06:50 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари диалоги: Расмийлар биланми ёки ўзаро?

07.08.2016 19:36 msk

Фарғона

Чапдан ўнгга: Васила Иноятова, Муҳаммад Бекжон, Абдураҳмон Ташанов. “Озодлик” фотоси

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова Фейсбукдаги саҳифасида “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассаоциациясининг (AHRCA, Франция) президенти Надежда Атаеванинг интервьюси борасида ўз норозилигини изҳор этди.

Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида тортишувлар, ўзаро зиддиятлар йўқ эмас. Авторитар давлатда камситилган ҳамда қатағондаги фуқароларни ҳимоя қилиш мураккаб жараён ва бу ишнинг қадрига ҳаммма ҳам етавермайди. Расмийлар деярли ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларни мамлакатдан чиқариб юборганига анча бўлди, мамлакатда қолишга изн олганлар эса амалда ҳукуматнинг назорати остида. Икки тоифадаги ҳуқуқбонлар бир-бирларига нисбатан турфа эътирозлар, даъволарга эга. Ҳамкасбларнинг фикри бир жойдан чиқмаётгани аслида нормал ҳолат. Бироқ фикр алмашуви ўзаро ҳурмат руҳида ва маҳсулдор бўлиши ва асло боши берк кўчага олиб кирмаслиги керак.

Умуман олганда, “Фарғона” бу каби ўзаро тортишуварни саҳнага олиб чиқишни режалаштирмаганди. Биз Ўзбекистон давлати ва “ички” ҳуқуқ ҳимоячилар томонидан пайдо қилинган ахборот баҳонасидан фойдаланиб, “ташқи” ҳуқуқ ҳимоячилардан вазиятни шарҳлаб беришни сўрагандик, холос. Бироқ ҳуқуқ ҳимоя ҳаракати ва унинг давлат билан муносабати муаммолари тўғрисида очиқ суҳбат қилиш зарурияти мавжудга ўхшаб қолди.

Надежда Атаева Васила Иноятова, у бошқараётган “Эзгулик” жамиятининг фаолияти ва маҳкум Муҳаммад Бекжон олдига ташрифи ҳақида эҳтиром билан фикр билдирганига ўқувчиларимизнинг эътиборини қаратиб ўтмоқчимиз. Ўйлашимизча, “Эзгулик” раҳбари Надежда Атаеванинг интервьюси ҳақида жавобида ҳиссиётларини бироз ошириворган. Ҳар ҳолда хулосаларни ўзингиз чиқарасиз деган умиддамиз муҳтарам ўқувчиларимиз.

Надежда Атаеванинг интервьюси билан бу ерда танишишингиз мумкин, Васила Иноятованинг постини эса қуйироқда чоп этамиз. Бундан ташқари, Васила Иноятованинг“Фарғона” бош муҳарририга йўллаган мантиқий эътирозларига жавобан унга ўз фикрларини сайтимиз саҳифасида изҳор этиш имкониятини бажонидил тақдим этамиз. Шу муносабат билан унга бошланган мунозара асосида тузилган ўз саволларимизни йўллаймиз ва жавобини кутамиз.

“ЭЗГУЛИК”: КЎМАК БЕРОЛМАСАНГИЗ, ХАЛАЛ БЕРМАНГ!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ўша пайтдаги амалдаги раиси аралашуви билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2003 йилнинг 19 мартида расман рўйхатга олинган. АҚШнинг Озодлик уйи (Freedom House) Тошкент ваколатхонасида жамоатчиликка тақдим қилинган ҳуқуқ ҳимоячи жамияти йилларнинг суронли, бўронли даврларини бошдан кечирди. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида қатор ҳисоботларни тақдим қилди. Халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар томонидан олқишланди.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ҳокимияти органларининг томоғидаги суяк ўлароқ таъқиб-у босимлар остида ҳам келди. Лекин шунга қарамай ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Жамият Марказий бошқаруви ҳамда вилоят бўлимларининг офисларига ҳар куни ўнлаб, юзлаб фуқаролар мурожаатлар билан келади. Жамият фаолиятининг ўзаги бўлган инсон ҳуқуқлари борасидаги объектив ҳисоботлар ана шу мурожаат ва изланишларнинг маҳсулидир.

Шу йилнинг 20 июль куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/48-муассаса (Навоий вилояти Зарафшон шаҳри)да жазо муддатини ўтаётган Муҳаммад Бекжон билан учрашди. 15 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг ҳолидан хабар олиш ва уни жамоатчиликка етказишни кўпчилик олқишлар билан кутиб олди, аммо маҳкумнинг саломатлиги яхшилиги, унинг ўз аҳволи ҳақида илиқ гапларни айтгани айрим ҳасмкабларимизни беҳузур қилди.

Жумладан, “Фарғона.Ру” сайтига интервью берган Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари Ассосиацияси деб номланувчи халқаро ташкилотнинг раҳбари Надежда Атаевага “Эзгулик”чиларнинг колониядаги маҳкумлар билан учрашуви, юмшоқ қилиб айтганда, ёқмади. Яъни, Ўзбекистон ҳукумати, гўё “Эзгулик” фаолларига сиёсий маҳкумларни бориб кўришни атай уюштиришган ва бу билан мамлакатни танқид остига олаётган халқаро ҳамжамиятнинг оғзига урмоқчи. Яъни, ҳукуматнинг сиёсий мақсади мавжуд ва ҳуқуқ ҳимоячилари унинг ноғорасига ўйнамоқда. Надежда хонимнинг иддаосича, Муҳаммад Бекжоннинг аҳволи ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаётганидек, яхши эмас. Унга турма маъмуриятининг муносабати жуда ёмон, ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Атаева хоним таъкидлаётгани каби Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ ҳимоячиларига колонияларда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувларга рухсат беришидан манфаатлари бордир. Зеро, нафақат Ўзбекистон ҳукумати, балки бошқа авторитар ҳукуматлар ҳам бемақсад иш қилмайди. Аммо бу учрашувлар учун “Эзгулик”нинг қанча ҳаракат қилгани, хақларо ташкилотлар кўмагига таянганини Надежда хоним ва бошқа беҳузур бўлаётган ҳамкасбларимиз билмаганида бу таъналар бунчалик оғир ботмасди. Эзгуликчиларни маданиятсизликда ҳамда HRW, IM ташкилоти вакилларига пул талаб қилиб қичқирганликда айбламаган бўларди. Юқоридаги номи зикр этилган ташкилотлар “Эзгулик” билан кўп йиллар ҳамкорлик қилишларига қарамай хатларига, мурожаатларига жавоб беришни ўзларига раво ҳам кўрмай арзон баҳоналар билан чекланишди.

“Фарғона.Ру” нашрига келсак, Кислов жанобларига “Эзгулик” раҳбари билан мулоқат қилиш малол келганми, ёлланма тарафдорлари хизматидан фойлаланиб, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташрифини шубҳа остига оларкан, унинг аввалбошдан бу масалада ўз қараши борлигини таъкидлаш керак. Яъни Ўзбекистон ИИВнинг Жазони ижро этиш бошқармаси ташрифга рухсат берган куниёқ берилган илк хабарда “Эзгулик”ка рухсат тегишининг сайт маъмуриятига ёқмаганини пайқаш мумкин. Надежда Атаева билан уюштирилган суҳбат мақола ҳам ана шу кайфиятнинг маҳсулидир.

Ташкилотининг тайини бўлмаган, ўзи эса Ўзбекистондан минглаб километр узоқда яшаётган кимсанинг фикри албатта “Эзгулик”чиларнинг аҳдини синдира олмайди. Жамиятимиз тўхтовсиз мурожаатлар, ҳаракат ва мулоқотлар орқали ҳамкасбларимиз ҳолидан хабар олиш ишини давом эттиради, ҳатто бу кимларгадир ёқмаса ҳам.

Бизнингча, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳкумларни аёвсиз қийноқларга солса, уларнинг мурдалари пайдар-пай келиб турса, турмага кириш учун на “Эзгулик”, ва на халқаро ташкилоларга рухсат тегмаса, Надежда Атаева кабиларнинг ҳисоботлари залворли чиқиб, унинг ўзи жаҳон ҳамжамиятининг назаридан бир зум тушмаса ва ҳатто хоним Нобель мукофотларига сазовор бўлса, вазият уларнинг кўнглидагидек бўларди. Мана гап қаерда!

Афсуски, биз ҳам бормиз, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, курашаверамиз, курашаверамиз. Биринчи имкон туғилиши билан дўстларимиз, ҳамкасбларимиз ҳолидан хабар оламиз, уларнинг ташлаб қўйилмаганини, уларнинг озодлиги учун курашаётганинизни етказамиз. Атаева каби жонкуяр, меҳрибон ва ғамхўр дўстларимизнинг саъй-ҳаракатлари хусусида ҳам уларга сўзлаб берамиз.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

***

“Фарғона” Васила Иноятованинг таклифини бажонидил қабул қилади ҳамда унга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб қуйидаги саволларга жавоб беришни сўрайди:

- Колониялардаги маҳбусларни бориб кўришга рухсатни қандай қилиб олишга эришдингиз? Ахир Ўзбекистон расмийлари аввалгидек сизнинг илтимосингизни рад этиши ёки жимгина жавобсиз қолдириши (олдинги мурожаатларингизда “Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти йиллар давомида расмийлардан сиёсий маҳбуслар билан учрашув ўтказишга ижозат олишга уриниб келади” деб ёзгандингиз) ва бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги мумкин эдику. Бу сафар сизга рухсат беришларига расмийларни нима ундади?

- Жазони ижро этиш бош бошқармаси колонияга ташрифингиз чоғида қандайдир шартларга риоя қилишни талаб қилдими?

- Сиёсий маҳбуслар олдига ташрифингизни режалаштираётганда ўз олдингизга қандай вазифаларни қўйгандингиз? Нималар амалга ошди-ю, нималар ошмади?

- Бекжон ва бошқа сиёсий тутқунлар олдига сафарингиз олдидан саволлар тўпламини тузганмисиз? Қайси саволларни энг долзарб деб ҳисоблайсиз? Бу саволларни бера олдингизми? Берган бўлсангиз, қандай жавобларни олдингиз?

- Муҳаммад Бекжоннинг колонияда шароитлар яхши, овқати турли ва мазали деган гапларига ишонасизми? Бунинг бошқа қандай исботлари бор?

- Бекжоннинг юзига қараб унинг толиққанлигини кўриш мумкин, бироқ унинг айтишича, турмадаги шароитлар идеал. Аслида ҳам шундайми?

- Бекжонинг айтишича, у бир йилда битта ёки иккита хат олар экан. Унга шунақа оз ёзишадими ёки у ёзилган ҳамма хатларни олмайдими? Ёки хатларни бериш тартиби шунақами?

- Сиёсий маҳбуслар олдига ташрифингиз колония ходимларининг синчков назорати остида ўтишини ҳамда реал аҳвол гапирилган гаплардан фарқ бўлишини тахмин қилган ҳолда ҳақиқий манзарани қандай аломатлар бўйича шакллантирмоқчи бўлгансиз? Агар манзара шаклланган бўлса, қанақа бўлиб чиқди?

- Муҳаммад Бекжон билан учрашувингиздан умумий тарзда қониқдингизми? Нега?

- Бошқа сиёсий маҳбусларнинг олдига ташриф қилишга тайёрлана туриб Муҳаммад Бекжон ташрифи чоғида ишлатган режангиздан фойдаланасизми? Қанақа ўзгартиришлар киритишингиз мумкин?

- Халқаро ташкилотларга қандай мурожаат қилдингиз – оғзакими ёки ёзма? Улардан қандай жавоб олдингиз?

- Бошқа ҳуқуқ ҳимоячилар сизга миссиянгизни амалга оширишингизда қанақа қилиб халақит беришди?

- Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг тематик махсус воизларига мамлакатга киришига нега изн бермаётганини изоҳлаб бера оласизми?

- Сизнингча “Эзгулик” миссияси халқаро мустақил кузатувчиларнинг колонияга боришининг ўрнини боса оладими?

- Сизнингча, Ўзбекистонда HRW ташкилотининг аккредитациядан маҳрум этилиши бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳволга қандай таъсир кўрсатди?

-Авваллари пенитенциар муассасаларига бориб, у ердаги аҳволни кузатиб турган Қизил Хоч миссияси Ўзбекистонда 2013 йилдан бери фаолият юритмай қўйди, бу ҳолат маҳбусларнинг аҳволига таъсир кўрсатди деб ҳисоблайсизми?

- Бизга маҳбуслар орасида сил ва ОИТС касалликлари тарқаляпти деган хабарлар келяпти. Сиздаги маълумотга кўра, Ўзбекистонда шунақа муаммолар мавжудми? “Эзгулик” Ўзбекистонда маҳбуслар орасида сил ва ОИТС касалликларининг тарқалишини олдини олиш бўйича расмийларнинг фаолиятини қандай баҳолайди?

- “Эзгулик” жамиятига маҳкумларнинг қариндошлари мурожаат қилиб, уларнинг медицина ёрдамидан мосуво бўлиб қолаётганлари ҳақида хабар берадиларми? Сангород ва колониядаги тиббий бўлимлар дори воситалари ва бир марталик шприцлар билан қандай таъминланади? Ушбу муаммоларни “Эзгулик” қандай ўрганади?

- “Эзгулик” маҳкумликда туғилган болаларнинг яшаш шароитини ўрганадими? Эмизикли маҳбуса оналарга бериладиган озиқ-овқат талабга жавоб берадими? “Эзгулик” аёллар колониясидаги вазиятни ҳамда Чақалоқлар уйига ва болалар уйига ўтказилаётган болаларнинг тақдири ортидан кузатадими?

- Ўзбекистонда айнан қайси мезонлар бўйича мониторинг ўтказишингиз ҳақида батафсил айтиб бера оласизми? Гап фаолият йўналишлари, “Эзгулик” фойдаланаётган инсон ҳуқуқлари соҳасида баҳо бериш мезонлари ҳақида кетмоқда. Бу ташкилот ахборотни қандай қилиб текширади?

- Ўзбекистон махсус хизматлари сизга босим ўтказадими? Улар сизнинг ташкилотингиз учун тақиқланган мавзуларни белгилаб беришадими?

***

“Фарғона” Васила Иноятовадан ушбу саволларга жавоб олса, уларни албатта ўз саҳифаларида чоп этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги