20:44 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Аза тутамизми ёки байрам қиламизми – барибир эканда?

31.08.2016 08:38 msk

Даниил Кислов

Биздаги маълумотларга кўра, душанба куни Ўзбекистоннинг 78 ёшли раҳбари клиник ўлимни бошидан кечирган ва кейинроқ (эҳтимол) сунъий нафас олиш аппаратига улаб қўйилган. Бу воқеа мамлакатнинг энг катта байрами – 1 сентябрь куни нишонланадиган Мустақиллик кунига бир неча кун қолганда содир бўлди.

Байрам бўлганда ҳам оддий байрам эмас, балки мустақилликнинг чорак асрлик юбилейи бу. Айнан йигирма беш йил олдин Ўзбекистон ССРнинг вориси бўлмиш замонавий Ўзбекистон ташкил топилиб, унга собиқ совет партия ва хўжалик арбоби Ислом Каримов тинимсиз раҳбарлик қилиб келган.

Энди бўлса унинг умри поёнига етиб қолди. Айнан байрам арафасида.

Билмаганлар учун эслатиб қўяйлик: Ўзбекистонда давлат раҳбарининг касаллиги тўғрисида маълумот олишнинг деярли иложи йўқ- гарчи у байрам кунларида касал бўлиб қолса ҳам. Бу мамлакатда мустақил журналистикага қадам қўйган одам ё ўзини ёки ахборот манбаларини ҳалок қилиб қўйиши мумкин.

Ўзбекистон расмийлари ўн йилдан зиёд вақт давомида сайтимизга тўсиқ қўйиб келади. Биз ўқитиб тарбиялаган мухбирламиз таъқиблар боис мамлакатдан қочишга мажбур. Қолганларига таҳдидлар ёғилмоқда, улар билан ҳамкорлик қилган хабарчиларни қўрқитишмоқда, қамашмоқда, таҳририятимиз билан алоқаларни эса “терроризм ташвиқотига” тенглаштиришмоқда.

Шунинг учун биз ҳеч қачон тарқатаётган хабарларимизга юз фоиз кафолат бермаймиз. Фақат 99.9%. Республика ҳукуматидаги ахборот манбаларимизга ҳам ишончимиз айнан тўқсон тўққиз фоизни ташкил этади. Каримовнинг аянчли тақдири ҳақида ҳам биз айнан улардан маълумот олганмиз.

Ўзбекистон президенти бугунги кунда тирикми ёки ўлганми – энди унчалик аҳамиятли эмас. Ислом Каримов юридик жиҳатдан ўлгани равшан, у атрофидагилар билан мулоқот қила олмайдиган ҳолатда, беҳуш ётибди ва зиммасига юкланган президентлик вазифаларини бажаришга қодир эмас .

Унинг атрофидаги мулозимлари ҳам муомалага лаёқатсизлигини кўрсатиб қўйдилар. Бир томондан, улар ўз президентини гарчи у касал бўлса ҳам халққа кўрсатишга қодир эмас, ҳолбуки президентнинг ақли ва ҳуши жойида деб билдирганлари билан.

Президент аппаратидаги аноним манбалар бераётган аянчли “раддиялар” ҳисобга олинмайди. Замонавий мамлакатларда бунақа қилинмайди. Раддия ҳукуматнинг расмий вакили томонидан берилади. Ёки давлат раҳбарининг касаллиги, ҳозирги пайтдаги аҳволи барча давлат каналлари орқали тарқатилиши керак.

Privacy (шахсий ҳаёт ҳуқуқи) дея маълумотларни яшириш ҳам ножоиз (Лолага салом айтинг): Каримов катта мамлакатнинг президенти, унинг халқи ўз раҳбарининг қандай дардга, бавосирми ёки сув инсультми, тизза кўзи иситисқосими ёки туғруқ безгагига чалинганини билишга ҳақли.

Расмийлар томонидан берилаётган бу каби “чала раддия” Ислом Каримовнинг ҳаёт эканига исбот йўқлигини тан олиш деб қабул қилииши мумкин.

Бошқа томондан олиб қараганда, президент жасади ёнидаги одамлар бу вазиятда президент ваколатларини зудлик билан бошқа қўлларга топшириш тўғрисидаги қонунни қўпол равишда бузмоқдалар. Ахир, президент давлат бошқарувига ярамай қолган ҳолатда унинг ваколатлари (мамлакат Конституциясига мувофиқ) парламент юқори палатаси – Сенат раисига топширилиши керак эдику.

Нега бунақа бўлмаяпти? Биринчи фараз: Каримов тирик ва ҳаётни сунъий таъминловчи аппаратга улаб қўйилган. Унинг тузалиб кетишига ҳеч қанақа умид қолмаган. Замонавий медицина нафас олмай қўйган организмни исталган муддат давомида жонли сақлашга қодир.

Халққа эса тўй-томоша керак. Шунинг учун ҳам расмийлар Мустақиллик байрамини азага айлантирмайлик деган қарорга келган бўлиши мумкин. Чунки ўзбек давлатчилигининг муваффақиятларини ёрқин рамзи бўлган бу байрамга тайёргарлик кўриш учун катта маблағлар сарфланган.

Иккинчи фараз: кечаги лидернинг атрофига тўпланган бир гуруҳ ҳукмдор мулозимларга нафасни ростлаб олиш учун танафус керак. Ўлжани тақсимлаб олишга улгуриш учун (“сизлар кўпчилик, мен эса ёлғиз”). Лавозимлар ва имтиёзлар тўғрисида келишиб олиш учун. Муаммоларни ҳал қилиш, ўзаро эътироз ва даъволарни тартибга солиш учун. Гарчи Конститутция талабларини четлаб бўлса ҳам. Ҳудди бандитларга ўхшаб, “зона қоидалари” бўйича (“по понятиям”).

Бугунги кунда Ислом Каримов ўз сиёсати ва ўзи яратган давлат қурилиши тизимининг гарови бўлиб қолди. Қўғирчоқ парламент ва ишламайдиган қонунлар яратиб, ўлим ҳақлиги унутиб ва ҳатто олдиндан ўзига ворис тайёрламай у ўз мамлакати келажаги остига катта мина жйолаштириб қўйди.

“Мамлакат расмийлари Ўзбекистон президентининг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлай олмайдилар, чунки улар бунга Ислом Каримовнинг рухсатини олганлари йўқ”. Икки кундан бери Фейсбукда шу ҳазил ибора сайр қилиб юрибди.

Барча фармонларга имзо чекадиган ҳамда муҳим оғзаки кўрсатмалар бераётган “ота” ва “опоқдада”си, раҳнамоси ва нуфузли раҳбаридан айрилган Тошкент элитаси бош берк кўчага кириб қолди. Конституция ярамайди, чунки шу чоққача ҳеч ким Конституцияга амал қилиб яшамаган. Ҳокимият тизгинларини топшириш амалиёти эса ушбу замонавий давлат ташкил топганидан бери ҳеч қачон қўлланмаган.

Ворисни ҳам ворислик амалиётини ҳам йўқдан бор қилиш, қайта кашф этиш зарур. Ҳамма нарсани ҳал қиладиган, қари бўлса ҳам ишончли Ислом Каримовсиз янги диктаторни яратиш, уни легитимлик билан таъминлаш, тахтга чиқиши учун сохта ва заиф қонуний конструкцияларни яратиш лозим. Бунга вақт керак ва шу муддат давомида “ота” розеткага уланган ҳолда ётади.

Ҳамма ишлар ҳал бўлди, ҳеч нарса қўлдан бой берилгани йўқ, ҳаммаси изига тушмоқда, деган хулосага келишганида эса халқ ҳам руҳан ўзгаришларга тайёр бўлиб қолади. Ҳозир эса байрам қилишсин, мустақилликдан лаззатланишсин. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон расмийлари амалда халққа қарам бўлиб қолган ери йўқ.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама