15:28 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қулоққа лағмон илиш қобилияти. Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг Ўзбекистон ҳақидаги саволларига Жаҳон банки жавоб берди

31.07.2016 08:32 msk

Фарғона

Ўзбекистон учун қайғурадиган ҳуқуқ ҳимоячилари шуғулланадиган энг асосий муаммолардан бири бу мажбурий меҳнатдан фойдаланиш муаммосидир. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг босими туфайли Жаҳон банки ўзбек ҳукуматига кредит беришдан олдин шарт қўйди. Унга кўра ЖБ билан боғлиқ лойиҳалар амалга ошириладиган ҳудудларда мажбурий ёки болалар меҳнатидан фойдаланилгани аниқланса, кредит ажратилиши тўхтатилади.

Шуниси аниқки, бундай фактларни Ўзбекистон расмийлари яширишга ҳаракат қилади. Аммо мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани ҳақида далил-исбот топишга ҳаракат қилаётган ва топаётган ноҳукумат ташкилотлари ҳам бор. Шулардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форумидир. 2016 йилнинг мартида бу ташкилот “The Cover-Up. Whitewashing Uzbekistan’s White Gold” (“Хаспўшлаш: Ўзбекистоннинг “оқ олтинини” оқартириш”) номли маъруза нашр қилган бўлиб, ушбу маъруза турли интервьюлар, ҳукумат ҳужжатлари ва мустақил кузатувчиларнинг пахта далаларидан тайёрланган ҳисоботларига асосланган. Бу кузатувчилар давлат вакилларининг таъқибига қарамасдан, Ўзбекистондаги далаларда мажбурий меҳнат ҳолатларини ҳужжатга туширган. Ундан олдинроқ, 2015 йилнинг кузида “Фарғона” агентлигининг аниқлашича, Ангрен шаҳрининг аҳолиси мажбуран Бўка туманига пахта теримига юборилган. Бу ҳудудда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳа амалга оширилаётган бўлган.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари босим ўтказгани туфайли Банк 2015 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан биргаликда Ўзбекистонда мониторинг ўтказди. Бу мониторингда пахта терими пайтида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари текширилди. Ўзбекистон ХМТ вакилларига далаларни кезиш, турли муассасаларга ташриф буюриш ва одамлар орасида сўровнома ўтказишга изн берди. Аммо Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давлат даражасида, бош вазир Шавкат Мирзиёев буйруғига биноан ташкиллаштирилгани боис, бундай мониторингни мустақил деб атаб бўлмайди. Чунки иккинчи текширувчи томон бўлиб худди шу ҳукуматнинг вакиллари қатнашди.

Жаҳон банки ва ХМТ вакилларининг тан олишича, кузатувчилар кўринишидан расмий-дабдабали бўлгани туфайли далалардаги суҳбатдошлар иккиланган ҳамда муаммолар ҳақида бемалол гапира олмаган. “ХМТ тажрибасига кўра, бу оддий ҳолат ҳисобланади, чунки бундай интервьюларда деярли ҳеч ким мажбуран ишлаётгани ёки кимнидир мажбурлаганини тан олмайди”, - дейилади Жаҳон банкининг ўтказилган мониторинг ҳақида 2015 йил 20 ноябрида эълон қилинган маърузасида.

Кузатувчилар мажбурий меҳнатга исбот бўлиши мумкин бўлган айрим фактларни аниқлашди: иш вақтидан ташқари ишларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, ҳаёт ва меҳнат шароитининг аянчли эканлиги, пахта теримида қатнашишдан бош тортганлардан маблағ ундириш. Аммо охирида шундай хулосага келишдики, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш факти аниқ эмас. Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан ўта манфаатдор бўлса керак, шу сабабли ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, ўзбек расмийлари келишувларни бузмаганини исботлашга ҳаракат қилади. Банкнинг хабарига беришича , унинг Ўзбекистондаги ҳозирги мажбуриятлари 2 млрд доллардан ошади.

2016 йилнинг июнида Жаҳон банки янги “2016-2020 йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик концепцияси” ни тасдиқлади. Шу муносабат билан УГФ раҳбари Умида Ниёзова Жаҳон банкига бир нечта савол йўллади. Уларда Ўзбекистон томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланилса, Банк қандай чора кўришни режалаштиргани сўралган. Бундан мақсад, янги дастурдан қандай ўзгаришларни кутиш мумкинлигини билишдир.

Банк аниқ саволларга аниқ жавоб тайёрлашга уриниб ҳам ўтирмади.Ўзининг пресс-релизларидан ва Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа 2014 йилда берган жавоблардан йиғиб, расмиятчилик учун жавоб хати ёзиб юборди. Жавоб хати Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жунгхун Чо томонидан имзолаган.

Қайд этиш керакки, Жаҳон банки Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосининг мавжудлигини билвосита тан олади. Жунгхун Чо берган жавобда айтилишича: “Ўзбекистонда бу муаммони ечишнинг энг самарали усули бу комплексли ёндашув деб ҳисоблаймиз. Бу ёндашув мамлакат билан доимий мулоқот ўрнатишга ҳамда халқаро ташкилот ва донорлар, ННТ ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга асосланган бўлиши керак. Бундан ташқари, сектордаги таҳлилий ишлар ва лойиҳалар доирасида аниқ тадбирлар ўтказиш билан бирга стратегик мулоқотга асосланиши керак деб ҳисоблаймиз”. (2014 йилда Сарож Кумар Жа ҳам деярли худди шу сўзлар билан жавоб қилганди, тақослаб кўринг: “Ўзбекистонда бу муаммони кўриб чиқишнинг энг самарали усули бу комплексли ва кенг қамровли ёндашув деб биламиз. Бу ёндашувда мамлакат вакиллари билан мунтазам мулоқотда бўлиш, халқаро агентликлар ва донор ташкилотлари билан ҳамкорлик, таҳлилий ишларни бажариш, стратегик мулоқотни давом эттириш, бундан ташқари, лойиҳалар даражасида аниқ тадбирларни амалга ошириш керак деб биламиз”).

Банк “ХМТ ҳамда БМТнинг бошқа тегишли органлари билан яқин ҳамкорликда вазиятни мониторинг қилиш”га ваъда беради. “Фарғона” нинг фикрича, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита каби БМТ тузилмалар вакиллари жалб этилса, кузатувчилар сафига маҳаллий ҳукумат вакиллари киритилмаса, жавоб берувчилар аноним тарзда сўровнома тўлдирсагина, асл вазиятни аниқлаш мумкин бўлади. Ундан ҳам яхши усули бор, буни Бағдод халифаси Хорун ал-Рашид қўллаган – жулдур кийимда шаҳар кезиб, фуқаролардан ўз ҳукмронлиги ҳақидаги ҳақиқатни эшитиш.

Майли, хаёл суришни тўхтатайлик-да, УГФ саволларига Жаҳон банки берган жавобнинг қанчалик ўринлилигини аниқлашни “Фарғона” муштарийларига қўйиб берсак.

Умида Ниёзованинг саволлари

1. Жаҳон банки Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги учун миллионлаб доллар миқдорида маблағ ажратмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги давлат назоратига асосланади ва фермерлар давлат буюртмаси бўйича ҳосил топширишга мажбурланади. Янги стратегияга Ўзбекистондаги “пахта соҳасини модернизация қилиш” киради. Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматини ҳақиқатан ҳам қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказишга ундайдиган аниқ йўналиш ҳамда стратегияни амалга оширишнинг қатъий муддатларини ишлаб чиққанми?

2. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати шу йилнинг баҳорида яна давлат ташкилотлари ишчиларини, айниқса таълим ва тиббиёт тизими ходимларини пахта даласида ишлаш ёки ўз ўрнига бошқаларни ёллашга мажбурлади. Биз бу фактни тасдиқловчи жиддий далил-исбот ва ҳужжатларни тўпладик, тез орада ҳисобот тақдим этамиз. Бу мавзудаги охирги хабарларимиз билан бу ерда танишиш мумкин.

3. Бизнинг кузатувчилар жамоаси етти йил мобайнида ўзбек ҳукумати пахта етиштириш жараёнида мажбурий меҳнатдан фойдаланганини қайд қилган. Қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасида Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар амалга ошириладиган туманларда мажбурий меҳнатдан фойдаланилса, кредит бериш тўхтатилиши ҳақида ҳукумат Жаҳон банки билан келишув тузган. Келишув тузилганидан кейин 2015 йилги пахта кампанияси бўлиб ўтди. Бизнинг кузатувчиларимиз бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, Банк лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларда амалдорлар фермерларни пахта етиштиришга мажбурлагани ва бир миллиондан ортиқ кишини пахта теримига чиқарганига оид далил-исботларни юбормоқда. Банк ўзбек ҳукуматига кредит беришни тўхтатдими? Тўхтатмаган бўлса, сабаби нимада? Ҳукумат келишувлар бўйича ҳисобот бериши учун Банк қандай чора кўрмоқда?

Шу билан бирга ўзбек ҳукумати пахта ўтоғи ва пахта теримига фуқаролар мажбуран чиқарилганини инкор этади. Шу муносабат билан, Жаҳон банки пахта секторида мажбурий меҳнатни тугатиш ҳамда ҳукумат билан ҳамкорлик қилишнинг аниқ бир режаси устида ишлайдими?

4. Агар ўзбек ҳукумати пахта секторида оммавий тарзда мажбурий меҳнатдан фойдаланишда давом этса, Жаҳон банки қандай чора кўради?

5. Сизга хабар қилганимиздек, Жаҳон банки Ўзбекистоннинг пахта секторига инвестиция миқдорини оширгандан сўнг бизнинг мустақил кузатувчиларимиз мисли кўрилмаган репрессияга дучор бўлишди. Жаҳон банкининг лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларда меҳнат шартларини мониторинг қилаётган мустақил гуруҳлар ва алоҳида шахсларга хавфсиз шароит яратиш учун Жаҳон банки нима қилмоқда?

Жаҳон банкининг жавоби

(инглиз тилидан рус тилига норасмий таржимаси Жаҳон банкига тегишли)

“Ҳурматли Ниёзова хоним,

Хатингиз учун ташаккур. Ўзбекистоннинг пахта секторидаги мажбурий меҳнат хатарларига оид ташвишингизга қўшиламиз ва ҳурмат қиламиз. Айни пайтда халқаро ва маҳаллий нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини эътироф этамиз ва қадрлаймиз.

Қайд этиб ўтганингиздек, Жаҳон банки гуруҳи ривожланиш соҳасида Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ҳамкори бўлиб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши ва молиявий бошқарувнинг даражасини ошириш учун консультация ва молиявий ёрдам бериб келади. Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистон билан 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик Концепцияси учта асосий соҳага йўналтирилган: хусусий секторнинг ўсиши, қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлилиги ва пахта секторини модернизация қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини яхшилаш.

Хусусий сектор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки гуруҳи бизнес муҳитини яхшилашга ёрдам беради ва мамлакат хусусий секторига инвестиция киритишни қўллаб-қувватлайди.

Қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлилиги ошириш ва пахта секторини модернизация қилиш учун Жаҳон банки гуруҳи қишлоқ хўжалиги тизимида даромадни ошириш, бозорга мослашиш ва иш ўринларини яратишга мўлжалланган ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди. Бунга ер ва сув ресурсларини бошқариш амалиёти ҳам киради.

Давлат хизматларини кўрсатиш даражасини ошириш учун биз сув таъминоти ва канализация тизимларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, таълим ва тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда транспорт хизматларини яхшилаш ва шаҳарнинг ривожланиши борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Аниқроқ қилиб айтганда, Жаҳон банки гуруҳининг фикрича, Ўзбекистондаги умумий ўсиш ва аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишида қишлоқ хўжалиги секторида ислоҳот ўтказиш ва пахта ишлаб чиқаришни модернизация қилиш асосий рол ўйнайди. Қишлоқ аҳолисининг асосий бандлик манбаси қишлоқ хўжалигидир. Ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги, аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши хатари ва экспорт бозорларининг беқарорлиги фонида қишлоқ хўжалиги секторини модернизация қилиш ўта зарур аҳамият касб этиб, у соҳанинг самарадорлиги ошириш, иш ўринларини яратиш ва умумий ривожланиш мақсадида очиқроқ ва рақобатбардошлироқ иқтисодиётга интеграция бўлишини қўллаб-қувватлашда муҳимдир.

Шу муносабат билан, кейинги пайтларда ўзбек ҳукумати томонидан амалга оширилган чоралар, жаҳон иқтисодиётидаги қийинчиликлар, қўшни мамлакатларда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари учун очилаётган янги бозор имкониятларига жавобан жуда кенг кўламли ўзгаришлардан далолат бермоқда. Бу дастурни жадаллаштириш мақсадида ҳукумат 2020 йилгача пахта далаларини 170 минг гектар қисқартиришга қарор қилди, бунга Жиззах ва Сирдарё вилояти каби сувсиз ва камҳосил ҳудудлардаги сезиларли қисқартиришлар ҳам киради. Ҳукумат кейинги йилда мева-сабзавот маҳсулотларининг қарийб бешдан бир қисмини маркетинг ва экспортни қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳужжатларни қабул қилди. Ўзбекистон ҳукумати омборхона хўжалиги, қайта ишлаш, логистика, сифатни таъминлаш инфраструктураси ва ишлаб чиқариш қувватларига инвестиция киритиш орқали бу секторни янада ривожлантиришни мақсад қилган, деб ҳисоблашга асосимиз бор.

Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги тармоғини бозор эҳтиёжларига мослаштириш, экологик ва ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ва молиявий яшовчанлик концепциясини ташкиллаштиришда қонун-қоидалардаги чоралар даражасида мамлакатга ёрдам беради. Биз Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ва чекловчи омилларни ишончли диагностика қилиш устида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Бунда мамлакатнинг маҳаллий, минтақавий ва халқаро бозорлардаги нисбий устунликлари ўрганилади. Бундан ташқари бу тармоқни ўзгартириш ва кўрсаткичларини ошириш учун тармоқдаги қийинчиликлар ва бўш бўғинларни таҳлил қилиш ҳам киради.

Жаҳон банки диверсификация дастури доирасида техник ёрдам кўрсатишга бевосита ва фаол жалб қилинган. Мева-сабзавот етиштириш фаолияти, жумладан, боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш учун маҳаллий фермерларга 500 дан ортиқ имтиёзли кредит тақдим этилди. Қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорларга маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш шароитларини ривожлантиришда ёрдам берилмоқда. Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида Фарғона вилоятида 1300 километрдан ортиқ ирригация ва дренаж каналлари капитал ремонт қилиниб, фермерларга сув етказиб бериш имконияти яхшиланди. Натижада бу фермерлар камроқ сув сарф қиладиган в қиймати юқорироқ бўлган экинларни танлаш орқали самарадорликни ошириш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиши мумкин. Яқинда тўпланган маълумотларга кўра, майда фермерлар боғлар ҳосилдорлигини 68 фоизга ошириб, ишлаб чиқаришдаги дуккакли ва сабзавот экинлари ҳиссасини 15 фоизга оширган.

Илгари хабар берганимиздек, биз пахта теримида ишчи кучидан фойдаланишни мониторинг қилаётган айрим фуқаролик жамияти фаолларининг қўлга олингани ҳолатларидан қаттиқ ташвишдамиз. Бизга репрессив хатти-ҳаракатлар ҳақида ариза юборилса, биз ўз ваколатимиз доирасида бу масалаларни ҳал қилиш учун тегишли томонлар билан ишлаймиз. Биз ХМТ ва БМТнинг бошқа тегишли органлари билан ҳамкорликда вазиятни мониторинг қилишда давом этамиз. Бундан ташқари мустақил кузатувчиларнинг эҳтимолий таъқиб қилиниши юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига ташвиш изҳор қиламиз.

Яна бир бор билдирамизки, Жаҳон банки мажбурий меҳнат ҳолатларига кўз юмиб кетмайди ва Ўзбекистон пахта соҳасидаги бундай амалиётларга оид маърузаларга жиддий ёндашади. Ўзбекистонда бу муаммони ечишнинг энг самарали усули бу комплексли ёндашув деб ҳисоблаймиз. Бу ёндашув мамлакат билан доимий мулоқот ўрнатишга ҳамда халқаро ташкилот ва донорлар, ННТ ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга асосланган бўлиши керак. Бундан ташқари, сектордаги таҳлилий ишлар ва лойиҳалар доирасида аниқ тадбирлар ўтказиш билан бирга стратегик мулоқотга асосланиши керак деб ҳисоблаймиз. Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бу қишлоқ хўжалиги секторини модернизация қилишдир. Бу иш амалга оширилса, кўпроқ иш ўринлари яратилиб, пахта етиштириш тизими эркинлашиши билан бирга даромад ошади, бу соҳадаги мажбурий меҳнат хатарлари ва ҳукумат босими камаяди.

Ҳурмат билан, Жунгхун Чо, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари”.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама