15:40 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Украина-Ўзбекистон: Кимнинг журналистикаси тўғрисўзроқ?

24.10.2016 11:48 msk

Фарғона

Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг украиналик мухбир Наталья Кравченко Тошкент ва Самарқандда бўлди. У кичик бир фильм суратга олиб, унда биринчи президентнинг дафн маросими, мамлакатда кўрган ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Кўргани ҳам асосан яширин камера орқали бўлган: суратга олиш гуруҳи Ўзбекистонга норасмий равишда, турист сифатида келган, аккредитация олмаган.

Репортаж Украина замонавий тележурналистикасига хос шаклда, эркин усулда олинган бўлиб, унда таниқли тошкентликлар – журналист Алексей Волосевич, фотограф ва кинодокументалист Умида Аҳмедова, сиёсатшунос Марьям Ибрагимоваларнинг интервьюси берилган. Улар Ўзбекистоннинг сиёсий ва жамоат тузуми ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашиб, ўзлари ҳақида, цензура ҳақида ва Тошкентдаги қурилишлар ҳақида сўзлашади.

Наталья Кравченко ўз “ихтиро”сини томошабин билан баҳам кўради: Ўзбекистонда ҳукумат ҳамма нарсани қаттиқ сир тутади, мамлакат сиёсати эса анъанавий ўзбек уйига ўъшайди, яъни “ҳовлига ҳеч кимнинг кўзи тушмаслиги учун албатта баланд девор билан ўраш керак бўлган”. Кейин 2005 йилги Андижон воқеаларини эслайди, ким президент бўлиши мумкинлиги ҳақида мушоҳада юритади... Умуман олганда, бу роликда бирор-бир янгилик ёки ҳайратланарли нарсанинг ўзи йўқ, айниқса “Фарғона”нинг доимий муштарийлари учун.

Наталья Кравченконинг сюжети 2016 йил 13 сентябрида “Украiна” телеканали эфирига чиқди. Ўзбек тележурналисти Насиба Фахриддинова бўлмаганида, фильмни Ўзбекистонда ҳеч ким кўрмаган ҳам бўларди. У деярли бир ойдан сўнг, 4 октябрда Интернетда “фош қилувчи” фильмини чиқарди. Ўзининг “раддия”сини Насиба Фахриддинова “Украиналикларга Ўзбекистонни буюртма қилишгани” номли махсус репортаж деб атади. У украиналик ҳамкасбини жосусча усуллар қўллашда, сюжетнинг ҳурматсизларча оҳангдалиги, шубҳали фактлар ишлатиш, асоссиз хулоса чиқаришда ва ҳоказоларда айблади.

Фахриддинованинг видеоролиги бир зумда ўзбек веб-матбуотида тарқалди. Бунда давлат органларининг ҳам қўли борга ўхшайди, бундай фильмни суратга олишга рухсат беришгани, балки ёрдам ҳам беришгани эҳтимолдан холи эмас. Маҳаллий матбуотда эса шундай тасаввур ҳосил қилиндики, худдики ўзбек томошабинларининг аксарияти украин фильмини кўрибгина қолмай, унга нисбатан қатъий норозилик ҳам билдирган.

Масалан, “Новости Узбекистана” бундай ёзади: “Республиканинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Ўзбекистонда украин журналисти томонидан олинган видеоматериал бизнинг мамлакатда ҳам, ундан ташқарида ҳам кенг акс-садо бериб, жанжалкаш мухбирларга нисбатан салбий муносабат тарқалишига олиб келди...”.

Насиба Фахриддинованинг Фейсбукдаги саҳифасида унинг кўплаб тарафдорлари йиғилиб, “украиналик маҳмадонага бундай жавобни” қўллаб-қувватлашди. Кўпчилик постларда Наталья Кравченко очиқдан-очиқ ҳақорат қилиниб, унга таҳдид қилинади.



Биз ҳар иккалар видеони “Фарғона”нинг Фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирдик. Муштарийларимиз материалларни ўзлари кўриб, кимнинг журналистикаси тўғрисўзроқ экани ҳақида хулоса чиқаришларини сўраймиз.

Биз, “Фарғона” журналистлари бу видероликларга баҳо бермоқчи эмасмиз. Муҳими, уни иложи борича кўпроқ Ўзбекистон фуқаролари кўриши керак. Чунки бизнингча, бу сюжетларда тилга олинган муаммо ва фактларга эътибор қаратиш лозим.

Ижтимоий тармоқларда ва шу саҳифанинг ўзида фикр қолдирсангиз, миннатдор бўламиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама