15:30 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Надежда Атаева: “Эзгулик”нинг сиёсий маҳбуслар олдига ташрифи яна бир бор Ўзбекистон мустақил мониторинг учун ёпиқлигини эслатади

07.08.2016 09:17 msk

Феруза Жоний

“Эзгулик” ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари 1999 йилдан бери қамоқда қолаётган “Эрк” газетаси собиқ бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон (Бекжонов) билан 20 июль куни учрашди. У ҳозирда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги №64/48 колонияда сақланмоқда. Уни йўқлаб борган “Эзгулик” раҳбари Василя Иноятова ва жамият фаоли Абдураҳмон Ташановнинг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, “Муҳаммад Бекжоннинг соғлиғи яхши, унга нисбатан колония назоратчиларининг босими камайган, уни ахлоқ тузатиш ишларидан озод этишган”. Ташриф буюрувчилар маҳбусга халқаро ҳуқуқ ҳимоя ҳамжамияти томонидан уни озод қилиш учун амалга оширилаётган кенг кўламли кампания ҳақида сўзлаб бериб,танишлари ва дўстларининг саломини етказишди.

“Бу ерда менга яхши муомала қилишяпти. Ростини айтсам, Жаслиқда ва Қаршида ўтирганимда менга муносабат ёмонроқ эди. Ўзим ҳам оппоқ эмасман, камчиликлар ҳақида доим очиқ гапираман. Аммо бу ерда ҳаммаси яхши, кутубхонаси менга ёқди, етти мингдан ортиқ китоб бор. Аксарият вақтни мутолаа билан ўтказаман, қизларимни жуда соғиндим. Иложи бўлса айтинглар, менга тез-тез хат ёзиб туришсин, суратларини кўргим келади. Йилига бир-иккитагина хат оламан. Бу ерда овқати яхши, менюда тухум, балиқ ва бошқа маҳсулотлар бор. Авваллари оч қолган пайтларимиз бўларди, буни яширишга ҳожат йўқ. Оиламни жуда соғиндим, худо хоҳласа озодликка чиқсам, ижод билан шуғулланаман, оилам билан кўпроқ бирга бўламан. Ҳаммага мендан салом айтинг”, - дейди Муҳаммад Бекжон.

“Фарғона” колонияга ташриф юзасидан изоҳ сўраб Муҳаммад Бекжоннинг қизи Ойгулга мурожаат қилди, у ва сингиллари отасини ўн етти йилдан бери кўрмаган: Ўзбекистон расмийлари АҚШ фуқаролари бўлган бу қизларга виза бермаяпти. “Ростини айтсам, нима дейишни ҳам билмайман, - деди Ойгул. –Дадам озиб-тўзиб кетибди, у қаттиқ назорат остида гапирганига шубҳам йўқ. Онам бизни дадам энди бутунлай бошқа одамга айланиб қолганига руҳан тайёрлади... Аммо қанчалик тайёр бўлсам ҳам, суратни кўриб юрагим эзилади”.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси (AHRCA, Франция) президенти Надежда Атаева ҳам шундай жавоб берди: “Муҳаммад Бекжонни қандай боқишаётгани ва унинг соғлиғи қай аҳволдалигини тушуниш учун суратини кўриш кифоя. Унинг жавобини шахсан мен шундай тушундимки, у чарчаганини, озодликка чиқишни хоҳлаётганини ҳаммага билдирмоқчи. Шунга аминманки, Ташанов ҳам, Иноятова ҳам ҳақиқий аҳвол бошқачалигини ич-ичидан сезиб турибди. Шахсан мен “Эзгулик” ҳисоботининг замиридаги асл маъносини ўқийман”.


Чапдан ўнгга: Василя Иноятова, Муҳаммад Бекжон, Абдураҳмон Ташанов. “Озодлик” сайти фотосурати

Надежда Атаеванинг сўзларида дард сизиб турибди. У Муҳаммад Бекжон билан шахсан танишмаган, унинг суд ишида қатнаша олмади, аммо у ҳақда кўп ўқиган, унинг дўстлари ва яқинлари билан гаплашган, оиласи билан алоқада қолмоқда.

- Мен у ҳақда ўйласам, ҳис-туйғуларимни мувозанатда сақлай олмайман. Бу одам жуда ажойиб! Шунча йил маҳбусликда бўлса ҳам, зиёлилигини йўқотмаган, ўз акасининг ( Муҳаммад Солиҳнинг) фикрлари ва тутган позициясига нисбатан ҳурматни сақлаб қолган. Ўз фарзандларини жон дилдан севади. “Қизларимга салом айтинг” дейиши… У шунча йилдан бери панжара ортидалиги, қизларига ота меҳрини бера олмагани учун ўзини айбдор ҳис қилади…

Қизлари билан мен Вашингтонда учрашганман, биз анча гаплашганмиз. Улар жуда тарбияли, самимий қизлар. Уларнинг онаси… Бу оиланинг негизи бўлиб, у муҳаббатини, вафосини сақлаб қолган ва шундай ажойиб қизларни тарбиялаган! Бу оила ўзига хос оила бўлиб, улар бошқаларга нисбатан гина сақламай яшаяпти. Улар айрим ташкилотларга ҳам, қариндошларига ҳам, бошқа кўпчиликка нисбатан ҳам гина-кудурат сақлашга ҳаққи бор эди… Аммо ҳеч кимни айблашмайди. Муҳаммад Бекжоннинг аёли билан, унинг қизлари билан гаплашсанг, улардаги ҳаётий оқиллик, ҳаётий тажрибанинг нақадар кенглиги, улар ҳаммага ўрнак бўла олишини ҳис қиласан.


Муҳаммад Бекжоннинг қизлари: Инна (чапда), Комила, Ойгул. Фейсбукдаги Ойгул Бекжон саҳифасидан

- Надежда, ўзбек расмийлари томонидан ҳуқуқ ҳимоячиларига айрим маҳбусларни йўқлашга рухсат берилгани ҳақидаги кутилмаган янгиликка муносабатингиз қандай бўлди?

- Бунга иккиёқлама муносабат билдираман. Бир томондан, ҳибсда қолаётган ҳамкасбларимиз, Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг фаолларини руҳан қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Шунга аминмизки, бу инсонларни озод этиш юзасидан ўзбек ҳукуматига ташқи босим ўтказиш катта аҳамиятга эга ҳамда демократик мамлакатлар корпуси учун муҳим сигнал бўлиб ҳисобланади. Шу сабабли, сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ ҳар қандай хабар, жумладан, менда ҳам катта қизиқиш уйғотади. Аммо Ўзбекистон ёпиқ мамлакат бўлиб, 13 йилдан бери унга мустақил кузатувчилар, БМТ махсус маърузачилари кира олмаётгани, мамлакатдан кўплаб халқаро ташкилотлар чиқариб юборилганини ҳисобга олсак, бундай рухсатларнинг берилиши кўзни шамғалат қилиш деб тушунамиз.

- Нимани назарда тутяпсиз?

- Битта мисол келтираман. 2015 йилнинг июлида бизнинг ташкилотимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (МППЧ) билан бирга маъруза тайёрлаб, БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасига тақдим қилди. Бу ҳужжатни тайёрлаш вақтида биз ўзбек ҳукуматининг бир маърузасини ўрганиб чиқдик. Унда ёзилишича, Тошкентдаги Америка элчихонасининг ходимлари Жаслиқ колониясига ташриф буюриб, у ерда маҳбуслар сақланадиган шарт-шароитларга қойил қолган эмиш.

Биз АҚШ давлат департаментига мурожаат қилиб, бу миссия қачон бўлганини, нега бу ҳақда ҳеч қаерда хабар берилмагани ҳақида сўрадик. Ҳақиқатан ҳам АҚШ элчихонаси консули Жаслиқ колониясига, унинг янги корпусига ташриф буюрган экан. Унда ҳали маҳбуслар йўқ бўлиб, ишга ҳам туширилмаган экан. Яъни ўзбек расмийлари дипломатнинг ташрифидан режимнинг имиджини яхшилашда фойдаланишибди.

Надежда Атаева
- Сиёсий маҳбусларни йўқлашга рухсат нега айнан “Эзгулик” жамиятига берилди деб ўйлайсиз?

- “Эзгулик” ўзбек колонияларига бораётганини эшитгач, мен Васила Иноятовага қўнғироқ қилиб, қандай қилиб рухсатнома олишганини сўрадим. Унинг айтишича, Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) саммити ўтказилишидан фойдаланиб, ўзбек расмийларидан айрим маҳбусларни йўқлаш учун рухсат сўраган.

Тан олиш керак, бу соҳада Васила Иноятова жуда тажрибали инсон, унинг сезгиси панд бермаган: бундай пайтда расмийлар ижобий жавоб бериши мумкинлигини тушунган. Васила Иноятова шартта мурожаат қилиб қўяқолган. Олган жавобидан ўзи ҳам ҳайрон қолган.

- “Эзгулик” – Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган ягона ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти. Бу нарса унинг аъзолари қилган ишлари ва баёнотларига таъсир қилади.

- Албатта, бевосита Ўзбекистонда ишлаётгани учун “Эзгулик” жамияти вакиллари тўлиқ назорат остида юрадилар. Демак, уларга босим ўтказиш мумкин. “Эзгулик”даги ҳамкасбларим қўлдан келганича ҳаракат қилишини тушунаман, аммо айрим объектив сабабларга кўра уларнинг мониторингини мустақил деб баҳолай олмайман. Чунки АҚШ сенаторлари Ўзбекистонга хат юбориб, бир гуруҳ сиёсий маҳбусларни озод қилишни сўраганида, худди шу Васила Иноятовава Абдураҳмон Ташановлар сиёсий маҳбусларнинг олдига ташриф буюрган эди. Ўшанда “Эзгулик” аъзолари АҚШ элчихонаси қўллаб-қувватлаши ортидан (машҳур ўзбек сиёсатчиси, собиқ парламент депутати) Мурод Жўраев ва бошқа сиёсий маҳбуслар билан учрашган, уларнинг учрашуви колония маъмуриятининг иштирокида бўлиб ўтган. Учрашувлар видеога ёзиб олингани ҳақида маълумотлар бор. Бундай шароитда маҳбусларга қандайдир ноқулай саволлар берилиши ёки очиқ суҳбат бўлиши мумкин эмас.

Васила Иноятова буни тушунади. Унинг айтишича, колонияга боришидан мақсад, шунчаки шу одамни кўриб, аҳволини ва шарт-шароитини билиш, яқинларидан салом етказиш ва энг асосийси, уларни унутмаганимиз, доим улар ҳақида ўйлашимиз ва қўлдан келганини қилишимизни билдиришдир. Аммо имкониятларимиз чекланган.

Бундай мониторингдан асосий мақсадга эришилмаслигини тушунаман. Мақсад эса, мустақил ва босимдан холи тарзда маҳбуслар сақланадиган шарт-шароитни кўриш, уларга саволлар бериш: қандай яшаяпти, нима еяпти, кун тартиби қанақа, нега уларнинг олдига адвокатлар киритилмайди.

Муҳаммад Бекжон
- Иноятова ва Ташановнинг айтишича, Бекжон шарт-шароитдан нолимаган. Улар ташриф буюрадиган бошқа сиёсий маҳбуслардан ҳам шунақа жавоб бўладиганга ўхшайди. Ҳақиқий аҳволни ошкор қилишмайдиганга ўхшайди. Бу расмийларга маъқул ҳолат: фақат яхши томонлари кўрсатилади. Аммо “Эзгулик”нинг ташрифларидан жамиятга нима наф?

- Бу миссия албатта назорат остида бўлади. Ўзбек расмийлари энди бемалол: “Биз ёпиқ эмасмиз. Мана, расман рўйхатдан ўтган ташкилотнинг ташрифига тўсқинлик қилмадик”, - дея олади. 2015 йилнинг июлида Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси сессиясида мамлакат делегацияси вакиллари “Эзгулик”ка маҳбусларни йўқлаш имкони берилгани ҳақида бир неча марта айтишди.

Аммо биз бу янги миссия натижаларини кутишимиз керак. “Эзгулик” ҳисобот чиқарса керак. Ҳаммамиз бу ҳисоботнинг яширин мазмунини қидирамиз. Нимага? Чунки улар Ўзбекистонда жойлашган, улар шу шарт-шароитга мослашиб ишлашга мажбур.

“Эзгулик” эришган асосий ютуқ бу – ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари фаолият юритадиган шарт-шароитнинг кенг муҳокама қилинишидир. Биз Ўзбекистон мустақил мониторинг учун ёпиқлиги ҳақидаги мавзуни асосли тарзда яна бир бор кўтариш имконига эга бўлдик.

Аммо биз Ўзбекистонга қийноқ масаласи бўйича махсус маърузачи ва сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачи ташриф буюришига умид қиламиз, чунки бугун ўз фикрини эркин билдирадиган фуқаролар жиддий хавф остида қолаётир. Фуқаролик жамиятининг 30 дан ортиқ фаоли ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқи учун жабрланган.

- Сиёсий маҳбусларни йўқлашга рухсатнома олганини эшитиб, “Эзгулик” ўзбекистонликлардан молиявий ёрдам сўради. Бундан ташқари айрим халқаро ташкилотлардан ҳам ёрдам сўрашибди, аммо улар рад этган ёки индамай қўяқолган. Жумладан, Human Rights Watch ва Amnesty International тилга олинди. Улардан хафа бўлишга ҳаққимиз борми?

- “Эзгулик” миссиясини молиялаштириш нимага муаммо бўлганини аниқлашга ҳаракат қилганимда шуни тушундимки, кўпчилик ҳамкасбларимиз мурожаат қилишган халқаро ташкилотларнинг мониторинг методологиясини умуман ҳисобга олмас экан.

Муҳаммад Бекжонов (Бекжон) – “Эрк” мухолифат газетасининг собиқ бош муҳаррири, таниқли шоир ва диссидент, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси. 1999 йилда Бекжон 16 февраль портлашларига алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган эди. У ҳамма айбларни рад этган. Тергов пайтида уни қаттиқ қийнашган, бу ҳақдаги ёзма баёнот махфий равишда суд залидан олиб чиқилган. Ўшанда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор қамоқдаги қийноқлар ҳақидаги маълумот оммага ошкор қилинган эди. Суд Бекжонга 15 йил берди, бу муддат 2003 йилда қисқартирилди, аммо 2011 йилнинг декабрида унга нисбатан 221-модда (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) бўйича айблов билан 2012 йилнинг январида унинг қамоқ муддатига яна беш йил қўшилди. 2013 йилда Бекжонга “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг Матбуот эркинлиги йиллик мукофоти берилди. Бу ҳақда ушбу ҳаволада . батафсилроқ ўқиш мумкин.

Мана масалан, Human Rights Watch – ахир булар худди Amnesty International сингари грант берувчи ташкилот-ку. Билишимча Amnesty фақат маҳбусларнинг қариндошларига ёрдам бера олади. Ёки ўша маҳбус билан ишлаётган адвокатнинг хизмат ҳақини тўлайди. Бу ўринда уларга эътироз билдириб бўлмайди. Агар улар бунақа миссияларни молиялаштирадиган бўлса, уни амалга оширувчиларга шарт қўйиши керак бўлади. Ҳар бир ташкилотда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини баҳолашнинг ўз методологияси борлигини тушунишимиз керак.

Халқаро ташкилотлар билан музокара олиб боришнинг жуда кўп нюанслари бор. Аввал ҳар бир ташкилотнинг низомини ўрганиш керак, уларга ёзма мурожаат қилиб, режалар ҳақида сўзлаб бериш керак, ўшанда ташкилот қарор қабул қилади. Аммо баъзида эшитиб қоламизки, қандайдир ташкилотга қўнғироқ қилиб, бақира бошлашади: “Бизнинг ҳамкасбларимиз қандай шароитда ишлаётганини тушунмайсизлар, бизни молиялаштиришингиз шарт, қўллаб-қувватлашингиз шарт!”Аммо ҳеч ким ёрдам беришга мажбур эмас.

Алоҳида аризалар бўйича ёрдам берадиган гуманитар фондга қўнғироқ қилиб, миссияни молиялаштиришни сўрашган воқеани биламан. Бу камдан-кам учрайдиган ҳолат бўлса ҳам, фонд ўз низомига қарши бора олмайди: бу фонд мамлакат адлия вазирлиги юрисдикциясида бўлиб, улар фонд фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга. Яъни биз, ҳуқуқ ҳимоячилари, мавжуд чекловларни кўришимиз ва бошқаларнинг имкониятларидан ташқарига чиқмасдан ишлашни ўрганишимиз керак. Шу холос.

- “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, бир нечта халқаро ташкилот “Эзгулик” миссиясига молиявий ёрдам берган эмиш. Масалан, “Чегара билмас мухбирлар”нинг Германия бўлимидан 500 евро келиб тушган, “Фронтлайн” билан $3000 суммага шартнома тузилган. Тошкентдаги АҚШ элчихонаси 750 минг сўм ажратган (расмий курс бўйича $253, “қора бозор” курсида $120).

- Василя Иноятованинг айтишича, “Эзгулик” ёрдам сўраб АҚШ элчихонасига мурожаат қилганида, уларнинг жавоби шундай бўлган: “Агар бу миссияда бизнинг дипломатимиз ҳам қатнашса, уни молиялаштиришга тайёрмиз”. Бу ҳаққоний талаб, чунки ўзбек фаолларига нисбатан расмийлар тазйиқ ўтказиш имкониятига эга. Аммо шундан кейин мураккаб музокаралар бошланган, чунки Ўзбекистон ҳукумати дипломатларни бошқа вилоятларга чиқишга камдан-кам ҳолларда ва жуда чекланган тарзда рухсат беради.

Васила Иноятовага кўра, “Эзгулик” олдида иккита йўл қолди: ҳибсдаги ҳамкасбларни кўриш имкониятидан фойдаланиб, уларни руҳан қўллаб-қувватлаш учун йўлга тушиш ёки дипломатларни кутиб туриш. Кутиб турилса, маҳбусларни йўқлашга ажратилган муддат тугаб қолиши мумкин эди. Шунинг учун бораверишга қарор қилишган.

Васила Иноятова билан гаплашганимда ташрифнинг бюджети тузилганини ва менга жўнатишини айтганди. Аммо ҳали ҳеч нарса олмадим.


Надежда Атаева ва Ойгул Бекжон Муҳаммад Бекжонга мукофот топшириш маросимида. “Америка овози” фотосурати

- Айримлар нима сабабдан халқаро ҳамжамият ҳибсдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга бунчалик эътибор қаратишидан ҳайрон бўлади. Ахир уларнинг ҳукмида Жиноят кодексидаги моддалар бўйича айблангани ёзилган.

- Ҳа, ҳамма маҳбуслар Жиноят кодекси бўйича жазоланган. Аммо Жиноят кодексидаги ўнтача моддадан сиёсий ва диний қарашлар учун таъқиб қилишда фойдаланишини тушунамиз. Маҳбуслар бир нечта тоифага бўлинади, улардан бирига ўз фикрлари учун қамалганлар киради, булар одатда фуқаролик жамиятининг фаолларидир.

Ҳозирда Amnesty International қийноқдан ҳимоялаш бўйича глобал дастурини эълон қилди. Уларда ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш дастури доимий ишлаб турибди. Нима сабабдан ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш дастури журналистларни ҳимоя қилиш дастури каби жуда муҳим саналади? Чунки булар жамият вакилларидир, булар эркин овозлардир, улар инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини баҳолашни ўрганишган. Ҳукумат шундай кишиларга ҳужум бошласа, бу ҳолат режим репрессивлигининг асосий белгисидир.

Агар ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларини ҳимоя қила олмаса, уларнинг мамлакат ичида эркин фаолият юритишига шароит бўлмайди.Шундай хулосага келишга мажбурмиз. Уларнинг ҳайқириғи ва гувоҳликларига асосланибгина, биз оддий фуқаролар қандай шарт-шароитда қолгани ҳақида гапира оламиз.

Умуман олганда, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг иши жуда мураккаб ишлигини тан олишим керак. Алоҳида ҳолатлар бўйича ишлаганимизда, мавзуга оид маърузалар устида ишлаганимизда, қандайдир жараёнларда қатнашганимизда шунақанги ҳолатларга дуч келамиз-ки!

Мана масалан, “Эзгулик” йўқламоқчи бўлган маҳбуслардан бирининг адвокати менга қўрғироқ қилди. Бу адвокатга маҳбус ёнига киришга рухсат берилмаган. Нимагалигини биласизми?

Ўзбекистон Адлия вазирлиги сайтида айрим қонунлар, жумладан, Жиноят-процессуал кодекс ҳам жойланган.Ўзбекистондаги колония маъмурияти ҳам худди шу процессуал кодексдан фойдаланади, фақат унинг китоб қилиб чиқарилган версиясидан. Хуллас, маълум бўлишича, кодекснинг қоғозга босилган варианти онлайн вариантидан фарқ қилар экан!

Онлайн вариантга биноан, адвокат маҳбус олдига ташриф буюриш учун ордер олса бас, бораверади. Адвокат худди шундай қилган. Аммо уни киритишмаган. Маъмурият ходимларининг айтишича, бунинг учун маҳбуснинг ўзи уларга адвокатнинг исмини айтиб, у билан учрашишга розилик билдириши керак экан.


Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг сканерланган саҳифаси


Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг онлайн версияси

Демак ҳуқуқлар яширин тарзда чекланмоқда. Ёки сайтда кодекснинг эски версияси қўйилган, ёки бу очиқдан-очиқ алдовдир.

- Ташқи фойдаланувчи учун бошқа вариант, ички учун бошқа…

- Ҳа. Бу жуда муҳим нуқта. Энди адвокат билан шартнома тузишда бу нарсани ҳисобга оламиз. Аммо буни фақат ўзимиз кўрганимиздан сўнг аниқладик. Биз ҳаммасини қоғозга тушириб, БМТ махсус маърузачилари ва халқаро ташкилотлардаги ҳамкасбларимизга юбордик. Мен буни жуда муҳим деб ҳисоблайман.

Биз, яъни фақат бизнинг ассоциациямиз эмас, балки бошқа халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистондаги ҳамкасблар билан бирор ишни амалга оширишдан олдин кўп мушоҳада қиламиз. Қандай қилиб уларнинг аҳволини қийинлаштирмасликни ўйлаймиз. Ўзбекистондаги баъзилар шунчалик чарчаганки, бу уларнинг психологик ҳолатига таъсир қилган. Улар баъзида ўз хавфсизлиги ҳақида ўйлаб ўтирмай, ўзларини хатарга солишади. Демак, уларнинг хавфсизлиги ҳақида биз ўйлашимиз керак. Чунки у ҳуқуқ ҳимоячи бўладими, мустақил журналист бўладими, аввало у инсон. У шунақа вазиятдаки, исталган дақиқада унинг қўлига кишан солиб, қийноққа солишлари мумкин. Бундай хатарни ҳеч қанақа гуманитар мақсад билан оқлаб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга БМТ махсус маърузачилари келиши тарафдоримиз. Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг фаолияти тикланиши тарафдоримиз. Дипломатлар тўғридан-тўғри фуқаролик жамиятининг қамоқдаги фаоллари билан учраша олиши ва уларнинг қариндошлари билан фаол мулоқот ўрната олишининг тарафдоримиз.

Феруза Жоний суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама