11:51 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Каримовдан сўнг: Марҳум президент оиласига қарашли бизнесга кўз олайтириш бошланди

10.09.2016 18:43 msk

Фарғона

Марказий Осиёнинг барча постсовет мамлакатларида олий мартабали мулозимларнинг фарзандлари иқтисодиётнинг у ёки бу соҳасини ўз назорати остига олганлари ёки ота-онасининг “дахлсизлигидан” фойдаланиб қонунга хилоф тарзда тижорат фаолияти билан шуғулланаётгани кўпчиликка маълум. Ўзбекистонда ҳам ҳудди шу аҳволни кузатиш мумкин. Марҳум президентнинг қизлари Гулнора ва Лола бир вақтлар эрлари билан бирга бизнесда турли даражадаги муваффақият ва даромадларга эга бўлишган ва бунга уларнинг ота-оналари нафақат панжа ортидан қарадилар, балки рағбатлантирдилар ҳам. Энди бўлса Ислом Каримов Оллоҳга омонатини топшириб, хотини давлат бошқарувида таъсир кучини аста-аста йўқотаётган бир пайтда фарзандлари ва қариндошларининг бизнеси таҳдид остида қолди.

Гулнора Каримова - биринчи президентнинг тўнғич қизи собиқ СССР давлат раҳбарларининг фарзандлари орасида энг таниқлиғи бўлиб қолди. Унинг бизнес-карьераси клублардан ва модель бизнесидан бошланди ҳамда Европанинг бир нечта мамлакатларида ва АҚШда унга қарши пул ювиш ва жиноий давромадлар бўйича жиноий ишлар очилганида вайрон бўлди. Гулнора Каримованинг кўп миллионли ҳисоб рақамлари бугунги кунда музлатиб қўйилди, йирик телекоммуникация компаниялари унга қанақа қилиб “откат” тўлаб келганлари бўйича текширувлар давом этмоқда.

Шундан сўнг тез орада Гулноранинг ватандаги бизнеси бутунлай вайрон этилди: унга қарашли телеканаллар ва радиостанциялар, модалар ва дунёвий мазмундаги журналлар, ресторан ва дўконлари ёпилди. Гулнорани барча даромад манбаларидан маҳрум қилиш тўғрисидаги буйруқни унинг ота-онаси берди, бошқача бўлиши мумкин эмасди. Буни кўриб кенжа қиз Лола қувончидан ичига сиғмади, опа-сингиллар ўртасидаги рақобат ўн йилдан кўпроқ давом этди ва улардан бири узил-кесил мағлубиятга учради.

Гулнора Каримова бугун уй қамоғида, дунё билан алоқаси бутунлай узилган. Ушбу изоляция режими ҳар куни унинг онаси томонидан шахсан назорат этиб турилади. Гулнорага фақат Лондон билан Рига ўртасида яшаётган ўғли Ислом билан гаплашишга рухсат берилган. Карьерасида мисли кўрилмаган ютуқларга эришган ҳамда яшин тезлигида обрўсини йўқотган “ўзбек маликаси” келгусида аввалги мақомга эриша олиши даргумон бўлиб қолди.


Ислом Каримов оиласининг бахтли онлари – хотини ва қизлари ўртасидан қора мушук ўтмаган пайтлар

Марҳум президенетнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова эри вафотига қадар Ўзбекистондаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган. Манбаларимизнинг айтишича, у давлат лавозимларига кадрлар тайинлаш ишини тўлиқ назоратига олган. У билан фақат тадбиркор Салим Абдувалиев орқали алоқа ўрнатиш мумкин бўлиб, воситачи амал учун нархни белгилаб берар ҳамда олинган “даромадни” президент рафиқаси билан “элликка-эллик ” нисбатда бўлишар эди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Татьяна Каримова, шунингдек, божхона ва товарлар импортига “ҳомийлик” қилиб келган. Бу соҳада у қизи Лола ҳамда Салим Абдувалиевга яқин куёвболаси Темур Тиллаев билан ҳамкорликда ишлаган. “Хусусий савдо империяси” дея ном олган, кўп миллиардли даромадлар манбаи “Абу Саҳий” бозори ҳам яқин кунларгача айнан Темурга қарашли бўлган.

Ўзини мустақил дея атовчи Тошкентдаги хусусий Uzmetronom веб-сайти 8 сентябрь куни “Абу Саҳий” бозорида молиявий-хўжалик фаолиятининг текшируви бошланганини хабар қилди. Текширув аҳоли эътирозлари, солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон ҳамда бу ерда чет эл валютасидан ноқонуний фойдаланиш ҳақидаги хабарлар доирасида ўтказилмоқда.

“Фарғона” агентлигининг Тошкентдаги манбалари “текширувлар” аслида “Абу Саҳий” бозорини республиканинг бош вазири ва келгуси президент сайловларининг муҳтамал ғолиби Шавкат Мирзиёевнинг қариндошларига ўтказиш учун бир баҳона эканлигини тасдиқладилар. “Темур бизнесининг ҳаммаси Шавкат Мирзиёевнинг куёвболалари Ойбек ва Отабекка ўтиб кетади, - дейди манбамиз. - Бу йигитлар Мирзиёевнинг икки қизига уйланган. Уларнинг иккови ҳам нуфузли ва таниқли оилалардан. Мирзиёевнинг клани жуда қудратли, у тез орада барча даромадли бизнесни ўзлаштириб олади”.

Темур Тиллаевнинг ўзи ҳозир болалари билан чет элда, ҳатто Ислом Каримовнинг дафн маросимига ҳам келгани йўқ. Афтидан, энди унинг мамлакатга қайтиш масаласи катта сўроқ саволи остида қолмоқда.

Номи юқорида зикр этилган Салим Абдувалиев ҳақида сўз юритиладиган бўлса, манбаларимиз маълумотига кўра, сўнгги кунларда унинг нуфузи анча пасайиб қолган. Татьяна Акбаровнанинг сиёсий саҳнани тарк этиши билан у ўзининг салмоғини йўқотиб бўлди.

Аммо бошқа машҳур тадбиркор, яширин иқтисод авторитети Ғофур Раҳимовнинг Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли юз фоизга ўхшаб қолди. Ўз вақтида унинг бизнеси ва фаолияти Гулнора Каримова туфайли анча шикастланганди. Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган Ғофур Раҳимов дўстлари доирасида қасос олажагини ҳамда Каримовнинг қизларини “Тошкент бўйлаб яланғоч ҳолда югуриб юришга” мажбур қилишини кўп маротаба билдириб келган.

Каримовнинг ўлими ҳамда унинг оиласи саҳнани тарк этиши ортидан бошланган жараён энди бошланаётгани аниқ ва Ўзбекистоннинг кўплаб соҳаларида қайта тақсимотлар жиддий тус олади . “Ҳозир ҳамма бизнесменлар ва амалдорлар қўрқиб қолган. Уларга нима бўлади? Ҳукмдор алмашди, буёғига кучлар қай тарзда жойлашади? Кимни ишдан олишадию, кимни қамашади?” дейди Тошкентдаги йирик савдогарлардан бирининг рафиқаси. Бу сўзлар шу бугунги мамлакат муҳитини ёрқин акс эттириб турмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама