17:01 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Оқ олтин” синови. Ўзбекистонда талабаларни пахтақулга айлантириш

23.09.2016 07:59 msk

Фарғона

“Фарғона” таҳририятига Ўзбекистон олий ўқув юртларидан бирининг собиқ талабасидан хат келди. Пахта теримига боришдан бош тортиш унга қимматга тушган – институтдан ҳайдалган. Факультет декани пул бериб теримдан қутулиб қолишни таклиф қилган, аммо пул бермаганидан кейин уни “фанларни ўзлаштирмагани учун” ўқишдан четлатган. Талабаларни пахтага мажбуран юборишнинг коррупцияга ботган амалиёти ҳақидаги ошкора ҳикоясини эътиборингизга ҳавола этамиз.

***

Ўзбекистонда пахта терими вақтида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар, экспертлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳукуматидан пахта далаларида болаларнинг қулларча меҳнатидан воз кечишига эришди. Энди ҳукумат бюджет соҳаси ходимлари ва талабаларни нишонга олмоқда.

Ҳар йили куз яқинлашгани сайин ўзбекистонликлар бу стратегик хомашёни теришга тайёргарликни бошлаб юборишади. Бу ҳолда пахтага чиқишга мажбур бўлганларни учта тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси – эски кийимлар ва озиқ-овқатни тайёрлаб, чақириқни кутиб турганлардир. Иккинчи тоифага кирадиганлар пул бериб пахтадан қутулиб қоладиганлар ёки ўз ўрнига мардикор ёллайдиганлардир. Учинчи тоифадагилар ўзига хос одамлар бўлиб, улар ўрнига одам юбормайди ёки пул тўламайди, аммо обрўли таниш-билишлари ёрдамида теримдан қолишга ҳаракат қилади.

Пул бериб қутулиш ёки ҳайдалиш – бошқа йўли йўқ

Талабаларнинг пахта териши – мамлакат тизимидаги янгилик эмас. Ўзбекистонда Совет Иттифоқи даврида ҳам талабалар пахта теришга мажбур қилинарди. Аммо у пайтда даладаги турмуш шароити ҳозиргисидан қатъий фарқ қиларди. Ўша даврга мансуб одамларнинг айтишича, совет даврида талабаларни яхши боқишган ва зарур пайтда уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилган.

Пахта кампанияси бошланганида талабаларда учта вариант бор:

1. Икки ой давомида кунига 70-80 килодан пахта териб, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам етишмайдиган аянчли шароитда яшаш (шаҳарликларга бу нарса осонмас).

2. Далага бормаслик учун факультет деканига пора бериш. Бунинг учун соғлиғи туфайли пахта теримидан озод этилиши ҳақидаги справкага эга бўлиш керак. Бу справкани шифокорлар консультациявий комиссияси беради. Яъни ҳар қанақасига ҳам пул тўлаш керак. Шунда ҳам, олий ўқув юртининг тиббиёт ходимлари талабалар справкани сотиб олганини рўкач қилиб, улардан $300-400 пул таъма қилади (шифокор ва соғлиқни сақлаш муассасасининг муҳри қўйилганига қарамасдан).

3. Пахта теришдан бош тортиш ва бунинг оқибатида ўқув юртидан ҳайдалиш хавфи остида қолиш. Бу нарса уч йил олдин менинг бошимга тушди. Қонунга кўра пахтага боришдан бош тортганлик учун ўқишдан ҳайдашга ҳақлари йўқ, аммо талабалар қайтганидан сўнг декан “қарздорлар”ни йиғиб, далага бормагани учун мўмайгина пул бериш кераклигини айтади. Тўлашни хоҳламаганлар шу даражада босимга учрайдики, натижада улар декан билан “ҳисоб-китоб” қилишга мажбур бўлади ёки исталган баҳона билан ўқишдан ҳайдалади. Бошқа варианти йўқ – буни мен ўз бошимдан ўтказдим.

Мен Тошкент ирригация ва мелиорация институтида (ТИМИ) ўқиганман. Бир пайтлар у ерда ҳозирги Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ўқиган. Қайд қилиб ўтиш жоизки, пахта кампаниясини бошқарувчи жаноб Мирзиёев бош вазир бўлган пайтида меҳнатнинг ножоиз шаклларига йўл қўймаслик тўғрисидаги ХМТ конвенциясига амал қилиш бўйича миллий дастурни имзолаган. Шунга қарамасдан, ҳар йили стратегик хомашёни териш мавсумида Ўзбекистонда одамларни бепул, яъни қулларча меҳнатга мажбурлаш амалиёти давом этиб келмоқда.

Хуллас, мен ўз кучим билан ТИМИга ўқишга кириб, бюджет асосида ўқирдим. Ўқитувчилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаган, мен аълочилар стипендиясини олардим. Аммо мен соғлиғим туфайли пахта теримига бормаганимдан кейин деканимиз Баҳриддин Баратович Ҳасановнинг амрига биноан бошимга муаммо ёғила бошлади. Ўшанда декан менга $1000 олиб келиб беришни таклиф қилган (шунисини биламанки, ставка ҳар йили ошади, кўпчилик талабалар шунча пулни беришга мажбур бўлади). Мен отасиз ўсганман, менда бунча пулни тўлаш имкони йўқ. Натижада мени талабалар сафидан четлатишди. Бунга уч йил бўлди. Мени ўқишдан ҳайдаш тўғрисидаги буйруқда расман бошқа сабаб келтирилган, албатта. Мен 6 та фанни ўзлаштирмаган эмишман, ҳолбуки, пахта кампанияси бошланмасидан олдиноқ бу фанларни топшириб бўлганман.

Бу йили пахта теримига дўстларим ва танишларимни олиб кетишди. Улар иситилмайдиган, омонат турган, зараркунанда ҳашаротлар тўла баракларда яшашга мажбур. Озиқ-овқат билан сув шунчалик расвоки, кўпчилик овқатни ўзи билан олиб келади, талабаларга ота-онаси жўнатади. Сувни “Сувсоз” ташкилотининг махсус машиналарида, цистернада олиб келишади. Бу машиналар кўчага сув сепишда ишлатилади. Сувни ҳар бир киши учун беш-ўн литрли пластмасса баклажкага қуйишади. Танишларнинг айтишича, заҳарланиш ҳолатлари кўп бўлган, аммо ҳеч ким ошкор қилмайди. Бараклар тунда совиб кетади, талабалар совқотмаслик учун кийимлари билан ётиб, устига чойшаб ёпиниб олишади.

“Оқ олтин”нинг қора ичи

Менинг билганим бўйича, Ўзбекистонда анчадан бери пахтани асосан қўлда теришади. Машинада терилган пахтанинг сифати паст бўлади ва нархи ҳам тушиб кетади. Расмийлар эса бунинг сабабини эҳтиёт қисмлар ва ёқилғининг етишмаслигида деб изоҳлашади. Аммо эсимда бор, 2013 йилда Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг хаёлий режалари тўғрисида гапирганди – унга кўра, икки-уч йилдан сўнг пахтанинг 90 фоизини машина териши керак эди.

2015 йилнинг октябрида Тошкентдаги пахта ярмаркасида сўзлаган Шавкат Мирзиёев фахр билан шуни таъкидладики, “ўтган йили терилган ҳосилнинг 98 фоизи олий ва биринчи навли пахтадир”. Аммо бу натижага эришиш учун қандай қурбонликлар қилинди – буниси ҳукуматга қизиқ эмас. Шу ўринда бир савол туғилади: пахтани етиштириш аллақачон коррупцияга ботган, минглаб оддий ўзбекистонликларнинг кўз ёшлари ва бахтсизлиги билан суғорилган бир пайтда уни “оқ олтин” деб аташ мумкинми?

Пахта терими пайтида жазо муассасаларида муддатини ўтаётган маҳбусларга ҳаммадан ҳам қийин бўлишини эшитганман. Улар учун энг даҳшатлиси – назоратчининг ғазабига учраш бўлгани учун ҳар қандай таҳқирга чидашади. Норозилик билдирса, ҳолдан тойгани учун ишламаса ёки режани бажармаса, калтакланиши ёки жазо чораларига учраши мумкин. Маҳбусларнинг жазо муддати узайтирилган ҳоллар ҳам бўлган. Бюджет соҳалар ходимлари ва талабалар кунига 8-9 соат ишлаб, 60-80 кило пахта терса, маҳбуслар кунига 100-110 килодан териб, иш куни эрталаб соат 4 дан кечқурунги 22 гача чўзилади. Бир неча ой мобайнида санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитдаги жуда оғир меҳнат, уйқуга тўймаслик ва ярим оч юриш оқибатида ёш йигитлар ҳам кексаларга ўхшаб қолади.

Менга институтни тамомлаш насиб этмади. Бу институтда талабаларни таҳқирлаш ва пора беришга мажбурлаш орқали уларнинг инсонлик қадр-қимматини оёқости қилишади. Ҳозир бошқа мамлакатда яшаётганим сабабли пахта терими даврида ўзбекистонлик талабаларнинг бошидан нималар ўтиши ҳақида гапириб бера оламан. Аммо аксарият танишларим бундай таҳқирларга чидашади, акс ҳолда жазо муқаррар. Менимча, президент вазифасини бажарувчи жаноб Мирзиёев ўз фаолиятини олий ўқув юртларини текширишдан бошлаши керак, айниқса ўзининг “альма-матер”и ТИМИни текшириши керак. Агар бу нотўғри амалиёт тўхтатилмаса, Ўзбекистонда йилдан-йилга талабалар жабрланаверади. Касб эгаллаш ўрнига пахта далаларида соғлиғини йўқотиб юраверади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама