22:57 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ер рэкети: Гуллаб-яшнаётган хўжаликни барбод этиш ҳамда 50 тонна пахтани нобуд қилиш йўли

02.08.2016 20:26 msk

Ўз мухбиримиз

Фермер Дилором Зайниева 2012 йилда пахта эккан даласида турибди, аммо ўшанда у ҳосилни йиғиштира олмади: ерни тортиб олишди, ҳосил нобуд бўлди… Ҳуқуқ ҳимоячи Малоҳат Эшонқулова олган видеодан кадр.

Чекка қишлоқда бўлиб ўтган бу ҳикоянинг қаҳрамонлари қаторига ўз ҳукмини ўтказадиган қайнона, унинг ўғли – маҳаллий кадастр хизмати раҳбари ва ҳеч кимга бўйин эгмайдиган, ишбилармон фермер аёл, яъни келин уларнинг орасида яна қайнонанинг қариндоши – туман сув истеъмолчилари уюшмаси раиси ва унинг дўстлари – туман ҳокими ва прокурори ҳам бор. 2012 йил бошида улар гуллаб-яшнаётган фермер хўжалигини йўқ қилиб, тайёр пахта ва ғалла ҳосилини нобуд қилиш усулини кашф этишди. “Операция”муваффақиятли ўтди – ҳосил йўқ қилинди, фермер Дилором Зайниева 50 гектар ердан айрилди ва ҳалигача бирорта судда ўзининг ҳақлигини исботлай олмаяпти. Ўтган уч йил давомида унинг ерида беш марта хўжайин алмашди, улар Зайниева берган ҳосилнинг ярмини ҳам топшира олгани йўқ. Аммо Ўзбекистонда бу аҳвол ҳеч кимни қизиқтирмайдиганга ўхшайди.

Зайниевлар оиласининг фермер хўжалиги: болаликдан трактор устида

Туман расмийлари томонидан ўтказилган “махсус операция” моҳиятини тушунишдан олдин, мақола қаҳрамони Дилором Зайниеванинг оиласи ҳақида тўхталиб ўтсак. У ўзини шунчаки Диля деб аташимизни сўради. Қаҳрамонимиз 1972 йилда Гагарин посёлкасида (ҳозирда Анорзор маҳалласи) туғилган.

Диля чекка қишлоқда туғилди, онаси уй бекаси, отаси колхоз бригадири эди. Оддий бригадир эмас, Социалистик меҳнат қаҳрамони, Ленин орденидан ташқари яна 12 та медал билан тақдирланган эди.

Бекмурод Зайниевнинг ишидаги муваффақиятларга қарамай, Худо уни ўғилдан сиқди – саккизта қиз берди. Улардан айнан Диля қишлоқ хўжалиги ишларига қизиқар эди. Томорқада ҳам ишларди, уй ҳайвонларини ҳам парваришларди. Айниқса даладаги экин ишларига қизиқарди – мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ трактор ҳайдашни ўрганди, отаси ҳам ер ҳайдашга рухсат берарди.

Дилянинг айтишича, отаси доим унда “ерга нисбатан талант” борлигини айтарди. Ушбу кичкина деталь ҳам ҳикояда муҳим ўрин тутади. Аммо Зайниева дарҳол ота изидан бормади. Ота-онаси бу аёлларнинг иши эмас, деб ҳисобларди. Мактабни тугатгандан сўнг Диля Термизга кетиб, ўша ердаги тиббий билим юртида ўқиди. Кейин турмушга чиқиб, ўн йил давомида аввал туғруқхонада, кейин қишлоқ шифохонасининг реанимация бўлимида тиббий ҳамшира бўлиб ишлади.

Ўзбек қайнонаси ўрисдан баттар

Россияликларнинг орасида қайноналар ўз куёвларига кун бермаслиги ҳақида кўп ҳикоялар юради. Бу мавзудаги латифаларнинг саноғига етиб бўлмайди. Аммо рус куёвларининг азоб-уқубатлари ўзбек келинлариники олдида ҳеч нарса эмас.

Маҳаллий анъаналарга кўра, келин қайнонанинг чизган чизиғидан чиқмаслиги керак. Агар қулоқ солмаса, эри чора кўради. Масалан, эр ишдан келади, қайнона эса “келин унга ёмон қараганини” айтади. Энди қайнонанинг буйруғи билан эри хотинини уриши ёки калтаклаши керак.

Албатта, ҳамма жойда ҳам унақа эмас. Аммо Диля худди шунақа оилага келин бўлиб тушди. Ўша пайтдаги Тошкент ирригация ва мелиорация институти талабаси Сирожитдин Давлатов ҳар масалада онасининг айтганини қилиб келган. Она эса ўша пайтда маҳаллий мактабда ўқитувчи бўлиб, ўз ҳукмини ўтказадиган аёл бўлган ва Зайниеванинг айтишича, “ўғлининг устидан буткул ҳукмронлик қилган”.

Ёшлар ярим йилгина бирга яшашди. Давлатов Тошкентга ўқишга кетган пайтда қайнона Диляни уйдан ҳайдаб юборди. Сабаби: “етарлича бўйин эгмаган” эмиш. Тошкентдан келган Сирожитдин довдираб қолди. Хотини билан ярашишга уриниб кўрди,аммо онаси рухсат бермади. Шу билан улар “ажрашганлар” мақомида қолди, чунки маҳаллий анъанага кўра улар ФҲДЁда рўйхатдан ўтмаган, шунчаки маҳалла қўмитасида ёзилган эдилар. Никоҳ ўқитилган, бутун қишлоққа базм берилган, ҳаммаси бўлган. Аммо қишлоқда урф бўлган одатга кўра, ФҲДЁга фақат фарзанд туғилганида борилади.

Бу воқеаларни эслаб ўтирмаса ҳам бўларди, аммо Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг собиқ талабаси маҳаллий кадастр идорасига бошлиқ бўлганидан сўнг воқеалар ўзгача тус олди. Бу ташкилот ер участкаларини рўйхатдан ўтказади. Унинг онаси, собиқ ўқитувчи, ҳозирда пенсионер аёл энди кадастрни айнан ўзи бошқаришини айта бошлади.

Уйдан ҳайдаб юборишди, ишда муваффақият қозонди

Фарзанд бўлмагач, Диля ва Сирожитдин тинчгина ажрашишди. Диля ота уйига қайтди. Бу пайтга келиб отаси Бекмурод Зайниев фермерлик ишини ривожлантириб юборган эди. Ўтган асрнинг саксониничи йилларидаёқ ўзининг бригадаси билан шўр босган ердан ҳосилдор ерга айлантирган 30 гектар жойни давлатдан олиб, ҳосил етиштира бошлади.

1998 йилда эса оғир касалликка чалинди. Фермер хўжалигини бошқара олмай қолди ва уни “ерга таланти бор” қизи Диляга топширди. У ҳам ерни қабул қилиб, худди мактаб пайтларидагидек, трактор рулига ўтирди.

Бир йилдан сўнг фожиа юз берди: Бекмурод ака оламдан ўтди. Аммо қизидан рози бўлган бўларди, чунки қизи пахта ва ғалла режасини ортиғи билан бажарар, яхши даромад топарди. 2010 йилда фермер аёлнинг муваффақиятларини кўрган ҳокимият унга яна 21 гектар ер қўшиб берди.

Дилянинг айтишича, бу ер яхши эмас эди, дўнгликлардан иборат, сув чиқмаган ер эди. Аммо Зайниева дўнгликларни текислаб, ерни нишаб қилиб ҳайдади, шунда сув ўз оқими билан тараладиган бўлди. Бунинг учун канал ҳам қазиди. Хуллас, худди отасига ўхшаб, “ёмон” ерни ҳосилдор ерга айлантирди.

Аммо Дилянинг айтишича, бу нарсалар унинг собиқ қайнонасига ёқмаган. Ахир келинни уйдан ҳайдаб юборса-ю, у бўлса обрўли одамга айланса! Ҳар куни қайнонанинг уйи олдидан янги тракторда ёки яқинда олинган “Матиз”да ўтиб турса... Шу ҳам ҳаётми?


Дилором Зайниева

Музробод тумани “ҳукмдор”ларининг феъл-атвори

Ўн икки йилдан сўнг Зайниева кўнгилсизликларга дучор бўла бошлади. 2012 йил бошида Музробод тумани ҳоким ўринбосари Қилич Каримов ундан фермер хўжалигини қайта рўйхатдан ўтказишни, хўжалик номини отаси шарафига “Бекмурод” эмас, балки ҳақиқий эгаси шарафига “Зебо-Ситора” деб номлашни сўради.

Аммо Дилянинг ҳоким ўринбосарига эътирози йўқ. Эътирози унинг бошлиғига – ҳоким Азамат Хўжамқуловга. Умуман олганда Зайниева ўзининг муаммоларини қуйидагича занжирга тизади: кадастр, сув истеъмолчилари уюшмаси, ҳоким, прокурор. Кейинги воқеаларга нисбатан ўқувчида шубҳа уйғонмаслиги учун, бу компанияни Диля қандай таърифлашини айтиб ўтсак.

Ҳа, буни компания деб аташ ўринлироқ бўлади. Дилянинг собиқ эри – ер ресурсларини бошқариш идораси раҳбари, унинг яқин қариндоши – сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Ёқуб Ҳамдамов. Иккаласи ҳам ҳоким Азамат Хўжамқулов ва туман прокурори Шухрат Ўринов билан яқин дўст.

Зайниевага кўра, улар шунчаки дўст эмас. Кўпинча тўртовлон ресторанларда юришади, ёнига икки-учта “ишончли” фермерларни қўшиб олишади. Кейин бирга далага чиқиб, ўз вақтида пора бермаган фермерни жазолаши - экин ўсиб турган далани ҳайдатиб юбориши мумкин.

Дилянинг вйтишича, икки ой олдин Фарход Харисовнинг фермер хўжалигига Давлатов келиб, ер учун пора бериш кераклигини шаъма қилган. У эса шаъмани тушунмаган. Эртаси куни унинг олдига прокурор Ўринов маст ҳолатда келган. Ҳамманинг кўз ўнгида ҳокимият билан фермер ўртасида тузилган ер шартномасини йиртиб ташлаган ва машина-трактор паркидан трактор чақиртирган. Кейин прокурор ва фермер Харисовнинг кўз ўнгида тарвузи пишиб ётган уч гектар ер ҳайдаб ташланган.

Бир ой олдин худди шу воқеа фермер Зикриё Раҳмонқулов билан ҳам юз берган. Бу сафар тарвуз эмас, бир гектар ердаги помидор нобуд қилинган.

Музробод ҳокимиятидан эндигина олинган ер учун қанча пора бериш кераклигини Зайниева билмайди, у тўлаш уёқда турсин, қизиқиб ҳам кўргани йўқ. Унинг отаси ерни ҳеч қандай порасиз олган, у ҳам ерни қайта рўйхатдан ўтказиш эвазига пул тўлаш нияти йўқ эди.

Унинг худди шу “бефаҳмлиги” собиқ эрига ва қайнонасига ёқмаган шекилли. Чунки собиқ эри ер учун пора йиғса, собиқ қайнонаси “кадастрни бошқаради”.

Бундан ташқари, Зайниевага қарши Давлатовнинг дўстлари ҳам тиш қайраган эди. Сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Ҳамдамов унга фойдали бир битимни – фермер хўжалигининг бир қисмини бошқаларга томорқа учун сотиб юборишни таклиф қилди, аммо Диля қатъиян бош тортди.

Бир вақтнинг ўзида фермер аёл прокурор Ўриновни ҳам хафа қилишга улгурди. Прокурор туманда бир тартиб ўрнатган эди – барча фермерлар навбати билан прокурор оиласидаги бирор-бир воқеани нишонлаш учун “бозор қилиб”, ўртача ҳисобда 500 минг сўмдан тўлаши керак эди. Навбатни прокурорнинг шахсан ўзи тузар эди. Дилябу рўйхатга риоя қилмади ва ҳеч нарса тўламади.

Буларнинг ҳаммасини бизга Диля Зайниеванинг ўзи сўзлаб берди. Кейинги воқеаларда ернинг тортиб олиниши ва 50 тонна пахтанинг нобуд қилинишига нималар олиб келганини ўқувчи тушуниши учун буларни келтиряпмиз.

Музробод туманида ер рэкети

Хуллас, 2012 йил бошида ҳоким ўринбосари Дилядан фермер хўжалигини қайта рўйхатдан ўтказишни сўради. Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бунинг ножўя тарафи йўқ. Худди, туманда янги фермер хўжалиги пайдо бўлади, ҳокимият статистикасига эса плюс бўлади. Бу ғирромлик бўлса ҳам, жиноят ҳисобланмайди.

Зайниевлар оиласи қирқ йилдан ортиқ ишлаган шийпон

Нима бўлганда ҳам Зайниева маҳаллий расмийларнинг гапига кўнди. 2012 йилнинг 25 февралида Сурхондарё вилояти Музробод тумани ҳокимлиги янги “Зебо-Ситора” фермер хўжалигини рўйхатдан ўтказди. Ўшандан кейин ерни тортиб олиш ҳаракатлари бошланиб кетди.

Бунинг технологияси жуда оддий экан. Аввал маҳаллий кадастр раҳбари Давлатов собиқ хотинига ерни расмийлаштириш учун бланка беришдан бош тортди. Бланка йўқ, тамом-вассалом. Диля бир неча марта кадастрга қатнади, аммо бир хил жавоб билан қайтаверди.

Бу вақтда собиқ эри 14 апрель куни ҳокимиятга ариза ёзиб, янги “Зебо-Ситора” фермер хўжалиги раҳбари шартнома бўйича 51 тонна чигит ва 43 тонна буғдой экишнинг ўрнига, ерга шахсий даромади учун экин эккан: 0,6 гектар саримсоқ, бир гектар карам, 3,8 гектарига петрушка ва 4 гектарига укроп экканлигини маълум қилган.

Ҳақиқатан ҳам Зайниева эллик сотих ерга ишчилар учун укроп эккан. Аммо бу ер шийпон атрофида бўлиб, у ерга трактор ўта олмайди. Бу ҳолат шийпон қурилганидан бери, қирқ йил давомида амалга ошиб келаётган эди.

Бошқа экинлар экилгани ҳақидаги айбловга келсак, Диля буни “ғирт туҳмат” деб атади. Бу ариза ҳақида эшитганидан сўнг у биринчи марта собиқ эри билан тортишиб қолиб, унинг қанақалигини юзига шартта-шартта айтган. “Зебо-Ситора” фермер хўжалиги қайта рўйхатдан ўтганидан бир ой ўтар-ўтмас, 24 апрелда туман ҳокими Зайниевага ер ажратиш ҳақидаги шартномани бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Суддаги ажабланарли ҳолатлар

Бунинг сабаби сифатида Давлатовнинг аризаси келтирилди, бундан ташқари Диля ер ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштирмагани ҳам баҳона бўлди. Албатта, бу қарорда Зайниева доим пахта ва ғалла режасини ошириб бажаргани тўғрисида айтилмаган эди. Бундан ташқари, ўтган йили янги ҳосил учун пахта ва ғаллани экиб бўлгани, икки йил олдин “дўнг” ерни эпақага келтириш учун уйини сотиб, 40 миллион сўм сарфлагани тўғрисида ҳам бир оғиз сўз йўқ эди.

Диля ҳоким қарорига рози бўлмай, Термиз шаҳар хўжалик судига ариза берди. Судьялар ишни Зайниева фойдасига ҳал қилди. Аммо Сурхондарё вилоят прокуратураси бу қарорга протест қўйди.

Ишни қайта кўриш бошланди ва тушунарсиз тарзда иш фуқаролик ишлари бўйича Шеробод тумани судига келиб тушди. Аммо биринчи инстанция ҳам Дилянинг фойдасига ҳал қилди. Аммо Музробод туман ҳокимлиги бу билан тинчимасдан, аппеляция шикояти топширди ва бу аппеляция қондирилди.

Ундан кейин ҳам ғалати ҳолатлар кўп бўлди. Аппеляцияда суд қарори бекор қилинса, иш қайта кўриб чиқишга юборилиши керак. Бунинг учун тушунарсиз тарзда фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар суди танланди. Бу шаҳар қўшни Қашқадарё вилоятида жойлашган. Бу суд ишни Зайниеванинг фойдасига ҳал қилмади.

Ўзбекистонда пахтани нобуд қилиш усули

Бу ҳикояда яна битта ғалати ҳолат мавжуд. Музробод ҳокимияти Дилянинг ерини Мирсаид Олимов деган шахсга топширди, бу одам 2004 йилда безорилик учун олти йилга қамалган экан. Олимов қўрс одам бўлиб, атайлаб ерни шундай одамга топширишган, деб ҳисоблайди Зайниева. Шунда у ўзининг эски ерига яқинлаша олмайди, деб ўйлашган.

Маҳаллий ҳокимиятнинг эътиборсизлиги туфайли Олимов ерда умуман ҳеч нарса қилмади. Аввалги эгаси экиб қўйган пахтани йиғиштириб ҳам олмади. Дилянинг айтишича, натижада 50 тонна пахта нес-нобуд бўлди. 2012 йилнинг 30 октябрида Диля олган видеода аввал бутун ер ҳудуди кўрсатилади, унда терилмаган ҳосил шундоқлигича турибди. Кейин қишлоқдагилар шу пахтани молга бериш учун араваларга ортиб кетаётгани кўрсатилган.

Видеони ҳуқуқ ҳимоячи Малоҳат Эшонқулова тақдим этган

Ўша кузда Зайниева билан Олимов ўртасида барибир зиддият бўлиб ўтди. Диля далага собиқ ишчилари билан келиб, ўтган йилиёқ экилган пахтанинг ғўзапоясини ваъда қилгани учун, олиб кетмоқчи бўлди, аммо янги хўжайин қўполлик билан бунга йўл қўймади. Бунинг устига Диля билан учта қариндоши ғўзапояга келгани учун айбдор бўлиб чиқди: уларни маъмурий тартибда жаримага тортиб, ҳар биридан 1,5 миллион сўмдан ундиришди.

Зайниевани Олий суд раиси қабул қиладими?

Зайниеванинг таъкидлашича, маҳаллий сув истеъмолчилари уюшмаси ёрдамида унинг даласидаги ернинг жами бир гектари шахсий фойдаланиш учун 5-6 кишига сотиб юборилган. Бу ерда икки-уч йил ичида бешта фермер алмашди, улар Диля топширган ҳосилнинг ярмини ҳам бера олгани йўқ. Натижада вилоят ҳокимиятининг хотин-қизлар қўмитаси унга шу ер учун 2015 йилги тендерда иштирок этишни маслаҳат берди.

Дилором Зайниева Тошкентда, 2015-2016 йилнинг қиши.

Тендер Музробод ҳокимияти томонидан эълон қилинган бўлса ҳам, нақадар ажабланарли бўлмасин, Диля 25 ноябр куни унда ютиб чиқди. Аммо қувончи узоққа чўзилмади. Ҳокимият унга ўша куниёқ ер ажратиш ўрнига, буни халқ депутатлари туман кенгашининг кейинги сессиясига қолдирди. Бу сессияда эса, Дилянинг айтишича, унинг устидан кулишган.

Тендер ҳақида гап очилгач, ҳоким Хўжамқулов “вазиятни прокурор яхшироқ билади” деган. Бунга жавобан прокурор Ўринов “бу аёлни ҳеч қачон фермер қилмайман” деган. Залдаги депутатларнинг аксарияти ўзи қўрқитиб қўйилган фермерлардан иборат бўлгани учун, сессия ерни Диляга бермади.

Ҳокимият ерни икки қисмга бўлиб, уни Тошкентда обрўли қариндоши бор бўлган одамларга топширди. Зайниеванинг айтишича, атайлаб шундай қилинган, гарчи фермерлардан бири Шоймардон Усмонов бу ерни олишдан бош тортган бўлса ҳам, мажбуран берилган.

Диляга келсак, у ўша 2015 йилдаёқ Олий судга шикоят ёзган. Аммо суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бу воқеаларда ва суддаги ҳолатларда ҳеч қандай ғайриоддийликни кўрмади. У Зайниевага ёзма жавоб ёзди, унда Қарши шаҳар судининг қарори деярли сўзма-сўз келтирилган эди.

Ҳозир Диля Тошкентда, Олий суд раиси Шоюнус Ғозиевнинг қабулига кириш ҳаракатида юрибди. Аммо у олдинги раис Бўритош Мустафоевга ўхшаб, шикоятчилар билан шахсан учрашмасликка ҳаракат қилар экан. Ишни бошлаганида бир неча марта одамларни қабул қилган, кейин бу ташвишни ўринбосарларига топширган. Дилором Зайниева ҳали ҳам уни шахсан қабул қилишига умид қилмоқда…

“Фарғона” ахборот агентлиги воқеалар ривожини кузатиб боради.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама