11:50 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёевдан чиқиш визасини бекор қилишни сўрашмоқда

26.10.2016 08:57 msk

Сид Янышев

Ўтган ҳафтада петиция билан шуғулланадиган иккита сайтда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга мурожаат пайдо бўлди. Бу мурожаатда республика фуқаролари учун чиқиш визасини бекор қилиш сўралган.

“Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи” ташкил қилган петиция аввал фақат Change.org сайтига жойлаштирилди, бу мақола тайёрланаётган пайтда уни бир ярим минг киши имзолаган эди. Булар шу республикада яшовчилар ҳамда Ўзбекистондан чиққан чет эллликлар эди. Кейин бу сайт мамлакатда яқинда тўсилгани туфайли худди шундай петиция CARE 2 PETITIONS сайтига ҳам қўйилди. Мақола чиқаётган пайтда уни уч юз-у уч кишигина имзолаган эди.

Мурожаатда бундай дейилади: “Маълумки, мазкур виза фуқароларнинг ҳорижга чиқишини тартибга солиш мақсадида амалга киритилган эди. Маълум давргача, яъни мустақилликнинг дастлабки йилларида, бундай амалиёт ўзини оқлаган бўлиши мумкин. Бироқ, замон – 21-аср – янги талабларни олдимизга қўймоқда. Чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид деб ўйлаймиз. Қолаверса, чиқиш визаси порахўрликнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда.


Ўзбек ва рус тилидаги петициялардан парчалар

Дарҳақиқат, чиқиш визасини олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларда фуқаро бир қатор саволларга жавоб берган ҳолда муайян анкетани тўлдиради. Унда аслида иккита асосий савол мавжуд: бу фуқаро аввал судланганми ва у давлат сирларига эгами. Таъкидлаш керакки, иккала савол бўйича тегишли давлат идораларида тўла маълумот мавжуд бўлади ва мазкур тоифага кирувчи шахслар хорижга чиқувчи оддий фуқаролар орасида деярли учрамайди. Қолаверса, хорижга чиқиши таъқиқланган ёки чекланганлар тоифасига киритилган фуқаролар тўғрисидаги маълумот чегара идораларига олдиндан берилган бўлиб, бу маълумотни доим фуқаро чегарани кесиб ўтиш вақтида компьютер орқали автоматик тарзда текшириш осон.

Бир нечта бундай фуқароларни деб минглаб оддий фуқароларга чиқиш визасини олиш билан боғлиқ турли муаммоларни ва қийинчиликларни, ортиқча оворагарчиликларни яратиш нотўғри деб ўйлаймиз. Боз устига, ҳорижда бўлган фуқароларимиз мазкур визанинг муддати ўтса уни янгилаш учун сафарини узиб, ватанига қайтиб келиши лозимлигини ҳам эслатиш керак, бу эса муаммоларнинг кўпайишига олиб келади. Шуни ҳам эслатишимиз зарурки, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13.1 бандида инсоннинг бутун дунё бўйича эркин юриши, ўз мамлакатидан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқига эга деб таъкидланган”.


Рухсат ёзуви стикери ёки чиқиш визаси шундай кўринишда бўлади

Петицияни имзолаганларнинг кўпчилиги бунинг сабабини ҳам ёзишмоқда: “Кўпинча давлат хизматчилари лавозимини суиистеъмол қилишади: паспортни белгиланганидан узоқроқ ушлаб туришади”; “Ҳамма нарсани тубдан ўзгартириб, оддий фуқароларнинг ҳаётини енгиллаштириш вақти келди, деб ҳисоблайман!”; “ОВИРни бекор қилиш керак. Ўрнига 5 йиллик хорижий паспорт жорий этиш керак”.

“Буни инсонни таҳқирловчи жараён деб ҳисоблайман. Чиқиш визасини олиш учун мен ва отам билан мажбурий суҳбат ўтказишди, унда сафардан мақсадни сўрашди, мен фоҳишалик учун кетмаётганимни ишонтиришим керак экан, - дейди тошкентлик Умида Мўминова, у охир-оқибат Австралияга кетган. – Кейин бундай савол бўлди: “Шунчаки қизиққаним учун сўраяпман, ўз танангизни қанча пулга сотган бўлардингиз?”. Бу Мирзо Улуғбек тумани ОВИРида бўлди. Мендан бир нечта маълумотнома сўрашди, буларнинг чет элга чиқишга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Масалан, ВИЧ-инфекция йўқлиги ҳақида маълумотнома, 086-маълумотнома, маҳалладан менинг жамиятга фойдалилигим ҳақида тасдиқ ва бошқалар. Бу ҳолат жинс бўйича дискриминацияга киради”.

Ижтимоий тармоқларда ҳам шарҳлар пайдо бўлди. “Бекор қилиш шарт эмас, аммо амал қилиш муддати узайтирилса, зўр бўларди”, - деб ёзади Максим Ким. “Агар дарров яхшигина пул тўласангиз, тез олиш мумкин; агар сабр-тоқат қилиб, чекинмасдан бир ярим ой юрсангиз, “Ҳеч бўлмаса канцтоварга ташлаб кетинг”, деган гапни эшитиш мумкин, - дейди Георгий Коваль.

Бошқача фикрлар ҳам бор. “Умуман олганда ҳозир ҳамма қоғозларни тўпласангиз, олиш муаммо эмас <…>. Аксарият фуқаролар учун чиқиш визасини олиш қийин эмас. Режимдан норозиларга виза олиш қийин ёки умуман иложи йўқ. Унда тушунса бўлади... Аммо барибир уни бекор қилишдан наф йўқ. Чиқиш визаси бекор қилинса – хорижий паспорт жорий қилинади. Ундан баттар бўлади”, - дейди Василий Марков.

Эслатиб ўтамиз, чиқиш визаси деганда чет элга чиқишга рухсат берувчи стикер тушунилади. У ўзбекистонликларнинг фуқаролик паспортига ёпиштирилади, бу паспорт хорижий паспорт бўлиб ҳам ҳисобланади. Стикернинг амал қилиш муддати икки йил. Шимолий Кореядан бошқа ҳеч қайси мамлакатда бунақа виза олиш талаб қилинмайди.

Қонун бўйича стикерни расмийлаштириш муддати 15 иш кунидан ошмаслиги керак. Аммо аслида икки ойга чўзилиши мумкин, таниқли фоторассом Умида Аҳмедовада шундай бўлган. 2010 йилда унга уч ой давомида, июнь ўртасидан сентябр охиригача чиқиш визаси беришмаган. Бундай чўзилишнинг сабабини сўраганида, унга юқоридаги муассасадан рухсат йўқлигини айтишган. Бу муаммо ҳақида интернетда маълумот пайдо бўлганидан кейингина Аҳмедова паспортига стикер олишга муваффақ бўлди.

Кўпинча ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва ҳатто айрим санъат арбобларига ҳам стикер беришмайди. Масалан, мана беш йилдан ошдики, бутун дунёда машҳур рассом Вячеслав Ахунов чиқиш визасини ололмаяпти. Рад этиш сабабини “унинг хорижий мамлакатларга чиқиши мақсадгу мувофиқ эмаслиги” билан изоҳлашмоқда.

Ахуновнинг тахмин қилишича, унга виза берилмаётганининг асл сабаби шуки, у 2009 йилда Истанбулдаги биенналеда “Эрк” партиясининг раҳбари, таниқли мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ билан учрашган.


Умида Аҳмедова ва Вячеслав Ахунов

Натижада бир неча йил давомида Европанинг бир нечта мамлакатида Ахуновнинг асарлари қатнашган шахсий ва коллектив кўргазмалар рассомнинг иштирокисиз ўтди. Масалан, 4 июндан бери Венецияда бўлиб ўтаётган катта кўргазма 2016 йилнинг 10 октябрида тугади, унда бошқалар билан бирга Ахуновнинг асарлари ҳам кўргазмага қўйилган эди.

2016 йилнинг ўн еттинчи октябрида рассом яна бир бор туман ОВВиГ бўлимига керакли ҳужжатларни топширди.

“Бу сафар ҳам рад қилишса, Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, мени бу мамлакат фуқаролигидан маҳрум этишларини сўрайман”, - дейди Ахунов.

Сид Янышев (Тошкент)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама