05:06 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон пойтахтидаги “Спутник” массивида ким яшайди?

31.10.2016 18:10 msk

Сид Янышев (Тошкент)

Уйлар эски, ёғочдан қилинган, аммо қадрдон бўлиб қолган

Шаҳар марказидан энг узоқда жойлашган микрорайонлардан бири бўлган “Спутник”ка жамоат транспортида қирқ дақиқада етиб бориш мумкин. Яқин эмас, албатта. Солиштириб кўрсак, шунча вақт ичида Тошкент вилоятида жойлашган Чирчиқ шаҳрига етиб бориш мумкин. Бу ерда ҳеч қачон бўлмаган одам (Тошкентда унақалар кўп) ҳайрон қолиши турган гап: бу массив бутунлай бошқа шаҳарга ўхшайди. Бу жой аквариумни эслатади, чунки ёғочдан қилинган икки қаватли уйлар жуда кўп бўлиб, бу уйларнинг устига саккиз қиррали шифердан қилинган “тангача” қопланган. Бунақа уйлар Тошкентнинг фақат Кадышев массивида, 58-ҳарбий шаҳарчада бор.

Бу тураржой массиви яшилликка бурканган, айниқса бу ерда микроиқлим ҳосил қилувчи чинор ва эман дарахти кўп. “Ёзда бу ерда шаҳар марказидан кўра анча салқин бўлади. Лекин доим уйдагидек шинам”, - деган гапларни кўп эшитганман массивда кезиб юрганимда. Бу ерда жами 424 та уй (дом) бўлиб, 15 ёки 17 та (аниғини ҳеч ким билмайди) кварталга жойланган.


“Спутник”нинг “тангачали” уйлари

“Спутник” массиви Тошкентда 1966 содир бўлган вайронакор зилзиладан сўнг, 1967 йилда қурилган. Профессионал қурувчилар билан бирга Совет Иттифоқининг турли бурчакларидан келган кўп сонли аскарлар ҳам уни қуришда қатнашган. Айрим уйларнинг чордоғида ҳалиям аскарлар бўр билан ёзган қинғир-қийшиқ ёзувлар сақланиб қолган, масалан: “С приветом от военнослужащих Оренбурга. В/Ч №”.

Массив жуда тез суръатда қад кўтарди, уни Тошкент атрофида яшовчилар замонавий уйларга кўчирилгунича, вақтинчалик бошпана сифатида қурилган. Аммо орадан ярим аср ўтибдики, ҳалиям кўчирилмаган. Қачонлардир бу ерликлар кўчишни фақат орзу қиларди. Энди шу ерга кўникиб қолиб, бошқа жойга кетгилари келмайди, марказдан узоқ бўлса ҳам одамлар бу ерда қулай ҳаёт кечирмоқда. Суҳбатдошларимнинг айтишича, қайтага бу ерга кейинги йилларда кўпчилик бошқа туманлардан кўчиб келган.

“Кимгадир шошилинч пул керак бўлади, масалан, операция ёки ўқишга, - дейди 78 ёшли Евгений Степанович. – Улар масалан Чилонзордаги уйини сотиб, бу ердан олади, уй нархидаги фарқини эса ўз эҳтиёжига ишлатади”.


“Спутник”да яшовчи Евгений Степанович

Ҳақиқатан ҳам, Суптникдаги квартиралар доим жуда арзон бўлган: яқин-яқингача бу ерда уч хоналини 17-18 минг, икки хоналини - 14-15, бир хоналини - 10-12 минг долларга сотишган. Кўчиб келган одамлар бу ерда яшаш ҳам арзон тушишини билишган: массив газлаштирилмаган, иссиқ сув таъминоти йўқ, аммо барча квартираларда электр плиталар ва сув иситадиган титанлар ўрнатилган, шу сабабли электр энергияси икки баравар арзонроққа тушади, иссиқ сув учун эса тўланмайди.

“Натижада “коммуналка” бошқа туманларга қараганда икки баравар арзонга тушади, - давом этади Евгений Степанович, - ойига максимум 30 минг сўм (бозор курси бўйича 4,5 доллар атрофида, - муаллиф изоҳи)».

Бошқа йўли йўқми?

25 сентябрь куни мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Шавката Мирзиёев Сирғалига ташриф буюрди. Унинг келишига йўл бўйидаги бир нечта уй шошилинч равишда оч яшил ва ҳаворангга бўялди. Ташрифдан сўнг бу туманни ҳар томонлама ободонлаштириш, янги бинолар, йўллар ва парклар қуришга қарор қилинди. Совет давридаёқ режалаштирилганидек, бу ерга ер устидан ўтувчи метро қуриладиган бўлди, бу линия “Спутник” орқали ўтади.

Икки ҳафтача олдин массивда яшовчиларни бир коллеж ҳудудига тўплаб, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда БТИ (техник инвентаризация бюроси) ходимлари олдида бу қарор ҳақида билдирилди. Яна шу нарса маълум қилиндики, биринчи октябрдан бошлаб Спутникда квартира олди-сотдиси тўхтайди, энди бу уйлар “қизил чизиқ” ҳудудида деб ҳисобланади. Кейин ҳамма кадастр ҳужжатларини БТИга топширишди.


Кейинчалик маълум бўлдики, биринчи навбатда фақат Спутникнинг биринчи массивида яшовчилар бошқа квартираларга тарқатилар экан. Қонун бўйича, хоналар сони бир хил бўлган квартираларга квартираларга кўчирилади, бунда майдон ўлчами ва рўйхатда турган одамлар сони ҳисобга олинмас экан. Айрим маълумотларга кўра, бу жорий йилнинг декабригача амалга ошиши керак, шунгача бу кварталдаги 25 та уй бузиб ташланади.

“Улгуришмаса керак, - дейди шундай уйлардан бирида яшовчи 65 ёшли Николай Олегович. – Бу дегани 200 та квартира дегани – қисқа вақтда шунча уйни қаердан топишади?”


“Спутник”да яшовчи Николай Олегович

Пенсионернинг сўзларига кўра, қўшни уйлардаги кўпчилик танишларига Чилонзор, Юнусобод туманлари ва Алгоритм массивидаги иккиламчи фонддан уйлар таклиф этилган, айримлар кўчиб ҳам улгурган эмиш. Айримларга эса, жумладан унга ҳам, негадир ҳали ҳеч нарса таклиф қилишмаган.

“Вариантлар ҳаммага эмас, шахмат тартибида, танлаб таклиф этилмоқда. Ўйин бўлаётганга ўхшайди, - дейди Николай Олегович. – Биринчи бўлиб, таниш-билиш бўйича “ўз” одамларига энг яхши вариантларни бериб, улар жойлашиб олгандан сўнг бизга ўхшаган камбағалларга ёмонроқлари – Сергелининг ўзидаги бетон уйлар тегади”.

Оёқ остида ботқоқ, тепада чинор

Биринчи кварталдан узоқроқда яшовчиларга ҳали уларнинг уйлари уч-тўрт йил туришини айтишган.

“Менимча бу ҳаммаси қуруқ ваъдавозлик, - деб тахмин қилади бешинчи кварталда яшовчи кекса Зинаида Михайловна. – Президент сайловидан олдин хоҳлаганича ваъда бериш мумкин. Биринчи квартални бузиб ташлагач, шу билан иш тўхтайди, деб ўйлайман”.


“Спутник”да яшовчи Зинаида Михайловна

Деярли худди шу фикрни собиқ десантчи – 42 ёшли Алексей ҳам билдирди, у Спутникнинг тўққизинчи кварталида яшайди.

“Қаранг, бизнинг уйларимиз қуриладиган метро линиясидан анча узоқда жойлашган, демак бизнинг уйларимизни бузишдан мақсад – янги кўп қаватли уйлар қуриш, - деб ҳисоблайди Алексей. – Аммо келажакдаги қурилишни режалаштирган билимсиз муҳандис ёки архитекторлар бир нарсани ҳали билмайдики, массивимиз ерида йирик иншоот қуриб бўлмайди!”

Ва бизга “Спутник” қандай пайдо бўлганини айтиб берди. 1966 йилги зилзиладан сўнг шаҳар марказида кенг кўламли қурилиш ишлари бошлангач, бузилган уйлардан қолган қурилиш чиқиндиларини қаергадир йўқотиш керак бўлган. Ўша пайтда “Спутник” ўрнида ботқоқлашган кўллар бўлган. Шу кўлларни чиқинди билан тўлдириб, экскаватор билан текисланганида жуда катта майдон пайдо бўлган, кейин шу ерга ёғочдан вақтинчалик уйлар қуришга келишилган. Чунки бу ерларда нисбатан енгил, зилзилага бардошли иншоотларгина бузилмай туриши мумкин бўлган.


“Мен бир марта ўра қазимоқчи бўлганимда, икки ярим метр чуқурликда тиззагача сувга ботганман, – давом этади Алексей. – Кейинчалик билишимча, ҳамма уйларда ерости дренаж тизими ўрнатилган бўлиб, улар узлуксиз равишда сувни тортиб, массивдан ташқарига чиқариб ташлар экан. Шунинг учун ҳам бу ерда фақат ёғоч уйларни қуриш мумкин бўлган – пойдевор катта бинони кўтара олмайди ва табиий равишда “сузиб кетади”. Қозиқ қоқиш эса жуда қимматга тушади”.

Унинг қўшниси, пенсионер Игорнинг сўзларига кўра, икки қаватли уйларни барибир бузиб ташлашса керак, аммо янги қурилиш қилиб бўлмагани сабабли, ўрнига ҳеч нима қуришмайди.

“Бу ердан кетгимиз келмайди, албатта, - дейди Игорь. – Аммо унданам афсусланарлиси шуки, уйлар билан бирга минглаб ярим асрлик чинорларни йўқ қилишади. Қолаверса, Тошкентда бунақа ишларга ўрганиб қолишди…»


“Спутник” хиёбонлари ҳозирча кўзни яшнатиб турибди

Сид Янышев (Тошкент)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама