20:52 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов бизга қандай мерос қолдирди

09.09.2016 13:13 msk

Алишер Илҳомов

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этгани тўғрисида расман эълон қилинганига ҳам бир ҳафта бўлди. Шу муносабат билан республика матбуоти, ТВ ҳамда Интернетнинг ўзбек сегментидаги мақола, кўрсатув ва шарҳлар марҳумнинг ватан ва миллат олдидаги буюк хизматларини қайд этиб уни кўкларга кўтарди. Аммо Каримовни мадҳ этиб,унга шон-шарафлар бағишлаётган ушбу фикрларга ҳамма ҳам қўшилаётгани йўқ. Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари университетининг илмий ходими Алишер Илҳомов Фейсбукдаги ўзининг саҳифасида эълон қилган мақоласида ўзбекистонликларнинг қулоғи учун ноодатий бўлган фикрлар билдирилган. Таҳририятимиз ушбу мақолани ўзбек тилига ўгириб, ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қилишни лозим топди.

***

Президент вафоти муносабати билан эълон қилинган уч кунлик мотам тугади (мен аза тутмаганим ҳам рост) ва энди Каримов ҳукмдорлиги нима билан якун топганини кўриб чиқсак ҳам бўлаверади. Бу республиканинг янги раҳбарияти ишни нимадан бошлаётганини аниқ тасаввур қилиш учун ҳам керак.

Далилларни тақдим этмай туриб Каримов меросини қора ранга бўямоқчи эмасман. Ижобий ҳолатлар борлигини ҳам тан олиш жоиз. Холисалиллаҳи, бунақа ҳолатларнинг фақат учтасини келтира оламан (қанча уринмасамда, бундан ортиғини кўра олмаяпман).

1. Каримов республикага раҳбар этиб тайинланган илк даврида қишлоқ жойларида яшайдиган аҳолига томорқа учун қўшимча ер участкалари тарқатилди ва бу кўпчиликнинг оғир кунларда тирикчилигини ўтказиб туришига далда бўлди. Шу билан бирга, сиёсий вазият ҳам барқарор изга тушди. Бироқ ўша қарорсамараси нинг излари аллақачон ўчиб кетди. Янги аср бошида аҳолининг аксарият қисми тирикчиликни ўтказиш учун меҳнат муҳожирлигига юз тута бошлади.

2. Каримов миллатчилик кайфиятларини авж олдиришдан воз кечди ҳамда мамлакатда миллатлараро зиддиятлар келиб чиқишининг олдини ола билди. Каримов даврида русийзабон аҳоли ўзига нисбатан босимларни сезмади ҳисоб, шунинг учун бўлса керак, уларнинг баъзи вакиллари президентни илоҳийлаштириб ҳам юбордилар. Шунингдек, қўшни мамлакатда содир бўлган этник қирғин пайтида оқилона иш тутди, тўқнашувларга аралашмади, аммо қочоқларга бошпана берди. Бунинг учун унга раҳмат айтиш керак.

3. Ташқи сиёсатда Каримов Кремлнинг янги империя курсидан йироқлашиш йўлини ишлаб чиқди. Республиканинг янги раҳбарияти бу йўлдан воз кечмайдилар деб умид қиламан. Бу сиёсат Россиядан йироқлашувни англатмайди. У билан фақат дўстона муносабатда бўлиш керак. Бундан ортиғи ортиқ.

Бироқ Каримов бошқарувининг қатор салбий жиҳатлари мавжуд.

ИҚТИСОД

Мавжуд потенциални (табиий ресурслар, меҳнатга лаёқатли аҳоли) эътиборга олиб қиёсланадиган бўлса, республика иқтисодиёти ачинарли аволга тушиб қолган. Муаммонинг асосий параметрларини санаб ўтамиз:

1. Иқтисод ремитансга (пул жўнатмаларига) таяниб қолганидан бошласак. Меҳнат муҳожирларидан келаётган пул жўнатмаларига қарамликнинг бунчалик катта бўлиб кетиши мамлакат қашшоқлигининг аломатидир.

2. Жон бошига ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатлари орасида 125 ўриндан жой олиб, африка мамлакатлари қуршовида қолди.

3. Тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари арзимаган даражада: 2015 йилда бир миллиард доллардан сал ошди, холос. Ўзининг табиий захиралар бойлиги ва аҳоли сони бўйича мақтана олмайдиган Грузия ўша йилда бир ярим млрд доллар инвестицияларни жалб эта олди.

4. Постсовет мамлакатлари орасида энг заиф интернет Ўзбекистонда ва нисбатан қиммат. Бу соҳада биздан фақат Туркманистон ортда қолган.

5. Ўзбекистон ҳамон хом ашё етказиб берувчи мамлактлигича қолмоқда. Пахта толасини четга сотади, республиканингн ўзида арзимаган миқдорда ишланади, бу қўшимча қиймат иқтисодиётидан анча олис. Бироқ пахта ээкспортидан тушаётган пулларнинг қадри-қиймати сариқ чақага тенг, чунки бу пуллар юз минглаб одамларнинг мажбурий меҳнати эвазига ишлаб топилмоқда. Давлат ҳозиргача ношаффоф бўлиб қолаётган бюджетдан ташқари фондга валюта жамғариш учун амалда ўз фуқароларининг чўнтагига ўғирликка тушмоқда. Тутуриқсизлик шу даражага етиб бордики, ҳатто Женерал Моторз компаниясининг ишчи-ходимларини ҳам пахта теримига сафарбар қила бошладилар. Бу нарса тутуриқсизлик иқтисодиётидан бошқа нарса эмас.

КАРИМОВ – ТИНЧЛИК КАФОЛАТИ?

Кўпчилик Каримов фуқаролик урушининг олдини олди, деган мақтовда якдил. Ҳолбуки бу ўта кулгили дастак. Мамлакатда ҳеч қачон фуқаролик уруши хавфи бўлмаган, чунки Молдова, Грузия, Тожикистон, Озарбайжон каби этник ёки регионал аломатлар бўйича бўлинмаган. Қорақалпоғистондан ташқари барча вилоятларда ўзбеклар аҳолининг мутлақ кўпчилигини ташкил этади. Бундан ташқари, қайси демократик мамлакатда сиёсатчилар сайловолди чиқишларида фуқаролик урушининг олдини олишга ваъда қилганларини кўргансиз? Бунақанги сиёсатчининг устидан кулишади. У ерларда сиёсатчилар ички душман тўғрисида чўпчакларни тўқимай, мамлакат ривожланишмнинг янги йўлларини таклиф этадилар. Истиснолар бор, аммо жуда арзимас даражада.

Каримов ислом экстремизмини жиловлай олди? Гапнинг рости шуки, унинг ўзи ушбу муаммонингн катта қисми бўлган, аммо бу муаммони ҳал қилишга асло уринмаган. У мамлакат аҳолисига ё мен ё ээкстремистлар дея сунъий танлов қўйди. Аслида эса НАТО қўшинлари 2002 йилдаёқ Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қақшатқич зарбалар бериб, ушбу таҳдидларига чек қўйди. Ўшандан бери каримов режими бу таҳдиддан “олабўжи” сифқатида фойдаланиб келади, ҳолбуки бу таҳдид ҳатто локал характерга эга бўлмаса ҳам.

АНДИЖОН

Каримов тарихга ўз халқини, шу жумладан, аёллар ва болаларни ўққа тутган президент номи остида колади. Қирғинда ҳалок бўлганларнинг сони 500 нафар атрофида (буларнинг ҳаммаси ҳужжатлаштирилган). Нима қилганда ҳам Андижонда ҳеч қанақа ислом экстремизми йўқ эди. Анжидонлик қочоқлар ватанидан йироқда аввалгидек тинч фаолият билан шуғулланаётганлари бу гапларнинг ёрқин далилидир.

СИЁСИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ РИВОЖЛАНИШ

Каримов босиб ўтган йўлнинг ҳаммаси конституциявий меъёрлар поймол қилинишининг ёрқин мисоли бўлиб қолди. У қонунни истаганича бузиб келди ва бошқарувчилар бўғинини ва фуқарони қонунга таҳқиромуз назарда қарашга ўргатиб қўйди. Мирзиёев ҳам шундай клонлардан бири бўлиб, бунақаларнинг сони кўп. Суд-ҳуқуқий тизим бошдан-оёқ пулга сотиладиган порахўрлардан иборат, ижроя ҳокимиятига бўйсунади. Ҳокимият тақсимоти ҳақидаги гаплар қоғозда, холос. Инсон ҳуқуқлари ҳақида умуман гапирадиган эмас, бу соҳадаги аҳвол тубан даражада. Тергов органларида ва турмаларда қийноқлар қўллаш одатий ҳолга айланган. Бу рўйхатни давом эттиришим мумкин эди, бироқ яхшиси Human Rights Watch ҳисоботларга мурожаат қилинг, уларда батафсил баён қилинган ва ҳужжатлаштирилган.

КОРРУПЦИЯ

Шунчалик кенг авж олганки, мамлакатни ривожланишда бир неча ўн йилларга ортга улоқтириб ташлайди. Телекоммуниеация соҳасидаги биттагина коррупциявий схема мамлакат бюджетининг 7 фоизига тенг миқдорда зиён етказди. Иқтисодиётнинг бошқа секторларида бунақанги схемалардан қанчадан-қанчаси ишлатилади? Мисол учун, МТС Ўзбекистонни тарк этмоқда, аммо инвесторлардан ҳеч ким унинг ўрнини эгаллашни истамаяпти. Каримов коррупциянинг олдини олиш механизмини яратгани йўқ, шунинг учун ҳам инвестициялар даражаси шунақанги паст даражада. Пора билан иш битириш ўзларига қимматга тушяпти. Сўнги мисол – Вымпелком 800 млн доллар жарима тўлади.

Инвесторлар бор, аммо улар ҳукумат кафолати бўлсагина сармоя киритадилар. Демак, кимдир пора эвазига чўнтагини қаппайтиради, ўғирлик қилади, аммо бунинг учун арбитражда давлат бюджетидан, яъни сиз-билан бизнинг ҳисобимиз эвазига товон тўланади.

Бунақанги аҳволга тушган (аниқроғи, чуқур ўрага тушиб қолган) мамлакатни фақат ақл билан режалаштирилган ислоҳотлар қутқара олиши мумкин. Акс ҳолда, аҳвол бундан-да ёмонлашади. Аммо бу нарсаларни мирзиёевлар тушуниб етишига шубҳаланаман.

Алишер Илҳомов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама