06:51 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сурат Икромов хотиралари: Ҳуқуқ ҳимоячилари америкалик амалдорни қандай қилиб “ағдаришди”

15.08.2016 17:01 msk

Фарғона

“Ҳуқуқ ҳимоячи қайдлари” китобининг олдинги бобида ЎМҲҲТГ (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи) раҳбари Сурат Икромов ўз ҳамкасблари билан бир маҳбуснинг қийноқдан ўлгани юзасидан текширув ўтказгани ва бунга Freedom House ижрочи директори Мьюша Север хоним тўсқинлик қилгани ҳақида гапириб берганди. Бугунги ҳикояда шу воқеанинг нима билан тугагани ҳақида сўз боради.

“Озодлик уйи”да озодлик учун кураш

Аввал Freedom House ҳақида тўхталиб ўтсак. Бу халқаро ташкилотнинг фаолияти инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам бериш ҳамда таълимга оид турли дастурларни амалга оширишга йўналтирилган. FreedomHouseинглиз тилидан “Озодлик уйи” деб таржима қилинади. Ҳақиқатан ҳам, 2002 йилда Тошкентда пайдо бўлган бу ташкилот офиси ҳуқуқ ҳимоячилари учун ҳақиқий озодлик оролчасига айланди.

Бобур кўчаси ёнидаги сокин торкўчада жойлашган икки қаватли кенг кошонага ҳамма келарди. Ўзбошимчаликдан жабр чекканлар бу ерга ёрдам, маслаҳат ёки шунчаки тушунишларини излаб келарди ва топарди ҳам. Одамлар ўзаро мулоқот қиларди, бепарво амалдорларга қарши курашишдаги тажрибаларни ўртоқлашарди. Биринчи қаватдаги улкан залда ресурс маркази жойлашган бўлиб, бу ерда интернетга уланган йигирматача компьютер бор эди. Ҳар ким бу ерда керакли маълумотни топиши ёки шикоят матнини териб, қоғозга чиқариб олиши мумкин эди. Айниқса аксарият ҳуқуқ ҳимоячиларида компьютер йўқлиги учун ва интернет янгилик бўлган бир пайтда бу нарсалар жуда қадрли эди.

Мен ўзим ҳам бошланишида “Озодлик уйи”нинг ресурсларидан фодаланардим ва бу ерда ўтказиладиган семинар ва тренингларда қатнашардим. Шуни қайд этиш лозимки, бу семинарларда ҳеч ким электр станцияларини портлатиш ёки Ўзбекистон ҳукуматига қарши чиқишга даъват қилмас эди. Қайтага, ҳуқуқ ҳимоячиларига Ўзбекистон Республикаси қонунларига қатъий амал қилиш, нохушликлардан йироқ юриш ва ўзини муносиб тутиш кераклиги уқтириларди.

Семинарлар эса эълон қилинган дастурлар доирасида ўтказиларди – инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашнинг халқаро нормалари ва халқаро воситаларини ўрганиш. Дарвоқе, “Озодлик уйи”да АҚШ элчихонаси вакиллари билан ўтказиладиган барча норасмий учрашувлар (Freedom House бош офиси Вашингтонда жойлашган ва у Америка ташкилоти ҳисобланади) ҳам ташкилот мақомига мувофиқ форматда ўтар эди. Америкаликлар шикоятчиларнинг ҳис-ҳаяжонга тўла сўзларини индамасдан тинглаб, уларни қонунларга риоя қилишга ундашарди.

Freedom House Тошкентда ишлаган пайтларида бир неча марта ижрочи директори алмашди. Айримлари “Озодлик уйи”га келган шикоятчиларнинг бошига тушган кўргуликлардан ташвишга тушар, милиция томонидан қўлга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларининг олдига эса ҳамдардлик юзасидан ходимларини ёрдамга жўнатар эди.Бошқалари эса ўз мажбуриятларига расман ёндашарди. Нима бўлганда ҳам улар асосий вазифасини бажарарди – Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларини қўллаб-қувватлашарди.

Мьюша Севердан ташқари ҳаммаси. Бу хоним 2004 йил бошида Freedom House ижрочи директори лавозимига тайинлангач, негадир Ўзбекистон ҳукумати фойдасига ишлай бошлади ва республикадаги ҳуқуқ ҳимояси ҳаракатини тарқатиб юбориш ишларини бошлаб юборди.

Мьюша Севернинг махфий лойиҳаси

Айрим сабабларга кўра ҳеч қачон ўз хабарларимда ёзмаган нарсалар ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Биз 2004 йил бошида Мьюша Север билан танишдик, ўшанда менга унинг таржимони қўнғироқ қилиб, учрашувга таклиф қилди. (Север хоним Словениялик бўлиб, уларнинг тили рус тилига яқин бўлса ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари билан фақат таржимон орқали гаплашарди). Мен бажонидил рози бўлдим ва эртаси куни белгиланган вақтда “Озодлик уйи” офисига бордим.

Бу ерда ижрочи директор менга маълум қилдики, “Расмийлар билан мулоқот” мавзуси бўйича АҚШдан йирик грант олинибди. Расмийлар деганда ИИБ, МХХ, ГУИН (Жазони ижро этиш бош бошқармаси) назарда тутилаётган эди. Лойиҳа доирасида ҳуқуқ ҳимоячиларидан “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” тузиш кирарди. Мьюша Север менга шу гуруҳни тузиш ва унга раҳбарлик қилишни таклиф қилди. Аммо бир шарт қўйди – лойиҳа ҳақида ҳеч қаерда ёзмаслик керак.

Бу шартдан ҳайрон қолдим. Ўзбекистон расмийлари билан мулоқот қила олармикинмиз, деган шубҳага бордим. Расмийлар фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиши АҚШ ва Ғарбий Европага хос: ҳуқуқ ҳимоячилари камчиликларни аниқлайди, расмийлар уларни тузатади. Ўзбекистонда эса булар баррикаданинг қарама-қарши томонида туради. Шунинг учун мен дарров жавоб бермасдан, ўйлаб кўришга икки кун муҳлат сўрадим.

Охири шундай хулосага келдимки, таклифни рад этсам ҳеч нарса ўзгармайди. Қабул қилсам, лойиҳа доирасида мен ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари республика учун қандайдир фойдали иш қилишимиз мумкин. Икки кундан сўнг Freedom House ижрочи директорига розилигимни билдирдим.

Кейинчалик маълум бўлишича, Мьюша Север мени лойиҳага таклиф қилганининг сабаби унинг кўнглига ёқиб қолганимда эмас экан. Ҳаммаси оддий: Север хоним “Расмийлар билан мулоқот” юзасидан расмийларга мурожаат қилганида Республика ИИВ тергов бош бошқармаси бошлиғи, полковник Алишер Шарофиддинов билан гаплашган. У ҳам бундай “мулоқот”га қаршилик билдирмаган, аммо шундай шарт қўйганки, “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ”ни мен бошқаришим керак бўлган. Чунки мени Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарлари ичида энг боадаб, соғлом фикрли ва оғир-босиқ шахс деб ҳисоблаган.

Мени бундай баҳолашлари кимгадир ҳаддан ортиқдек туюлар, аммо ўша пайтга келиб мен расмийлар орасида муайян обрў-эътибор қозонган эдим, улар менинг фикримга қулоқ тутишар эди. Нима бўлганда ҳам натижаси парадоксал бўлди – лойиҳага мени Мьюша Север эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарияти қўшди, мен эса доим уларнинг ўзбошимчалигига қарши чиқар эдим.

“Расмийлар билан мулоқот” самарали ўтди

Розилик бергандан сўнг мен дарҳол бутун республикадаги ҳуқуқ ҳимоячиларига қўнғироқ қилиб чиқдим. Натижада “Гуруҳ” учун лойиҳада кўзда тутилган 12 киши йиғилди. Булар аввало ЎҲҲМТГаъзолари, жумладан, иккита адвокат бўлди. Мен Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти ва “Эзгулик” раҳбарларини ҳам таклиф қилдим, аммо улар негадир лойиҳада қатнашишдан бош тортишди.

Шуни таъкидлаш керакки, “расмийлар билан мулоқот” умуман олганда унумли бўлди. Расмийлар бу ғояни эътиборга олиб, навбатма-навбат ИИВ, МХХ ва ЖИЭББ (ГУИН) вакиллари билан учрашув ташкиллаштирди. Бундай учрашувларга юқори лавозимли амалдорлар келар эди – камида республика тергов бошқармасининг бошлиғи даражасидаги амалдор келарди. Улар билан ҳар бир муассасадан бир нечта ходим ҳам келарди. Бундай таклифни фақат Бош прокуратура инобатга олмади ва “Озодлик уйи”га ҳеч кимни юбормади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалар вакиллари билан учрашув тахминан мана бундай ўтарди. Freedom House офисидаги катта стол атрофида тезкор гуруҳнинг барча аъзолари йиғиларди. Тадбирда Мьюша Север раислик қиларди. Кузатувчи сифатида АҚШ, Буюк Британия, Германия элчихонаси вакиллари, ЕХҲТ (ОБСЕ) ва БМТ вакиллари қатнашарди.

Дарвоқе, ҳар гал мен Север хонимдан шунақа учрашувларга энг фаол халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти – “Хьюман Райтс Вотч” (Human Rights Watch) вакилларини таклиф қилишни сўрардим, аммо у доим рад қиларди: у негадир шу ташкилотни ёқтирмасди. Сабабини ҳали ҳам билмайман. Мьюша Север журналистларни ҳам таклиф қилмасди – бу ҳам махфийликни таъминлаш деган тушунарсиз талаб туфайли эди.

Бу учрашувларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва кучишлатар тузилма вакиллари бир-бирига савол бериб, фикр алмашишарди. Энг ноқулай саволларни албатта ҳуқуқ ҳимоячилари берарди, шу сабабли орган вакиллари вазиятдан чиқиб кетишга мажбур бўларди. Ахир жиноий ишларни сохталаштириш билан юқорироқ лавозимдагилар шуғулланишини айта олишмайди-ку.

Шунда ҳам мулоқот муносиб тарзда, шахсий гина-кудурат ва айбловларсиз ўтарди. Орган вакиллари ҳатто бизга вилоят тергов бошқармалари раҳбарларининг рўйхатини ҳам берди, бу нарса кейинчалик ишимизда жуда қўл келарди.


Тошкентдаги Freedom House ресурс маркази. “Фарғона” олган сурат

Бу учрашувларда орган ходимлари ўзларини чеклаб қўйилгандек ҳис қиларди, аммо Чимёнда бундай сиқиқликдан озод бўлишди. У ердаги дам олиш уйларидан бирида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга оид семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда 30 тача одам қатнашди – 15 та ходим ва 15 та ҳуқуқ ҳимоячиси. Ҳамма аралаш ҳолда икки гуруҳга бўлиниб, тренер олдида “Ички ишлар вазири бўлганимда, бу вазиятда нима қилган бўлардим” сингари саволларга жавоб беришди. Тренинг енгил руҳда ва қувноқ тарзда ўтди, ҳамма хурсанд бўлди.

“Озодлик уйи”да озодлик йўқолди

Аммо “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ”нинг иши тоғда кўнгил очиш ёки стол атрофида мажлис ўтказишдангина иборат экан деган хулосага бормаслик лозим. Фаолиятимизни “Маҳбус Самандар Умаровнинг ўлими” ҳикоясида батафсил ёритган эдим. Яна бир жиҳати, Freedom House ижрочи директорига “махфийлик” ҳақида ваъда берганим учун қийноқ қўллангани ҳақидаги хабарларни ЎҲҲМТГ номидан ёзардим, тезкор гуруҳ ҳақида лом-мим демасдим.

Ажабланарлиси, шунда ҳам Мьюша Севернинг ўзи ишимизга роса халақит берар эди. “Расмийлар билан мулоқот” лойиҳасини у “Ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши курашда расмийларга ёрдам бериш”га айлантириб юборди ва шу тамойилни бутун Freedom House фаолиятига жорий этди.

Натижада “Озодлик уйи”да озод бўлмаган бир муҳит ҳукмрон бўлиб қолди. Север хонимнинг фармойишига кўра, 2004 йилнинг июнидан бошлаб Freedom House ресурс марказига унга шахсан ёқмайдиган ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий партия аъзолари ва жабрланувчи фуқаролар киритилмайдиган бўлди. Бу ҳолат кулгили тус олди – ҳаттоки Васила Иноятовани ҳам киритмайдиган бўлишди. Ахир Васила Иноятова Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти “Эзгулик”нинг раҳбари эди.

Аммо фуқаролик жамиятининг фаол аъзолари ўрнига “Озодлик уйи”да ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам, жабрланганларга ҳам алоқаси бўлмаган шахслар ўралашадиган бўлиб қолди. Шу номаълум шахсларга номаълум лойиҳалар бўйича кичик грантлар берила бошланди. Номаълумлиги шундаки, кичик грантларни (уч минг долларгача, ўша пайтда 30 тача грант ажратилган эди) тарқатишда шаффофликка риоя қилинмасдан, ҳуқуқ ҳимоячиларидан яшириб берилган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрларига кўра, шу тарзда махфий хизмат ходимлари ёки оддий қилиб айтганда чақимчилар молиялаштирилган.

Freedom House бошқа лойиҳалари ҳам махфий тарзда амалга оширилган. Масалан, Мьюша Северда “Колонияларга ташриф” лойиҳаси бўлган экан. Аммо уларнинг бирортасига ҳам бормагани ва маҳбуслар билан гаплашмаганига аминман. Қамоқда “ҳаммаси яхши”лиги ҳақидаги ҳисоботларини эса ГУИН вакиллари билан ўтказган суҳбати асосида ёзарди.

Ижрочи директор турли усуллар билан ҳуқуқ ҳимоячиларининг ишига тўсқинлик қиларди. Масалан, кейинчалик маълум бўлишича, Елена Урлаеванинг ўзи унга қийноқлар ҳақида 20 тача хабар етказган экан. Бирортасини ҳам Север хоним бизнинг гуруҳга етказмаган, ҳаммасини эътиборсиз ташлаб қўйган.


Мьюша Север. “Региональный диалог” ташкилоти сайтидан олинган фотосурат, айни пайтда у ташкилотнинг ҳозирги раҳбари
Шу билан бирга ижрочи директор расмийларга лаганбардорлик қилган, аслида улар билан тенг ҳуқуқли мулоқот олиб бориши керак эди. Бундай лаганбардорлик баъзида қуюшқондан чиқиб кетар эди. Масалан, 2004 йил 10 декабрида, Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Freedom House номидан АҚШ элчиси қароргоҳида сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг энг яхши ҳуқуқ ҳимоячилари деб… ИИВ раҳбарларининг номини санаб ўтади.

Бундан ташқари, ижрочи директорнинг қўли эгри экан. Лойиҳага кўра “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” аъзоларига маош берилиши ёки ҳеч бўлмаганда мобил телефон билан таъминлаш сингари рағбатлантириши керак эди, аммо бизга фақат Тошкентга йўлкира ва меҳмонхонадаги жой учун тўланарди. Қамоққа олинган ҳуқуқ ҳимоячиларининг оилаларига Север хоним моддий ёрдам ваъда қиларди, аммо ўйлашимизча, ҳаммасини ўзи ўзлаштирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сабр косаси тўлди

Мьюша Север бизнинг тезкор гуруҳни ҳам тинч қўймас эди. Қийноқ бўйича барча текширувларни биз бошлар эдик, уларнинг аксариятини ижрочи директор барбод қиларди. Текширувдаги асосий ўринларга номаълум шахслар тайинланарди, ҳуқуқ ҳимоячилари эса нима бўлаётганини тушунмай қолаверар эди.

Север хонимнинг ҳаракатлари шарофати билан қийноқдан ўлган одам қўшимча текширув натижасида табиий сабабларга кўра ўлган деб эълон қилинди. Маҳбус Самандар Умаров билан бўлган бу ҳолат ягона эмас. Ўшанда менинг сабр-косам тўлиб, Freedom House ижрочи директорини бузғунчиликда айблаб, хабар эълон қилдим.

Бу 2005 йилнинг бошида бўлган эди, ўша пайтга келиб аксарият ҳуқуқ ҳимоячилари Север хонимнинг фаолиятидан норози эди. Март ойида воқеалар ривожи тезлашиб кетди. Шу ойда Freedom House ижрочи директори Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қабулида бўлди, шу муносабат билан ҳуқуқ ҳимоячилари учун учрашув ташкил қилди. Аммо 15 мартда “Озодлик уйи”да бўлиб ўтган учрашувда ахборотларгина эмас, ҳақоратлар ҳам ёғилди. Мьюша Север “Озодлик” радиоси журналистларига диктофондан фойдаланишни тақиқлади, шундан сўнг улар кетишга мажбур бўлишди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг саволларига эса умуман жавоб беришдан бош тортди.

26 мартда маълум бўлишича, Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига муқобил маъруза учун ижрочи директор Freedom House ҳисобидан уч кишини жўнатибди, улар ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятига умуман алоқаси бўлмаган кишилар эди. Биз ҳамкасблар билан буни Ўзбекистоннинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасини обрўсизлантириш учун қилинган провокация деб баҳоладик.

Эртаси куни мен Север хоним билан учрашишга мажбур бўлдим ва ўртамизда ўта ёқимсиз бир суҳбат бўлиб ўтди. У ўзининг қанчалик тубанлашиб кетганини тушуниб, тўғриланишга ҳаракат қилади, деб умид қилгандим. Аммо умидларим пучга чиқди. Суҳбатимиз шу билан якунландики, ижрочи директор мендан бошқа маълумот хабарлари ёзмасликни талаб қилди. “Расмийлар билан мулоқот” тўғрисида эмас, умуман ҳеч қандай хабар ёзмасликни талаб қилди.

Мен индамасдан кабинетидан чиқиб кетдим. ЎҲҲМТГ аъзолари ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари билан гаплашдим. Шундай хулосага келдикки, Мьюша Севернинг фитнакор фаолияти қуюшқондан чиқиб кетди ва вазиятни фақат пикет билан ҳал қилиш мумкин. Яна бир маълумот бизга дадиллик берди. Север хоним 2003 йилда Озарбайжонда Freedom House ижрочи директори бўлган экан, аммо расмийлар билан ўрнатган алоқаси туфайли ҳуқуқ ҳимоячилари уни ҳайдаб юборган экан.

Америкалик амалдорнинг қулаши

Пикетни эртаси куни “Озодлик уйи” қаршисида ўтказишга қарор қилдик. Эрталаб, пикетга бир соат қолганда мен АҚШ элчихонасининг иккинчи котиби Майкл Голдманга қўнғироқ қилиб, белгиланган акция ҳақида билдирдим.


Мьюша Северни бўшатиш талаби билан пикет. Сурат Икромов – энг чапда. Муаллиф олган сурат

“Демак, АҚШга қарши пикет ўтказасизми?” – аччиқланиб сўради у.

“АҚШга эмас, Freedom House ҳам эмас, фақат ижрочи директорга қарши”, - деб жавоб бердим.

Майкл гўшакни қўймасликни сўраб, бошқа телефондан элчига қўнғироқ қилди ва вазиятни тушунтирди. Элчи файласуфона тарзда айтдики: “Пикетга чиқишяптими, демак бошқа иложи қолмаган”.

Freedom House офиси ёнидаги пикетга 15 нафар ҳуқуқ ҳимоячи, шу жумладан мен ҳам чиқдим. Қўлларимизда қатъий оҳангда ёзилган плакатлар ушлаб олгандик: “Тошкентдаги F.H. ижрочи директори Мьюша Севернинг бўшатилишини талаб қиламиз!”, “Ўзбек расмийларининг ҳамтовоқлари йўқолсин!”, “Мьюша Север –ҳуқуқ ҳимоясидаги провокатор!”, “Ҳуқуқ ҳимоясида диктаторларга ўрин йўқ!”.

Акция пайтида “Озодлик уйи” вакили Бранка Шесто хонимга ариза топширдик, бу ариза Вашингтондаги Freedom House ижрочи директори Джениффер Виндзор номига ёзилган эди. Аризада Мьюша Северга нисбатан барча эътирозларимизни санаб ўтгач, у “фаол ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолиф партия аъзолари ва раҳбарларига қарши провокацион фаолият олиб бормоқда” деб ёздик.

Америкаликларнинг тезкорлигига қойил қолдим: пикет пайтидаёқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг барча талаблари қондирилгани маълум бўлди. Мьюша Север элчи ёнига чақиртирилиб, ишдан бўшатилди. Унинг ўрнига Бранка Шесто тайинланди.


Мьюша Северни бўшатиш талаби билан пикет. Муаллиф олган сурат

Афсуски, янги ижрочи директор билан ишлаш насиб қилмаган экан. Бир ойдан сўнг Андижон воқеалари бўлиб ўтди ва Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимояси соҳасида ишлайдиган хорижий ташкилотларни йўқотиш кампанияси бошланди. 2006 йилнинг 13 январида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Freedom House фаолиятини тўхтатди, яъни уни ҳайдаб чиқарди.

Аммо мен бу ташкилотни соғинч билан эслайман. Айниқса “Расмийлар билан мулоқот” лойиҳаси ва америкаликларнинг ўз амалдорига нисбатан танқидга тезкор жавоб бергани эсимда қолди. Хуллас, ҳуқуқ ҳимоячилари расмийлар билан мулоқот ўрната олди. Аммо бу Ўзбекистон расмийлари эмас, АҚШ расмийлари эди.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги