14:21 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фитна ёхуд “Фарғона.Ру”нинг ўйлаб эмас, “ўйнаб” ёзадиган номаълум мухбирлари ҳақида

09.11.2005 09:07 msk

Шуҳрат Деҳқонов, Наман

Шу кунларда Наманган вилоятининг қайси бир гўшасига борманг, бир манзаранинг устидан чиқишингиз табиий. Қишлоқ одамлари ўз томорқаларида етиштирган ҳосилларини саранжомлаб олиш билан машғуллар. Айниқса, каттаю-ю кичик асфальт йўлларга похоллар (шолининг пояси) ҳар қадамингизда учрайди. Бу нимадан далолат? Албатта, кўпчиликнинг ўз даласига шоли экканлигидан. Яна деҳқонларнинг айтишларича, бу йилги ҳосил ҳар йилгидан-да мўл, баракали бўлган.

Аммо “Фарғона.Ру” интернет сайти орқали тарқатилган хабар кишининг энсасини қотиради. “Ўзбекистонда пахта ўрнига гуруч эккан киши ҳосилдан қуруқ қолади” деб номланган иғвода (бошқача сўз билан аташни билмадим) ёзилишича, Наманган вилояти ҳокимлигининг охирги йиғилишида режани фақат 27 фоизга бажарган маҳаллий фермерлардан бири раҳбарларнинг кескин танқидига учраганмиш. Маълум бўлишича, фермер пахтанинг ўрнига гуруч экиб (гуруч экилмайди, шоли сепилади) яхшигина ҳосил олган. Ҳокимнинг буйруғига асосан фермернинг ҳосилини мусодара этишга қарор қилинган эмиш.

Умуман, кейинги вақтларда мазкур сайтни кузатиб бораётган одам бир нарсага очиқ-ойдин гувоҳ бўлиши мумкин. Нимагадир “Фарғона.Ру”чилар сўнгги пайтларда Наманган вилоятига нисбатан далилларга асосланмаган, муаллифи номаълум, бошдан оёқ фисқу фасодга тўла хабарлар тарқатишни ўзларига касб этиб олишди.

Айниқса, наманганлик пахтакорларнинг бу йил тоғдек хирмон уйиб, кейинги ўн йил ичида илк бор шартномавий режани ёриғ-очиқ кунларда уддалаб, юзлари ёруғ бўлганлиги, шунга қарамай, ҳали далаларда ҳосил ошиб-тошиб ётганлиги кимларнингдир ғашига тегяпти, чамаси. Статистикани қўйиб турайлик, пахтанинг ўзидан олинадиган соф фойда бу йилнинг ўзида вилоят миқёсида 10 миллиард сўмга етиши кутилмоқда. Бунинг ҳаммаси деҳқоннинг чўнтагига тушади, албатта.

Бироқ, “Фарғона.Ру”чиларнинг иддаосича, “Наманган вилоятининг Поп туманига қарашли ўқув юртлари(?)дан бирининг мутасаддиси(?)га кўра, бу ерда пахта терими шиддатини бўшаштирмоқчи эмаслар”. Албатта-да! Ахир далалардаги ҳосилни бирор мисқолигача увол қилмай йиғиб-териб олиш даромадга даромад қўшишини ёш бола ҳам билади-ку! Нима, йил бўйи машаққатли меҳнат қилиб, ҳалол пешона тери тўкиб, не-не заҳматлар-у уйқусиз тунлар ҳисобига бунёд этилган қимматбаҳо саноат хомашёсини режа бажарилди-ку, деб тупроққа қориб ташлашимиз керакми?!

Ўша, интернет орқали бутун дунёга жар солаётган номаълум кимса пахта қандай меҳнатлар эвазига яратилишини билармикин? Ўзбек деҳқони ҳар бир туп ғўза теграсида фарзандидек парвона бўлиб, унга бутун қалб қўрини бағишлашини лоақал ҳис этармикин? Тарқатган хабаридан кўриниб турибдики, йўқ ва ҳеч қачон.

Диққатга сазовор томони шундаки, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғафур Барноев мазкур чиқишга зудлик билан ўз муносабатини билдирди. “Номаълум муаллиф, бетайин фактлар” деб номланган жавобда шундай дейилади:

“Фарғона.Ру” сайтида пайдо бўлган “Ўзбекистон: агар пахта ўрнига шоли етиштирсанг, у ҳолда сенинг ҳосилинг мусодара қилиниши мумкин” хабари совет давридаги классик имзосиз хатга жуда ўхшаш.

Вилоятда қишлоқ хўжалик масалаларини бошқарувчи раҳбар сифатида баёнот бераманки, биз биронта маҳаллий фермернинг ҳосилини мусодара қилганимиз йўқ. Вилоят ҳокимлиги мажлисларида бунга ўхшаш масалалар умуман кўриб чиқилмаган. Ва вилоят ҳокими (маъмурият бошлиғи) ҳеч кимга бунақа буйруқ бермаган.

Маълумот учун шуни қўшимча қиламанки, 24 октябргача наманганлик пахтакорлар йиғиштириб олган ҳосил 272 минг 867 тоннани ташкил этди. Бу шартнома режасига нисбатан 104, 55 фоиздир. Шу рақамларнинг ўзиёқ Наманганда фермерларни муҳокама қилишга асос йўқлигидан далолат бермоқда. Томонларнинг барча муносабатлари тузилаётган шартномаларида аввалдан келишиб олинади ва низолар мазкур ҳужжат доирасида ҳал этилади.

Ва яна шуни эслатиб ўтишни хоҳлардимки, Президентимиз яқинда Хоразм вилоятига қилган амалий ташрифи чоғида маҳаллий маъмуриятнинг фермерлар ишига аралашишини яна бир бор қатъий таъқиқлади.

Биз ўзимизнинг муаммоларимиз ва мушкулотларимизни яхши биламиз ва агар объектив танқид бўлса ҳеч қандай эътироз билдирмаймиз. Афсуски, “Фарғона.Ру” сайти текшириб кўрилмаган ва бўҳтонга йўғрилган қитмирона ахборотларни беришгача бориб етмоқда.

Шу боис “Фарғона.Ру” сайти журналистларини менинг назаримда ОАВ учун бош қоида ҳисобланган ёлғон гапирмасликка ва ёлғон ёзмасликка чақираман. Қитмирликни ўзига касб қилиб олган журналистларга ҳеч ким ишонмайди. Ўз ўқувчилари олдида обрўси тўкилади.

Ғафур Барноев, Наманган вилояти ҳокимининг 1-ўринбосари

Мазкур масала юзасидан бир нечта фермерлар билан суҳбатлашишга тўғри келди. Шулардан бири Наманган туманидаги “Башорат-Раҳмон” номли фермер хўжалигининг иш юритувчиси Комилжон Баҳромов. 30 ёшларни қоралаб қолган бу йигитнинг айтишича, 16 гектар ерда деҳқончилик қилишади. Шундан 12 гектарида пахта етиштирилади. Режани 120 фоизга уддалашибди. 10 нафарга яқин хўжалик ишчиларининг айниқса бу йил даромадлари чакки эмас экан. Умуман 10 миллион соф фойдани кўзлаб туришибди.

- Фермерларга туман ёки вилоят ҳокимлиги, ёхуд бирон бир идора, орган томонидан қанақадир тазйиқ ёки ноқонуний топшириқ бўлдими? – сўрайман ундан.

- Йўғ-е, аксинча, - самимий жавоб қайтаради фермер. – Эрта баҳорда чигит экишимиздан тортиб пахтани териб олишимизгача бўлаётган жараёнда фақат ёрдам беришади. Айниқса, бу йил мададни ҳар йилгидан кўпроқ ҳис этдик. Еримизни ҳайдатиб берган ҳам, омборлардан дорию-ю ёқилғини милиция ходимлари кузатувида олиб келиб берган ҳам, ғалла, пахтани сотишимизга техника топган ҳам, банкдан уч фоизли кредитни ажратган, терилган пахта учун ҳар беш кунда пул билан таъминланишини назорат қилган ҳам ҳокимлик бўлди. Шунинг натижасида зиммамиздаги масъулият ортиғи билан адо этилди.

Фермернинг ушбу сўзларига ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ бўлса керак. Фақат бизни бир нарса таажжублантиради. Нима учун “Фарғона.Ру”нинг номаълум муаллифлари турли хил ҳийла-ю найрангларни ўйлаб топишяпти. Уларнинг ортида кимлар, қандай кучлар турибди. Нима сабабдан кейинги пайтда Наманган вилоятига нисбатан информацион уруш бошлаб юборишди? Мақсад-муддаолари нима, ўзи? Андижон воқеларидан ҳеч нарса чиқаролмагач, яна қандайдир фитналарни тайёрлаш билан машғул эмасмикинлар? Эҳтимол, ушбу саволларимизга шахси номаълум қолаётган ҳамкасбларимиз мард бўлиб майдонга чиқиб, ўзларини таништириб, бирма-бир жавоб беришар? Яна ким билсин. Буни вақт кўрсатади.