22:31 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон-Ўзбекистон: Мамлакатлар ўртасидаги муносабат тубдан ўзгариши мумкинми?

27.10.2016 09:06 msk

Азиз Рустамов (Хўжанд)

Харитада: Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳудуди “ярим орол” сифатида Ўзбекистонга ёриб киради

Шу ҳафта бошида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан 30 кишилик тадбиркорлар ва саноатчилар гуруҳи ташриф буюрди. Икки кун давомида улар вилоят маъмурияти раҳбарининг ўринбосари бошчилигида Хўжанд ва Исфара шаҳарларининг саноат корхоналари, тарихий ва маданий ёдгорликларида бўлишди. Жумладан, Арбоб саройи, “Истиқлол” тарихий-маданий мажмуасида бўлишди, XIV аср тожик-форс шоири Камоли Хўжандий ёдгорлигига гул қўйишди, шоирнинг уй-музейида бўлиб ўтган шеърхонлик ва мусиқа кечасида иштирок этишди.

Сўғд вилояти маъмуриятининг маълумот ва таҳлил бўлими бошлиғи Музаффар Юнусовга кўра, ўзбек меҳмонларининг ташрифи норасмий бўлди. “Ташриф маданий алмашув тарзида бўлди, - дейди Музаффар Юнусов. – Аммо шундай учрашувлардан кейин ўзбек-тожик муносабатларининг илиқлашишига умид пайдо бўлади. Халқ дипломатияси доим самарали бўлиб, керакли натижага олиб келади”. Шуни таъкидлаш лозимки, бизнесменлар ўзбек томонининг ташаббуси билан келишди.

Октябрнинг бошларида эса Ўзбекистон халқ артисти, таниқли хонанда Шерали Жўраевнинг турмуш ўртоғи ва ўғлининг таклифи билан Тошкентга СССР халқ артисти Жўрабек Муродов ташриф буюрди. У билан бирга Тожикистоннинг бошқа эстрада хонандалари – Шабнами Сурайё, Нигина Амонқулова ва Жонибек Муродовлар Жўраевнинг кичкина ўғли чиқарган янги албом премьерасида қатнашишди. Бундан ташқари улар таниқли хонанда Озодбек Назарбековнинг концертида қатнашишди, улар билан саҳнада ўзбек поп-юлдузи Юлдуз Усмонова куйлади.

Булар оддий ташриф бўлса ҳам, икки қўшни давлат халқлари учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Тожикистоннинг айниқса Ўзбекистон билан чегарадош туманларида яшовчи халқ мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатнинг тезда яхшиланишига умид қилади. Жумладан, ҳеч бўлмаганда чегарадаги туман аҳолиси учун чегарадан ўтиш тартибининг соддалаштирилишига катта умид боғлаганлар. Бундан ҳар иккала давлат фуқаролари ютади, дейди ишонч билан Тожикистоннинг Матчин туманида яшовчи Жўра Юсуфий.


Жўра Юсуфий

“Совет даврида туманимизга қўшни Тошкент вилоятининг Бўка тумани аҳолиси полиз экинларини асосан бизнинг Матчин туманида сотишларини жуда яхши эслайман. Бизникилар улардан помидор, бодринг, пиёз, саримсоқ, карамни улгуржи сотиб олиб, вилоятнинг бошқа туманларида ва қўшни Қирғизистонда ҳам сотишарди. Деярли 2000 йилларгача шунақа эди. Кейин чегарадан ўтишни чеклаш бошланди. Шунда ҳам чегарадаги туманлар аҳолисига 30 километргача радиусда бўлган ҳудудда визасиз беш кунгача бўлишга рухсат берилган. Илгариги чегара бўйида фаолият юритадиган бозорларни тиклаш вақти келди. Шунда одамлар уйидан узоққа кетмасдан товар сотиши мумкин бўлади. Ҳамма ватандошларим чегарадан ўтиш осонлашишини кутмоқда. Ўзбек ака-укаларимиз ва сингилларимиз ҳам шуни кутаётганига аминман. Ахир биз минг йиллаб ёнма-ён яшаганмиз ва бир-биримизга ўрганиб қолганмиз. Динимиз бир, қабристонимиз ҳам битта”, - дейди Жўра Юсуфий.

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Тожикистоннинг Панжикент тумани ўртасида жойлашган, бир пайтлар энг гавжум бўлган назорат-ўтказиш пункти “Жартепа” бугунги кунда ёпиқ. Аммо Айни-Панжикент автомагистрали лойиҳаси бўйича бу халқаро йўл Ўзбекистонга бирлашиши керак. Шунинг учун ҳар иккала томонда замонавий божхона постлари қурилмоқда. Ўзбекистон томонида қурилиш ниҳоясига етди, Тожикистон томонида эса ишлар якуний босқичда.

“Бу объектларнинг қурилиши умид бағишлайди, ваниҳоят икки қўшни давлат фуқаролари чегарадан бемалол ўтиши, нариги томондаги қариндош ва яқинларини зиёрат қилиши мумкин, - дейди Панжикент шаҳрида яшовчи Шоҳин Облоқулов. – Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Ислом Каримов дафн маросимида қатнашиши ўзбек халқига нисбатан ҳурмат белгиси бўлди, менимча ўзбек расмийлари буни тушунди, чунки ўшандан кейин Ўзбекистон президенти в.б. Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Душанбега келди. Умид қиламизки, бу ҳодиса икки қўшни халқ ўртасидаги анъанавий дўстликнинг тикланиши йўлида биринчи қадам бўлади”.

Совет даврида Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари рамзий чегаралардан бемалол ўтишарди, никоҳдан ўтиб, оила қуришарди. Чеклоаларга қарамасдан, одамлар ҳозир ҳам учрашиб, оила қуришмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг шимолида иккала давлат фуқаролари ўртасида йилига 200 тача никоҳ қайд этилади.

Қайд этиб ўтиш керакки, ўзбек-тожик муносабатларининг ёмонлашиши 1990 йиллар охирида бошланди. Ўзаро самолёт қатнови тўхтатилди, Ўзбекистон Тожикистон билан бир томонлама виза режимини жорий қилди. Шу билан бирга Ўзбекистон ўзбек-тожик чегарасидаги кенг ҳудудларни миналаштирди, бунга қўшни мамлакат ҳудудидан ислом жанггарилари бостириб кириши мумкинлигини асос қилиб олди. Аммо кейинги ўн олти йил ичида бирорта ҳам жанггари бостириб киргани ёки бирорта экстремистнинг минага тушгани қайд қилинмади. Аммо Тожикистонлик юзлаб тинч аҳоли вакиллари минага тушиб ҳалок бўлди ёки жароҳат олди.

Ҳозирги кунда ўзбек-тожик чегарасидаги 18 та назорат-ўтказиш пунктидан фақат учтаси ишламоқда. Киритилган чекловлар туфайли ўзаро ташрифлар сони камайибгина қолмасдан, ўзаро савдо-сотиқ кўлами ҳам кескин тушиб кетди. 2000 йилларда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси $500 млн бўлган бўлса, 2015 йилда бор-йўғи $12 млн суммани ташкил этди, ҳолбуки, бу ерда миллиардлаб суммага салоҳият бор.

Неъматулло Мирсаидов

“Фарғона” ҳозирги вазият юзасидан минтақавий масалалар бўйича эксперт Неъматулло Мирсаидовдан изоҳ сўради.

- Деярли чорак асрдан буён Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро муносабат икки раҳбар – Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг амбицияларига боғлиқ бўлиб қолди. Ўзбекистон президенти ҳақида ёмон гап гапириш ниятим йўқ, чунки марҳумларни қоралаб бўлмайди. Аммо у муайян тарихий давр ичида минтақа ҳаётида жиддий из қолдиргани сабабли, шуни айтишим мумкинки, Марказий Осиёдаги бир-бирига энг яқин икки халқ ўртасида нафрат ва душманлик муносабати шаклланиб, бу давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бир қатор ижобий сифатларга (юксак ақл-идроки, маданиятли ва ўқимишлилиги, қатъияти, танлаган йўлининг тўғрилигига ишончга) эгалиги билан бир қаторда Ислом Абдуғаниевич, назаримда, барча диктаторлар сингари анчагина ўжар, таъби нозик, ҳар нарсага шубҳаланадиган инсон бўлган. Тожикистоннинг ёш президенти Имомали Раҳмон ҳам ўзига яраша амбицияли сиёсатчи бўлиб чиқди, унга паст назар билан муомала қилмаслик кераклигини кўрсатиб қўйди. Характерлар тўқнашуви оқибатида 90 йиллар ўртасида минтақавий масалаларни ҳал қилишда давлатлараро муносабатлар кескин совуқлашди.

Ислом Каримовнинг сиёсий саҳнадан кетиши, менимча, икки томонлама муносабатлардаги тангликни юмшатиши керак. Шу нарса бўляпти ҳам. Албатта, 360 даражага бурилишни кутиб бўлмайди, лекин иккала мамлакат ва халқнинг ўзаро муносабати нормаллашиши керак. Ҳозирча ҳар иккала томоннинг жазавага тушиш, бир-биридан гина қилиш ва айблашни тўхтатгани сезилмоқда. Адоватли сиёсат туфайли аҳолида пайдо бўлган психологик стресс аста-секин йўқолмоқда. Муносабатларни йўлга қўйишга тайёрлигини биринчи бўлиб тожик томони билдирди. Узоқ йиллардан бери биринчи марта Тожикистондаги турли тадбирларда ўзбекча қўшиқлар янграй бошлади. Ўзбеклар ҳам шунга яраша жавоб бермоқда. Бундан дўстона бир муҳит юзага келади. Аммо ҳозирча аниқ қадамлар қўйилмади. Шавкат Мирзиёев мамлакатга расман раҳбар бўлмагунича қадам қўйилмай туради шекилли.

Иккита нарсани эсда сақлаш лозим. Биринчиси, Мирзиёев қарор қабул қилишда қанчалик мустақил бўлади, уни қўллаб-қувватлайдиган клан бундай мустақилликни берадими? Иккинчиси, Ўзбекистон Каримовнинг курсини ўзгартириш ёки жиддий тузатиш ниятидами? Ҳозирча ўзбек раҳбарияти қўшнилар билан муносабат ўрнатиб, изоляциядан чиқмоқчидек бир тасаввур уйғонмоқда. Аммо ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ва Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегарани белгилаш юзасидан Делимитация ва демаркация бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг учрашувидан бошқа ҳеч нарса содир бўлмади.

Тожикистон билан муносабатларни яхшилашнинг амалий қадамларидан бири сифатида чегарадан ўтиш тартибини ўзгартириш мумкин. Яъни, ҳеч бўлмаса тартибни виза режимига мувофиқ келтириш керак. Бунда назорат-ўтказиш пунктлари ишлаб туради, чегара атрофида яшовчилар эса бемалол чегарадан ўтиши мумкин бўлади. Қўшимча бир-иккита КПП очиш қийин иш эмас, аммо шу нарса амалга ошмаяпти.

Айрим оммавий матбуот воситалари ўзбек тадбиркорлари гуруҳининг Сўғд вилоятига ташрифини аниқ қадам сифатида баҳолашга улгуришди. Шуни айтиш керакка, бу ташрифга Исфарадаги тўй сабаб бўлди. Тўй эгаси Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон корчалонлари доирасида таниқли бўлган инсон – Илҳом Шокиров эди. Ахир таниқли одамлар, жумладан давлат хизматчилари ҳам ҳукуматни ҳисобга олиши шарт. Шунинг учун ҳам туманнинг диққатга сазовор жойларига бориш режаси ўйлаб топилди, аммо меҳмонларга қизиқ бўлган бўлса керак. Дарвоқе, Илҳом Шокиров билан [ўзбек ҳукумати бош вазир ўринбосари] Рустам Азимов қуда бўлишган. Шокировнинг ўғли бош вазир ўринбосарининг қизига уйланган. Энди Илҳом Шокиров қизини Шавкат Мирзиёевнинг қариндошига бериб, у билан қариндош-уруғ бўлганмиш. Албатта бундай маиший ҳодиса ҳам янги давлатлараро муносабатларни ўрнатишда ижобий рол ўйнаши мумкин. Озгина сабр қилиб, Ўзбекистондаги президент сайловларини кутиш керак. Шунда кўп нарсага, жумладан, ўзбек элитаси келажакда ўзини қандай тутишига аниқлик киритиш мумкин.

Азиз Рустамов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги