15:20 msk, 29 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Қўрқмаслар” гуруҳи медицина ходимларининг пахта терим кампаниясига жалб этилиши ҳолатларини қайд этмоқдалар

22.09.2016 07:58 msk

Фарғона

“Қўрқмаслар” ҳуқуқ ҳимоя гуруҳининг фаоллари Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаева Тошкент вилояти тиббиёт ходимларининг мажбуран пахта теримига ҳам теримчи, ҳам ташвиқотчи сифатида жалб этилаётгани ҳолатилари ҳақида маълум қилмоқдалар.


Ўзбекистонда пахта терими. Webpark.ru сайти фотосурати

Ҳуқуқ ҳимоячи аёллар 18 сентябрь куни Янгийўл шаҳар марказий поликлиникаси ва кўп профилли касалхонасинингн 220 нафар медиклари Чиноз тумани Яллама қишлоғида жойлашганларини ўз кўзлари билан кўрдилар. Уларни селекция лабораторияси ва №18 мактаб биносида жойлаштириб, ёнида қўлбола ўчоқхона ва ошхона жиҳозлаб беришибди. Медиклар полга ўзларининг тўшакларини тўшаб ётишибди, ночор овқат эса туман ҳокимияти маблағлари ҳисобига тайёрланмоқда. Пахтани фермер Муроджон Эрназаровга қарашли далаларда теришяпти. Бир кунга 70 килограммдан пахта териш нормаси белгилаб берилган. Улар 30 кун пахта даласида бўладилар.

“Русский Чиназ” поселкаснинг №6 мактабида 200 нафар теримчилар – Янгийўл туғруқхонаси ходимлари бўлим мудири Алижон исмли киши ва марказий касалхонаси ходимлари бўлим мудири Шаҳодат Тошкентбаева билан жойлаштирилган.

№6 мактаб директори А. Носиров эркакларни иккинчи қаватда жойлаштирган бўлиб, шу ерда қўриқчилар ва милиция ходимлари ҳам яшаб келишмоқда.

№28 мактаб директори Ф. Пўлатов мактаб биносида штаб ҳамда Янгийўл туман касалхонасининг жарроҳлик, терапия, тез ёрдам, реанимация бўлими ходимларини жойлаштирган.

Бу тиббиёт ходимлари Улуғбек исмли фермернинг далаларида пахта теришяпти.

Чиноз шаҳрининг поликлиника ва касалхоналаридан теримга сафарбар қилинган ҳашарчиларни ҳар куни эрталаб соат 7 да пахта далаларига олиб чиқишмоқда.

Елена Урлаева 17 сентябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани аҳолиси туман ҳокими Жаҳонгир Абдуразақовнинг бошбошдоқлиги борасида берган шикояти юзасидан туманга келиб Дўстобод шаҳар марказий касалхонаси шифокорлари билан учрашди. Врачларнинг шикоят қилишича, расмийлар жарроҳлар, неврапатологлар, терапевтларни уйма-уй юриб, аҳолини пахта теримига чиқишга даъват қилишга мажбурлашмоқда. Ҳар бир шифокорга биттадан кўча бириктириб қўйилган бўлиб, улар кунига ҳеч бўлмаса бир кишини пахтага чиқишга кўндириши керак. Дам олиш кунлари эса шифокорлар шу касалхона мудири Галбаҳор Сагиева билан бирга пахта теримига чиқишга мажбурланмоқда.

Зинур исмли қишлоқ поликлиникаси врачи маълум қилишича, уни ва барча тиббиёт ходимларини “Новая жизнь” посёлкасида пахта теришга мажбурлашмоқда.

Агамай посёлкаси ёнидаги пахта даласида №868 отрядда юқумли касалликлар касалхонаси, №9 поликлиникаси ходимлари ҳамда болалар боғчаларининг тарбиячилари, энагалари, №14,№42 ва №31 мактабларнинг педагоглари пахта теришга мажбурланмоқда, дея санаб ўтади Елена Урлаева.

Шунингдек, №28 мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ҳма пахта теришга мажбурланмоқда. Улар айтишича, мазкур мактабнинг Зулфия исмли директори ҳар бир ўқувчининг ота-онасини пахта теришга ёки бўлмаса мардикорнинг пулини тўлашга мажбурланмоқда. Шу билан бирга, у ҳамма Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ пахта теришга мажбур, деб билдирмоқда.

“Юнусов”, “Мингчинор” маҳалалари аҳолиси милиция ва Миллий хавфсизлик ходимлари (МХХ) уйма-уй юриб ҳар бир хонадондан ҳеч бўлмаса бир киши пахтага чиқишини талаб қилаётганларидан шикоят қилишмоқда.

Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси (ЎҲҲА) лидери Елена Урлаева кўп болали аёлларнинг уйда болаларини қолдириб, турли таҳдид ва босимлар остида қолганлари боис пахта тераётганларини кузатди.

Пахта теримига мажбурлаш бўйича ҳамма буйруқлар Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Жаҳонгир Абдуразақов томонидан берилмоқда, унинг алоқа учун телефон рақами +99895-195-51-00.

“Қуйи Чирчиқ тумани аҳолиси, шу жумладан, медиклар ва педагоглар зўравонликдан, эксплуатациядан ҳамда туман ҳокими Жаҳонгир Абдуразақовнинг бошбошдоқлигидан ёрдам сўраб илтижо қилишмоқда, - дейди Елена Урлаева. – ЎҲҲА аъзолари Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан одамларни эксплуатация қилиниши олдини олиш ва одам савдосига қарши кураш олиб боришларини талаб қилишмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилар ИИВ ва МХХ кўрсатиб ўтилган барча фактлар юзасидан текширув ўтказиб, Жаҳонгир Абдуразақовни ҳамда ота-оналардан пул ундириб, пахта теришга мажбурлаётган мактаб директорларини жиноий жавобгарликка тортишга талаб қилишмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилар Қуйи Чирчқиқ туманида медик ва педагогларни ҳамда кўп болали оналарни эксплуатция қилинишини зудлик билан тўхтатишни талаб қилишмоқда. Врачлар ва педагогларни таҳқирлага, оналик ва болаликни ёлғондан ҳимоя қилаётгани учун уят Ўзбекистонга!”

“Ҳуқуқ ҳимоячилар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ходимлари Қуйи Чирчиқ туманига келиб, пахта далаларида айланишсин, шифокорлар каби бир ҳафта давомида касалхонада ишлаб чарчаб, дам олиш ўрнига пахта териш қанақа бўлишини ҳис қилиб кўришсин, - дея таклиф этади Елена Урлаева. Кун бўйи касалхонада ишлаган врачлар қаро хуфтангача уйма-уй айланиб, одамларни пахта теримга чиқишга кўндириб юришибди. Ўта масъулиятли иш эгалари бўлмиш шифокорларда дам олишга, ўз оиласи билан бўлишга вақти йўқ экан, касаба уюшмалари қачонгача ҳаракатсиз юришади? Уят бунақанги касаба уюшмаларига”.

Шавкат Мирзиёев мажбурий меҳнатга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисидаги “Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларини 2014-2016 йилларда амалга ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисидаги Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарори”ни ким учун имзолагани тушунарсиз бўлиб қолмоқда, дея эслатади ЎҲҲА лидери.

Альянсга кўра, Ўзбекистон меҳнат ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, фермерлар кенгаши, соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, МХХ, Ўзбекистон прокуратураси аслида “одамларни ёппасига пахта теримига мажбурган жиноий гуруҳга айланиб қолган”.

“Қўрқмаслар” гуруҳи фаоллари Ўзбекистон медикларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб олдилар ҳамда халқаро ҳамжамиятдан Ўзбекистон ҳукуматини одам савдоси учун жавобгарликка торишда ёрдам беришлари сўрамоқдалар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама