05:09 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президенти қанақасига сайланиши керак ёки “Юртбошининг руҳи” шод бўладими

27.09.2016 15:11 msk

Фарғона

Бош вазир Шавкат Мирзиёквни Ўзбекистон презимденти вазифасини бажарувчи лавозимига тасдиқлаш жараёнида Ўзбекистон расмийлари жаҳон ҳамжамияти олдида ўзини оқлашга ҳамда бу каби қарор Конституцияга зид келмаслигини юридик жиҳатдан далилларни келтириб асослаб беришга мажбур бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Конституциясининг 86 моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланиши керак эди. Бироқ кўпчиликка танилмаган бу сиёсатчи давлат бошқарувида тажрибаси етарли эмаслигини сабаб қилиб кўрсатди ҳамда президентлик ваколатларини ўз зиммасига олишдан бош тортди. Ушбу ҳолат депутатлар ва сенаторларни асло ташвишга солмади. Улар ўша заҳотиёқ олий лавозимни бош вазирга топширишни қонунийлаштириш учун бу каби ғайриоддий вазиятдан олиб чиқадиган йўл топдилар.

Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлиси Мирзиёевнинг тахтга чиқиши учун “юридик асос” яратиб беришга бағишланди. Ниғматилла Йўлдошев “самотвод”га ариза берганидан сўнг йиғилишда қуйи палата раиси, парламентдаги барча партиялар етакчилари, вилоят ҳокимлари, оддий депутатлар ва сенаторлар узундан-узун нутқларни сўзлаб, “оғир жудоликдан” қанчалик қайғураётганлари, қабул қилинаётган қарор мамлакат тақдирида ўта муҳим роль ўйнаши ҳақида деярли бир хил гапларни гапирдилар. Сўзга чиққанларнинг ҳар бири амалдаги бош вазир Шавкат Миромонович Мирзиёевга мақтовлар ёғдириб, бунақанги қийинчилик кунлари мамлакатни қутқариш учун давлат раҳбари лавозимини фақат у эгаллашга муносиблигини қайта-қайта такрорладилар.

“Одам топилса бўлди, модда ҳам топилади”

Парламент мунозараларида юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини бошқариш органлари бўйича қўмита раиси Акмал Саидовнинг нутқи ҳамманинг диққат марказидан ўрин олди. Акмал Саидов БМТнинг қийноқлар олдини олиш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталари олдида мунтазаб равишда ҳисобот беравириб халқаро аудиторияга отнинг қашқасидек танилиб қолган. Ўзбекистонга қаратилган танқид сўззлари гўё резина копток каби Акмал Саидовнинг бетон пешонасига урилиб сапчиб кетади. Бунақа одам ўз ўрнида, айниқса мураккаб сиёсий вазиятдан чиқиб кетиш учун йўл топиб беришга доим тайёр.


2016 йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламенти йиғилишининг тўлиқ видеоёзуви

Ўзбекистоннинг бош ҳуқуқшуноси ўзининг нутқида президент ваколатларини бош вазир Шавкат Мирзиёевга юклаш учун етарли даражадаги асослар келтирганини иддао қилади. Аввалига Акмал Саидов конституциявий-ҳуқуқий жиҳатлар ҳақида сўз юритади.

“Мана шундай қарор қабул қилиш учун бизда ҳуқуқий, конституциявий асослар борми? Ман юрист сифатида айтмоқчиманки, мана шундай асослар бор.

Биринчи мана шундай асос бу конституциямизнинг 81 моддасини 9 қисмига мувофиқ, ҳамда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги конституциявий қонуни, Олий Мажлиснинг Сенати тўғрисидаги конституциявий қонунининг 11 моддасига асосан, Олий Мажлис палаталарининг келишувига биноан, биз кўраётган масала, яъни президент ваколатини вақтинча бериш масаласини қўшма мажлисда кўриш мумкин. Бу биринчи, ҳам конституция, ҳам конституциявий қонунларга асосан мумкин.

Иккинчи асос: конституциянинг 82 моддаси биринчи қисмига кўра, ОМ палаталари қўшма мажлисда биз кўраётган масала бўйича қарор қилиш ваколатига эга. Энди эса мана шу палаталар қабул қилган қарор эса норматив ҳуқуий ҳужжатлар тўғрисидаги қонуннинг 6 моддасига мувофиқ қонун мақомига эга. Бизнинг қароримиз қонун сифатида бўлади.

Яна битта учинчи асос: Сенат раиси президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча ўз зиммасига олмаслигини тақиқловчи бирор бир на конституциявий на ҳуқуқий чеклов, яъни ҳуқуқий норма йўқ. Бу Сенат раисининг эркин касб танлаш ҳуқуқидир. Бу асосий қонунимизнинг 37 моддасида мустаҳкамлаб қўйилган”.

Акмал Саидовга кўра, ушбу ҳуқуқий асосларнинг ўзи етарли. Бироқ у “ давр тақазоси бўлган муҳим сиёсий, ахлоқий маънавий бир асос бор, ман буни қуйидагича ифодалаган бўлардим”, дея сўзини давом этди.

“Президентнинг вазифа ва ваколатлари вақтинча зиммасига юклатилаётган шахс конституциямиз, қонунларимиз талабларига, қолаверса, бугунги кун тақозосига кўра, албатта ҳар томонлама кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, ҳаётнинг турли синовларида тобланган, кўпни кўрган, мамлакатимизда ривожлантиришда, йирик лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускор ва талабчан, ташкилотчи ва жонкуяр, масъулиятли ҳамда жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, энг муҳими, ҳар қандай вазиятда ҳам одамлар билан тил топишишга, обрў қозонишга қодир бўлган, етакчилик ва раҳнамолик қобилияти билан ажралиб турадиган, энг муҳими, ватанимизнинг чинакам ватанпарвари, миллатпарвари, юртбошимизнинг издоши, бардавом давомчиси бўладиган шахс бўлиши мумкин”.

“Шу нуқтаи назардан, - дея давом этади Акмал Саидов, - Шавкат Миромонович президентнинг ваколатларини вақтинча бажаришга қодир бўладиган муносиб номзод деб ҳисоблайман. Бунга ўзимнинг шахсий асосларим ҳам бор. Мен Шавкат Миромоновични қарийиб 30 йилдан кўпроқ биламан, хали олий ўқув юртидаги домлалик вақтларидан. Лекин 1990 йилдан бошлаб Шавкат Миромонович салкам 15 йил миллий парламентнинг аъзоси бўлган, мандат комиссиясининг раислари бўлган эди. Ўша вақтда халқ депутатларининг, унинг сайланган ваколатини ким берарди десангиз, мандат комиссияси тасдиқларди. У вақтида сайлов комиссияси йўқ эди. Мен унинг Олий Мажлис депутатларини ваколатларини танлаш бўйича маърузаларини ўн мартадан ортиқ эшитганман. Шу нуқтаи назардан Шавкат Миромонович қонун ижодкорлиги, қонунни қандай тайёрлаш, қандай қабул қилиш икир-чикирларининг ҳаммасини билади.

Иккинчидан, Мирзиёев юртбошимиз бошчилигида Ўзбекистон Республикасини яратиш жараёнида бевосита иштирок этган.

Учинчидан, Мирзиёев ижро ҳокимиятининг энг қуйи поғонасидан – туман ҳокими, вилоят ҳокими ва то энг олий – бош вазир лавозимигача фаолият кўрсатганлар.

Тўртинчидан, Мирзиёев мустақиллик йилларида юртбошимизнинг оламшумул бунёдкорлик сиёсатини рўёбга чиқаришда бутун мамлакатда амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишларини бошида турибдилар.

Шавкат Миромонович, мана шу минбардан туриб юртбошимиз сизни халқ вакилларига тўрт марта тавсия этганлар. 2003 йил, 2005 йил, 2010 йил ва 2015 йилда сизнинг номзодингизни депутатлар ва сенаторларни қўллаб қувватлашни илтимос қилиб мана шу ерда айтган эдилар.

Тўрт маротаба халқ вакиллари сизни номзодингизга ишонч билдириб қўллади. Бугун афсуски юртбошимиз йўқ. Лекин халқ вакиллари, ҳам депутатлар, ҳам сенаторлар сиздан битта нарсани илтимос қилишяпти. Шу юртбошимиз бошлаган ислоҳотларни барджамом давомчиси сифатида Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатларини вақтинча бажариш вазифасини олишнии илтимос қилишяпти.

Ман ўйлайманки, шу вазифани зиммангизга олсангиз, юртбошимизни руҳлари ҳам шод бўларди. Улар “мен бошлаган ишларим ишончлик қўлларга етиб борди” деган бўлардилар.

Шундай масъулиятли ишларда Оллоҳни ўзи сизни қўлласин! Азиз-авлиёлармизнинг руҳлари қўлласин!

Шавкат Миромонович зиммасига президентнинг вазифасини вақтинча юклатиш тўғрисидаги таклифни қўллаб қувватлашингизни илтимос қиламан”.

Нақ арвоҳлардан мадад сўрашнинг ўзи бўлди-қолди.

Президент ваколатларини бош вазирга топшириш: Акмал Саидов таҳлилларига шарҳлар.

Кузатувчилар Акмал Саидовнинг далил ва дастакларини жуда заиф деб топдилар. Келинг, Ўзбекистонда ҳокимият тизгинларини конституцияга зид равишда топшириш бўйича амалга оширилган ҳаракатларнинг қанчалик қонунийлиги кўриб чиқайлик. Хусусан, Ташаббус ташкилотининг мустақил юристлари келтирган ҳуқуқий таҳлилни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг қўшма мажлиси қарорига биноан Президент вазифа ва ваколатларини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Ўзбекистон Консвтитуциясининг 96 моддасига мувофиқ президент ўз вазифасини ўтай олмаган ҳолларда унинг вазифасини вақтинча бажариш Сенат раиси зиммасига юклатилиши керак. Презиен вазифасиини ўташи керак бўлган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ушбу вазифани бажара олмаслигини айтиб, Шавкат Мирзиёев номзодини таклиф этди. Мазкур таклиф 8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан маъқулланди ва Президентнинг вазифа ва ваколатларини бажаришни Бош вазир зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов Олий Мажлис Сенатининг раиси президент вазифасини бажариш мажбуриятини ўз зиммасидан соқит қилиши, бу вазифа ва ваколатларни Бош вазир зиммасига вақтинча юклашни сўраши қонунийлигини ёқлаб фикр билдирди. Ўз фикрини асослаш учун Акмал Саидов бешта асосни келтирди. Қуйида мазкур асосларга ҳуқуқий баҳо берилади.

1) Акмал Саидовнинг биринчи асоси: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ҳар қандай муҳим масалалари юзасидан ўтказилиши мумкин. Профессор Акмал Саидов Конституциянинг 81 моддасига таяниб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг “ҳар қандай муҳим масалалари юзасидан ўтказилиши мумкин”, дейди. Конституциянинг 81 моддасини бундай талқин қилишда мазкур молдда маъносидан жиддий чекланиш мавжуд. Ушбу модданинг 9-хатбошисида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин”. Демак, Конституциянинг 81 моддаси қўшма мажлисларда “ҳар қандай” муҳим масалани кўриб чиқишни назарда тутмайди, балки “бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин” дейди. Қолаверса, уқуқий нуқтаи назардан “ҳар қандай муҳим масала” билан “бошқа масалалар” орасида катта фарқ бор бўлиб, давлат ҳокимияти бўлиниши тамойили ҳеч қайси ҳокимиятга “ҳар қандай масалани” кўриб чиқиш ваколатини бермайди (бу ҳақда қуйида алоҳида тўхталиб ўтамиз). Конституциянинг 81 моддасида ҳақли равишда Қонунчилик палатаси ва Сенат “бошқа масалаларни” ҳам кўриб чиқиши мумкин эканлиги айтилади. Мазкур ҳолатда “бошқа масалалар” тушунчасининг қамрови Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг умумий ваколатлари доирасида талқин қилишни талаб этади. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг умумий ва мутлақ ваколатлари Конституциянинг 78, 79 ва 80-моддалари билан белгиланган. Демак, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ҳар қандай муҳим масалаларини эмас, балки ўз ваколатларига кирувчи бошқа масалаларни кўриб чиқиши мумкин.

2) Акмал Саидовнинг иккинчи асоси: Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қарор қабул қилиш ваколати амалдаги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган. Палаталарнинг қўшма мажлисида муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўшма қарорлар қарор қабул қилинади.

Мазкур асос нимани исботлашни мақсад қилганини тушуниш қийин. Зеро, Олий Мажлис палаталарининг қарор қабул қилиш ваколати, қабул қилинган қарорларнинг қонуний кучга эга ёки эга эмаслиги баҳс мавзуси эмас. Жамоатчилик мазкур органларнинг қарор қабул қилиш ваколатига шубҳа билдираётгани йўқ.

Жамоатчилик мазкур органлар қарор қабул қилиш ваколатига эга эканлигини савол остига олаётгани йўқ. Жамоатчиликнинг норозилиги Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳиятига қаратилган бўлиб, иккинчи асос бу масалага ойдинлик киритмайди.

3) Акмал Саидовнинг учинчи асоси: Мураккаб вазиятларда Сенат раиси ўз вазифа ва ваколатларини қабул қилишдан бош тортганда парламент унга мазкур вазифа ва ваколатларни мажбуран юклаш ҳуқуқига эга эмас. Парламентнинг бундай ҳаракатлари шахснинг ўз иродасини эркин намоён этиш ва мақбул фаолиятни танлаш борасидаги ҳуқуқларига зид. Акмал Саидов учинчи асосни ёритишда икки тезисни илгари суради. Мазкур икки тезисни алоҳида кўриб чиқамиз. Мураккаб вазиятларда Сенат раиси ўз вазифа ва ваколатларини қабул қилишдан бош тортганда парламент унга мазкур вазифа ва ваколатларни мажбуран юклаш ҳуқуқига эга эмас. Парламентнинг бундай ҳаракатлари шахснинг ўз иродасини эркин намоён этиш ва мақбул фаолиятни танлаш борасидаги ҳуқуқларига зид.

Ҳуқуқий таҳлил жараёнида «мураккаб вазият» каби ҳуқуқий негизи бўлмаган, ўта мужмал тушунчаларга асосланмаслик мақсадга мувофиқ. Чунки қайси вазият мураккаб, қайси ҳолатлар одатий ёки ўртача мураккаб деб топилиши, мураккаблик даражасини ким белгилаши каби масалаларга жавоб топишнинг имкони йўқ. «Мураккаб вазият» каби мужмал тушунчалар асос қилиб олинганда, вазият қандайлигидан қатъи назар, амалдаги қонунларни бажармаслик, четлаб ўтиш ёки бузиш учун қулай замин яратилади.

Конституция ва амалдаги қонунларни тўлиқ ва аниқ бажаришга нисбатан баъзи чекловларни жорий этишга фақат фавқулодда ҳолат эълон қилинганда рухсат берилади. Бундай ҳолатларга қуролли можаролар, агрессия хавфи, фуқаролик уруши, қуролли намойишлар, табиий офат кабилар киради. Ўзбекистонда мазкур ҳолатлардан биронтаси мавжуд эмас.

Акмал Саидов ҳақли равишда ҳеч ким ўз хоҳиш-истакларига қарши ишлашга мажбурланмаслиги кераклигини айтади. Тўғри, чопиқ ёки пахта теримига ҳеч ким мажбуран юборилиши мумкин эмаслиги каби ҳеч ким Сенат раислиги вазифасини бажаришга мажбурланмаслиги керак.

Аммо бу ерда масаланинг моҳияти раиснинг ўз вазифасини бажаришга мажбурланаётганида эмас. Бирор киши давлат ҳокимияти вазифасини бажаришга тайинланганда у ўз вазифаларини тўлиқ бажара олиши назарда тутилади. Мансабдор шахс лавозимга тайинлангандан кейин келгусида қандай вазият келиб чиқишидан қатъи назар, ўз вазифаларини тўлиқ бажара олиш қобилияти ва тажрибасига эга эканлиги тушунилади.


Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасига – президент ваколатларини Сенат раисига ўтказишни кўзда тутувчи ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда

Бу масалада Конституция конкрет, ҳеч қандай шубҳа ёки қўшимча ҳуқуқий талқинни талаб қилмайдиган қоидани белгилайди. Конституциянинг 96-моддасига кўра, президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати Раисининг зиммасига юклатилади. Конституция “зиммасига юклатилади” дейиши орқали мажбурий қоидани белгилайди. Агар 96 модда ихтиёрий характерга эга бўлганда, қоида “Сенат раисига президентнинг ваколат ва вазифаларини бажаришни таклиф қилинади” ёки “Сенат раиси президент ваколати ва вазифаларини ўз ихтиёрига кўра қабул қилади” ёки бўлмаса “Сенат президент ваколат ва вазифаларини Сенат раиси зиммасига юклашни кўриб чиқади” қабилида ёзилган бўларди.

Демак, Констситуция бу масалада ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди – апмалдаги президент ўз вазифасини бажара олмаганда унинг вазифа ва ваколатлари Олий Мажлис Сенати раиси зиммасига юклатилади. Бордию, Ниғматилла Йўлдошев каби Сенат раиси Конституциянинг 96 моддасида белгиланган мажбуриятларни бажара олмас экан, у Сенат раиси лавозимидан ўз хоҳиши билан кетиши ёки ишдан олиниб, ўрнига қонунчиликда белгиланган бошқа шахс тайинланиши керак (бу ҳақда қуйида алоҳида тўхтаймиз).

Демак, шахс давлат ҳокимияти вазифасини бажаришга тайинланганда, у ўз вазифаларини тўлиқ бажара олиши назарда тутилади. Мансабдор шахс ўз вазифа ва ваколатларини бир қисмини қабул қилиб, қолган қисмини бошқа мансабдор шахсага топшириш ҳуқуқига эга эмас.

Сенат раиси вазифа ва ваколатларидан воз кечиши мумкин эмаслиги амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган. Ушбу тезис мумкинлик тамойилига, яъни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатни бажариш мумкин деган қоидага таянади.

Лавозимга тайинлангандан кейин келгусида қандай вазият келиб чиқишидан қатъи назар, ўз вазифаларини тўлиқ бажара олиш қобилияти ва тажрибасига эга эканлиги тушунилади. Мумкинлик тамойили шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий чегараларини белгилаб берадиган асосий ҳуқуқий тамойиллардан биридир. Мазкур тамойилга кўра, кишилар амалдаги қонун-қоидалар билан тақиқланмаган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатни бажаришлари мумкин.

Давлат шахсни фақатгина қонун-қоидаларда белгиланган ҳолатларни бузганлиги учунгина жавобгарликка тортиши мумкин. Масалан, шахс қизил рангли кўйлай кийиш, чой ичиш, сигарета чекиш, китоб ўқиш, велосипед миниш учун давлатдан рухсат олиши керак эмас. Аммо шахс жамоат жойларида яланғоч юргани, спиртли ичимлик ичгани, наша чеккани, жиноят содир этишни тарғиб қилувчи китобни ўқигани ёки велосипедни йўл қоидасига риоя қилмасдан ҳайдаги учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мумкинлик тамойили фақатгина шахсларга нисбатан қўлланиб, давлат органи ва мансабдор шахсларга нисбатан мазкур тамойилнинг тескариси қўлланади. Мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари рухсат тамойилига асосланади. Рухсат тамойилига кўра, давлат органлари ва мансабдор шахслар фақатгина ваколатлари доирасида, яъни амалдаги қонунчилик билан рухсат берилган хатти-харакатларнигина бажариши мумкин. Яъни Сенат раисининг ўз вазифа ва ваколатларини бошқа мансабдор шахс зиммасига топшириши қонуний бўлиши учун тегишли қонунчилик бундай ҳаракат қилишга аниқ рухсат бериши керак. Рухсат тамойили Конституция ва конституциявий қонунларда ўз аксини топган. Конституциянинг 7 ва 15 моддаларига биноан, давлат ҳокимияти Конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади ва улар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Олий Мажлис Сенати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўғрисидаги конституциявий қонунларнинг 3 моддасига кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколатлари фақат Конституция ва қонунлар билан белгиланган аниқ ваколатлар доирасида амалга оширилиши керак. Бундан ташқари, Конституциянинг 7 моддасига кўра, назарда тутилган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Демак, мансабдор шахс ўз вазифаларини фақат Конституция ва қонунлар белгилаган ваколатлар доирасида амалга ошириши керак. Сенат раисининг ўз вазифа ва ваколатларини бошқа мансабдор шахс зиммасига топширишига амалдаги қонунчлик рухсат бермайди.

4)Акмал Саидовнинг тўртинчи асоси: Конституция ва қонунларда Олий Мажлис Сенати ушбу вазифа ва ваколатларни қабул қилишдан бош тортган тақдирда, уларни кимга юклаш лозимлиги назарда тутилмаган. Мазкур асосни кўриб чиқишда ўқувчининг эътиборини яна Акмал Саидов қўллаган тушунчаларга қаратишдан бошлаш керакю. Амалдаги қонунчиликда “ваколатларни қабул қилишдан бош тортиш” деган ҳуқуқий тушунча мавжуд эмас.

Юқорида айтилгани каби, мансабдор шахс ё ўз вазифаларини тўлиқ бажара олади, ё бажара олмайди. Шахс мансабини эгаллаб турган ҳолда зиммасига тушган ваколатларнининг бир қисмини қабул қилиб, қолганларидан бош тортиши мумкин эмас. Ўз вазифаларини бажара олмаган мансабдор шахс лаёқатсиз ёки ноқобил ҳисобланади ва ўтаётган вазифасидан, яъни лавозимидан зудлик билан олиниши шарт.

Амалдаги қонунчилик бу масалада аниқ, ҳеч қандай қўшимча ҳуқуқий талқинга сабаб бермайдиган қоидаларни белгилаган. Ушбу ҳолатда Ниғматилла Йўлдошев президент ваколатларини вақтинча бажаришни уддалай олмаслигини билдирди, аммо истеъфо бермади. Ўз вазифаларини бажара олмайдиган Сенат раисини Сенат раислик вазифасидан четлатиши керак эди. Конституциянинг 86 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроқ овози асосида муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин. Сенат раиси ишдан олинганидан кейин унинг вазифаларини бажариш ўринбосарларидан бирига ўтади. Олий Мажлис Сенати тўғрисидаги конституциявий қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Сенат раисининг ўринбосарлари Сенат раиси йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини бажарадилар.

Мазкур қонуннинг 30 моддасига биноан эса, Сенат, унинг органлари ва мансабдор шахслари фаолиятининг тартиби Сенат Регламенти билан белгиланади. Бу дегани, 15-моддада назарда тутилган ҳолат рўй берганда, Сенат раиси ваколатлари унинг ўринбосарларидан бирига ўтказилиши керак.

Конституциянинг 11 моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти тизими — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойилига асосланиши белгиланган. Ҳокимият бўлиниши ҳар бир демократик давлатнинг асосини ташкил этади. Бунда қонун чиқарувчи ёки суд органи ваколатига кирадиган масалаларни ижро ҳокимияти кўриб чиқиш ваколатига эга эмас. Худди шу йўсинда, ижро ҳокимияти ваколатига кирадиган масалаларни қонун чиқарувчи ёки суд органлари бажариши мумкин эмас. Конституциянинг 76 ва 77 моддаларига кўра, Олий Мажлис олий давлат вакиллик органи сифатида бевосита халқ томонидан сайланиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Конституциянинг 98 моддасида Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Конституциянинг 10 моддасига биноан, Ўзбекистон халқи томонидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси эса ўз фаолиятида Олий Мажлис ва Президент олдида жавобгар (98-модда). Шу нуқтаи назардан таҳлил қилинганда 96-модданинг туб моҳияти намоён бўлади — халқ номидан иш олиб борувчи Президент ўз вазифаларини бажара олмаганда унинг ваколат ва вазифалари халқ номидан иш олиб бориш ваколатига эга бўлган иккинчи орган — Олий Мажлис зиммасига ўтади. Шу сабабли Олий Мажлис ўз ваколат ва вазифаларини ижро ҳокимияти аъзоси бўлмиш Бош вазирга ўтказиши мумкин эмас

5) Акмал Саидовнинг бешинчи асоси: Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисидаги қонуннинг 7 моддасига кўра, ҳар бир депутат ёки Сенат аъзоси, шу жумладан, Сенат раиси ҳам Қонунчилик палатаси, Сенатнинг мажлисида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича таклиф билдиришга, ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ҳақли. Мазкур асос ҳам иккинчи асос сингари мавзуга ойдинлик киритмайди. Жамоатчилик сенаторлар ва депутатларнинг ушбу ҳуқуқларини савол остига олаётгани йўқ, балки Сенат раиси ўз зиммасига Конституция ва қонунлар билан юклатилган вазифаларни бош вазирга ўтказиши конституцияга қанчалик мослиги билан қизиқмоқда. Бешинчи асос бу саволга ойдинлик киритмайди.

Юқоридаги таҳлил Олий Мажлиснинг бош вазирни президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисида қарор қилгани Конституция ва конституциявий қонунларнинг жиддий бузилиши эканини кўрсатади.

Хўш, бу ҳолатда ҳал қилувчи қарорни ким бериши керак?

Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокиимият ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган бу каби ҳолатлар давлат ҳокимиятининг учинчи мустақил бўғини бўлмиш суд томонидан ҳал этилиши лозим. Конституциянинг 106 моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақилдир.

Конституциянинг 108 моддасига кўра, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради. Конституциянинг 109 моддасига мувофиқ, Конституциявий суд қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент фармонлари ва бошқа ҳукумат ҳужжатларининг Конституцияга мослигини аниқлайди ва расмий шарҳ беради. Конституциявий суд ўз фаолиятини бошлаганига 20 йил бўлди. Мазкур муддат ичида у атиги 32 та (!!!) ҳуқуқий масала юзасидан қарор чиқарган (йилига ўртача 1,5 та қарор қабул қилинган). Ваҳоланки, юзлаб шарҳ талаб қиладиган қонун моддаларию, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларлар мавжуд. Масалан, “прописка”, ва “ОВИР” ҳақидаги ҳуқуқий меъёрлар Конституциянинг ҳар бир фуқаро бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистонга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга деб белгиланган қоидасига қанчалик мос? Ёки “ибодат либоси”нинг нима экани ва унинг Маъмурий кодекс томонидан тақиқланиши Конституция белгилаган виждон эркинлиги, фикр юритиш ва уни ифода этиш эркинлиги ҳуқуқига қанчалик мос? Ниҳоят, Сенат раиси ваколат ва вазифаларидан бир қисмини Бош Вазирга топшириши Конституцияга мосми? Конституциявий суд мақолада кўтарилган мавзуни эътиборсиз қолдирмаслиги керак ва агар масалани кўриб чиқадиган бўлса, юқорида муҳокама қилинган ҳолатларга эътибор қаратишини умид қиламиз”.

***

Конституциявий суд балиқ мисоли сукут сақламоқда. Унинг расмий сайтидаги материаллар сўнгги бор 2016 йил 16 июнь куни янгиланган. Афтидан, Мирзиёев ва унинг тарафдорлари томонидан Конституция моддаларининг бузилиши ҳақида у садо чиқармайди ҳам. Чунки одатда Ўзбекистонда давлат раҳбарининг ҳатти-ҳаракатлари шубҳа остига олинмайди. Республика президенти лавозимида айнан Мирзиёев қолиши аниқ бўлиб қолди. Давлат раҳбари лавозимига сайловлар имитацияси яхшилаб созланган сценарий остида ўтади, барча персонажлар – сайловчилар, номзодлар, Марказий сайлов комиссияси, ОАВ мўмин-қобил бўлиб ўзларига ажратилган иккинчи даражали ролларни ўйнаб берадилар. Ҳаммаси одатдагидек кечади.

Юртбошининг руҳи шод бўлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама