20:43 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Путин ва Каримов Пушкин пойига гул қўйди, қолганлар парда ортига беркинди

02.08.2016 21:35 msk

Ўз мухбиримиз

Ҳаммага маълумки, халқаро учрашувлар ўтказилаётган пайтда Ўзбекистонда хавфсизлик масаласига жиддий эмас, ҳаддан ташқари жиддий ёндашилади. Июнь ойида Тошкентда ўтказилган ШҲТ саммитида бундай чоралар қай даражага етиши мумкинлиги яна бир бор намоён бўлди. Аммо бундай даражадаги тадбирлар бошқа мамлакатларда ўтказилганда амал қилинадиган расмиятчиликлар чегарасига сиғмайдиган ҳолатлар парда ортида қолди.

Шундай латифанамо ҳолатлардан бир-иккитасини келтирамиз.

Саммит давом этган икки кун давомида пойтахтнинг марказий қисмида яшовчиларга (келгиндиларни қўя туринг) кўчага чиқиш у ёқда турсин, ишга бориш ҳам тақиқланди. Жумладан, бир нечта болалар боғчаси, савдо нуқталари ва кўнгилочар марказлар ишламади.

Бир нечта уйда яшовчилар, жумладан, Яккасарой туманидаги Бобур кўчаси бўйлаб тушган 85 хонадонли №40”А”уйда яшовчилар ўз бошидан ҳақиқий шокни кечирдилар. Бу уй Пушкин паркининг ёнида жойлашган бўлиб, яқиндан бери бу ерда машҳур рус шоирига ўрнатилган ёдгорлик қад кўтариб турибди. Бу ерда яшовчилар Каримов ва Путин гул қўйишидан олдин юз берган воқеаларни эсдан чиқармайди.

Шу уйда яшовчилардан бири сўзлаб бермоқда: “Пушкин ёдгорлигига гул қўйиладиган кундан олдин, 23 дан 24 га ўтар кечаси биз ухлай олмадик. Уй олдидаги кўчада ва (собиқ) Тўқимачилар саройи ёнидаги майдончада қурилиш техникаси гулдураб ишлаб, отбойка болғаси тақиллаб, сварка чириллаб, қандайдир йўл ишлари олиб борилди. Элликтача ишчини бошқариб турган бошлиқлари томоғи хириллаб қолгунича бақирди. Эрталаб азондан ҳовлида югур-югур бошланди, гоҳ участка инспектори, гоҳ маҳалла қўмитаси ва ЖЭК вакиллари хонадонларни кезиб, деразаларни ёпишни сўради, “ҳеч ким бошини чиқармасин” деб тайинлади. Ҳар бир хонадонга икки-учта милиционер жойлаштириладиган бўлди. Мажбурий “квартирантларни” ҳамма қабул қилди, аммо иккита қайсар бека киргизмагани учун милиционерлар уларнинг эшиги ёнида, подъездда ўтириб, вақти-вақти билан уй ичини кўздан кечириб турди. Милиционер дераза олдига келиш учун деярли судралиб борар эди. Бошқалар ҳам шундай қилишди, бу ўзингизга яхши дейилди, болалар ҳам билмасдан пардани суриши ёки ойнадан қараши тақиқланди. Чунки ҳар қандай ҳаракатни томда ўтирган снайперлар сезади ва буни “давлат миқёсидаги ўта муҳим шахсларга” зарар етказишга уриниш деб баҳолаб, отиб ташлаши турган гап. Биринчи подъезддаги ёпиқ уйлардан бирининг эшигини бузмоқчи ҳам бўлишди: снайперлар деразадаги парданинг шубҳали “қимирлашини” сезибди. Тез орада қўрқувдан титраётган уй эгасини бозордан топиб келишди, роса бўралаб сўкишди. У вентиляторни ёниқ қолдирган экан… Бу тарихий “гул қўйиш” пайтида бизнинг домимизнинг ўзида юздан ортиқ милиция ва МХХ ходимлари бор эди!


Бобур кўчасидаги ўша №40”А”уй. “Фарғона” олган сурат

Кейинчалик маълум бўлишича, рўпарадаги уйларда ҳам худди шунақа талвасага тушишлар бўлибди.

“Путиннинг келишига тайёргарлик сўнгги дақиқагача давом этди – яқин-атрофдаги бинолар бўялди, гуллар ўтқазилди”, - деб ёзади бу ҳақда Россия нашрларидан бири, Пушкиннинг ёдгорлиги кўчирилган туманнинг номини янглиш тарзда Миробод тумани деб атаган ҳолда.

Пушкин парки ҳудудини гул қўйиш маросимига тайёрлаш ва тезкор янгилаш ишларида бевосита қатнашганларнинг айтишича, 24 июнь куни эрталаб у ерда одам ёки машиналар у ёқда турсин, мушуклар ҳам йўқ эди. Назоратга олинган ҳудуд бўйлаб ҳаёт тўхтаб қолди.

Эрталаб Пушкин майдонини таниб бўлмасди: бир кечада ёдгорлик пойида янги майса гуллар ва вазалар пайдо бўлган, улкан фонарлар “ўсиб чиққан”; кўчада янги ётқизилган асфальт; ифлосланган ариқлар ялтиратиб тозаланган, коммуникация қудуқлари пайвандлаб ташланган; уйларнинг кўринарли қисми бир кечада оқланган, балконлар алюкобонд билан қопланган; уйларнинг томидан чиқиб турган симлар ва йўлдошли антенналар олиб ташланган, реклама баннерлари Ўзбекистон-Россия байроқларига алмаштирилган…

Олийнасаб меҳмонлар ёдгорлик олдига қачон келганини оддий одамлардан ҳеч ким кўрмади – милиция қатъий кузатиб турди ва дераза олдига яқинлаштирмади. Фақат соат тўртларга бориб бу ерда яшовчилар ва уларнинг “қоровул”ларига “отбой” берилди.

“Кейин милиционерларнинг айтиб беришича, Путин билан Каримов ёдгорлик олдида ўн беш-йигирма дақиқагина бўлибди – атиргулли букетларни ёдгорлик пойига қўйишибди – шу билан тамом. Улардан ташқари делегация таркибида Президент хавфсизлиги хизмати тансоқчилари ва ёрдамчи-референтлар гуруҳи, ўнлаб хорижий журналист ва фотомухбирлар бўлган, “бегоналар”дан ҳеч ким бўлмаган. Бош вазир Мирзиёев билан бир нечта амалдорлар четроқда турган. Хуллас, қандайдир ўн беш дақиқа учун оддий шаҳарликларнинг ҳаётини алғов-далғов қилиб юборишди. Қўрқув ва ваҳимани эса бир асрга етадиган қилиб етказишди!”– деб норозилигини билдиради воқеага гувоҳ бўлганлар.


Гул қўйиш маросими. Sputnik Узбекистан сурати

Нимага ҳаммаси охирги дақиқада, тунда бажарилди? Айтишларича, 23 июнь куни кечқурун Ислом Каримов дўстона оҳангда Владимир Путиндан Тошкентда нимани кўрмоқчилигини сўраган. Путин ҳам ўйлаб туриб, Пушкин пойига гул қўйишини айтган.

Уёғи нима бўлгани ҳаммага маълум.

Шу ўринда Андрей Макаревичнинг интернетда шов-шув бўлган “К нам в Холуево приезжает Путин…” қўшиғи беихтиёр эсга тушади… Аммо ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Путин бошқа нарсани сўраганида, Пушкин парки атрофида таъмирланган йўллар ва тозаланган ариқларни кўрмас эдик.

Бобур кўчаси бўйидаги уй ёнида қоровуллик қилган милиционерларнинг сўзларига кўра, бир қарашда расмийларнинг бундай талвасасини тушунса бўлади: Ўзбекистонда меҳмонлардан бирортасига бир нарса бўлганида, бутун дунёда раҳбариятнинг устидан кулиб, меҳмонларнинг хавфсизлигини ҳам таъминлай олмасликда айблашар эди. Кейин Тошкентда дунё даражасидаги саммитлар ўтказилмас эди. Ҳар қалай милиционерлар шундай деб ҳисоблашади.

Давлатнинг биринчи шахсларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ўнлаб ёки юзлаб махсус ўргатилган жангчилар сафарбар қилинади. Тошкентда агар кийиминг ночорроқ бўлса, паспорт столига ҳам кира олмайсан, ундан жиддийроқ кабинетларни гапирмаса ҳам бўлади. Бу ерда энг ҳимоясиз қатлам билан ҳеч кимнинг иши йўқ: болалар боғчаларида кўпинча қоровул ҳам бўлмайди. Сабаби оддий – бундай муассасаларда қўриқлаш хизмати учун маблағ йўқ…

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама