22:52 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тез кўчиришдан имтиҳон ёки “қуёнлар”, “чопарлар” ва ўн минг доллар

22.08.2016 17:30 msk

Фарғона

Тошкентдаги олийгоҳлардан бирига кириш жойидаги ёзув: “Хуш келибсиз!”. Пора, ёлғон ва иккиюзламачилик дунёсигами?

Ўзбекистонда бир неча кундан сўнг олийгоҳларга кириш тест имтиҳонларининг натижалари эълон қилинади. Имтиҳонлар 1 августда бўлиб ўтган эди. Кўрилган чораларга қарамай (sms ва мобил алоқанинг ўчириб қўйилиши, ўқитувчи ва милиционерлардан ташкил топган тўсиқ), кўпчилик абитуриентлар ўз билимига эмас, балки шпаргалка ва “ҳамма нарсани қўлга олган” воситачиларнинг ёрдамига таянади.

“Фарғона” ота-оналардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди, у фарзандини институтга “бюджетга” киргизиш учун қўлдан келганини қилган. Олийгоҳ вилоятлардан бирининг марказида жойлашган. Қатнашчиларнинг илтимосига кўра уларнинг исми ошкор этилмайди.

***

- Киришга тайёргарликни қачон бошладингиз?

- Баҳордаёқ университет ўқитувчиси билан гаплашиб қўйгандик, у кириш имтиҳонида ёрдам беришга рози бўлди. Дарров нархини сўрадик.Аммо у негадир аниқ бир суммани айтмади. Ҳали ҳеч нарса маълум эмас, имтиҳон бошланишидан олдин вазият ойдинлашади, деди. “Юз фоиз кафолат” берадиганларга ишонмасликни маслаҳат берди.

Аммо феврал ойида шунақа “юз фоизли” одам билан гаплашган эдим. Унинг шарти шунақа эдики, олдиндан 7-10 минг доллар бериб қўйиб, кейин бемалол имтиҳонларни кутиш керак. “Ўшанда ўғлим бюджетга кирадими?”–“Ҳа, биз ҳар қандай муаммони ҳал қиламиз. Мабодо тестдан ўта олмаса ҳам, Тошкентга, тест марказига борамиз. У ерда пул эвазига ҳамма нарсани қилиб берадиган одамлар бор. Кўнгил хотиржам бўлиши учун ҳозирдан тўлаб қўяверинг”.

- Нима қилдингиз?

- Унинг ишонч билан гапириши ва олдиндан тўлаш кераклиги менга ёқмади. Катта пора эвазига ҳам институтларга кира олмаганлар ҳақида кўп эшитганман. Қўшниларим қизига олдиндан тўлаб қўйган, аммо имтиҳон пайтида муаммо юзага келган. У телефон орқали ёрдам олишни бошлаганида кузатувчилар телефонни олиб қўйган, шу билан ишнинг пачаваси чиққан. Пулни олганлар эса қайтармаган, қизнинг ўзи айбдорлигини айтишган. Улар бўлса одам ёллаган: “қуён”, “чопар”, учта “калла”, хуллас етти-ўн кишилик команда йиққан. Пулни ўзаро тақсимлаб бўлишган, ҳеч нимани қайтаришмайди. Эҳтиёт бўлиш керагиди, телефонни кузатувчига олдириб қўймаслик керак эди.

- “Қуён”, “чопар”лар кимлар?

- Буни ота-оналар, воситачилар ва ўқувчилар тушуниши учун имтиҳон пайтида шунақа терминлар ишлатилади. “Қуён” – имтиҳон саволларини аудиториядан олиб чиқиб, “чопар”га берадиган одам. “Чопар” саволларни “қуён”дан олиб, билимдонлар ўтирган квартирага етказиб беради. Билимдонлар билетлардаги саволларга жавоб бергани учун ўз улушини олади, кейин жавоблар абитуриентга қайтарилади.

- Ўғлингиз ўзи кириши учун репетитор ёлламадингизми?

- Ёлладик. Бутун баҳор давомида битта ўқитувчи билан шуғулланди. Ҳафтада тўрт кундан қатнади, ойига 80 минг сўмдан тўладик. Июль бошида репетитор бизни чақириб, олийгоҳга киргизиш учун 5000 доллар сўради. Ярмини олдиндан тўлаш керак экан. Кафолат эса йўқ: имтиҳон пайтида ҳар нарса бўлиши мумкин.

1 августгача ўғлим билан яна бир нечта абитуриентлар унинг қўшнисиникида туришини айтди. Уларни кириш имтиҳонларига туну-кун тайёрлаши керак экан. Бу ерда гап “репетиторлик”да эмас, балки “техник жиҳатларига” тайёргарлик, яъни кузатувчиларни алдаш сирлари ўргатилади. Бир нечта варианти бўлади.

- Алдаш вариантларими? Қанақа?

- Биринчиси. Имтиҳон саволлари ёзилган варақларни аудиториядан олиб чиқиб, университут яқинидаги квартирага олиб боришади, у ерда бир нечта тажрибали ўқитувчилар ўтирган бўлади. Улар тестларни ечиб, жавобини абитуриентга қайтаради. Қайси усулда қайтариши ўзларига ҳавола. “Билимдонлар”нинг ҳақи умумий тўловнинг ичида бўлади.

Иккинчи вариант. Абитуриент саволларни смартфонда суратга олади, кейин хотира картасини “қуён” орқали “чопар”га беради, у билимдонлар ўтирган квартиага олиб боради. Билимдонлар флешка ёки телефонни олиб, саволларини очиб, жавобини телефон орқали абитуриентга айтиб туради. Масалан: “Биринчиси – а (Аҳмад), иккинчиси – б (Ботир), тўртинчиси – д (Диля)”.

Учинчи вариант. Абитуриент телефонда саволларни ўқийди ва жавобларни олади.

Тўртинчиси. Олдинги учта вариант иш бермаса, абитуриент ўзи тайёр бўлиши ва ёрдам олмасдан тестларга жавоб бериши керак.

- Рози бўлдингизми?

- Мен бу шартларга рози бўлдим, аммо фақат тўрт минг доллар бера олишимни айтдим. Олдиндан минг доллар беришим мумкин. Иш ҳал бўлганидан кейин қолганини бераман. Озгина савдолашдик, кейин ўқитувчи рози бўлди. Кейин ўғлимни бюджетга киритишга ҳаракат қилишини сўрадим (бюджетга ўқишга кириш тўпланган баллга боғлиқ. –“Фарғона” изоҳи). Бунинг учун ҳеч бўлмаганда беш юз доллар қўшишимни сўради, мен рози бўлдим.

Шундай қилиб, ўғлим билан яна бешта йигитча ўқитувчининг қўшнисиникига жойлашди ва тайёргарликни бошлади. Ижара ҳақига юз минг сўм тўладим. Келишувга кўра, 25 июль куни ўқитувчига минг доллар олиб бориб бердим. 31 август куни ўғлим қўнғироқ қилиб, унга “қуён” топа олишмаганини айтди. Ўзи топишга ҳаракат қилар экан, аммо “қуён”га алоҳида юз доллар тўлаш керак бўлади. Аввал жаҳлим чиқди, кейин ўзимни босдим, эртага ҳаммасини жойида ҳал қиламиз, деб ўйладим.

1 август куни эрталаб, институтга келдим. Ўғлим ҳозир ичкарига кириб, ўзи “қуён” топишга ҳаракат қилишини айтди. Унга ҳар бир аудиторияда хоҳловчилар борлигини айтишибди. Булар ҳар эҳтимолга қарши ҳужжат топширадиган “кафолатсиз” абитуриентлар бўларкан. Тест имтиҳони пайтида ўзларининг жавобларини тезда тўлдириб, “почта”ни олиб чиқиб кетади. Ўғлим айтдики, агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, “қуён”га менинг телефонимни берворади ва у ташқарига чиқиб, менга қўнғироқ қилади. Ундан саволларни олиб, “билимдонлар” ўтирган квартирага олиб боришим керак бўлади.

- Сен билан бирга тайёрланганларда ҳам “қуён”, “чопар”лар йўқми? –деб сўрадим ўғлимдан.

- Олдиндан юз фоиз тўлаганларга “қуён” ҳам, “чопар” ҳам топишди. Менга ўхшаганларга ўзимиз топишимиз кераклигини айтишди, - деди ўғлим.

Ўғлим “билимдонлар” каттасининг рақамини берди. Мен уларга қўнғироқ қилиб, қаердалигини билиб олдим, кейин “чопар”лик қилаётганда қийналиб қолмаслик учун.

2016 йилда биринчи марта имтиҳонлар ташқарига ўрнатилган мониторларга трансляция қилинди. Хўш, хавотирланиб ўтирган ота-оналар нималарни кўришди? Жонли эфирда кўчириб олиш жараёнини кўришди.

Ўғлимдан анчагача хабар бўлмади. “Билимдон” ҳам вазиятни билиш учун бир неча марта менга қўнғироқ қилди. Соат ўн бир яримларда ўғлим қўнғироқ қилиб, “қуён” ҳозир чиқишини айтди. Бир неча дақиқадан кейин бир аёл қўнғироқ қилиб, ўғлим юборганини айтди. Унга қаердалигимни, машинамнинг маркаси, ранги, рақамини айтдим. Машинадан чиқдим. Олдимга ёш бир қиз келди. “Юз доллар берасиз”, - деди. Жуда шошиб турувди, чунки уни бошқа “чопар”лар кутиб турганди.

Кейинчалик ўғлимдан билдимки, бу қиз аудиторияга кириши билан имтиҳонга тайёр эмаслигини ва киришга умид ҳам қилмаётганини бошқа абитуриентларга айтган. Тезда чиқиб кетишини, агар кимга керак бўлса, “қуён” хизматини бажариши мумкинлигини билдирган. У ўша куни камида беш юз доллар ишлаган бўлса керак.

- Ўғлингиз қандай қилиб телефон олиб кирди? Киришда олиб қўйишади-ку?

- Учта телефонни олиб олганди, қўлидан келганича яширган. Текширувда битта телефонни топиб, олиб қўйишган, қолганларини олиб кирган. Аудиторияда соат 11.00 гача қаттиқ назорат бўлган, каллани кўтаришга ҳам қўйишмаган. Телефонда саволни ўқиётган битта абитуриентни милиция ушлаб олиб, протокол тузиб, чиқариб юборган. Кейин битта қизни ҳам ушлашган. Аммо у йиғлаб, шовқин кўтарган, ўқишга кирмаса, истамаган одамига турмушга бериб юборишларини айтган. Мени кечиринглар, деган.Уни кечиришган. У бўлса яна секингина телефонда гаплашаверган.

Шунда ўғлим дадиллашиб, саволларни суратга туширган ва флешкани “қуён”га берган.

- “Почта”ни олгач, нима қилдингиз?

- Белгиланган манзилга ошиқдим. Билимдонлар кўчага югуриб чиқди. Улар мени кутиб турган экан. Уларнинг орқасидан квартирага кирдим. Дераза олдида ўндан ортиқ телефон қаторлашиб турарди. Ғилофида абитуриентни исми ёзилган. Ўша пайтда ўғлимнинг телефони жиринглади. Билимдон жавобларни ҳозир беришини айтди.

Шу пайтда менга номаълум рақамдан қўнғироқ бўлди. Бу ўғлимнинг ўртоғи юборган “қуён” экан. У саволларни олиб чиққани учун юз долларини олибди, фақат энди уларни билимдонларга бериш керак экан.

Мен институт биносига қайтдишга мажбур бўлдим, у ердан яна “махфий” квартирага қайтдик. Билимдонлар телефондаги расмларга қараб, саволларни ўқий олмади. Суратлар жуда ёмон, сифатсиз олинган эди. Бунақа ҳолатда тўғри жавоб беришнинг иложи йўқ дейишди билимдонлар. Бу пайтда иккита билимдон ўғлимга навбатма-навбат жавобларни айтаётган эди. Биттаси бир фандан, бошқаси бошқа фандан. Квартирага “чопар”лар келиб-кетиб турарди, булар асосан менга ўхшаган ота-оналар эди. Бутун бир конвейер ишлаётган эди.

- Ўқувчиларимизни ташвишга солмай, хулосани айтинг. Ҳаммаси кўнгилдагидай бўлдими?

- Ўғлим соат 13.30 да чиқди ва ҳамма саволларга билимдонлардан жавоб олганини айтди. Аммо биз кузатувчиларда қолган учинчи телефонни олиш учун нақ бир ярим соат кутиб турдик. Соат учдагина абитуриентларга олиб қўйилган нарсаларини қайтиб олишга рухсат берилди. Ўғлимнинг телефонида орқа қопқоғи билан аккумулятори йўқ экан... Ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди, ғала-ғовур бўлиб ётибди, қиммат телефонлар ўғирланган, эгалари жанжал кўтарган, аммо ҳеч ким уларга қулоқ тутмайди. Жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Ўғлим телефонни қўшнидан прокатга олган эди. Аппаратни бутун ҳолда қайтариш учун шартта шу ердаги телефонлардан бирини олиб, корпусини очди ва аккумуляторини олиб, ўзиникига қўйди... Ўғирлади деса ҳам бўлади... Ахир уникини ҳам ўғирлашди-ку?

- Ажойиб-ку: институтда ўқиш фақат пора билан эмас, ўғирлик билан бошланди... “Билимдонлар” ўғлингизга тўғри жавобларни берганига аминсиз шекилли?

- Биз жавоблар ёзилган варақаларни “билимдонлар”дан олдик. Саволлар флешкамизда бор эди. Кейинги куни ҳаммасини қайтадан текширдик. Ўғлим бюджетга кирганга ўхшайди! Аммо ўғлимнинг ўртоғига отаси ҳамма пулни тўлаган эди, ўзининг “қуён”и ҳам бор эди, мен унга “чопар”лик қилдим, аммо у киролмади шекилли... Жавоблар қачон чиқади? Сабримиз чидамаяпти!

***

Анъанага кўра, ўқувчиларимиздан мақола юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашишни сўраймиз. Сизда имтиҳонлар қандай бўлди? Сизларда =ам “чопар” ва “қуён”лар бўлдими?

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама