. Турмуш ўртоғи унинг соғинч ҳисларини тушунади ва 2015 йилнинг ёзида у билан бирга Ўзбекистон пойтахтига кўчиб келади.

Соғинч ҳисларидан ташқари масаланинг маънавий томони ҳам бор эди – Козлованинг Тошкентда яшайдиган кекса онасига қараш керак эди. Медведевда ҳам ўзига хос ностальгик истак бор эди – у Марина билан никоҳдан ўтгани шарафига сотиб олган “Лада” автомобилини Кишиневдан олиб келмоқчи эди. Танишлари бу “Нива”ни сотиб юбориб (“Лада”ни кўпчилик “Жигули” деб атайди, уни Россиядаги ўша Волга автозаводи чиқарса ҳам, у Жигули эмас, тўрт тортишли “Нива” синфига киради – муаллиф изоҳи), Тошкентдан бошқа машина сотиб олишни маслаҳат беришади, шунда арзонроқ тушишини айтишади. Аммо Владимир бунга кўнмайди.

Ностальгия ва Ўзбекистон автомобиль бозори

“Ўз автомобилимга ўрганиб қолганман, ёшим 65 га кирди, шунинг учун янгисига қайта ўрганишга кеч бўлди”, - деб тушунтиради ўз қарорини Медведев.

Шу қарорни амалга ошириш учун эр-хотин дадил ишга қўл урди: шу йилнинг июлида “Лада”да Кишиневдан Тошкентга йўл олишди. Саккиз кунда бешта мамлакатдан ўтиб, 4700 километр йўл босишди ва эсон-омон Ўзбекистонга етиб келишди. Муаммолар ўзбек божхонасида бошланди. Олти йил олдин сотиб олинган автомобилга СТ-1 сертификатини талаб қилишди, бу сертификатнинг амал қилиш муддати бир йил бўлади.


Владимир Медведев ва унинг “Нива”си шу йилнинг ёзидаги Кишинев-Тошкент сафари давомида Қозоғистонда

Бу эр-хотин шунчалик содда эмас. Европадан Ўзбекистонга кўчиб келишга қарор қилишгани учун ватанпарварлар сифатида нон-туз билан кутиб олишларини ва божхона божларига чегирма беришларини кутишмаган, албатта. Машинани беш минг километрга ҳайдаб келишдан олдин улар интернетда Ўзбекистонга машина олиб кириш тартиби ва божлар миқдори билан танишишган.

Мустақилликкача бўлган даврда Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқармаган. Автомобил саноати фақат 1994 йилда пайдо бўлди, ўшанда Жанубий Кореянинг “Daewoo” корпорацияси ва “UzAutoSanoat” ассоциацияси ўртасида “UzDaewooAuto” автомобил ишлаб чиқариш заводи ташкил этилди. Андижой вилоятининг Асака шаҳрида автомобил заводи қурилди ва 1996 йилда конвейердан биринчи автомобиллар чиқди, булар – Daewoo Damas, Daewoo Nexia ва Daewoo Tico эди. Вақт ўтиши билан маҳсулот ассортименти кенгайди. Аммо тез орада “Daewoo” концерни банкрот бўлди, 2008 йилнинг мартида эса Американинг “General Motors” автомобил корпорацияси иштирокида Ўзбекистон “GM Uzbekistan” компаниясига асос солди, бу компания “UzDaewooAuto”нинг меросхўри бўлди. Chevrolet линейкаси шарофати билан автомобиллар ассортименти анча кенгайди. Ўзбекистонда йилига 250 мингта автомобил ишлаб чиқарилади, шулардан бир қисми Россияга экспорт қилиниб, кўпинча республика автосалонларидаги нархлардан ҳам арзонроқ нархда сотилади.

Шу билан бирга эр-хотин асл вазиятни тушуниб турарди. Ўзбекистон мана 20 йилдирки ўз автомобилларини ишлаб чиқаради ва маҳаллий седанлари автосалонларда қолиб кетишини истамайди. Ҳукумат автомобил бозорини “келгиндилардан” ҳимоялаш учун қатъий чоралар кўрган. Улар бир қатор қонунларда ўз ифодасини топган. Қаҳрамонларимиз интернетни титкилаб, охирги қабул қилинган ҳужжат 2009 йилнинг 5 августида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор эканлигини аниқлашди. Республикада ҳозир шу ҳужжат асосида киритиладиган хорижий автомобиллардан бож ҳамда акциз тўлови олинади.

Божлар ўта катта, ҳаммаси мужмал

Шу билан бирга, компьютер технологияларини яхши тушунадиган журналист Козлова ҳам интернетда қарорнинг асл матнини топа олмади. Турли хил ахборот ва автомобилга оид сайтлардан йиғилган маълумот билан кифояланишга тўғри келди. Уларда ҳам бир хил маълумотлар берилган эди.

Масалан, Ўзбекистонга янги автомобил олиб кирилса, двигатель ҳажми 1000 куб сантиметргача бўлганида, божхона тўлови автомобил нархининг 30 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари ҳар бир куб сантиметр учун яна 1,8 доллардан тўлаш керак.

Олиб кирилган машинанинг двигатель ҳажми 1000 куб.см дан 1500 куб.см гача бўлса – 30 фоиз + ҳар куб.см га $2; двигатель ҳажми 1500 куб.см дан 3000 куб.см гача бўлса – 30 фоиз + ҳар куб.см га $2,5; 3000 куб.см дан катта бўлса – 30 фоиз + ҳар куб.см га $3.

Автомобилга оид сайтларда айтилишича, бундай божлардан ташқари бошқа тарифлар ҳам тўланади. Автомобилни божхонада расмийлаштириш пайтида Ўзбекистон ҳудудига кирганлик учун минимал маошнинг 10 фоизи миқдорида йиғим тўланади. Ишлатилган автомобиллар учун чегирма мавжуд. Агар автомобил уч йилдан етти йилгача ишлатилган бўлса, минимал маошнинг 7 фоизи олинади, етти йилдан кўп бўлса - 5 йоизгина олинади. Қўшимча тарзида республиканинг Йўл фондига машина нархининг 6 фоизини тўлаш керак бўлади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига иловада эса сал бошқача маълумот берилган. Қаҳрамонларимизни фақат двигатель ҳажми 1690 куб.см бўлган “Лада 21310” қизиқтиради. Илова ҳужжатда бу ҳажм учун акцизлар оралиғи берилган - 1500 дан 1800 куб.см гача, ҳар бир куб.см нархи эса юқорироқ - 2,6 доллар.


Марина ҳали умидини йўқотмаган, аммо Владимирнинг ҳафсаласи пир бўлган

“Аниқланишича, Ўзбекистонга автомобил олиб кириш қанчага тушишини олдиндан ҳисоблашнинг иложи йўқ экан, - дейди Марина Козлова. – Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, бу ерда онлайн божхона калькулятори йўқ, енгил автомобилларнинг тахминий божхона нархлари интернетда берилмаган”.

Келиб чиқиш сертификати – ишга тўғаноқ

Шу йилнинг ёзида “Лада”ни Кишиневдан ҳайдаб келишган аҳд қилган Марина барча танишларига, автомобил дилерлари ва ўзбек божхона ходимларига қўнғироқ қилиб чиқиб, ягона саволга жавоб излади: эски “Нива” учун қанча бож тўлаш керак бўлади? Ҳамма ҳар хил рақамларни айтавергандан кейин эр-хотин максимал вариантни асос қилиб оладиган бўлишди – улар эски эмас, янги машинани олиб келишни назарда тутишди.

Натижада янги “Лада 21310” нинг нархига яқин сумма чиқди - расмий курс бўйича $6000 ёки 18 миллион сўм. Бу суммани бир мартада тўлаш имкони йўқ эди, аммо вақтинчалик олиб кириш режимида уни икки йил давомида бўлиб тўлаш мумкин эди. Уларга шу вариант маъқул бўлиб кўринди. Молиявий имкониятларни чамалаб кўрган ҳолда таваккал қилиб Кишинев-Тошкент сафарига чиқишди.

Маринанинг айтишича, ўзбек божхонасига етиб боргандан сўнг тўловлар 18 миллиондан камроқ бўлади, деб ўйлашган, чунки улар янги эмас, ишлатилган машина олиб келишяпти. Аммо божхоначилар “Лада”ни энди конвейердан чиққан, яп-янги машина деб ҳисоб-китоб қилишган, деб ҳисоблайди Козлова. Роппа-роса 18 миллион сўм чиқди.

Ёқимсиз ҳолат бўлса ҳам, шундай бўлиши мумкин эди. Аммо яна бир талаб ҳайрон қолдирди: божхоначилар СТ-1 – келиб чиқиш сертификатини сўрай бошлашди.

“Эрим автомобиль сотиб олаётганида биз СТ-1 сертификатини сўрамагандик, чунки керак бўлмайди деб ўйлаганмиз. Ўшанда олганимизда ҳам, барибир ҳозирга келиб амал қилиш муддати ўтиб бўлган бўларди”, - дейди Козлова.

Унинг айтишича, Ўзбекистонга йўл олишдан олдин улар Молдовадаги “Автоваз” расмий дилери “Нистру-Лада” компаниясига боришган. Аммо у ерда бу ҳужжат керак бўлмагани учун ташлаб юборилганини айтишди. Жавобдан қониқмаган эр-хотин Молдова Савдо палатаси ва Божхона қўмитасига, ҳамда Россиядаги корхона ва фирмаларга мурожаат қилишди. У ерда “Лада”нинг СТ-1 сертификати муддати ўтгани учун йўқ қилинганини айтишди, унинг дубликатини олишнинг эса иложи йўқ экан.

Шунда Владимир билан Марина яна бир марта Ўзбекистон Божхона кодексини ўқиб чиқишди. 363-моддада (“Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат”) аниқ-тиниқ ёзиб қўйилганки, СТ-1 “экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилади”.


Владимир Медведев ва унинг “Нива”си

Мамлакатлар ўз автомобил саноатини турли усулларда қўллаб-қуватлайди. Масалан, хитойлик расмийлар америкалик автомобил ишлаб чиқарувчиларга нисбатан антидемпинг текширувини ўтказиб, ҳатто Америкадан машина олиб кириш божини оширганлар. Бунгача “савдо уруши” доирасида АҚШда уч йил муддатга Хитой автомобил шиналарига бож (35 фоизгача) оширилган эди.

АҚШда рақобатчи автомобил ишлаб чиқарувчиларни аяб ўтиришмайди. Масалан, немисларнинг Volkswagen фирмасига шундай айб тақалдики, дизелли двигателларда зарарли тутунларни чеклаш режими фақат синов пайтида ишлар экан, бошқа пайтда эса датчиклар ишламаган. Натижада америкалик расмийлар концернни $18 млрд. жаримага тортмоқчи. 2014 йилда АҚШ Адлия вазирлиги японларнинг Toyota компаниясини $1,2 млрд жаримага тортган. Сабаби газ педалининг яхши ишламагани учун фуқаролар судга мурожаат қилгани туфайли “истеъмолчиларни алдаш ва носозликни ўз вақтида тузатмаганлик” учун жарима ёзилган.

Аммо АҚШда хорижий автомобилларни олиб кириш учун божхона тўловлари ёки мавжуд эмас, ёки нархининг 10 фоизидан ошмайди.

Россияда хорижий автомобилларни олиб кириш учун божхона тўловлари, агар автомобил ўзаро имтиёзларга эга бўлмаган мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, деярли Ўзбекистондагидек баланд. Қозоғистонда анча паст. Аммо Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам, хорижий фуқарога тегишли автомобил ҳеч қандай бож тўламасдан 365 кун мамлакатда бўлиши мумкин. Бир йил ўтгач, автомобил мамлакатдан чиқиб кетади ва ўша куниёқ қайтариб олиб кирилиши мумкин – яна бир йил тўловсиз юради.

“Экспорт қилувчи мамлакат” бўлган Россия Федерациясининг қонунида (“Товар келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатлар ва ташқи иқтисодий фаолият юритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, тасдиқлаш ва бериш тартиби тўғрисидаги низом”) ҳам аниқ қилиб ёзиб қўйилганки, “эркин савдо-сотиқ режимини таъминлаш учун СТ-1 сертификатининг амал қилиш муддати берилган кунидан бошлаб 12 ойни ташкил этади”. Бунда СТ-1 нусхаси берувчи ташкилотда фақат “уч йил давомида” сақланади.

Виртуал қабулхонами ёки почта бўлимими?

Ўзбекистон божхоначилари тўғри фикр юритишига умид қилган, улар амал қилиш муддати тугаган қоғозни сўрамайди, деб ҳисоблаган эр-хотин уларга инвойс ва бошқа ҳужжатларни тақдим қилди. Бу ҳужжатларда Владимир Медведев сотиб олган автомобиль ҳам келган партиянинг келганини тасдиқлайдиган, расмий дилер муҳри қўйилган эди.

Аммо ушбу вазиятда СТ-1 ўрнини босиши мумкин бўлган бу қоғозларни ўзбек божхоначилари нимагадир инобатга олмади. Кейин расмиятчиликка қатъий риоя қилишни, яъни йўқ бўлиб кетган, тиклаб бўлмайдиган қоғозни тақдим қилишни сўрай бошлашди.

Шундай бўлса ҳам, божхоначилар машинани Молдовага қайтариб кетишни тавсия қилишмади. Унинг ўрнига Божхона қўмитасининг 366-моддаси билан танишишни тавсия этишди (“Товарни келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаган тақдирда чиқариб юбориш”). Унда айтилишича, “Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда” товарга нисбатан божхона божининг икки баравар оширилган ставкаси қўлланилади.

Кейин божхоначилар яна бир марта калькуляторда ҳисоб-китоб қилиб, божхона тўлови суммасини чиқаришди - 40 миллион сўм (расмий курс бўйича $12.965, “қора бозор” курсида $6153). Эр-хотин донг қотишди. Марина Козлова пенсиясини расмийлаштирмоқчи бўлиб юрибди, Владимир Медведев ёши туфайли Тошкентда иш топа олмаяпти, аммо Молдовада совиткич камералари ва муҳандислик тармоқларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича энг яхши мутахассислардан бири эди. Бундан ташқари Маринанинг онасини ҳам ҳисобга олиш керак, уни парвариш қилишга ҳам харажат кетади. Бунча пулни қаердан олишади?

40 миллион сўмлик харажатни Марина ва Владимир кўтара олмайди. Бу вазиятни адолатли ҳал қилишни сўраб, қаерга мурожаат қилишмасин, ҳаммаси охир-оқибат Божхона қўмитасига йўналтираверади. У ердагилар эса Божхона кодексининг 296-моддасини келтиришади (“Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ва тариф преференциялари бериш”), унда айтилишича, қонунчиликда кўрсатилган ҳолатлардан ташқари имтиёз ва преференциялар фақат Ўзбекистон президентининг қарори билан берилиши мумкин.

Козлованинг сўзлаб беришича, божхона қонунчилигида қандайдир “туйнук” бор бўлиб, уларнинг “Нива”си ўша ерга тушиб қолган. Ундан чиқиб кетишнинг ягона имконияти Божхона қўмитасининг 296-моддаси бўлиб, унда Ўзбекистон президентига мурожаат қилиш кўзда тутилади. Марина шундай йўл тутди – президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига хат ёзди.

Бу қабулхона ҳақида ҳар-хил фикрлар, жумладан, ижобий фикрлар ҳам бор. Аммо қаҳрамонларимизнинг омади чопмади: уларнинг ҳолатида виртуал қабулхона почта бўлими функциясини бажариб, журналистнинг хатини республика Божхона қўмитасига жўнатди. У ердан эса ёзма жавоб келди, уни қўмита раисининг ўринбосари Муталибжон Солиевдек обрўли шахс имзолаган бўлса ҳам, жавоб қувонарли эмас эди. Бу мансабдор шахснинг тушунтиришича, “СТ-1” шаклдаги сертификатни тақдим қилиш шарт, акс ҳолда икки баравар тўлашга тўғри келади


Виртуал қабулхонага ёзилган хатга жавоб

Козлова виртуал қабулхонага яна битта хат ёзди, энди уни керакли жойга етказишларини умид қилмоқда. Владимир Медведев эса ҳеч нарсага умид қилмаяпти, балки Ўзбекистонга кўчиб келганидан ҳам афсусда бўлса керак. Чунки бу ерда ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди, бунинг устига ўша “ҳеч нарса” учун ҳам бор-йўғингни шилиб олишади.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама