11:51 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳамма пахта термоқда, иккита аёл эса суратга тушириб юрибди

24.10.2016 11:37 msk

Фарғона

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида, хусусан пахтачиликда қўл меҳнати иштирокини тахминан 30 фоизга камайтирмоқчи. Бу ҳақда XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг материалларида ёзилган, деб хабар бермоқда «Спутник». Ярмарка 12 октябрдан бошлаб Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Учта кўргазма олдинроқ эса бош вазир Шавкат Мирзиёев ваъда бергандики, 2016 йилга келиб, 80 ёки 90 фоиз пахта машинада терилади. Ваъда амалга ошмади. Энди расмийлар оптимизмни анчагина сусайтиришди – 2020 йилга бориб 30 фоизлик машина теримини ваъда қилишмоқда.

Бу дегани, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат тизими сақланиб қолади, расмийлар эса бу фактни Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилотидан (ХМТ) яширишга уринади. Улар ҳам ҳақиқатнинг тагига етишга ҳаракат қилмайди, чунки бу ерда манфаат бор.

Шу сабабли, расмийлар тўсқинлик қилгани билан, вазиятни кузатиб бораётган ўзбекистонлик бу икки ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячисининг иши камайиб қолмайди.


Малоҳат Эшонқулова мажбурий меҳнат тақиқлангани ҳақидаги варақани тарқатмоқда. “Довюраклар” гуруҳи сурати

Улар ўзларини “Довюраклар” гуруҳи деб аташади – ПАУ (Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимояси альянси) раҳбари Елена Урлаева ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова бекорга бундай ном олмаганликларини ҳар куни исботламоқда. Улар узоқ туманларга йўл олиб, у ерда сўкиниш билан қарши олиниб, ҳибсга олиш, тинтув ва ҳақоратларга учрамоқда. “Довюраклар” таслим бўлмасдан, турли вилоятларнинг далаларига чиқмоқда. Бундан мақсад, жаҳон ҳамжамияти, Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилотига Ўзбекистон ҳукуматининг ёлғон гапираётганини исботлашдир. Мажбурий меҳнатдан воз кечилгани ёлғон гаплигини, мамлакат фуқаролари ватанпарварлик шиори остида қулларча меҳнатга мажбурланаётганини ошкор қилишдир.

Урлаева ва Эшонқулова оддий далил-исбот йиғиш, яъни теримчилар билан суҳбатни ёзиб олиш ва суратга олиш йўлида ҳақиқатан ҳам ҳаётини хавф остига қўймоқда. Ўзлари учрашган ёки теримчилар гапириб берган одамларнинг исм-фамилияларини ўз хабарларида келтиришади, аммо биз уларнинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан исмларни ошкор қилмаймиз.


Малоҳат Эшонқулова суҳбатдошларининг исмларини ёзиб олмоқда

Бу йили Тошкент, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида бўлган “Довюраклар” 12 октябрда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманига бордилар. Бу туман далаларида врачлар, ўқитувчилар, талаба ва коллеж ўқувчиларини учратишди. Уларни асосий мажбуриятларини ташлаб, пахта теримига чиқишга мажбурлашган. “Довюраклар”нинг таъкидлашича, Пастдарғом туманида Жаҳон банкининг лойиҳалари амалга оширилмоқда. Барча тендер ҳужжатларида эса болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тақиқланган. Шунга қарамасдан, далаларда юзлаб киши мажбуран ишлатилмоқда.


Бу ерда теримга келган педагоглар яшайди

“Довюраклар” хабар беришича, келган теримчилар мактаб биноларида ва маҳаллий аҳолининг уйларида яшашади, бунда уй эгаларининг рухсати сўраб ўтирилмайди. Масалан, Навоий совхозининг Кавон қишлоғида яшовчи Б. исмли аёлнинг уйида бир ойдан бери Самарқанд шаҳридаги Сиёб қурилиш коллежининг 11 нафар ўқитувчиси яшамоқда. Уй бекасининг ҳуқуқ ҳимоячиларига шикоят қилишича, улар билан битта хонада ётишга мажбур, улар электрга ҳам, газга ҳам пул тўламайди. Б.га кўра, қишлоқда табиий газ йўқ, уни баллонда сотиб олиш керак, бир литри 2800 сўм туради (расмий курс бўйича $1 атрофида, “қора бозор” курсида $0,4).


Теримчилар билан суҳбат

А. ва С. ларнинг уйида эса ўша коллеждан ўнтадан ўқитувчи яшайди. 2016 йилнинг 15 сентябридан бери Кавонда жами 300 тача ўқитувчи яшамоқда.

Навоий совхозининг Қорақипчоқ қишлоғидаги 34-мактабда Самарқанддаги биринчи давлат академик лицейи ва Боғишамол лицейининг ходимлари яшамоқда. Айрим ўқитувчилар хонадонларда яшамоқда. Далада саноат коллежининг ходимлари ҳам учради.


Тушликка танаффус

“Довюраклар” келган теримчилар ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашибгина қолмасдан, уларга мажбурий меҳнатнинг тақиқлангани тўғрисидаги варақаларни ҳам тарқатишди.

“Олдинроқ режа 70 килограмм эди, ҳозир тўртинчи терим кетмоқда. Далада пахта қолмаган. Шунинг учун ҳозирги режа бир кунга 20 килограмм. 20-30 килограммдан теряпмиз», - дейди иккита теримчи. Уларни Самарқанддаги биринчи давлат академик лицейининг ўқитувчилари кунига 20 минг сўмдан (расмий курсда $6,6) ёллашган экан.


Тушликка танаффус

Илгари Будённый совхози деб аталган Тоскултон маҳалласига ҳуқуқ ҳимоячилари тушдан сўнг етиб келишди. Дала ёнидаги йўл бўйида Самарқанднинг спорт коллежи, молия ва бошқа коллежлари ходимлари тушлик қилиб ўтиришган экан. “Довюраклар” улар билан суҳбат қуришди.

Тоскултоннинг 105-мактабида 13 сентябрдан буён Пастдарғом тумани политехник ва педагогик коллежларининг ўқувчилари яшамоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ёшлар билан мулоқот қилиб, мажбурий меҳнат тақиқлангани ҳақидаги варақаларни тарқатишди.


Коллеж ўқувчилари шу ерда яшайди

Шароф Рашидов номидаги совхозга қарашли Галапат қишлоғидаги хонадонларга Самарқанд туманининг 2-, 3- ва 6-мактабларининг ўқитувчилари жойлаштирилган. Пахта штаби ҳам хонадонда жойлашган. Пастдарғом туманининг айрим педагоглари Бухоро трассаси бўйида жойлашган коттежларда тунашади.


Қизлар пайпоқ қуритмоқда

Ҳуқуқ ҳимоячилари Галапатдаги бир хонадонга кириб, ҳовлида бир нечта ёш ўқитувчиларни кўришди. Эндигина гаплашмоқчи бўлганларида чикаридан Гуля исмли аёл чиқиб келди. У 2-мактабнинг директори экан. У ўқитувчиларга ҳуқуқ ҳимоячилари билан гаплашишни қатъиян тақиқлаб, Елена билан Малоҳатга юзланди: “Сизлар раҳбариятдан рухсат сўрадингизми? Мени бошлиқларим бор. Гўзалкент марказида штабимиз бор. Биздан интервью олиш ёки факт йиғиш учун улардан рухсат сўрашингиз керак. Раҳбарият маъқул топса, ўшанда бажонидил ҳамма саволларингизга жавоб берамиз”.


Коллеж ўқувчилари билан суҳбат

Кейин мактаб директори штабга қўнғироқ қилиб, хабар берди: “Шоҳрух, иккита аёл келди. Биздан интервью олишмоқчи. Хабарингиз борми?” Суҳбатдоши гўшакни ҳуқуқ ҳимоячиларига беришни сўради. Малоҳат Эшонқулова телефонни олиб, ўзини ва Елена Урлаевани таништирди. Шоҳрух: “Ҳозир сизга телефон қиламан” деб, ўчириб қўйди. Мактаб директори районо мудирига қўнғироқ қила бошлади. У интервью бергиси келмаётганди, аммо негадир ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам кетказмасдан, ушлаб туришга ҳаракат қиларди. Аммо Урлаева ва Эшонқулова йўловчи машинани тўхтатиб, кетишга улгуришди.


Бошқа бригадада тушлик

Улар Галапат қишлоғининг 71-мактабига етиб келишди. У ерда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг (СамДУ) бир нечта факультети талабалари бор экан. Аниқланишича, талабалар фақат бу мактабда эмас, балки хонадонларда ҳам яшаётган экан. Улар теримга 2016 йил 15 сентябрда келишибди.


Талабалар

Ўқитувчи ва талабалар Кўксой, Қурилиш ва бошқа қишлоқларда ҳам пахта термоқда. Шароф Рашидов совхози Гумбаз посёлкасида эса деярли бир ойдан бери самарқандлик врачлар тунаб, пахта термоқда, пастдарғомлик врачлар эса қўшни қишлоқда ишламоқда.

Илим қишлоғида 15 сенябрдан буён Самарқанд шаҳар 4-поликлиника ходимлари – юзтача одам пахта термоқда. Улар ҳам бошида кунига 70 килограммдан пахта топширишга мажбурланган, ҳозирги норма эса 20 кило. Далада пахта деярли қолмагани учун врачлар, ўқитувчилар, талабалар ва коллеж ўқувчилари тўрт-беш килодан термоқда.


Теримчилар ва ҳуқуқ ҳимоячи

Тез орада Ўзбекистонда пахта терими кампанияси тугайди. Теримчиларни, яъни асосан давлат ташкилоти ходимларини уйларига олиб бориб ташлаб, кейинги пахта мавсумигача унутишади. Аммо “Довюраклар” ҳар йили олаётган суратлар ҳужжат сифатида қолади. Бу суратлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги қандай бошқарилиши, расмийлар одамларни қай тарзда ишлатиши, ҳеч қандай жавоб қайтаролмай, тақдирга тан берган одамларни қандай хўрлашига ёрқин далил-исбот бўлиб қолади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама