05:07 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Тошкент қачонгача индамай туради?

24.09.2016 05:29 msk

Феруза Жоний

Мамлакат расмийлари президент Ислом Каримовнинг аҳволи ҳақида расмий маълумот беришни истамай Ўзбекистон аҳолисининг ҳис-туйғуларини менсимаслиги жуда ажабланарли ҳолат бўлиб қолди. Аммо бу фақат ташқи кузатувчи учунгина ажабланарли. Аҳолига нисбатан бунақанги менсимаслик муносабатига одамлар ўрганиб қолганига исбот тариқасида шуни кўрсатиш мумкинки, ўзбекистонликлар расмийлардан ҳақиқатни ошкор қилишни талаб қилмай қўйишган. Бу мавзуга қизиқишини билдираётганлар, масалан, ижтимоий тармоқларда президентга қизғин муҳаббатини изҳор қилиш, унинг соғлиғи учун дуо қилиш билан чекланмоқда. Бундан ташқари, қандай бўлса ҳам маълумот олишга ва ошкор қилишга интилаётган ОАВ ва минтақа бўйича мутахассислар шаънига лаънат ёғдирмоқда.

Давлат раҳбарининг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг жимлиги ҳам ажабланарли. Асоссиз миш-мишлар тарқалмаслиги учун у отаси инсультни бошидан кечиргани ҳақидаги “Фарғона” хабарини тасдиқлади. Аммо нега асоссиз гаплар тарқалмаслиги учун отасининг ўлгани ҳақидаги фавқулодда хабарни тасдиқламаяпти ёки рад этмаяпти? Агар отаси тирик бўлса, нега қизи бу ҳақда жар солмаяпти? Қани қизларга хос тарзда: “нималар деяпсизлар, дадам тирик! Тилларингга чипқон чиқсин!” демаяпти? Бунақа қилишга ким ёки нима халақит беряпти? Севимли отасининг қучоғида расмга тушиб, ҳаммага кўрсатмайдими?

Ҳозирча фақат айрим шамалар, Ўзбекистон президенти девонидаги исми айтилмаган манбалар, шаҳар миқёсидаги амалдорлар баёноти бор холос, уларни ҳам фақат хорижий матбуот тарқатмоқда. Бундан ташқари, шу кунларда геморрагик инсультга чалинган одамдан катта табрикнома, рақам ва баёнотларга тўла матн…

“Фарғона” ёки бошқа мустақил ОАВлар аноним манбага таянишини тушунса бўлади: бу нашриётлар Ўзбекистонда тақиқланган ва уларга ҳеч ким расмий маълумот бермайди. Аммо ҳозир Ўзбекистон президенти ва ҳукумат матбуот хизмати, расмий ахборот агентликлари нима билан машғул? Жаноблар, қани расмий баёнотларингиз, далил-исбот ва суратларингиз? Нега 32 миллион аҳолини тинчлантирмайсизлар? Бу мавзу бутун дунёнинг диққат-эътиборида турганини эса айтиб ўтирмайлик.

Давлат раҳбарининг соғлиғи бу “privacy” эмас. Айниқса ҳокимият битта одамнинг қўлида жамланган мамлакатда. Бутун бир давлатнинг – давлатнинг! – тақдири яккаю-ягона одамнинг шахсияти ва фаолият юрита олишига боғлиқ. Унинг тақдири ҳақида эса ҳеч қандай аниқлик йўқ.

Тарихий ўхшашликлар

ОАВ жимжитлиги чўзилиб кетган вазиятда тарихдаги шу сингари ҳолатлар эсга тушади. Биринчи шахснинг ўлими кунлаб ёки ойлаб беркитиб келингани эсга тушади. Ҳайдар Алиев, Уго Чавес, Иосиф Броз Тито, қирол Фахд… Уларнинг тарихини қисқа келтириб ўтишдан олдин шуни айтиш керакки, уларнинг ҳақиқий ўлими санаси сир тутилгани ҳақида расмий хабарлар йўқ: расмийлар аҳоли олдида ўз обрўсини тўкишни истамайди. Шунинг учун мухолифатчилар ва четдаги нашриётлар берган маълумотларга таянишга тўғри келади.


Гейдар Алиев

Масалан, РБК Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев ҳақида ёзишича, унинг ўлими санаси расман 2003 йилнинг 12 декабри ҳисобланади, аммо Озарбайжон мухолифати вакилларига кўра у 30 июлдаёқ Туркияда вафот этган. Алиев охирги марта 2003 йилнинг 21 апрелида матбуотда чиқиш қилган. Расмий хабарларга кўра, ўшадан кейин у аввал Туркия, кейин Америка клиникаларида даволанишда бўлган. Peoples.ru нашрининг ёзишича, Алиев касалхона палатасидан туриб ўғли Илҳомнинг Озарбайжон парламенти томонидан бош вазир қилиб тайинланишига эришган. Октябр ойида давлат телевидениесида Ҳайдар Алиевнинг халққа мурожаати ўқиб эшиттирилган, унда у ўғли Илҳомнинг фойдасига сайловдан номзодини қайтариб олган. Кейин ўғли 15 октябрда президентлик сайловида ғолиб бўлди. Ўша 2003 йилнинг декабрида эса Ҳайдар Алиевнинг ўлими ҳақида расман хабар қилинди.


Уго Чавес

Венесуэла президенти Уго Чавеснинг собиқ қўриқчиси подполковник Леамси Саласар 2014 йилда АҚШга қочиб ўтган. Унинг маълум қилишича, Чавес расмий Каракас эълон қилганидек 2013 йилнинг 5 мартида эмас, балки 2012 йилнинг 30 декабри куни кечқурун вафот этган, деб хабар беради “Коммерсант” . Аллақачон ўлган Чавес икки ойдан ошиқ вақт ичида бир нечта муҳим буйруқ ва қонунларни имзолаган.


Иосип Броз Тито

“Дождь” нашриётга кўра, Югославия президенти Иосип Броз Титонинг ўлими 1980 йилда бир неча ой давомида сир тутилган. Охирги йилларда бу сиёсатчи оғир касал бўлган ва ўлишини сезиб, ўзига мавзолей қурдира бошлаган. Аммо қурилиш битмай туриб Броз Тито ўлиб қолган. Расмийлар мавзолей қурилиб битмагунича президент ўлимини эълон қилмай турган. Ўшандан кейингина унинг ўлими ҳақида хабар қилинган ва тантанали видолашув маросими ўтказилган.

“Википедия” маълумотларига кўра, 1980 йил февралининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида Титонинг аҳволи оғир деб ҳисобланган, 9 мартдан бошлаб — ўта оғир, 18 апрелдан — ҳаддан ташқари оғир, 22 апрелда — шок ва комада бўлган. 4 май куни эрталаб шифокорлар яққол юрак қон-томир етишмовчилиги ва юракнинг заиф ишлаши, кундузи эса ўлимни қайд этишган. Расмийлар бу ҳақда 5 май куни телевидение орқали хабар берган.


Фаҳд ибн Абдул Азиз Ас- Сауд

Саудия Арабистони қироли Фаҳд ибн Абдул Азиз Ас-Сауд 1995 йилда инсультга учраган ва кейинги ўн йил давомида унинг ҳаёти жамоатчиликдан пинҳон тутилган, деб эслайди Newsru.com. Мамлакатни унинг укаси Абдуллоҳ бошқарган. 2005 йилнинг 1 августида Фаҳднинг ўлими ҳақида эълон қилингач, тахт укасига мерос бўлиб ўтган. “Дождь” телеканали маълумотларига кўра, қирол Фаҳд апрел ойида комага тушган. Шундан сўнг шаҳзода Абдулла АҚШга бориб, кичик Жорж Бушга Саудия Арабистони нефт қазиб чиқаришни кўпайтиради, аммо нархини “чегарада” ушлаб туришга ваъда берган. Нефть ҳақида келишиб олган ва шундай иттифоқчига эга бўлган Абдуллоҳ акасининг ўлимини эълон қилиб, ўзи тахтга ўтирди.


Ким Ир Сен

“DP.Ru” маълумотларига кўра, КХДР етакчиси Ким Ир Сен икки марта “ўлган”. 1986 йилнинг ноябрида Жанубий Корея газетасининг ёзишича, Японияда Шимолий Корея етакчисининг ўлгани ҳақида гаплар юрибди. Ўша пайтда бу сингари ҳабарлар кўп бўлгани учун, бу янгиликка деярли ҳеч ким эътибор бермаган. Аммо эртаси куни чегарадаги Шимолий Корея динамикларидан одатдагича Ким Ир Сенни улуғлайдиган ҳикоялар ўрнига аввал маҳзун мусиқа қўйилган, кейин КХДР етакчисининг қисқа биографияси келтирилган. “Ким Ир Сен ҳалок бўлди. Раҳнамомизни отиб ташлашди. Унинг ўғли Ким Чен Ир ворис бўлди”, - деган хабар тарқалди динамиклардан. Бунинг ортидан расмий баёнот берилмади. Кун бўйи бу динамиклар бир қарасанг етакчининг ўлганига шама қилса, бир қарасанг миш-мишларга ишонмасликка чақирарди, яна бир қарасанг ҳокимият энди вице-маршал О Чинга ўтгани ҳақида айтарди. Эртаси куни эрталаб эса тирик ва соппа-соғлом Ким Ир Сен Пхеньян аэропортида мўғул делегациясини кутиб олди. Иккинчи марта унинг ўлими ҳақида 1994 йилда эълон қилишди ва уни дафн этишди.

Расмий Тошкент қачонгача индамай ўтирмоқчи?

Феруза Жоний тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама