21:00 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ўзгаришларга умид қилса бўладими?

16.10.2016 13:56 msk

Даниил Кислов

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг оғир хасталиги маълум бўлмасидан илгариёқ, у сиёсий саҳнадан кетганидан сўнг республикани нималар кутаётганига оид саволлар шарҳловчиларда кўп эди. Тошкентда сарой тўнтариши бўлиши мумкинми? Элитанинг очиқдан-очиқ кураши-чи? Революциялар, ислоҳотлар ёки бошқа туб ўзгаришлар-чи?

Айримларнинг Ўзбекистонда “туркман варианти” қўлланиши ҳақидаги фикрлари бир жойдан чиқарди. Мен ҳам худди шу пессимистлар гуруҳида эдим. Ҳокимиятнинг тинчгина ва беғалва тарзда худди шундай авторитар раҳбар қўлига ўтиши, “ҳокимият вертикали”нинг ва сиёсий бошқарув моделининг сақланиб қолишини кутардим. Аммо кўнглимнинг бир чеккасида ижобий ўзгаришларга умид ҳам учқунланиб турарди. Хўш, бугунги кунда, биринчи шахс алмашганига бир ой бўлгач, Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида нима дейиш мумкин?

Бу вақт ичида Ўзбекистоннинг янги президенти (узр, “президент вазифасини бажарувчи”) Шавкат Мирзиёев аслида жуда кўп нарсани амалга оширишга улгурди. Биринчи навбатда “кадрлар сиёсати” билан шуғулланиб, қувғиндаги икки-учта олий даражадаги амалдорларни сафга қайтарди, илгари “тақиқланган” юлдузларга эстрада саҳнасига қайта йўл очиб берди. Кимнидир Интерпол қидирув рўйхатидан олиб ташлади...

Қирғизистон билан чегарада жойлашган Ўнғартепа баҳсли ҳудуди атрофидаги муаммони “изга солди”, минтақадаги бошқа қўшнилар – Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан илиқ суҳбатлашди.

Милиция тўғрисидаги узоқ кутилган қонунни, фуқаролик ҳақидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни имзолади, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни тезкор тайёрлашги топшириқ берди. Фуқароларнинг шикоятлари учун виртуал қабулхона очди, бу қабулхонага йигирма мингдан ортиқ шикоят келиб тушганмиш. Навбатдаги амнистия ҳақида низом ишлаб чиқишни буюрди...

Бу фактлар Ўзбекистонда “илиқлик” бошланганидан далолатми? Мамлакат янги раҳбарининг бир қарашда ёрқин бўлиб кўринаётган бу амаллари келгусидаги ислоҳотлардан дарак берадими? Албатта йўқ.

Шуниси тушунарлики, бу шунчаки сайловдан олдинги кураш бўлиб, янги раҳбар қудратли ва журъатли, режали ва замонавий, адолатли ва шафқатли эканлиги ҳақида “шаҳарга ва дунёга” юборилган хабардир. Бу баландпарвоз телевизион нутқлар шунчаки ҳақиқий ҳаётнинг ёқимсиз манзарасини беркитиш учун қилинмоқда – бу ҳаёт пахта далаларидаги қуллар меҳнати, цензуранинг кучайиши, “диндор”ларни ва ҳар қандай ўзгача фикрлиларни таъқиб қилишнинг давом этиши ва ҳаммага маълум коррупцияда ўз аксини топган.

Аммо гап бунда ҳам эмас. В.Б.нинг фаоллиги шундан гувоҳлик берадики, битта президент кетиб, иккинчиси келгани билан давлатни бошқариш тарзи умуман ўзгармади. Мамлакат президенти вазифасини бажарувчи ва бир пайтнинг ўзида бош вазир Мирзиёев бугун Ислом Каримовнинг айни нусхасидир. У ҳам “янада юксалтириш мақсадида...” янгидан-янги фармойишлар чиқаришни севарди, ўзи вазирлар маҳкамасининг раиси бўлмаса ҳам, ҳукумат номидан ҳам фармойиш чиқараверар эди.

Ислом Каримов бир рамз бўлиб, унда мамлакатнинг бутун олий ҳукумати мужассамлашган эди. Керак бўлса, Каримов узоқ вақт Ўзбекистоннинг ягона мафкураси, жамиятнинг “бошқарувчи ва йўналтирувчи” кучи бўлган. У ўз-ўзига Марказий Қўмита ва Политбюро эди.

Мирзиёев бугун худди шундай “бор-йўғимиз”га айланиб бормоқда. Бугунги кунда ҳам мамлакатда янги давлат раҳбаридан бошқа таниқли сиёсатчи умуман йўқ. Президент сайловларида ҳақиқий рақобатчилар йўқ – ҳаммаси ўша қўғирчоқ партияларнинг мужмал бажарувчилари бўлиб, фақат энди улар бошқа қўғирчоқбознинг қўлидаги қўғирчоққа айланишди.

Каримовнинг мухлислари унинг хизматларидан бири сифатида ўз шахсига сиғинишга йўл қўймаганини айтишади. Бунга қўшилмайман, сабаби эса қуйидагича. Шахсга сиғиниш, умуман олганда, кўчадалардаги портретлар ва майдонлардаги тилла ҳайкаллардагина ўз ифодасини топмайди. Шахсга сиғиниш – бу мамлакатда битта одамнинг шак-шубҳасиз авторитети ўрнатилади, қолганлар эса оёқ остидаги чиқиндилардир. Ҳеч қандай туб ислоҳотлар кўринмаяпти, президент эса жамиятга суякни ташлагандай, навбатдаги фармойишни ташлаб, эртанги кун кечагидан яхшироқ бўлишини уқтирмоқда. Газетадаги ҳар бир мақолада “доно раҳбарият” ва “узоқни кўра билувчи сиёсатчи” ҳақидаги стандарт жумлалар янграмоқда. Мамлакатдаги ҳар қандай ўзгариш фақат шу “шахс”нинг рухсати билан бўлмоқда, қолган амалдорлар эса бирданига “ўз номзодини қайтариб олишди”.

Ўзбекистон олдингидай шунақа “қўлбола”, битта шахс бошқаруви остидадир. Олдингидай, фақат битта шахс нимага рухсат бериш-у, нимани тақиқлашни, кимни судлаш-у, кимга шафқат қилишни ҳал қилади. Туркманистонда, Сафармурод Ниёзов ўрнига Гурбангули Бердимуҳамедов келганида ҳам худди шу нарса бўлган эди. Бошида салкам “реформатор” деб аталди, мамлакатда ва хорижда унинг номи билан катта умидлар боғланди, аммо тезда диктаторга айланиб, олдингисидан ҳам баттарроқ ўзбошимчалик қилмоқда.

Ўзбекистоннинг янги юртбошисининг гапларида узоқ кутилган ўзгаришлар “белгиларини” кўриш мумкиндир, аммо бу мамлакат энди қайси йўналишда ривожланишини тушуниш учун биттагина аломат бор.

Агар мамлакат Конституциясининг қабул қилинганига бағишланган амнистияга биноан қамоқхоналардан барча сиёсий маҳбуслар ва журналистлар, барча айбсиз, ноҳақ қораланган ва сохта ишлар бўйича жазоланганлар озод этилса, янги ҳукумат эса аввалги режимнинг жиноятларини қораласа, шундагина ўзбек жамияти жиддий янгиланиш учун имкониятга эга бўлади.

Акс ҳолда ҳаммаси ўз ҳолича қолади. Вақтинчалик (сайловгача) ҳаммаси чиройли кўринишда бўлиб туради. Худди Туркманистондагидек бўлади, у ерда Ниёзов давридаёқ қамалган одамлар – амалдор ва журналистлар, сиёсий рақиблар ва зиёлилар қамоқда азоб чекмоқда.

Туркман Бердимуҳамедов ўз мамлакати сиёсий тизимининг реформатори сифатида тарихда қолиш имкониятини қўлдан чиқарди. Ўзбек Мирзиёевда ҳали имконият бор. Аммо улар сўниб бормоқда.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама