18:15 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

19.10.2016 13:08 msk

Фарғона

2016 йилнинг тўққизинчи октябрида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига тушган шикоятда қилинишича, Тошкентдаги 2-болалар хирургия шифохонасининг марказлашган стерилизация бўлимида тиббиёт бикслари (қутилари) мажбурий стерилизациянинг барча босқичларидан ўтказилмаётган экан, бунинг натижасида ВИЧ/ОИТС, “С” гепатити сингари хавфли инфекцияларнинг тарқалишига шароит яратилмоқда.

Бу шикоят клиника ходимларидан порталга тушган биринчи шикоят эмас экан. Биринчиси интернет-қабулхонага биринчи октябрь куни берилган экан. (Шу ўринда айтиб ўтайлик, биринчи шикоят 4436-рақам остида рўйхатга олинган, 9 октябрдагиси эса 11.695-рақамда. Яъни бир ҳафта ичида президент в.б. виртуал қабулхонасига етти мингдан ортиқ шикоят тушган).

“Тўртинчи октябрдаёқ шифхонага комиссия келди. Таркибида ССВ, ШССБ, туман санэпидстанция ва 4-шаҳар инфекцион шифохона вакиллари бор эди. Буни шикоятга шу заҳоти реакция деса бўлади. Аммо ҳақиқий айбдорларни топиш ва уларга нисбатан маъмурий (аслида бу жиноий иш) жазо чоралари кўриш ўрнига, текширувчилар дарров муаммони ошкор қилмасдан туриб бости-бости қилиш ҳақида гаплаша бошлашди. Чунки бош врач жабр кўриши мумкин экан, шифохона ёпилиши, одамлар ишсиз қолиши мумкин экан… Асосий муаммо бўлган болаларнинг хавфсизлиги иккинчи даражали масалага айланди!” – деб аччиғини яширмайди клиникадаги манбамиз.

Комиссия аъзолари бўлган воқеаларни “менталитет” билан изоҳлаганига ҳамма ҳайрон қолди. Жанжалнинг асосий айбдори, МСБ ходимларидан бири Шаҳноза Эргашевани жимжитгина ишдан ҳайдашга ваъда беришди. Уни бўлимнинг бошқа ҳамширалари билан бирга шаҳар бошқармасига аттестацияга чақирадиган бўлишди (номақбул ходимларни йўқотишда аттестациядан фойдаланилишининг кутилмаган исботи бўлди буниси). Аммо МСБ бўлимининг бошқа ходими – Камола Рўзиева томонидан шифохона бош врачи Дониёр Собиров номига ёзган рапортини ўқиган текширувчилар қандай қилиб ўзларини босиб турганига ҳайрон қоласан.

Рапорт матнига кўз югуртиришнинг ўзиданоқ этинг жимирлаб кетади: “Ювиш ва стерилизация қилиш воситасини тайёрлашда ишлатиладиган пергидролнинг аксарият қисми аптекадан олиниши биланоқ канализацияга тўкиб ташланади. Пробани аниқлашга мўлжалланган спирт, стерилланган қўлқоп ва анестезиологик асбоблар учун дока умуман ишлатилмайди, уларни бўлимнинг катта ҳамшираси билан айрим ходимлар ўзларига олишади. Анестезиология, клиника (клиник лаборатория назарда тутилган шекилли. – муаллиф изоҳи), биохимия сингари бўлимлардан олинган бикслар (стерилизация қилинадиган асбоблар солинадиган идиш. – муаллиф изоҳи.) ишлов бериш учун автоклавга юкланмайди”.

Матн давомида муаллифнинг шикоят қилишича, МСБ бўлимида хлор мутлақо ишлатилмайди, гипохлорид эритмаси ҳам унитазга тўкилади. Аммо Шаҳноза Эргашева камёб тиббий ускуналар ва операция игналарини бошқа бўлимлардаги ҳамшираларга сотади, деб ёзади Рўзиева…

Ҳайдалса ҳам ишлаб юрибди

Президент в.б. виртуал қабулхонасига келган шикоятдан 2-хирургик шифохонанинг кўпчилик ходимларини ларзага солди. Улар бу виждонсиз стерилизаторларни қатъий жазолаш кераклигини очиқ-ойдин айтишди. Чунки шикоятда айтилган вазият бу ҳақиқий диверсия бўлиб, яна энг ожиз контингентга – болаларга қарши йўналтирилган.

“Бир воқеани дарҳол эсладик: битта беморимизда (у ҳозир 15 ёшга тўлган) ВИЧ-инфекция аниқланган, у тўрт ёшлигида бизнинг шифохонада ётган эди. Ўша пайтда стерилизация бўлимида ҳозирги бригада ишламаётган эди, аммо касаллик юқиши қачон ва қай тарзда бўлган, бунақа қоидабузарликлар қачондан бери содир этилмоқда, буларни қаердан биламиз? Энди аниқлаб ҳам бўлмайди. Ундан ташқари оғир инфекциялар тушган ҳолатлар бўлувди – биз ахир қон билан ишлаймиз. Болалар бизнинг шифохонада касаллик юқтирмаганига кафолат борми?” – деб савол беришади “Фарғона” суҳбатдошлари.


Камола Рўзиеванинг шикояти

Аниқланишича, бош врач Дониёр Собировга шу мазмунда бир нечта шикоят тушган экан: 2016 йил 8 июнида, 14 июнда, 15 сентябрда, 18 сентябрда... Яъни ходимлар чидаб бўлмас қоидабузарликларни бас қилиш мақсадида раҳбарият эшигини қоқишдан тўхтамаган. Аммо ҳамма шикоятлар ётибди, бош врач улар юзасидан чора кўришга шошилмаяпти. Айтишларича, бунинг сабаби шу эмишки, Эргашева клиника раҳбарининг унча-мунча ножўя ишларидан хабардор эмиш. Раҳбарни айримлар “Казанова” деб ҳам атайди.

Буни бошқача изоҳлаб ҳам бўлмайди, чунки Рўзиеванинг рапортидан кейин бу аёл ишдан ҳайдалган ва меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилган бўлса ҳам, ҳеч нарса бўлмагандай ишлаб юрибди. Бунинг устига юқори тиббиёт маҳкамаларидаги Эргашеванинг ҳомийлари бу ёзувни бекор қилишни талаб қилишмоқда. Бу борада ҳеч қандай ёзма буйруқ ёки фармойиш бўлмаган бўлса ҳам.

Шуни ҳам назардан четда қолдирмаслик керакки, Шаҳноза Эргашева МСБ бўлимидан олдин бу шифохонанинг бошқа кабинетларида, яъни стоматология ва физиотерапия кабинетларида ҳам ўзининг бир пулга қиммат мутахассислигини кўрсатиб бўлган, ундан зўрға қутулишган эди.

Аёллар ғийбатими?

Комиссия келган куннинг эртасигаёқ бўлиб ўтган йиғилишда Собиров ҳеч қандай жиддий нарса содир бўлмаганини айтиб, клиниканинг кўпгина виждонли ходимларининг ғазабини келтирди: “Бу шунчаки аёллар ғийбати – иккитаси уришиб қолибди, шунга жаҳл устида ёзиб берибди”. Бор-йўғи шу! Аммо бу клиниканинг айрим ходимлари ўз касбига лойиқ эмаслиги юзасидан биринчи шикоят эмаслиги, унинг столида ҳам анчаси йиғилиб қолгани ҳақида миқ этмади.

Томдан тараша тушгандай, Собиров барча бўлимларнинг катта ҳамширалари навбатма-навбат МСБ ишини кузатиши кераклиги ҳақида оғзаки буйруқ берди. Врачлар ва бўлим бошлиқларининг эътирозига қулоқ солмади. “Ишимиз бошдан ошиб ётибди” деган эътирозлар ҳам, ходимлар етишмаётгани (бир қисми пахта теримида) ҳам инобатга олинмади.

Еттинчи октябрда маълум бўлишича, Камола Рўзиева раҳбариятга тушунтириш хати ёзиб, Эргашева билан стерилизация бўлимидаги ходимларнинг ишига билдирган эътирозлари шунчаки шахсий араздан келиб чиққан тўқима деб атаган. Бу тушунтириш хатини раҳбариятдан бошқа ҳеч ким кўрмаган: уни дарҳол шаҳар бошқармасидаги кураторга юборишган.

Аммо бир ҳолатга эътибор қаратиш лозим: сўралган жойга ҳужжатнинг нусхаси жўнатилади, оригинали эса бош врачда сақланиши керак. Аммо бу ноқулай ҳодисани тезроқ ёпди-ёпди қилиш учун Собиров бу қоидага амал қилмай қўяқолган шекилли.

Клиникада ички сирларни ошкор қилишга журъат қилган Рўзиевани мажбуран фикридан қайтаришди, деган гаплар юрибди. Айтишларича, у тасодифан “тепадан” ўзига ўтказилаётган босим ҳақида гапириб қўйган, энди эса бу нозик масала юзасидан саволлардан қочиб юрибди.


Болалар шифохонасининг бошқа бўлимларида ҳам қоидабузарликлар аниқланган

Сўнгги воқеалар туфайли бир нечта савол туғилади. Биринчидан, Рўзиеванинг янги аризаси қайси санада ёзилган? Нега уни ҳеч кимга кўрсатишмаяпти? Агар тушунтириш хати 19 сентябрда, яъни рапорт топширилганидан бир кун ўтиб ёзилган бўлса, унда нимага клиника раҳбарияти комиссия келгунича икки ҳафта давомида “туҳматчи”га нисбатан чора кўрмаган? Агар ариза текширувчилар келганидан кейин ёзилган бўлса, битта муаллифнинг бир-бирига тескари маънодаги иккита аризаси орасида шунча узоқ муддат ўтганини қандай изоҳлаш мумкин? Нега шундай жўшқин характерли Шаҳноза Эргашева “доғ туширилган обрў-эътиборини” тиклаш учун “туҳматчи” ҳамкасбининг устидан прокуратурага арз қилмаган?

Ҳеч нарса ўзгармайдими?

Ўзини-ўзи ҳимоялаш мақсадида бош врач Собиров клиникадаги воқеалар юзасидан Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ёзган врачни ўнинчи октябрь куни хонасига чақирган. Қисқа суҳбатда у кўпчиликнинг тўғри фикрларига қулоқ солмаслигини билдирган: “Мени ҳайдалишимни хоҳлаяпсизми? Мениям оилам, иккита болам бор. Нима қилай, тепадан босим ўтказишаётган бўлса?!»

Клиникада тартиб ўрнатилишига ҳалиям озгина умид сақланиб қолмоқда – шифохонани текширув босиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент в.б. виртуал қабулхонасига такрорий мурожаатдан сўнг (9 октябрда) телефон оператори хабар қилган. Унинг таъкидлашича, олдинги инспекторлар гуруҳининг иши ҳам албатта таҳлил қилинади. Улар бемор болаларнинг хавфсизлиги эмас, асосан клиника раҳбарларининг лавозимини сақлаб қолиш ҳақида ташвишланишган.

P.S. Бу материални чоп этишдан олдин маълум бўлдики, 10 октябрдан Шаҳноза Эргашева режали ўқишга – малака оширишга жўнатилган. Шифохонада унинг иштирокида содир бўлаётган бундай бемаънигарчилик ортидан “малака ошириш” жумласи кинояга ўхшаб эшитилади.

Ўзбекистоннинг бўлажак президенти очган виртуал қабулхона ёрдам берармикан?

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги