20:59 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Интернет фойдаланувчиларини кузатиш қонунийлаштирилади

28.07.2016 10:48 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги интернет хизмати провайдерлари, телекоммуникация операторлари ва “абонентлар”фойдаланувчиларни кузатишни ташкиллаштириши ва уларнинг интернетдаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни уч ойда давомида сақлаши керак бўлади. Бу қоида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Маълумотларни узатиш тармоқлари, шу жумладан, интернет хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги буйруғи билан бирга кучга киради.

Айни пайтда бу ҳужжат давлат хизматлари сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокама шу йилнинг 2 августигача давом этади.

Буйруққа кўра, Қоидаларга 3-1 “Абонентлар томонидан фойдаланувчиларга ахборот алмашинуви, жумладан интернет хизмати кўрсатиш” параграфи қўшилади.

Шахсини аниқлаш ва кузатиш

13-3-бандда қуйидаги талабни кўриш мумкин: “Абонент томонидан техник воситалардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши учун абонент оператор ва провайдер билан фойдаланувчиларнинг шахсини аниқлаш ҳамда ишлатилаётган интернет веб-ресурсларини рўйхатга олиш (log-файллар) ҳамда бу маълумотларни 3 ой давомида сақлаш учун аппарат-техник чораларни амалга ошириши керак. Фойдаланувчининг шахсини аниқлаш уларнинг телефон рақами ёки паспорт маълумотларига асосланган бошқа маълумотларига кўра амалга оширилиши мумкин”.

Шу тарзда, ўзбек интернет фойдаланувчиларининг интернетдан фойдаланишини кузатиш расмий тус олади. 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда тўсиб қўйилган “Фарғона” илгари бир неча марта мамлакатдаги интернет яширин цензура остидалигини хабар қилган эди.

Бир неча йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати провайдерларга босим ўтказиб, интернетни ёппасига филтрлайди, жумладан, режимга хуш келмайдиган маълумот ва таҳлилий веб-ресурсларни тўсади. Айрим сайтларга кириш бутунлай тақиқланган, айримлари эса Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳвол ҳақида танқидий мақола чиқарганида тўсилади.

Мамлакат фуқаролари интернетда нималар билан шуғулланишига қизиқиш ҳам кечагина пайдо бўлган эмас. 2005 йилнинг июнидаёқ Тошкентдаги интернет-кафеларда “сиёсий сайтларга” кириш тақиқлангани ҳақидаги эълонлар осилгани ҳақида биз ёзган эдик. Кейинчалик бу эълонлар йўқолди, аммо интернет-клубларга ташриф буюрувчиларнинг айтишича, бу жойлардаги администраторлар очилган саҳифаларни кузатиб, ёзишмаларга қарашмоқда ҳамда интернетдан олинган ва юборилган файлларни текширишмоқда.

Шу зайлда ушбу буйруқ мамлакатда ўн йилдан ортиқ амалда бўлган фаолиятни қонунийлаштириб қўяди, холос.


Ўзбек “Яровая”си

Ўзбекистон расмийларининг маълумотларни уч ой давомида сақлаш талаби “Яровой қонуни”ни эсга солади. Бу қонун шу ёзда Россиядаги мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерларни ташвишга солди. Бу қонунга кўра, телекоммуникация компаниялари улкан ҳажмдаги маълумотлар, жумладан, товушли маълумотлар, матнли хабарлар, фойдаланувчиларнинг тасвир, товуш, видео ёки бошқа турдаги электрон хабарларини олиш, юбориш, етказиб бериш ва қўллаш ҳолатлари ҳақидаги ахборотларни олти ойдан уч йилгача бўлган муддат давомида сақлашга мажбур.

Жумладан, Россия телекоммуникация компанияларининг раҳбарлари баёнот беришича, ахборотларни сақлаш учун керак бўладиган сақлов ускуналарининг ҳажми ҳаддан ташқари катта: Mail.Ru Group вице-президенти ва техник директори Владимир Габриелянга кўра, “ахборотларни сақлаш тизимларини ишлаб чиқарувчи дунёдаги барча заводлар бир неча йил давомида тўхтовсиз фақат Россия учун ишлаши керак бўлади”. “Мустақил экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тизимни жорий қилишнинг ўзига алоқа операторлари 3,9 трлн рубль харажат қилиши керак: бу ахборотларни олти ой сақлаш учун керакли бўлган асбоб-ускуналарнинг нархидир. Интернет-компанияларнинг харажати ҳам шунга яқин. Шу тариқа, жами харажатлар 5 трлн рублдан ошиши мумкин — соҳа бундай харажатни кўтара олмайди”, - дейди Габриелян РБК нашридаги мақоласида.

Ўзбек расмийлари ҳозирча ишлатилаётган веб-ресурсларнинг рўйхатини (log-файллар) ташкиллаштириш ва уларни уч ой сақлашни талаб қилишмоқда холос. Бу талабни бажариш учун операторлар, провайдер ва абонентларнинг харажати қандай бўлиши ҳам, бунинг телекоммуникация хизматлари нархига қандай таъсир кўрсатиши ҳам ҳозирча номаълум.

Вазирлик буйруғида бошқа янгиликлар ҳам бор. Масалан, “абонент” ва “фойдаланувчи” тушунчалари белгилаб қўйилган: биринчиси “телекоммуникация оператори ёки провайдери билан шартнома тузган телекоммуникация хизматлари фойдаланувчиси” бўлса, иккинчиси – “телекоммуникация хизматларининг истеъмолчиси бўлган жисмоний ёки юридик шахс”.


“Интернетда цензура”. International Herald Tribune газетасидан карикатура

Фойдаланувчи учун эслатма

“Маълумотларни узатиш тармоқлари, шу жумладан интернет хизматларини кўрсатиш қоидалари”га қуйидаги илова қўшилади:

“Ҳурматли абонент, интернет тармоғининг фойдаланувчиси!

Сизга шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий қоидаларида белгиланган талабларга кўра, интернет тармоғида жамоатчилик онгига ахборот-психологик тарзда таъсир қилиш ёки уни бошқариш фаолиятига йўл қўйилмайди.

Жумладан, порнографик материаллар, зўравонлик ва ваҳшийликни тарғиб қилувчи, ҳақорат ва бўҳтондан иборат, инсонларнинг ғурурини камситувчи маълумотлар мавжуд ресурсларга ташриф буюриш, тарқатиш, веб-сайтларни (ҳаволаларни) реклама қилиш ва шундай (фото-, видео-, аудиофайллар, блоглар, мақолалар ва ҳоказо) материалларни жойлаштириш тавсия этилмайди.

Диний-экстремистик руҳдаги, урушни тарғиб қилувчи, миллий ва ирқий низо қўзғатувчи (фото-, видео-, аудиофайллар, блоглар, мақолалар ва ҳоказо) материаллар мавжуд веб-сайтлар, гуруҳлар, ижтимоий тармоқлардаги ҳамжамиятларга ташриф буюриш, реклама қилиш, ҳаволаларни тарқатиш ва материал жойлаштириш тавсия этилмайди.

Мавжуд конституцион тузумга қарши йўналтирилган, ҳокимиятни қўлга олиш ёки қонуний сайланган ёки тайинланган ҳукумат вакилларини четлаштиришга чақирувчи ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини конституцияга хилоф равишда бузишга чақирувчи ҳар қандай маълумотни тарқатишга йўл қўйилмайди.

Компьюьер вируслари ёки компьютер техникасига бошқа тарзда зарар етказувчи маълумот ёки дастурий таъминотни жойлаштириш, юбориш ёки реклама қилиш тавсия этилмайди.

Эслатиб ўтамизки, талабларга риоя қилмасангиз, сизга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ равишда жавобгарлик қўлланиши мумкин”.

Хулоса

Бунақа “иловалар” нима учун қабул қилинади? Балки терроризм ва экстремизмга қарши курашиш учундир, бу муҳим албатта. Аммо Ўзбекистон расмийларининг сўз эркинлиги борасидаги ҳақиқий сиёсатини билган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, бу нарсалар интернет цензурасини қонунийлаштиришга уриниш учун ҳам қабул қилинади.

Шунда ҳар қандай мустақил журналистни “таъсир кўрсатиш ва бошқариш”да айблаш имконияти туғилади. Исталган блогерни “бўҳтон ва ҳақорат” учун қўлга олиш мумкин бўлади. Фойдаланувчиларни кузатув ва жазо билан қўрқитиш орқали ижтимоий тармоқлар овози ўчирилади.

Масалан, сиз президент Ислом Каримов 27 йилдан бери ноқонуний тахтда ўтиргани ҳақида ёзсангиз – “қонуний сайланган ёки тайинланган ҳукумат аъзоларини четлатишга чақириқ” учун қамоққа марҳамат! Қаршилик кўрсатсангиз, баҳслашиб, ўз фикрингизни ҳимоя қилсангиз, “конституцияга қарши” чиқиш қилган бўласиз.

Яхшиси мушукчаларнинг расмини жойлаштиринг. Ҳозирча бу нарса тақиқланмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама