20:51 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мамлакат маданиятининг бош олийгоҳидаги коррупция ва яккаҳокимлик

13.08.2016 15:47 msk

Фарғона

Биринчи август – Ўзбекистон ҳаётида алоҳида кун бўлиб, шу куни бутун мамлакат бўйлаб олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Тест ўтказилаётган пайтда абитуриентлар телефон орқали ёрдам олмаслиги учун мобил алоқа операторлари SMS, MMS, WAP ва GPRS хизматларини ўчириб қўяди, айрим шаҳарларда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулай бўлиши учун жамоат транспортининг қатнов жадвали ўзгаради. Масалан, бу йили Тошкентда автобуслар ва метрополитен соат 4:30 дан иш бошлади.

Август ойини абитуриентлар ҳаяжон ва қўрқув билан кутади, ўқишга киришга “ёрдамлашадиган” ўқитувчилар ва олийгоҳ раҳбарлари эса катта даромадни олдиндан сезиб, кафтларини бир-бирига ишқалайди. Чунки мамлакатда камдан-кам одамга воситачиларсиз талаба бўлиш насиб қилади, уларнинг хизматлари эса қиммат туради. Кириш ҳақи бир неча минг доллардан ўнлаб минг долларгача боради. Бу борадаги энг қиммат йўналишлар – ҳуқуқшунослик, тиббиёт, иқтисодиёт ва халқаро муносабатлар билан боғлиқ йўналишлардир.

Воситачига ёки тўғридан-тўғри кириш тестларига масъул бўлган одамларга тўлаш орқали абитуриентлар ўқишга киришнинг бир нечта схемаларидан бирида иштирокчига айланишади: айримлар “бункер”да топширади, бошқалар имтиҳондан олдин тайёр жавобларни олади, учинчиларига аудиториянинг ўзида жавобларни телефонда айтиб туришади ва ҳоказо “Фарғона” бу ҳақда бир неча марта ёзган).

Қўшимча кириш имтиҳонлари белгиланган олийгоҳларда керакли одамни талабага айлантириш ундан ҳам осон. Бу ерда умумий баллга оғзаки, ёзма ёки ижодий имтиҳонлар таъсир қилади, бундай имтиҳонларнинг натижаси эса асосан имтиҳон олувчининг шахси ва унинг имтиҳон топширувчига бўлган муносабатига боғлиқ.

Масалан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига кириш учун абитуриентлар ижодий имтиҳон топширади, бу имтиҳонда максимал баллнинг учдан бир қисмигача олиш мумкин. Бу имкониятдан маҳаллий коррупционерлар, шу жумладан, олийгоҳ раҳбарияти вакиллари ҳам унумли фойдаланишади. Институт ўқитувчиларидан бирининг “Фарғона”га аноним тарзда айтишича, бу институтга кириш ҳақи йўналишига қараб 5000 доллардан бошланади.

- Бу йили сурбетлик ва очкўзлик даражаси ҳаммасидан ошиб тушди, бу ишга ҳатто Минкульт (Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги. – изоҳ “Фарғона”ники) ҳам аралашган. Вазирликдан институтга республика театрларининг бир нечта актёрларини ўқишга олиш буюртмаси келган. Бу актёрлар ижодий имтиҳонларда максималл балл олди. Кўчадан келган ёшларга паст баҳолар қўйилди. Натижалардаги катта фарқни бошқача изоҳлаб бўлмайди: рўйхат жуда юқори баллар (60-75) билан жуда паст (20 дан кам) баллардан иборат. 40-50 балл олганлар жуда кам.


Ўзбекистон санъат ва маданият институтидаги ижодий имтиҳон натижалари. Сурат олийгоҳ ўқитувчиси – “Фарғона” суҳбатдоши томонидан юборилган

- Демак, маълум тайёргарликдан ўтган ёшлар кириши керак бўлган институтга бошқа одамлар, яъни актёрлик санъати, пластика ва вокалдан хабари йўқ одамлар кирмоқчи бўляптими?

- Буни оддий тушунтириш мумкин: имтиҳон олувчиларга ректорнинг рухсатисиз 50 баллдан ортиқ қўйиш тақиқланди. Яна рус тили гуруҳига ҳужжат топширганларнинг ижодий имтиҳондан катта баллар олгани ҳайратланарли, чунки улар рус тилини деярли билмайди.

- Институтда қандай қилиб ўқишади?

- Қийин масала. Талабаларни қабул қилиш жараёнини бошқарадиган ректорнинг ўзи эса ўқув йили давомида имтиҳончилар ва ўқитувчиларга танбеҳ бериб, иқтидорсиз ёшларни танлаб олганликда айблайди. Ҳамма ведомостлар унинг қўлидан ўтади-да.

- Аппеляцияга кўпчилик абитуриентлар топширадими?

- Кам эмас. Аммо бундан бирор нарса ўзгариши қийин. Имтиҳон натижалари дарров эълон қилинмайди, балки барча ижодий имтиҳонларнинг тугаши кутилади. Баъзида имтиҳон олувчилар баҳолар ведомостига қўл қўяётиб, ўзлари абитуриентларга қўйган балларни ҳам танимай қолади, - дейди “Фарғона” суҳбатдоши.

Санъат ва маданият институти 2012 йилда президент қарорига кўра Тошкент давлат маданият институти ва Давлат санъат институти асосида ташкил этилган. Таълим 3 та факультетдаги 18 та кафедрада 30 та йўналиш ва 8 та мутахассислик бўйича олиб борилади. Институт қуйидаги соҳаларда мутахассис тайёрлайди: актёрлик маҳорати, режиссура, санъатшунослик, театршунослик, овоз режиссёрлиги, операторлик маҳорати, халқ ижоди, маданият ва санъат муассасаларини бошқариш. Бу ерда 1600 та талаба ва магистрантлар таҳсил олади, 225 та ўқитувчи, жумладан, 33 та профессор, 45 та доцент ва фан номзодлари ишлайди. Олийгоҳ ректори лавозимига маданият ишлари вазирининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Сайфуллаев тайинланган. У илгари маданият институтида ҳам, санъат институтида ҳам турли лавозимларда ишлаган.


Ўзбекистон санъат ва маданият институти ректорати. Олийгоҳ расмий сайтидан олинган сурат

“Фарғона”га олийгоҳ ўқитувчисининг сўзлаб беришича, бу воқеалардан сўнг тугатилган институтларнинг ходимлари аттестациядан ўтказилган. Аттестация комиссиясига турли вазирлик ва идоралардан 20 та амалдор кирган бўлса ҳам, керакли одамларни янги ректорнинг ўзи шахсан танлаган.

- Сайфуллаев собиқ маданият институти билан боғлиқ ҳамма нарсадан нафратланиши маълум бўлди: аксарият ходимлар аттестациядан ўтмади, бунинг сабаби улар шу олийгоҳда ишлагани бўлди, - деб ҳисоблайди “Фарғона” суҳбатдоши. – Ходим ва бошқарувчи мансаблари асосан собиқ санъат институти ходимларига тегди. Нимагадир маданият институти ҳақидаги ҳар қандай эслатишдан янги ректорнинг жаҳли чиқарди. Бу институтнинг собиқ ўқитувчиларини янги ректор бекорчи ва порахўр деб ҳисобларди, талабаларини эса иқтидорсиз сурбетлар деб биларди. Бу нафрат ҳозирда ҳам, институт ташкил этилганига тўрт йил бўлган бўлса ҳам сезилиб туради.

- Демак бугунги кунда олийгоҳда собиқ маданият институтидан бирорта ҳам ўқитувчи йўқми?

- Аттестация вақтидаги бешавқат ғалвирдан ўтказишга қарамасдан, маданият институтининг бир нечта собиқ ходимлари ишга олинди, аммо айримлари барибир кейинги тўрт йил ичида ишдан ҳайдалди. Масалан, магистратура бўлими бошлиғи билан “Ҳалқ ижоди” факультети декани бўшатиди. Ректорнинг доимий таҳқирлари оқибатида ўқув ишлари бўйича проректор жанжал билан ишдан кетди. Бу жанжал вазирликкача бориб етган. Аммо худди шу лавозимга, каттароқ олийгоҳга – Ўзбекистон консерваториясига кетди.

- Сайфуллаев шахси ҳақида айтиб беринг.

- У феодал характерли одам. Истаган ходимига қўполлик қилаверади, атрофда бошқалар борлиги ёки ёши ва жинсига ҳам қараб ўтирмайди. Ёш ходимларга қўл кўтариши ҳеч гапмас. Кафедра мудири, бўлим бошлиғи ва ҳатто проректор лавозимидаги аёлларни қўполлик ва қаттиқлиги билан йиғлатади. Ҳаммани майда-чуйда нарсалар учун ҳам ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилаверади.

Бахтиёр Сайфуллаев. Олийгоҳ расмий сайтидан олинган сурат

Раҳбарликни ҳам битта ўзи олиб боради. Тўртта проректор бор бўлса ҳам, ректор иштирокисиз бирорта ҳам қарор қабул қилинмайди. У бўшроқ бошқарадиган битта соҳа бор, бу ҳам бўлса молиявий масалалар. Чунки молиявий масалалар бўйича проректор эски институтдаёқ обрў-эътиборли шахс эди, у барча молиявий механизмларни ўз қўлига олган, фақат онда-сонда номига ректор билан маслаҳатлашиб турарди. Аммо май ойида у бошқа институтга худди шу лавозимга тайинланди, шу сабабли молия масалалари ҳозирча назоратсиз қолди. Аммо масъулиятли лавозим ва бошқа институтда қурилиш ва реконструкция ишлари фаол кетаётганига қарамай, собиқ проректор ҳар куни бизнинг институтга келиб туради. Бунга қисман кириш имтиҳонлари ҳам сабаб, чунки у бу жараённи, аниқроғи пул йиғишни ҳали ҳам назорат қилмоқда.

Сайфуллаевга келсак, унинг мажлис ўтказиш усулида ҳам вазирликдаги одатлари сезилиб туради. Мажлислар ишдан ташқари вақтга белгиланади ва бир ярим-икки соат давом этади. Унда асосан ректор монолог ўқийди ва ходимларни ёмон ишлашда айблайди. Ўзини оқлаш ёки эътирозлар қабул қилинмайди.

- Бошқа иш топишнинг иложи бўлмаганидагина бунақа раҳбарнинг қўл остида ишлаш мумкин…

- Бундан баттарига ҳам чидашга мажбурмиз.

Институт санъат институтининг эски биносида бир йилни тинч ўтказди. Аммо қурилиш ва реконструкция ишлари тугалланган собиқ маданият институти ҳудудига кўчиш бошлангани заҳоти тинчлик йўқолди.Пул йиғиш бошланди.


Иккинчи ўқув биноси. Олийгоҳ расмий сайтидан олинган сурат

Кабинетлар ва коридорларни безаш ўқитувчиларнинг зиммасига юкланди. Ўз ҳисобимиздан плакатлар, рамкалар ва бошқа тарғибот қуроллари олишимиз керак эди. Олдик ҳам. Бизнинг ҳисобимиздан ҳудуд ҳам ободонлаштирилди: ажратилган ҳудудни ободонлаштириш, гуллар сотиб олиш, гулзор яратиш учун кафедралар бир неча миллион сўмдан йиғишди (расмий курсда $1 – 2964 сўм, “қора бозор” курсида – 6300 сўм).

Янги институт ҳудуди катталиги ва доимий парваришга муҳтожлиги туфайли, деярли ҳар ҳафтада шанбалик ва якшанбалик ўтказиш одат бўлиб қолди. Агар деканлар, кафедра мудирлари ва ўқитувчилар меҳнат кодексида белгиланганидек, дам олиш ва байрам кунларида дам оладиган бўлса, ректорнинг ғаши келади. 8 март, 21 март, Ҳайит байрами каби давлат байрамлари ҳам иш куни деб белгиланган вақтлар бўлган.


Ўзбекистон санъат ва маданият институтидаги дарсда. Олийгоҳ расмий сайтидан олинган сурат

Бундан ташқари институтда тунги навбатчилик ҳам йўлга қўйилган. Назорат-кириш пунктида иккита ИИВ ходими туну-кун навбатда турса ҳам, ҳар бир корпусда ўтирадиган вахтерларга тунда иккита ўқитувчи бириктирилади. Уларга шарт-шароит эса яратилмаган. Натижада педагоглар ҳар уч-тўрт ҳафтада навбатчиликда туришга мажбур. Албатта, бундай тунги бедорлик кейинги иш кунига уланиб кетади, бунинг учун ҳақ тўланмайди.

- Дам олишга кун ажратилмайдими?

- Йўқ албатта. Ҳолбуки, бу йили ўқитувчилар ўқув йилининг иккинчи ярмида деярли умуман дам олиш кунисиз ишлашди.

- Нимага?

- Аттестацияга тайёрланиш, кейин янги ўқув режалари яратиш ишлари муносабати билан. Дам олиш куни ажратилмади ёки қўшимча тўланмади. Якшанба куни дам олишга журъат қилганлар ёки қишки таътил пайтида касаллик варақаси олганлар салкам ректорнинг шахсий душманига айланди.

Аттестацияга тайёрланиш оқибатида ўқув жараёни деярли барбод бўлди. Ҳамма талабалар тестларни ёдлаб олишга мажбурланди. Айтиш керакки, шусиз ҳам институтда таълим биринчи навбатдаги масала эмас – талабалар доим тадбирлар ва концертларга жалб қилинади. Аммо аттестацияга тайёрланиш туфайли аксарият гуруҳларда ўқув жараёни бутунлай тўхтади. Ўқитувчиларга эса муаммо етмагандай, хорижий адабиётларни таржима қилиш вазифаси топширилди. Шу йилдан бошлаб бундай адабиётлар барча дарсларнинг асосини ташкил қилиши керак эмиш. Уни ўзимизнинг ёнимиздан сотиб олиб, ўзбек тилига таржимасини ҳам тўлашга мажбур қилишмоқда. Битта китобнинг профессионал таржимаси 12-16 миллион сўмга тушади.


Магистрантлар битируви, 2016 йил. Олийгоҳ расмий сайтидан олинган сурат

Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, ўқув йили қисқартирилгани туфайли кўпчилик ўқитувчилар меҳнат қонунчилигига хилоф равишда 15 июндан бошлаб ишдан бўшатилди. Ўқув йили тугаганлиги муносабати билан 1 июлдан бошлаб қолган ўқитувчилар ҳам бўшатилди ёки меҳнат таътилига чиқарилди. Аммо дам олишга рухсат берилмади: охирги ўқув кенгашида ректорнинг эълон қилишича, танловдан ўтган барча кафедра мудирлари ва ўқитувчилар ишга келаверади. Таътил йўқ! Демак, биз маош тўланмайдиган ишга келишимиз керак экан.

Ҳар кунги ишга келиш-кетиш имзо билан рўйхатга олинди. Таътил пайтида дам олиш каби қонуний ҳуқуқидан фойдаланишни истаганлар бўшаш ҳақида ариза ёзиши керак эди. Бир нечта кафедра мудирлари шундай қилишди. Шундай қилиб, институтда иш фаолияти бетўхтов давом этмоқда, ҳолбуки, қонуний таътилнинг биринчи ойи ниҳоясига етиб қолди.

Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Дам олмаган ўқитувчилар, ўрнини сотиб олган талабалар ва келаси йили кичкина юбилейни – Бахтиёр Сайфуллаев бошқарувининг беш йиллигини нишонлайдиган институт учун бу йил қандай бўларкин...

***

“Фарғона” Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти раҳбариятини бу мақола юзасидан изоҳ беришга чақиради. Ректор жавоби (агар келиб тушса) сайтимизда чоп этилади. Муштарийлардан ҳам фикр-мулоҳазалар кутиб қоламиз. Фикрларингизни шу саҳифада ёки “Фарғона”нинг Фейсбукдаги саҳифасида қолдириш мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама