11:04 msk, 20 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Эксперт фикри: Ислом Каримовнинг касаллиги ёки Ўзбекистонда ҳокимиятнинг мерос бўлиб ўтиши

02.09.2016 08:13 msk

Камолиддин Раббимов

Бу мақола 2015 йилнинг апрел ойида муаллиф Вашингтондаги Elliott School of International Affairs, George Washington University да ўқиган маърузасига асосланган.

2016 йилнинг январида Ислом Каримов 78 ёшга тўлди. У ҳукумат тепасида 26 йилдан ортиқроқ ўтирибди ва бир неча марта ўткир кризис ҳолатини бошидан кечирган. Унинг биофизиологик ресурслари аллақачон ҳордиқни талаб қилмоқда ва бу талаб ортиб боради. 2011 йилда И. Каримовнинг ташаббуси билан навбатдаги конституцион ислоҳот ўтказилиб, Ўзбекистонда президентлик ваколати муддати етти йилдан беш йилга қайтарилди. Шунга кўра, кейинги президент сайловлари 2020 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак. Аммо ҳозирги – тўртинчи муддатдаги бошқаруви И.Каримовнинг “якунловчи” муддати бўлади шекилли.

Тажрибали сиёсатчи бўлган Ислом Каримов ўзи қурган сиёсий тизимнинг барқарорлиги, ҳокимиятнинг бошқа шахсга силлиқ ўтиши, ўзининг бошқарувидан кейин Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати йўналиши ҳақида ўйлайди, албатта. Шу пайтгача унинг олдида ҳокимиятни топширишнинг иккита йўли бор эди. Биринчиси, “эволюцион-назоратдаги” йўл бўлиб, бунда И.Каримов шахсан назорат қилган ҳолда ҳокимиятни ворисига топшириб, ўзи бирорта юқори мансабда, масалан, Сенат раиси бўлган ҳолда, камида 2-3 йил давомида вориснинг ҳукумати мустаҳкамланишида иштирок этиши кўзда тутилади.

Иккинчи йўлни шартли равишда “хатарли-ноаниқ” дейиш мумкин. Бунда И.Каримов жисмонан тамом бўлгунича ҳокимият тепасида бўлади, шу сабабли Ўзбекистонда янги ҳокимиятни шакллантиришда иштирок эта олмайди.

Ислом Каримов яна бир муддат қолишга аҳд қилди, демак, ҳозирча воқеалар иккинчи вариант бўйича ривожланадиган бўлиб турибди. Шу билан бирга, ҳозирги тўртинчи муддатида И.Каримова ўз ворисини танлаш ва унинг имкониятларини мустаҳкамлаш билан шуғулланади.

***

Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсий саҳнасида “ворис” тушунчаси ҳали шаклланиш жараёнида. Бу тушунча ўзбекистонликлар онгига Россия Федерациясидан кириб келди, яъни 1999 йилда Б.Ельцин ўзининг вориси этиб В.Путинни тайинлади. Ҳозирги Ўзбекистонда “давлат курсининг изчиллиги” ёки “ҳокимиятнинг мерос бўлиб қолиши” учун ҳуқуқий база мавжуд эмас. Бу тушунчалар сиёсий маданият даражасида ҳам ривожланмаган. Ҳаттоки “ворис” термини борасида ҳам ўзбек тилида ягона тушунча йўқ. Ҳар хил вариантларда “ўриндош”, “ўринбосар”ва “ворис” деб ишлатилади.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, мамлакат Президенти шу қадар қудратли давлат органики, ҳатто расмий-юридик даражада ҳам президентни чеклаш ёки унинг фаолиятини назорат қилиш механизми йўқ: импичмент тартиби йўқ, президент давлатчиликнинг эпицентри ҳисобланади, ҳокимиятнинг бошқа соҳалари президентни чеклаши уёқда турсин, ўзлари ҳам у ёки бу даражада президентнинг фаолияти натижасида шаклланади. Шу сабабли, бўлғуси президентнинг шахсияти, сиёсий фикрлаш даражаси ва хулқ-атвори нафақат ўзбекистонликлар учун, балки минтақа сиёсатида ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади.

Ислом Каримовнинг эҳтимолий ёки ҳақиқий ворисини аниқлашда ёрдам берадиган омилларни ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга. И.Каримовнинг ўз ворисини танлаш усуллари ҳақида ишора берадиган бир қатор омиллар ва шарт-шароитлар мавжуд.

Биринчи омил бу И.Каримовнинг фикрлаш ва қарор қабул қилиш усули, унинг шаклланиб бўлган мойилликларидир. И.Каримов тутадиган йўлни олдиндан тахмин қилиш мумкин. Унинг онги, фикрлаши ва хулқ-атвори тўлалигича эҳтиёткорлик, ишончсизлик ва ҳокимиятни қўлдан беришдан қўрқув билан тўйинган. Шу сабабли у тўғри қарор қабул қилиш учун жуда узоқ, баъзида ойлаб ва йиллаб ўйлайди. Қарор қабул қилишда ҳам уни шубҳа ва хавотир чулғаб олади. Аммо айрим пайтларда – ўта муҳим лаҳзаларда у ҳаммасини инстинктив равишда тезда ҳал қилади ва масалани ёпади.

И.Каримов шунақанги инсонки, у энг муҳим қарорлар қабул қилишда, айниқса мамлакатни бошқарадиган кадрларни танлашда ички интуиция ва кўнгил сезгисига ишонади. Яъни у маслаҳатчилар берадиган махфий маълумот ва ёзувлардан кўра, ўзининг ички ҳисларига кўпроқ ишонади. И.Каримовнинг характери шаклланиб бўлган ва у ўзгармайди: қарор қабул қилиш услуби ва асослари ўзгаришсиз қолади. Бошқача айтганда, собиқ иттифоқ номенклатура тизимида шаклланган бюрократ ва Госпланда раҳбарлик қилган шахс сифатида И.Каримов ҳамма нарсани режалаштиради. Шу сабабли И.Каримовнинг ворис танлаш бўйича қарори ўз-ўзидан юзага келадиган ва кутилмаган қарор бўлмайди, уни олдиндан айтиш мумкин бўлади.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг сиёсий тизими ва ижтимоий муносабатлар характеристикаси ўзига хос. Анъанавийлик ва ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг авторитар иерархияга бўйсуниши туфайли И.Каримов қуйидаги ресурсларга эга бўлмаган шахсни ворис этиб тайинлай олмайди: ҳокимиятнинг юксак поғоналарида кўп йиллик иш тажрибаси, одам ресурслари – ҳокимиятни қўлга киритиш ёки сақлаб қолишдан манфаатдор шахслардан тузилган команда, йирик миқдордаги молиявий ресурслар. Бошқача айтганда, ҳозирги Ўзбекистонда ҳокимият учун ғоялар ва бошқариш қобилияти билан эмас, ресурслари ва авторитар бошқариш санъатига эга кишилар курашади. Чунки Ўзбекистонда яқин ўн йиллар ичида мамлакатни мажбурлашсиз бошқариш имконини берувчи ижтимоий-иқтисодий ва маданий вазият юзага келмайди, деган фикр сиёсий элита онгида шаклланиб қолган.

Учинчидан, И.Каримов вориснинг шахсий ва профессионал сифатларига қўядиган талаби тахминан қуйидагича бўлади: 1) И.Каримов ва унинг “оиласи”га содиқлик, бу собиқ президент ва унинг яқинларининг хавфсизлигини таъминлашни билдиради; 2) олинган ҳокимиятни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш қобилияти; 3) авторитар бошқарув услубини сақлаб қолган ҳолда, сиёсий тизимнинг яшаб қолиши учун зарур бўлган ислоҳотларни муайян дозаларда ўтказа олиши, ваниҳоят, 4) ворис И.Каримовнинг ташқи иқтисодий йўналишини, айниқса Марказий Осиё ҳудудида давом эттириши муҳим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, И.Каримов аллақачон ворисликка номзодларни белгилаб қўйган. Бу 2003 йилдан бери мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари, ҳукуматнинг молиявий-иқтисодий блоки раҳбари Рустам Азимов.

И.Каримовнинг катта қизи Гулнора 2008-2011 йилларда сиёсий фаолликни ошириб, амбицияларини ошкор тарзда билдирган бўлса ҳам, ҳозирда номзодлар рўйхатидан чиқарилиб, бир нечта Европа давлатларида жиноий ишларда айбланди ва Ўзбекистонда жазоланди. Мамлакат ичидаги ва ундан ташқаридаги бундай йирик хатоликлардан кейин, қолаверса амбициялари юзасидан Каримовлар оиласида бирдамлик йўқлиги учун у отасининг вориси бўла олмаса керак.

И.Каримовнинг иккита эҳтимолий ворисининг, бош вазир Ш.Мирзиёев ва унинг биринчи ўринбосари Р.Азимовнинг ресурсларини қисқача солиштириб ўтиш қизиқ бўлса керак.

Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг аслида тўртинчи, ҳужжатларда эса учинчи бош вазиридир (ШукруллоМирсаидов 1990-92, Абдуҳошим Муталов – 1992-95, ЎткирСултонов – 1995-2003). 2003 йилдан бери бош вазир бўлган бу шахс жуда узоқ вақт ҳокимиятда бўлди. Бунинг устига, 2002 йилда конституцион ислоҳот ўтказилиб, бош вазирнинг имкониятлари оширилгач, у ҳукуматнинг тўлақонли раиси бўлиб қолди. Бунгача эса Вазирлар Маҳкамасининг раиси ҳам президент эди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистондаги ҳокимият иерархиясида қудрати бўйича президентдан кейинги иккинчи шахс доим прзидент аппаратида бўлган – бу президентнинг кадрлар масаласи бўйича давлат маслаҳатчиси ёки кучишлатар идоралар бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган. Аммо Ш.Мирзиёев бош вазир этиб тайинлангач, бир йил ичида давлатдаги иккинчи шахсга айланди. Бу ерда Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раиси ҳисобга олинмаяпти, чунки у ҳаммани кузатиш имконига эга бўлса ҳам, ҳар кунги қарорларни қабул қилишда, айниқса кадрлар масаласида бош вазирнинг қудрати анча ортиқ.

Ш.Мирзиёев республиканинг қишлоқ хўжалиги, вилоятларни ривожлантириш соҳаларини назорат қилади, президент розилиги билан ҳудудий ва республика миқёсида кадрларни тайинлайди. Шуниси аниқ маълумки, Ш.Мирзиёев деярли ҳар куни И.Каримовнинг қабулида бўладиган 6-8 та асосий амалдорнинг биридир. И.Каримовнинг ёши ўтиши ва фаоллигининг сусайиши ортидан бош вазир Ш.Мирзиёевнинг ваколатлари босқичма-босқич ортиб бормоқда.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, ҳукуматнинг молиявий-иқтисодий блоки раҳбари Рустам Азимов Ўзбекистоннинг мустақил давлатчилиги қанот ёзган даврларданоқ Ислом Каримовнинг яқин доирасига кириб келган. Ислом Каримов 1991 йилда эндигина ташкил қилинган ва истиқболли молиявий муассаса – “Ўзбекистон Миллий банки”ни Р.Азимовга топширганида у бор-йўғи 33 ёшга тўлган эди. Ўшандан бери республикада Р.Азимовнинг роли фақат ортиб борди.

1998 йилда молия вазири бўлди, 2000 йилда бош вазир ўринбосари ва макроиқтисод вазири бўлди, 2007 йилда эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири ва молия-иқтисод блоки ва ташқи иқтисодий алоқалар раҳбари бўлди.

Ўзбекистоннинг ҳокимият тизимида Р.Азимовга муайян функциялар бириктирилган бўлиб, уларни И.Каримов фақат унга ишонади. Р.Азимов – республиканинг бош молиячиси ва иқтисодчиси, И.Каримовнинг ташқи дунё билан музокарачиси, кризис-менежер ва миллий дастурларнинг координаторидир. Бизга маълумки, И.Каримов ҳар куни Р.Азимов билан гаплашади, фақат у билан иш юзасидан якшанба кунлари ҳам учрашади ва телефонлашади.

Бу иккала амалдорнинг ресурсларини таққослаш, жумладан, И.Каримовнинг унга ишониш даражасини таҳлил қилиш учун қуйидаги ўлчов тоифаларини тавсия этиш мумкин: 1) И.Каримовнинг яқин/ишонч доирасида бўлганлик муддати; 2) меъёрий-ҳокимият ваколат ресурслари; 3) лаёқати ҳақида жамоатчилик тасаввури; 4) асосий органлар билан ишонч асосидаги муносабати; 5) И.Каримовнинг “оиласи”нинг қабул қилиши ва кутганлари, жумладан, Татьяна Каримова берган баҳоси.

И.Каримовга яқин доирада бўлганлик муддати бўйича Рустам Азимовнинг позицияси Шавкат Мирзиёевникидан икки баравар мустаҳкамроқ. Бу муддат икки қисмга бўлинади: Р.Азимов И.Каримов кузатувида бўлган ва турли синовлардан ўтган 1991-1998 йиллар ҳамда 1998 йилдан буёғи – 18 йил, тўлиқ ишонч ва кенг кўламли ҳокимият ваколатлари топширилган давр.

Ш.Мирзиёев ҳам тахминан 1992 йилдан буён И.Каримов эътиборида бўлган, аммо у 2003 йилда бош вазир бўлгандан кейингина олий даражадаги ҳокимиятга қўшилди.

Меъёрий-ҳокимият ваколатлари нуқтаи назаридан И.Каримов томонидан бош вазир Ш.Мирзиёев ва вице-премьер Р.Азимов ўртасида ваколатларнинг тенг тақсимланиши тизими яратилган. Табиийки, Рустам Азимов расман ҳукумат бошлиғи Шавкат Мирзиёевга бўйсунади. Бош вазир Ш.Мирзиёев ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидан бошқа (бу соҳалар бевосита президент назоратида) барча соҳаларни назорат қилса, Р.Азимовнинг масъулияти фақат молия ва иқтисод соҳаси билан чекланган.

Аммо Ўзбекистоннинг ҳокимият ваколатлари тизимида “бевосита бўйсунувчи давлат муассасалари” деган тушунча бор. Бош вазир Ш.Мирзиёев иккита муассасанинг бевосита куратори ҳисобланади: Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси. Аммо биринчи ўринбосар Р.Азимовга тўққизта энг муҳим муассаса бевосита бўйсунади. Булар: Иқтисодиёт вазирлиги; Молия вазирлиги; Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги; Меҳнат вазирлиги; Давлат солиқ қўмитаси; Давлат божхона қўмитаси; Давлат статистика қўмитаси; Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси; Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги. Шу йўсинда, меъёрий-ҳокимият ваколатлари бўйича Р.Азимов расман бош вазирга бўйсунса ҳам, унга энг муҳим давлат муассасалари бевосита бўйсунади.

Бундан ташқари, меъёрий-ҳокимият ваколатлари бўйича бош вазир Ш.Мирзиёев бутун республика бўйича кадрларни тайинлаши мумкин, бу эса унга ўз таъсирини мустаҳкамлаш имконини беради.

***

Ўзбекистон шароитида сиёсий арбоб ҳақидаги жамоатчилик фикри ҳал қилувчи рол ўйнамайди. Баъзида юқори эшелондаги бирор шахсга нисбатан жамоатчилик фикри ўта ижобий бўлса, бу президент ёки сиёсий тизимнинг салбий муносабатига олиб келиши мумкин, чунки бу жамиятга ёқишга уриниш деб баҳоланиши мумкин. Бунга эса Ўзбекистонда тепадагилар розилик билдирмайди.

Шундай бўлса ҳам, жамоатчилик фикри бўйича ҳар иккала сиёсатчи ҳам ўз соҳасининг лаёқатли топ-менежери деб кўрилади: Ш.Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ва вилоятларни ривожлантиришда, Р.Азимов–иқтисод ва молия соҳасида.

Шу билан бирга Ш.Мирзиёев ҳақида ҳар-хил гап-сўзлар юради, булар асосан 1996-2003 йилларда Мирзиёев иккита вилоятда ҳокимлик қилган даврларга бориб тақалади. Шуни қайд этиш керакки, Ш.Мирзиёевнинг вилоятлардаги фаолияти ҳақидаги салбий миш-мишлар ўз исботини топмаган.

Р.Азимовнинг обрў-эътибори муқимроқ, чунки унинг фаолияти шуни тақозо этади: жамоатчилик билан алоқага чиқмайди, матбуотда кўринмайди, фаолияти ҳам шунга мос, яъни вилоятларга бориб, турли ижтимоий масалаларни ҳал қилиши шарт эмас. Худди шу сабабли ҳам ўзбекистонликларнинг тасаввурида, айниқса мустақил журналист ва тадқиқотчиларнинг онгида Р.Азимовнинг “нисбатан либерал” эканлиги, Ш.Мирзиёевнинг “авторитаризмга мойиллиги” ҳақида фикр шаклланган, аммо бундай стереотиплар аниқ-тиниқ бир кўриниш олмаган.

Эҳтимолий ворисларнинг кучишлатар тузилмалар раҳбарлари билан, биринчи ўринда МХХ раҳбарияти билан ишончга асосланган муносабатлари Ўзбекистонда муҳим аҳамият касб этади ва ҳокимиятдаги позицияларни кучайтиришдаги ресурлар тизимида қимматли актив сифатида кўрилади. Маълумки, Ўзбекистондаги ҳокимият ўта ёпиқ бир клуб бўлиб, у ердан чиқаётган маълумот воқеийлик ҳақида фақат қисман тасаввур уйғотиши мумкин. Шу билан бирга Ўзбекистондаги асосий амалдорларнинг ўзаро муносабатлари ҳақидаги маълумотлар кўпинча оммага ошкор бўлиб туради.

Ш.Мирзиёев ва Р.Азимовнинг Ўзбекистоннинг сиёсий элитаси билан муносабат ўрнатиш модели бир-биридан фарқ қилади. Р.Азимовнинг модели – фақат И.Каримовни ҳисобга олиш ва бошқалардан узоқлашиш. Ш.Мирзиёевда эса кўпроқ “ўргимчак тўри” ташкил бўлиб, муносабатлар марказида И.Каримов туради, аммо бошқалар билан ҳам яқин муносабат ўрнатишга интилади.

Бизга маълумки, кўпроқ Р.Азимов ва унинг яқинлари МХХ босимини ҳис қилади. Бу босимда И.Каримов доим иккиёқлама рол ўйнайди: президент ҳар гал Р.Азимовни қутқаради, аммо унинг розилигисиз бу босим умуман ўтказилмаган бўларди. Вақти-вақти билан кучишлатар тизимлар Ш.Мирзиёевга ҳам босим ўтказган. Бундан мақсад муайян сиёсий функцияларни бажариш, жумладан, И.Каримовга содиқликни кучайтириш бўлган.

Ваниҳоят, ворис танлаш қарори юзасидан И.Каримовнинг “катта оиласи” роли ҳам йилдан-йилга ортиб боради. “Катта оила”га фақатгина Татьяна Каримова, қизлари ва қариндошлари эмас, балки президент билан узоқ йиллар ишлаган, унга ўта яқин амалдорлар ҳам киради.

Биринчидан, ворис масаласи фақатгина сиёсий тизимнинг барқарорлиги эмас, балки оиланинг хавфсизлиги масаласи ҳамдир. Иккинчидан, бизга маълумки, И.Каримов Татьяна Каримованинг фикрига қулоқ тутади. Аммо яқин ва ишончли доираларнинг фикри бир ҳолатдагина аҳамиятга эга: И.Каримов ўз бошқаруви якунида ҳокимиятни топшириш ёки ҳокимият ресурсларини аниқлаш жараёнини назорат қилиши мумкин бўлганидагина ҳисобга олади.

Кейинги йилларда И.Каримовнинг фаоллиги сусайгани туфайли ҳокимиятдаги вакуум ортиб борди. Бу ҳолат И.Каримовнинг бошқа мамлакатларга ва Ўзбекистон вилоятларига ташрифи камайганида кўринди. И.Каримов ворисни танлаш ва унинг ҳокимиятини кучайтириш вақти келди деб ҳисоблаши биланоқ, у эҳтимолий ворислар бўлган бош вазир ва унинг биринчи ўринбосари ўртасидаги ҳокимият ваколатлари ва ресурслари балансини ўзгартиради, деб ишонилар эди. И.Каримовнинг мантиғига кўра, ворис ҳақидаги қарорни ошкор қилиш билан бирга иккала номзод ўртасидаги паритет бузилиб, кимнингдир ўрни мустаҳкамланиб, бошқаси четлатилиши керак бўлган.

И.Каримовнинг фикрлаши ва хатти-ҳаракатларини кўп йил давомида кузатганим бўйича, менда И.Каримов кўпроқ Р.Азимовга ишонади, деган тасаввур уйғонган. Зарурият туғилганида уни бош вазир қилиб, Ш.Мирзиёевни четлаштиради деб ўйлайман.

Аммо бугунги кунга келиб, мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта Вазирлар Маҳкамасининг хабар беришича:“Ислом Каримов стационар даволанишда бўлиб, мутахассисларнинг фикрича, тўлиқ тиббий текширув ўтказиш зарур” (!).

Камолиддин Раббимов
Камолиддин Раббимов

Бу ерда иккита ҳолат эътиборга молик.Биринчидан, хабарни президент матбуот котиби ёки девони эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси, яъни Шавкат Мирзиёев бермоқда. Иккинчидан, “мутахассисларнинг фикрича, тўлиқ тиббий текширув ўтказиш зарур” дегани вазиятнинг фавқулоддалигини билдиради. Расмийлар И.Каримовнинг тезда соғайиб кетиши ҳақида жамоатчиликка сигнал бермасликни маъқул топишди.

И.Каримовнинг соғлиғи ва ақли-ҳуши жойидалиги борасидаги шов-шувлар Ўзбекистоннинг бўлғуси президенти борасидаги шов-шувлардир. Агар И.Каримовда қўл остидагиларининг ҳокимият ваколатларига таъсир кўрсатиш имконияти бўлса, у яқин ойларда Ўзбекистоннинг ҳокимият вертикалини ворис ҳақидаги ўз режаларига мослаб, қайта қуришга интилади. Агар И.Каримов ҳозирги ҳокимият вертикалига таъсир қила олмаса, унда юқори доираларда ҳокимият учун кураш бошланади (ёки бошланган).

Ҳозирча эса ҳокимиятнинг қўлдан-қўлга ўтиш масаласини И.Каримов ҳозирги статус-кво бўйича ҳал қилмоқчи, дейиш мумкин. Яъни, И.Каримов жисмоний жиҳатдан қўлидан келгунича ҳокимиятни ушлаб туради, у кетаётган пайтида кимнинг қўлида ҳокимият кучлироқ йиғилган бўлса, ўша шахс ворис бўлиб қолади.

Маъруза матни муаллиф томонидан “Фарғона”га тақдим этилган

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама