17:02 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Мамлакат аэропортдан бошланади. Ўзбекистонга учиб келганлардан учта ҳикоя

10.09.2016 20:10 msk

Фарғона

Бир неча кун олдин “Ўзбекистонҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг ифтихор билан маълум қилишича, “Тошкент” халқаро аэропортида юкларни автоматик сканерлаш тизими жорий этилди ва бунинг натижасида юкларни йўловчиларга топшириш вақти қисқаради.

Тизим 2016 йилнинг апрелида ишга туширилди ва Ўзбекистон осмонидаги монополист компаниянинг таъкидлашича, ижобий натижа кўрсатишга улгурди: “юкларни кутиш вақти сезиларли равишда қисқарди, юкларнинг йўқолиши, шикастланиши ёки камчилиги юзасидан йўловчиларнинг шикоятлари камайди ва уларни кўриб чиқиш муддати қисқарди”.

Балки шундайдир. Аммо “Фарғона” таҳририятига келаётган хат-хабарларда ёритилган Тошкент аэропортидаги кўргиликлар бундай оптимизмдан дарак бермаяпти. Туркияда амалга ошмай қолган фитнадан сўнг салбий таассурот олаётган одамлар сони ортиб кетди: айни ўша пайтда Тошкентда мамлакатга киришдаги хавфсизлик чоралари кучайтирилган шекилли. Аммо бундан баттар қийинлаштириш мумкин эмасдек туюларди – Тошкент аэропорти азалдан ўзининг “илтифоти” билан машҳур бўлиб, The Guide to Sleeping in Airports порталига кўра, дунёдаги энг ёмон аэропортлар бешлигига киради.Дунёда мисли йўқ “ИГИЛ-контрол” эса 2015 йилнинг декабридан бери йўловчиларга нисбатан қўлланмоқда.

Бугунги кунда “Тошкент” аэропорти меҳмонларни қандай кутиб олишига оид учта ҳикояни “Фарғона” ўқувчиларига тақдим этамиз.

Биринчи ҳикоя: “Ўзимни анқовга солдим”

“Улкан самолётимиз Тошкентга етиб келгач, барча йўловчилар салондан тушиб, текширув пунктига етиб келишди ва тўдалашиб туриб олишди: кичкинагина жойда одамлар бочкадаги балиқдай тиқилиб қолди. Ҳаво ёниб ётувди, вентиляция умуман ишламаётувди шекилли. Чегара назоратининг учта дарчаси ишлаб турганди.

Бинога кирганимиздан бир дақиқа ўтгач, формали киши пайдо бўлиб, дарча олдида туриб ҳаммага билдирдики, Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари будкада қоларкан, юкларни олганимиздан сўнг қайтаришаркан. Ўзбекчалаб бир мартагина айтди. Эшитган эшитиб қолди. Формали киши кетди.

Ваниҳоят мен ҳам дарчага етдим. Паспортимга муҳр қўйиб, бир чеккадаги ҳужжатлар тўпламига суриб қўйишди. Мен чиққунимча юкларни оладиган ҳудудда тартибсизлик авж олганди. Зўрға декларация топдим, одатда улар етишмайди, кейин ўзимда бор нарсаларни, пул, компьютер, камера, телефонларни ёздим.

Юкларимни ҳам зўрға топдим: бошқа чемоданларнинг тагида, бурчакда ётган экан. Олдига етиб боролмаганим учун ёнимдаги эркакдан олиб беришини сўрадим. Кейин юк бўлимидан чиқиш жойига ўтадиган йўлакдаги скамейкаларнинг олдига келдим, бу ерда паспортларни беришаётган эди.

Паспортларни ушлаб олган киши исмларни айтиб чақирарди, мен ҳам исмимни кутиб турдим. Кейин бу ерда ҳам тартибсизлик эканини кўриб, туртиниб-суртиниб яқинроқ бордим ва паспортимни сўрадим. У паспортимни излаётган пайтда икки киши олдимга ўтиб олиб, чемоданлари билан ўтиш жойини тўсиб қўйди.

Анави киши паспортимни узатди, кейин мен оҳиста бўш жойга ўтишга ҳаракат қилдим. Аммо ҳеч ким қулоқ солмасди, йўл бўшатмасди. Жаҳлим чиқиб, яна туртиниб-суртиниб, чиқиш жойига келдим. Бу ердан чет элликлар қандай ўтаётган экан, билмадим: бунақа тўда ичидан мулойимлик билан ўтиб бўлмайди.


“Газета.Uz” сайтида юкларни сканерлашнинг автоматик тизими жорий қилингани ҳақидаги хабар остида қолдирилган шарҳлар

Ваниҳоят, сал бўшроқ жойга чиққач, рентгендан тезда ўтаман деб ўйладим, чунки тажрибали сайёҳ сифатида декларацияни тўлдириб қўйгандим. Аммо бундай бўлмади. Чиқиш жойига навбатга туришим билан ёнимга фуқаро кийимидаги киши келиб, у билан боришимни сўради. Қандайдир хонага кирдик, кейин мени деворга турғизиб, индамасдан суратга туширишди. Чиқиб кетишим мумкинлигини айтишди, аммо навбатга туришга қўймасдан, қўлида варақ ушлаб турган формали аёлнинг олдига ўтқазишди.

У мен билан сўрашди, мулойим муомала қилди. Варақни узатиб, қўлда тўлдиришим кераклигини айтди, унга исмим, туғилган сана ва паспорт маълумотларини киритиш керак экан. Тўлдириб бўлгач, савол-жавоб бошланиб кетди: қаердан келяпсан? Нега кетувдинг? Ўзбекистондан ташқарида неча йилдан бери яшайсан? Нимага? Ишлайсанми? Турмушга чиққанмисан? Эринг ким? Исми нима, қаерлик, нимага у мамлакатда яшайди, иш жойи қаер, нимага у ерда ишлайди? Қачон ва қаерда турмушга чиққансан, нимага айнан ўша ерда? Ота-онанг ким? Ўқишинг тугашига қанча қолди? Бошқа фуқароликни олмоқчимисан? Тошкентда ким кутиб олади (Исми, манзили). Кейин намоз ўқиш-ўқимаслигимни сўради. Мен “йўқ” дедим, у варақда бу ҳақда ёзиш шартлигини айтди. Мен ўқийдиган мамлакатда ўзбекларга нисбатан муносабат қанақалигини сўради. Мен билмайман дедим, яхши кўришларини ҳам, ёмон кўришларини ҳам учратмадим. Буни ҳам ёзишим керак экан.

Бунақа савол-жавоблар нимага кераклигини сўрадим. Унинг айтишича, жуда кўпчилик чет элга кетиб, бошқа мамлакат фуқаролигини олмоқда, лекин ўзбек фуқаролигидан воз кечмаяпти экан. Мен ҳайрон қолдим: бунақа қилиш мумкинмас-ку, бу ноқонуний! Ўзимни анқовга солдим… Ўрганиб олувдим.

У гапимга қўшилди. Кейин жуда чарчаганини айтди. Эрталабки соат саккиз эди, уларни кечки соат саккиздан бери ўтириб, Тошкентга учиб келганларни сўроққа тутишга мажбурлашаётган экан. Ўн икки соат бўлибди. “Уйга кетишга рухсат беришларини кутиб ўтирибман” деди. Мен унга ачиндим…

Сўроқ тугаганидан кейин ҳаммасини ўз қўлим билан ёзганим ва ҳаммаси ҳақиқатлигини ёздирди. Тўлиқ исм, сана, имзо. Шундан кейингина мени юкларни текширадиган рентгенга ўтказишди.

Ваниҳоят мен аэропортдан қўйворишди. Мени кутиб ўтирган қариндошларимнинг мендан биринчи эшитгани узундан-узоқ сўкиниш бўлди”.

Иккинчи ҳикоя: “Юзимни томоша қилишди”

“Ҳар доимгидек учиб келдик. Қўниб улгурмасимиздан одамлар ўрнидан туриб кетди. Эшик олдида узоқ тўпланиб туришди, очилиши билан паспорт назорати томон югуриб кетишди (буни ёзмаса ҳам бўларди, аммо одамларнинг подага ўхшашига аччиғим чиқади).

Назорат будкаси олдига оломон етиб келди. Тартиб йўқ, ҳамма бир-бирини туртади, сўкинади, аэропорт ходимлари одамларни оддийгина тартибли навбатга тақсимлай олмайди. Буниси ҳам ҳолва. Текширув роса чўзилади, ҳар бир одам дарча олдида ўн беш дақиқадан туради, ҳолбуки, келганларнинг аксарияти албатта Ўзбекистон фуқароларидир. Уларда қандай муаммо бўлиши мумкин, ахир уйга қайтишди-ку!


The Guide to Sleeping in Airports версиясига кўра, дунёдаги энг ёмон аэропортлар рейтинги, бунда “Тошкент” тўртинчи ўринда. Ёзувда айтилишича, бу аэропорт Дантенинг Дўзах айланаларидан биридир

Ростини айтсам, бу тўдага қўшилмадим, шошаётган жойим йўқ бўлгани учун охиргилардан бўлиб бордим. Дарчага келиб, паспортимни бердим. Қаердан келганимни сўрашдими, йўқми, эслай олмайман. Кейин назорат ходимлари бутунлай жимиб қолишди, онда-сонда менга қараб қўйишарди. Мен жилмайиб туравердим, бошқа нима қилай? Мени томоша қилиб бўлишларини кутиб турдим. Ўн дақиқалардан кейин “Юк борми?” деб сўрашди. “Бор”, дедим. “Бориб юкингизни олинг, кейин биринчи хонага киринг”.

Таажжубланиб сўрадим: “Нима бўлди? Нимадир нотўғрими? Муаммо борми?”–“Хонага ўтинг”. –“Паспортни берасизми?”–“Хонага ўтинг, паспортингизни текшириш керак”.

Нимани текширишади, нимага? Паспортим янги, биометрик бўлса, бармоқ излари бор, ҳаммаси жойида. Аммо хавотирланмадим, чунки келишимдан олдин шунақа воқеаларни эшитган эдим.

Чемоданимни олиб, айтилган хонага бордим. Хона олдида одам кўп экан: бу ерга одамларнинг ярмини жўнатишган шекилли. Ҳамма хавотирда, чунки ҳеч нарсани тушунтиришмаяпти. Бизнинг самолёт келгани ҳам майли, биздан олдинги рейсда келганлар ҳам турган экан.

Нималар бўлаётганини бир-биримиздан сўрадик. Ҳар бир кишини хонада 15 дақиқа суҳбатдан ўтказишаётган экан, нима ҳақидалигини ҳеч ким билмасди, шунинг учун янада хавотир босарди. Охири аэропорт ходимларининг ўзлари ҳам хавотирлана бошлади шекилли: одам ҳаддан ташқари кўп бўлиб, одамлар норози оҳангда савол беришни бошлаганди. 20-30дақиқадан сўнг паспортларимизни олиб чиқиб, фамилиямизни чақириб, берворишди.

“Тошкент” халқаро аэропортида “Ислом давлати”га (тақиқланган террористик ташкилот“Ироқ ва Шом ислом давлати”, ИШИД, ИД, ISIS ёки IS ингл., Daesh араб., ДАИШ) алоқадорларни аниқлаш учун махсус гуруҳ тузилган бўлиб, чегара хизмати билан биргаликда четдан учиб келган авиайўловчилар билан суҳбат ўтказмоқда, айниқса Туркиядан келганларга алоҳида эътибор қаратилади.
Подробности.
Шу билан тамом. Омадимиз келди шекилли–улар шунча одамни эплай олмас эди, акс ҳолда анча туришимизга тўғри келарди. Ўзбекистондан ташқарида бир йилдан ортиқ бўлганлар шу хонага жўнатилаётганини эшитдик. Кейинчалик Тошкентда ҳам шунақа гапларни эшитдим, ҳаммани ушлаб олиб, хонага киритиб, ҳар хил аҳмоқона саволлар беришаётган экан. Мен Москвадаги институтда ўқийдиган қиз билан гаплашдим, ундан ҳақиқатан ҳам ўша ерда ўқишини исботлашни талаб қилишибди, зачеткани сўрашибди, ёзги таътил бўлгани учун зачеткаси бўлмаган.

Умуман олганда у ердагилар паранойяда шекилли. Балки шунчаки ўзбошимчаликдир. Аммо бизнинг омадимиз келгани учун осонгина қутулдик, деб ўйлайман.

Мен Ўзбекистон фуқаросиман, ватанда тўрт йил бўлмадим. Балки шунинг учун текширишгандир. Тошкентда бундай тартибга норозилик билдирганимда менга эхтироз билдиришди, булар бизни ҳимоя қилмоқда, терроризм билан курашмоқда экан. Билмадим. Аммо Тошкентдан кетаётганимда дадамга“Бошқа келмайман” деб айтдим.

Учинчи ҳикоя: “Оддийлар ва депортлар”

“Мен чет элда ишлайман, Ўзбекистонга икки йилда бир келаман. Ҳар гал икки йил ичида аэропортда нимадир яхшиланган бўлишига умид қиламан. Баъзида ижобий ўзгаришлар сезилади, аммо бу сафар шунчалик шок бўлдики, таърифига тил ожиз.

Одатдагидай, бизни самолётдан паспорт назорати бўлимига олиб келган автобусда биринчи марта келмаётган тажрибали ўзбеклар эшиклар олдида тўпланиб олди. Автобус тўхтаб, эшигини очиши биланоқ улар назорат ҳудудига қараб югуриб қолишдиБ чунки у ерда навбат катта бўлишини билишарди. Мен ҳам ҳаммадан ўзиб кетиб, навбат бошига туришга ҳаракат қилдим.

Бу сафар одам жуда кўп эди (иккита рейс бирга келди), хона эса негадир анча кичкина эди. Бир нечта дарчадан фақат иккитаси ишламоқда. Бирпасда хонада одам тўлиб кетди, деярли бир-биримизга тиркалиб турдик, одамлар бўғила бошлади (чилла пайти эди), болалар йиғларди, аёллар войвойларди.

Тўдада бир нечта чет элликни кўрдим. Болали жуфтликни танидим, парвоз пайтида гаплашиб келувдим. Уларни Ўзбекистонга ишлаш учун таклиф қилишган экан, хурсанд бўлиб, олдиндан завқланарди. Бечоралар… Бу оила довдираган ҳолда навбат охирларида турар, нималар бўлаётганига тушунмасди. Коляскадаги болалар ғингшиб, кўчага чиқишни сўрарди. Мен чидаб туролмадим, уларнинг ёнига бориб, “бу ерда турманглар, болаларинг бор-ку! Юринглар, ўтказвораман” дедим. Одамларни туртиб-суртиб, ёшларни инсофга чақириб, бу жуфтликни олдинроққа ўтказдим.


Фейсбукдаги пост

Паспорт назорати дарчаси ёнида одамлар жуда узоқ туришарди, ҳатто Тошкентда ҳам бунча турилмасди. Жудаям узоқ. Шу сабабли навбат деярли олдинга силжимасди. Вақти-вақти билан одамлар чидамасдан дарча олдига бориб, бақиришарди: “Нимага бунча узоқ ушлаб турибсиз?! Нимага?» – “Кеча янги қоида чиқда, бизни айбимиз йўқ!” – дейишди чегарачилар.

Баъзида аллақандай одамлар пайдо бўлиб, сўрашарди: “депортларни қачон ўтказишади?” (бошқа мамлакатдан юртига депортация қилинганлар. – муаллиф изоҳи).Биз икки соат олдин учиб келганмиз”. Уларга жавоб ҳам қўпол эди: “Депортлар четга чиқиб, кутиб туриши керак! Кўрмаяпсизми, олдин оддийларни ўтказяпмиз, депортлар кутиб турсин”. Сўраганлар яна озгина зорланиб, кейин яна бурчакка кетишарди. Бу қанақа депортлар эди, уларни айби нима эди, билмадим.

Навбат бошида бўлсам ҳам, ярим соатча тургандан сўнг ваниҳоят дарчага етиб келдим ва... паспортимни беришмади. “Юкингизни олинг, кейин паспорт берилади”, - дейишди. Нима ҳам қилардик. Юкни олишга кетдим. Бормаганим яхши экан…

Кичкина жойда иккита конвейер лентаси ишлаб турибди. Ёки ишлашга ҳаракат қилмоқда. Ленталар жуда кичкина бўлиб, юклар аллақачон келиб бўлган, одамлар паспорт текширувида навбатда тургани учун чемоданлар олинмаган эди. Тўлиб кетган лента ҳар дақиқада тўхтаб қоларди. Кейин кимнидир чақиришади, у тўхтаб қолган лента бўйича юриб, чемодан ва сумкаларни тепиб туширар эди. Айлана ўртасига, ташқарисига, унданам нариёққа, хуллас ҳар томонга ёйиб ташлади, охири жой қолмагандан кейин деворга тираб, устига бошқа чемоданларни отарди.

Лента бир-икки дақиқа ишлаб, яна тўхтаб қолади, чунки бу тушунмайдиган фуқаролар навбатда туриб, юкини олишга шошмаётган эди. Юклар келиб ётибди, юкловчи уларни тепиб ётибди. Паспорт назоратидан ўтган омадлилар конвейер лентаси бўйлаб юриб, чемоданлар уюми устидан сакраб, нарсаларини қидирарди. Натижада буларни тартибга сололмасдан, ҳаммасини баттар ёйиб ташлаб, юкларнинг устидан юриб кетарди.

Баъзи фуқаролар лента ёнига аравача билан келмоқчи бўларди. Содда одамлар-эй! Қанақа арава? Оёқ қўйишга жой йўғ-у!

Мен умримда бунақасини кўрмаганман. Битта аёл ёрдамга чақиравериб томоғи хириллаб қолди, охири уюмни тарқатишга кучи етмаганидан кейин телефон камерасини ёқди ва индамасдан видеога ола бошлади.

Чемоданимни яна ярим соатча қидирганимдан сўнг, иложсизликдан юксиз чиқишга қарор қилдим (клаустрофобияга чалинаман деб ҳечам ўйламагандим!), кейин юк йўқолгани ҳақида ариза ёзишни хаёл қилдим. Кейинроқ аэропортга келиб, бемалол нарсаларимни оламан, у пайтда юким сақлаш камерасида турган бўлади.

Айтилган гап – отилган ўқ. Чиқиш жойига қараб юрдим ва... қотиб қолдим: илгари кенг коридор бўлган тор йўлакда гувиллаган, асабий, ҳаддан ташқари катта бир тўда навбатда турарди, улар чемоданлар, қутилар, тугунлар, аравачалар, болалар, ногиронлар, қўлтиқтаёқлар билан эди. Тўда тебраниб, қутурган, қаёққадир тошиб чиқишга тайёр, лекин бунга имкон топа олмаётган тўда эди. Бир неча квадрат метр жойда юзлаб одамлар турувди шекилли.

Чиқиш жойини иккита скамейка тўсиб турарди, уларнинг орқасида учта милиционер бор эди. Ҳеч кимни ўтказишмасди. Орқадан эса янги келганлар итарарди, юкларини олганлар бу жойдан ўтиб кетаман, деган хаёлда тиқилишарди. Уларни эса бошқалар сиқиб қўярди. Юк қидириш даҳшатидан кейин одамлар янги қопқонга тушишди…


Тошкент аэропортида. Учинчи ҳикояга оид сурат

Милиционерларнинг қўлида паспортлар бўлиб, улар исмларни ўқишарди. Уларни фақат скамейка яқинидаги биринчи қатордагилар эшитарди. Қандайдир чопарлар яна паспортларни олиб келарди, улар столда уюлиб ётарди. Уюмлар борган сари каттариб, охири милиционерлар чақирмай қўйди (барибир ҳеч ким жавоб бермаётган эди), шунчаки кимнинг паспортини излаш кераклигини сўрашга тушди.

“Рустамовни қаранг, Рустамов!” – оломон ичидан бақиришди; Рустамовни излашни бошлашди, аммо иккинчи тўдадан бошқа овоз чиқди: “Ғуломов чақирилдими? Мен Ғуломов, шу ердаман!”Рустамовни излашни тўхтатиб, Ғуломовни излаш бошланди. Оломон ичидаги Рустамов Ғуломовга ташланди, чунки унинг паспортини излашга халақит берди; улар сўкишиб турган пайтда Шарафутдиновбақирди–ментлар уни қидиришни бошлади, Рустамов ва Ғуломов эсдан чиқди.

Мен кўзларимга ишонмай, бир неча дақиқа бунга қараб турдим. Кейин тушуниб етдимки, чемоданимни ҳозир олиб кетмасам, кейин бу ерга келгим келмайди. Конвейер лентаси олдига қайтиб, бировларнинг чемодан ва сумкаларини тепиб, отишни бошладим. Улар тўхтовсиз келарди.

Оиласи билан келган ҳалиги чет элликни кўриб қолдим, у уюмларга довдираб қараб турарди, аммо отиб юборишга кўнгли бўлмай, тахлашга ҳаракат қиларди; юклар тушиб кетиб, баттар тўсилиб қоларди. Мен унга қараб туриб, худога ёлвордим: “Э худо, у Ўзбекистона кўпроқ қолсин, бу ердаги одамларнинг яхшилигини кўришга улгурсин! Менинг мамлакатим ҳақида энг кучли таассурот аэропорт бўлиб қолмасин!”

Мен самолёт келганидан уч соатдан кейин аэропортдан чиқдим. Тинкам қуриб, аъзойи баданим зирқирарди. Бу мамлакатга ҳеч қачон қайтиб келмасликни орзу қилдим. Аммо иложи йўқ. Ахир бу ватаним...».

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама