10:56 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Ими-жимида амалга оширилган конституцион тўнтаришми”? Йўқ, ҳаётнинг давом этиши !

15.09.2016 09:46 msk

Фарғона

2016 йил саккизинчи сентябрь куни Ўзбекистонда шундай воқеа бўлиб ўтдики, тарихчилар уни “ими-жимида амалга оширилган конституцион тўнтариш” деб атайди. Ўзбекистонда “тепадагиларнинг” бугунги хатти-ҳаракатларини шу ибора билангина ифодалаш мумкин. Аммо бу жуда дадил гап эмасми?

Аввал биринчи президент ўлди. Дафн маросими бошланмагунича, бир ҳафта давомида унинг ўлими ҳақида халққа хабар берилмади. Аҳоли ўрганиб қолган ва севадиган мустақиллик байрамини барбод қилмаслик учун шундай қилинган бўлса керак. Шу сабабли, Ислом Каримовнинг жонсиз танаси музхонада ётганида, фуқаролар ясан-тусан қилиб, музқаймоқ ейишди, рақсга тушиб, завқланишди.

Бундан ташқари, кузатувчиларнинг тахминича, расмийлар “мусиқий пауза” қилиш учун дафнни кечиктиришди. Бу танаффус пайтида савдо/музокаралар ўтказилиб, кадрларга оид қарорлар қабул қилинди ва ҳокимиятни қўлдан-қўлга ўтказишнинг юридик тартиб-таомили келишиб олинди.

Мотам кунлари ўтиб кетиб, дунё Ўзбекистонни яна унутди. Бу мамлакат бир ҳафтадан ортиқ раҳбарсиз қолди. Кейин навбатдаги янгилик чиқди – парламент мажлисида мамлакат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи шахснинг исми айтилди. Узоқ келишувлардан кейин Конституцияга кўра Сенат раиси Н. Йўлдошев эмас, балки бош вазир Мирзиёев “ВВБ” бўлди.

Ҳеч бўлмаса уч ой давомида мамлакат президенти бўлишни орзу ҳам қилолмайдиган Ниғматулла Йўлдошев “тажрибасиз”лигини тан олиб, ўз номзодига ўзи эътироз билдирди. Худдики камтарлик ва ватанпарварлик қилиб, ўн йилдан ортиқ ҳукумат тепасида турган тажрибали сиёсатчи ва бошқарувчига ўрнини бўшатиб берди.

“Тошкентда ҳокимиятни конституцион йўл билан алмаштиришга журъат қилишмади. Конституцияга кўра, президент ўз вазифаларини бажара олмай қолганида сенат спикери вақтинчалик президент бўлиши, уч ойдан сўнг навбатдан ташқари президент сайлови ўтказилиши керак эди, - деб вазиятга изоҳ беради таниқли журналист Аркадий Дубнов Фейсбукдаги > саҳифасида . – Бу шундан далолатки, ўзбек режимига ўхшаган режимларда кейинги ҳоқоннинг кимлиги борасида аҳолида зиғирча бўлса ҳам ишончсизлик туғилиши қимматга тушиши мумкин. Ўзбекистонда эса бундан ташқари бу борада консенсусга эришилгани ва уни ўзгартириб бўлмаслигини кўрсатиш ҳам муҳим”.

“Барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлиги ва тартибни таъминлаш, ҳозирги шароитда мамлакатнинг жамоатчилик-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид энг муҳим масалаларни самарали ҳал этиш заруриятини ҳисобга олган ҳолда, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Н.Т.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватлашди”, — дейилади расмий хабарда.

Шуниси аниқки, бундай қарорни Йўлдошевнинг ўзи қабул қилмаган. Ундан яхшигина илтимос қилишган. Ким? Ўша Мирзиёев билан унинг Миллий хавфсизлик хизматидаги ўртоқлари. Чунки Ўзбекистонда анча йиллардан бери “миллий хавфсизлик”, “барқарорлик” ва “ҳуқуқий тартиб” сўзлари қонунларни оёқости қилиш ва ҳокимиятнинг авторитар президент атрофида бирлашган тор доирадаги одамлар қўлида бўлишини билдиради. Улар жуда тезлик билан, биттаси ўлса, иккинчисини атрофида бирлашади.

Бу иккинчиси ҳали президент бўлиб улгурмасидан ўз мамлакатининг қонунини бузди, одамларнинг фикри ва уларнинг мамлакатни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини оёқости қилди. Шу билан бирга парламент (“баҳслашадиган жой эмас”лиги аниқ) конституциядаги ҳокимиятнинг олий манбаси халқ эканлиги ҳақида ёзилган бандига тупурди.

Тўхтанг-тўхтанг, ахир мустақил Ўзбекистоннинг тепасида йигирма беш йил турган марҳум Ислом Абдуғаниевич ҳам халқ ва парламентга нисбатан худди шундай муносабатда эмасмиди? Худди шундай эди-ку: президент лавозимига 98 фоизгача овоз олиб, сон-саноқсиз марта “сайланди”, қонун ҳамда кузатувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар фикрига тупурди. Булар “қонунийлик”нинг аллақачон йўқотилгани ҳақида қайта-қайта гапиришарди.

“Қирол ўлди, яшасин қирол!”. Янги монарх эълон қилинди ва бу Ўзбекистон учун, Ислом Каримов қурган яккаҳокимлик тизими учун сенсация эмас, балки сиёсий ҳаётнинг кундалик давом этишидир.

Биз бугун фақатгина Ўзбекистоннинг бўлажак президенти исмини билиб олмадик. Бошқа жиҳатлар ҳам аниқлашди: бу мамлакатда ҳокимият ва жамоатчилик муносабатларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

Ҳеч бўлмаганда кейинги йигирма йил давомида.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама