22:56 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сурат Икромов хотиралари: маҳбуснинг қийноқдан ўлиши ва бунга Freedom House ташкилотининг ғалати муносабати (18+)

26.07.2016 18:14 msk

Фарғона

“Ҳуқуқ ҳимоячисининг қайдлари” китобининг бир бобида ЎҲҲМТГ (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи) раҳбари Сурат Икромов ўтган ўн йилликнинг ўрталаридаТошкентда “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” фаолият юритгани ҳақида ёзади. Ҳуқуқ ҳимоячилари қийноқ пайтида ҳалок бўлганларнинг жасадини кўришга бориб, текширувданўтказган ва буҳақда оммага маълум қилган. Ўша пайтларда ҳатто прокуратура ҳам хайрихоҳликқилиб, қийноқлар юзасидан текширув ташкиллаштирар эди. Аммо кўпинча умуман хаёлга келмаган шахслар “орқадан пичоқ уриши” туфайли иш барбод бўлар эди.

МАҲБУС САМАНДАР УМАРОВНИНГ ЎЛИМИ

Ҳозир мен сўзламоқчи бўлган воқеа 2005 йилнинг бошларида бўлиб ўтган. Унда ҳали Андижон фожиаси рўй бермаган, Ўзбекистонда Freedom House каби халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари расман фаолият юритар эди.

Бир йил олдинроқ Тошкентдаги Freedom House қошида “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” ташкил этилган эди. Бу гуруҳга мен раҳбар эдим, шу сабабли қийноққа тортилганлар ёки уларнинг қариндошлари мунтазам равишда менга шикоят билан мурожаат қилишарди. Мурожаат қилишмаса ҳам, бошқа манбалардан – ҳуқуқ ҳимоячиларидан, оддий фуқаролардан ва ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларидан маълумот олардим.

Шундай ходимлардан бири 2005 йилнинг 2 январида кечқурун уйимга қўнғироқ қилди. Маълум сабабларга кўра унинг исмини ҳам, фамилиясини, лавозими, қаерда ишлашини айтмайман. Шунисини айтишим мумкинки, у яхши, ҳалол инсон бўлиб, ҳамкасблари қонунни бузиб, жиноят қилганида ғазаби келарди.

Унинг хабар беришича, эрталаб Тошкентдаги 64/18-колонияга (халқ орасида “Сангород” деб аталади) Навоий шаҳри яқинидаги 64/29-колониядан 36 ёшли маҳбус Самандар Умаровнинг жасадини олиб келишибди.

Манбамизнинг айтишича, Умаров в 2000 йилда диний экстремизм учун 17 йилга қамалган экан. Манбамиз унинг шубҳали бир шароитда ўлгани ва жасадининг “ёмон ҳолатда” эканига урғу берди. Марҳумни олиб келишлари керак бўлган қариндошларининг манзилини берди.


Самандар Умаровнинг жасади колониядан шу ҳолатда олиб келинди. Муаллиф олган сурат

Маййитни шошилинч кўмишди

Мен дарҳол гап қийноқда эканини сездим ва манзилга ўзим боришга аҳд қилдим. Ўзим билан хорижий мухбирларни таклиф қилдим. Кеч бўлгани учун танишларимни безовта қилгим келмади. Эртасига 3 январда эрталаб Галима Бухарбаева билан боғландим. Ўшанда у Буюк Британия IWPR агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига раҳбарлик қилар эди.

Менинг таклифим ҳақида ҳамкасбларига хабар қилди, натижада бир-икки соатдан сўнг мен бешта журналист ҳамроҳлигида Шайхонтоҳур туманининг Шуманай кўчасига бордим. Бу журналистлар Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган бўлиб, Би-би-си, “Америка овози”, Ассошиэйтед Пресс каби донгдор нашриётларнинг вакиллари эди. Биз билан айрим халқаро ташкилотлар ва “тезкор” гуруҳимидан бир нечта ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бор эди.

Самандар Умаровнинг оиласи яшаган бир қаватли уй кичкинагина бўлиб, икки сотихгина томорқаси бор эди. У ердаги юракни сиқадиган вазият эсимда. Эркаклар саросимага тушган, аёллар ҳўнграб йиғларди. Уйдан юз метрча нарида иккита милиционер турибди, улар ортиқча нохушликлар бўлмаслиги учун кузатиб турган шекилли.


Самандар Умаровнинг жасади шу аҳволда колониядан келтирилди. Муаллиф олган сурат

Ўша пайтларда бундай қайғули тадбирларда тез-тез бўлиб турардим. Қариндошини қийнаб ўлдирилган деб ҳисоблаган яқинлари бизни жасад ётган хонага олиб киришарди. Биз эса тезкор гуруҳ ходимлари билан биргаликда жасадни кўриб чиқардик, кейин уйдан чиқиб кетиб, бу ҳақда муҳокама қилардик. Аммо бу гал ҳаммаси бошқача бўлди. Милициянинг қатъий талабига кўра, Самандар Умаровни азонда кўмишибди.

Милиция наздидаги “геморрагик инсульт”

Қариндошлари воқелара хроникасини сўзлаб беришди. 2 январь куни соат иккида Сангород вакиллари Самандарнинг ўлганини хабар қилишган. Шу заҳотиёқ уйга маҳалла раиси ва Шайхонтоҳур тумани милиция ходимлари кириб келишди. Улар келиб ҳамдардлик билдирмаган, балки тобутни очмасдан кўмишни талаб қилган.

Ўз яқини билан одамга ўхшаб хайрлашишга имкон бермаган расмийларнинг бу қилиғидан қариндошлар ҳангу-манг бўлиб қолди. 3 январь куни тонгги уч яримда Самандар Умаровнинг жасади солинган тобут келганида, қариндошлари ундан баттар ҳайратда қолди. Олиб келишга танланган вақтни ҳам қўя туринг, аммо уларнинг уйини кўплаб милиционерлар қуршаб олгани ғалати бўлди.

Милиционерлар Умаровни дарҳол кўмиш кераклигини айтишди. Уларнинг қатъий талаби билан икки соатдан кейиноқ, соат беш яримда кўмилди. Милиция қабристонда ҳам кўмиш жараёнини кузатиб турди.


Самандар Умаровнинг ўлими қариндошлари учун оғир келди. Муаллиф олган сурат

Маййит уйда бўлган икки соат вақт ичида яқинлари милициянинг тақиқига қарамай, танани ювиш учун тобутни очишди. Самандарнинг танаси қандай аҳволдалигини кўриб, даҳшатга тушишди: озиб-тўзиган, жағи синган, қўл-оёқларидаги тирноқлари юлиб олинган.

Қариндошлардан бири ўзини йўқотиб қўймай, танани суратга олган. Кейин шу суратлар билан қонли чойшабни бизга кўрсатишди, жасадни ўша чойшабга солиб олиб келишибди. Марҳумнинг синглиси ва укасининг айтишича, улар 2004 йилнинг ноябрь бошида Навоийдаги колонияга Самандарни кўргани боришганида у соғлом бўлган ва шикоят қилмаган. Ўлимидан тўрт кун олдин эса Умаров уйига қўнғироқ қилиб, оиласи билан суҳбатда “ҳаммаси жойида”лигини айтган.

Навоий вилоят суд-медэкспертиза бюросининг тиббий хулосаси нусхасига Самандарнинг яқинларидан биронтаси ҳам ишонмагани ажабланарли эмас. Бу хулосада ўлим “геморрагик инсульт” туфайли юз берганлиги ёзилган. Умаровнинг жасадини кўрган ҳамма қариндошлари, танишари ва қўшнилари унинг қийноқдан ўлганини бир овоздан тасдиқлашди.

Тез чора кўрилди

Бу ҳолат менинг ғазабимни келтирди ва “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” раҳбари сифатида тезкор чора кўришга аҳд қилдим. Эртаси куни 4 январда мен Самандар Умаров яшаган уйга АҚШ элчихонасининг иккинчи котиби Майкл Голдманни олиб келдим, у сиёсий масалалар билан шуғулланарди. У марҳумнинг қариндошлари билан бир соатдан ортиқроқ суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, Самандар Навоий колониясида беш йил бўлган бўлса, шу даврда маъмурият томонидан мунтазам равишда қийноққа тортилган.

Мен Freedom House ижрочи директори Мьюша Север билан гаплашдим, у маҳбуснинг ўлими юзасидан тезда текширув ўтказиш кераклигини эълон қилди. Бизнинг лойиҳа унинг ташкилоти қошида ташкил этилгани учун у менинг фикримга қўшилди.


Самандар Умаровнинг жасади 2005 йил 3 январда олиб келинган чойшабни синглиси кўрсатмоқда. Муаллиф олган сурат

“Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ”нинг фаоллигини Ўзбекистон расмийлари ҳам қўллаб-қувватлади: ўша куниёқ Бош прокуратура Самандар Умаровнинг ўлими юзасидан қўшимча текширув ўтказилишини маълум қилди.

Натижада 5 январь куни “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” Ўзбекистон президенти, бош прокурор, ички ишлар вазири ва ИИБ қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи номига мурожаат йўллади. Мурожаатни гуруҳимизнинг ўн иккита аъзоси имзолаган бўлиб, унда прокурор текшируви ўтказишни сўрадик. Уни шаффоф тарзда ўтказиб, ҳуқуқ ҳимоячиларининг талабларини ҳам инобатга олиш кераклигини асосладик.

Бир талабимиз шундан иборат эдики, Умаровнинг жасади эксгумация қилиниб, ёриб кўрилаётганда камида иккита мустақил эксперт иштирок этиши керак. Иккинчиси - “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ”нинг бир нечта аъзоси Навоийдаги 64/29-колонияга ташриф буюришини сўрадик. Биз берган таклифга кўра, гуруҳимиз аъзолари “Умаров охирги марта тирик ҳолда кўрилган жойни ўрганиши” ҳамда “колония маъмурияти вакиллари иштирокисиз маҳбуслар билан махфий суҳбат ўтказиши” керак эди.

Бундан ташқари, шаффофлик ҳақида гап кетганда (мурожаатда “транспарентлик” деб ишлатилган), қўшимча текширув тугалланганидан сўнг тўлиқ ҳисоботни Умаровнинг оиласи ва ҳуқуқ ҳимоячиларига тақдим этишни Ўзбекистон ҳукуматидан сўрадик.Масъул шахсларга нисбатан айблов эълон қилинган тақдирда, бу ҳақда ҳам ошкор қилишни талаб қилдик.

Ишимизга халақит берган... Freedom House

Сезганингиздек, “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ” тезкор ва самарали ишлар эди. Аммо афсуски, унинг ишига нафақат расмийлар, балки Freedom House ташкилотининг раҳбарияти ҳам халақит берар эди.


Мьюша Север. Сурат “Региональный диалог” ташкилоти сайтидан, ҳозирги раҳбари

Ташкилотнинг ижрочи директори Мьюша Север бизнинг гуруҳни прокуратура томонидан ўтказилаётган текширувдан четлатиш учун қўлидан келганини қилди. Ҳуқуқ ҳимояси соҳасидан узоқ бўлган икки кишини шу текширувда иштирок этишга тайинлади. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбанинг айтишича, Freedom House билан ЖИЭББ бошлиғи ўртасидаги музокаралардан сўнг, ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икромовни бу комиссия таркибига қўшмасликка қарор қилинган. Чунки бу “Ўзбекистон ҳукуматининг обрў-эътиборига путур етказар” эмиш. Натижада Мьюша Север ўз ходимларига текширув натижалари чиққунга қадар “Қийноқлар бўйича тезкор гуруҳ”аъзолари билан, айниқса мен билан мулоқотга киришишни қатъиян тақиқлади.

Мен 16 январь кунги маълумот хабарида “Озодлик уйи” маъмуриятининг тушунарсиз ҳаракатлари ҳақида ёздим, аммо бу билан вазият ўзгармади. Кутилганидек, текширувда қатнашишга Мьюша Север томонидан танланган “ҳуқуқ ҳимоячилари” ҳаракатсизлиги туфайли Ўзбекистон ҳукуматининг фойдасига ишлади. Қарангки, эксгумация хулосаси узил-кесил бўлди: экспертлар Умаровнинг танасида қийноқ изларини... топишмади.

Шундай бўлса ҳам, кейинчалик ҳуқуқ ҳимоячилари Мьюша Северни Freedom House ижрочи директорлигидан бўшатишга муваффақ бўлишди. Аммо бу бошқа ҳикоя бўлади.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама