17:00 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Инсон ҳуқуқлари: Ўлимгача қийнаш – Ўзбекистондаги даҳшатли воқеликдир (фото, 18+)

13.09.2016 20:54 msk

Фарғона

Ўзбекистон –Марказий Осиёнинг энг ёпиқ ва авторитар мамлакатларидан биридир. “Темир парда” ташқарисига кўпинча бир-бирига зид маълумотлар чиқади. Аммо айрим фактлар даҳшатга солади. Мустақил манбалар махсус хизматлар зиндонларида ўнлаб, ҳаттоки юзлаб қийноқ ва қотиллик ҳолатлари ҳақида хабар беришади. Кўпинча одамлар ўз бошига тушган фалокатни ошкор қилмайди, чунки кучишлатар органларнинг навбатдаги қурбонига айланишдан қўрқишади. Аммо камдан-кам ҳолатлар қариндошларнинг жасорати ва қатъийлиги туфайли ошкор бўлади, улар бу воқеа ҳақида халқаро ташкилотлар ва хорижий матбуотга етказишдан қўрқишмайди.

Бухородаги воқеа

Бу воқеа бир йил олдин Бухорода бошланди. Маҳаллий бозорлардан бирида 2015 йилнинг 16 августида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ака-ука Ибодовлар: 43 ёшли Илҳом ва 48 ёшли Раҳимни қўлга олишди. Бир ойдан кейин Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий идораси Илҳомнинг жасадини қариндошларига топширди: гўёки у юрак етишмовчилигидан ўлган эмиш. Акаси эса 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ибодовлар оиласи ҳақидаги бошқа мақолаларни “Фарғона” (2016 йил июни, рус тилида), “Озодлик” (2016 йил июни, ўзбек тилида), BBC (2016 йил июли, ўзбек тилида) сайтларида ва Надежда Атаеванинг блогида (2016 йил августи, рус тилида) ўқиш мумкин.

Марҳумнинг жасадиданоқ унинг юрак касаллигидан ўлмаганини билиш мумкин. Уни уриб ўлдиришган…

Ўша фожиали кунларда ва ундан кейин нималар бўлганини уларнинг синглиси Дилфуза ва онаси Хурсанд Ражабова гапириб беришди.

-Иккала ўғлим ҳам “Ситора” автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида ишларди, - сўзлаб берди Хурсанд Ражабова. –Нималар бўлганини бозордагилар айтиб беришди. Ўша куни, 16 августда, дўконга харидор сифатида нотаниш йигит кирган. Бу махсус юборилган одам бўлган. У айланиб юриб, ҳар хил деталларни кўрган, кейин Раҳимга “юз долларлик пулим бор, сўм йўқ” деб, валютага товар сотишни сўраган. Ўғлим рози бўлиб, автомобил эҳтиёт қисмини сотган.

Бироздан сўнг дўконга бир неча киши бостириб кирган, улар билан бирга ҳалиги харидор ҳам бўлган. Гуруҳга шаҳар солиқ департаменти ходими Равшан Ражабов раҳбарлик қилган. У бу провокацияни адолатли ҳал қилиш ўрнига жанжал чиқарган. Натижада тартибга солиш баҳонасида иккала ўғлимни ҳам милицияга олиб кетиб, қамаб қўйишган.

- Ўша кунлари улар билан учрашиш ёки хабарлашиш имкони бўлдими?

- Ўша пайтда ҳам, кейинроқ уларни МХХ тергов изоляторига ўтказишганда ҳам, ҳатто ишни судга оширишганда ҳам учрашишга қўйишмади, - дейди Дилфуза. –Ҳатто милиция ёки МХХ биноси остонасидан киритишмади ҳам. Бунинг устига, акаларимни қўлга олишгандан кейин 26 августда уларнинг уйига элликтача солиқ ходими келиб, тинтув ўтказишди. Улар Илҳомнинг аллақандай дафтарини қидиришди. Уларнинг айтишича, муқовасида доллар белгиси бўлган, ичида солиқчиларнинг қандайдир хатти-ҳаракатлари ҳақида ёзилган. Ҳеч нарса топа олмагандан кейин сотувга мўлжалланган барча эҳтиёт қисмларни олиб кетишди.

- Ўғилларимга худди ашаддий жиноятчидек муносабатда бўлишди, - давом этади она.–Қўйворишни ўрнига яна ўн суткага ушлаб қолишди. Кейинчалик билишимча, ўғилларимнинг қўлга олинганига МХХ ходимлари – қандайдир Азим Юнусов ва Иномжон (фамилиясини билмайман) алоқадор бўлган. Илгари улар доим Илҳомдан пул таъма қилишган, у бўлса бундай талабларга қурби етмаган. Ўшалар валютага оид “спектакл”ни ташкиллаштирган. Илҳом ва Раҳимни қўлга олишганидан сўнг солиқ департаменти ходими Равшан Ражабов уларни шавқатсиз калтаклашни буюрган. Умид исмли милиционер бошқа маҳбусларга ўғилларимни калтаклашни буюрган. Илҳом бировнинг айбини бўйнига олиши керак бўлган. Қийналиб кетган Илҳом ҳар қандай қоғозни имзолашга розилик билдирган.


Марҳум Илҳом Обидов танасидаги қийноқ излари. Суратни қариндошлари тақдим қилган

- Ўғилларингиздан пул таъма қилишганини қаердан билдингиз?

- Илҳомнинг ёнига бир хайрихоҳ милиционер кириб, батафсил сўраб-суриштирган. Ўғлим “эсэнбэшник” Азим Юнусов ва Баҳодир деганига неча марта, қанчадан пул берганини айтиб берган. Бу милиционер вилоят ИИБ бошлиғи Шавкат Ўриновга рапорт ёзиб, Илҳом сўзлаб берган гапларни етказган. Ўринов бу маълумотни Юнусовга етказган, шунда у Илҳомни баттар калтаклаган, натижада калтакдан Илҳомнинг жони узилган.

- Кейинчалик билишимча, бу ваҳшийлар ака-укани бир-бирининг кўз ўнгида калтаклаган: Илҳомни ураётганда Раҳимни томоша қилишга мажбурлашган, кейин тескариси, - дейди Дилфуза. –Илҳомнинг жасадини соат тушдан кейин 4 ларда беришди ва соат 7 гача кўмишни талаб қилишди. Биз қариндошлар билан маслаҳатлашиб, эртаси куни эрталаб кўмишга қарор қилдик. Шу пайт оралиғида қариндошларим билан ҳамма калтак излари, ғурра ва жароҳатларни суратга ва видеога туширдик.


Илҳом Ибодовнинг оёғидаги кишан излари. Суратни қариндошлари тақдим қилган

Акамнинг жанозасидан кейин оила аъзоларимизнинг ортидан кузатув ташкил қилишди. Уйни ҳам кузатишди, ҳамма келаётганлар, қариндошлар, дўстлар ва яқинларни қайдга олишди. Айримлари билан суҳбат ҳам ўтказишибди: уйда нима ҳақида гаплашилган, нимани билишган, қаерга мурожаат қилмоқчилигимиз ва ҳоказоларни сўрашган. Энди одамлар бизникига келишга қўрқиб қолди. менинг ортимдан ҳам ошкора кузатишди. Расул исмли кузатувчи менга очиқ-ойдин айтдики, агар ҳеч қаерга мурожаат қилмасак, Раҳим акамни озод этишлари мумкин экан. Биз шунга ҳам рози эдик, аммо барибир акамга жазо тайинлашди.

- Илҳом ва Раҳимга қандай айбловлар қўйилган эди?

- Қуйидаги моддаларда айблашди: 177 (“Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш”), 189 (“Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш”) ва 243 (“Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш”), - деб ўқийди суд ҳукмидан она. –Илҳом қийноқдан ўлганидан кейин мен Бухоро вилояти ҳокими Муҳиддин Эсановнинг олдига бордим. Раҳимни ҳеч бўлмаса укасининг жанозасига чиқаришда ёрдам сўрадим. Муҳиддин Турдиеви чқонундан ташқарига чиқмаслигини айтди, аммо аризамни қабул қилди, бироқ чора кўрмади. Фақатгина Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими ўғлимни кўмишга “Куй-мозор” қабристонидан жой ажратиб берди.

- Бугун вазият қанақа? Сиз фожиа ҳақида маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, хорижий элчихоналар ва ОАВга хабар беришдан қўрқмадингиз. Босим давом этишидан қўрқмайсизми?

- Қўрқадиган бўлсак, бутунлай эзғилаб ташлашади, - дейди Дилфуза. –Битта акамни ўлдиришни, бошқасини қамашди. Яна нима қилишлари мумкин? Мени бир неча марта органга чақириб, жим юришни тайинлашди. Ҳаттоки Раҳим акамнинг болаларини маҳаллий ИИБга олиб кетиб, бизга таҳдид қилишди. Агар шикоят қилишни тўхтатмасак, улар тирик чиқмайди, дейишди. Аммо қўрқадиган жойимиз қолмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи деб аталадиганлар адолатни таъминлаш ўрнига, мени акаларимдан айиришди, онамни эса ўғилларидан айиришди. Улар бизнинг боқувчимиз эди, ёрдам беришарди. Мен кучим борича курашаман, охиригача қатъий тураман.

Биттагина ўлим эмас

Илҳом Ибодовнинг ўлими охирги олти ой ичида Ўзбекистонда қамоқда ўлиш бўйича камида бешинчи ҳолат бўлди. “Озодлик” радиосининг маълумотларига кўра, шу йил февралининг ўзида учта маҳбуснинг ўлгани маълум бўлди.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 64/48-муассасада диний айбловлар билан қамалган 44 ёшли Достон Абдураҳмонов ўлди. Банкни ўмаргани учун Навоийдаги 64/46-муассасада 16 йиллик муддатини ўтаётган 29 ёшли Шаҳоб Маҳкамовнинг жасадини Жиззах шаҳридаги қариндошларининг уйига етказишган. Навоийдаги ўша муассасада экстремизмда айбланиб, 9 йилга қамалган 42 ёшли Маҳмуджон Ҳасанов ўлган.

“Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда айбланиб, 17 йилга қамалган 32 ёшли андижонлик Икромжон Низомовнинг жасадини олиб келган муассаса ходимлари уни туберкулёздан ўлганини айтишган.

* * *

Агар сиз милиция ёки Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўзбошимчалик, зўравонлик, қийноқ ёки қонун бузилишларига дуч келган бўлсангиз “Фарғона АА бош муҳаррири Даниил Кисловга dan@kislov.ruманзилига ёзиб юборинг. Шу мақолага шарҳ сифатида ёки Фейсбукда ҳам хабар қолдиришингиз мумкин.



 

Реклама