00:11 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон Қўмита синовига дош беролмади. Давлат ўз қонунларини бажара олмаслиги Асқаров ишидан маълум бўлди

21.07.2016 18:52 msk

Улуғбек Бобоқулов

Мустақил Қирғизистон тарихида биринчи марта Олий суд ишни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг қарорига кўра кўриб чиқди. Бу иш журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг иши бўлди. У 2010 йилда “оммавий тартибсизлик уюштириш” ва “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимини ўлдиришда иштирок этиш” айби билан умрбод озодликдан маҳрум қилинган. Қўмита қарорида умрбод қамалган маҳбусни Қирғизистон расмийлари дарҳол озод қилиб, унинг ҳуқуқларини қайта тиклаши кераклиги айтилган. Аммо судья Қақчекей Эсенқанов бошчилигидаги Олий суд коллегияси бундай деб ҳисобламайди: Асқаровга нисбатан очилган жиноий ишда янги тафсилотлар юзага келгани сабабли, иш қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига юборилади.

Асоссиз айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг фамилияси Қирғизистондаги ультрамиллатчилар учун буқага қизил матони кўрсатгандек таъсир қилади. Асқаров 2010 йилги миллатлараро қирғин авж олган пайтда милиционерлар томонидан қўлга олиниб, эндигина ҳукумат тепасига келган бир тўда “революционерлар”нинг рейтингини оширишга хизмат қиладиган қурбонлик вазифасини ўтади. Ўша пайтда ҳокимиятга Муваққат ҳукумат аъзолари келганди: ўтиш даврининг президенти Роза Ўтунбоева ва ҳозирги давлат бошлиғи Алмазбек Атамбаев.

Ҳуқуқ ҳимоячи бир неча йил давомида милиционерларнинг қинғир ишларини фош қилиб келди, уни худди ўша милиционерлар қўлга олишди ва иқрорий кўрсатма беришга мажбурлашди. Худдики у тартибсизликларни бошлаган ва қирғиз миллатидаги маҳаллий милиция инспекторини ўлдиришга бош-қош бўлган эмиш. “Фарғона” Асқаровнинг иши бўйича суд жараёни қандай кетаётгани ҳақида бир неча марта ёзган.

Олиқ Суднинг бу мажлиси ҳам аслида Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасининг қарорини кўриб чиқиши керак эди, аммо жиноий ишда Асқаровга тақалган моддаларни ўрганиб чиқиш жараёнига айланиб кетди. Ҳалок бўлган милиционернинг қариндошлари ва аёли жанжал кўтариб, адвокат ва ҳимоячиларни ҳақорат қила бошлади. “2010 йилги воқеалар такрорланишини истайсизми? – деб бақирарди синглиси. – Керак бўлса ташкиллаштирамиз”. “Сизга бешта сартнинг калласини олиб келмасам, отимни бошқа қўяман!” - деб ғазабга минди бошқа аёл. Жиноий иш бўйича гувоҳ сифатида қатнашаётган милиционерлар (БМТ қўмитасининг қарорига уларнинг дахли йўқ эди) боши билан маъқуллаб, янги қирғинни бошлашни ваъда беришди.

2012 йилнинг 26 мартида “Фарғона” АА бош муҳаррири Даниил Кислов Бишкекдаги 47-колонияга Азимжон Асқаровнинг олдига борди. Милиционерни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган машҳур ҳуқуқ ҳимоячи ўзининг Қирғизистон раҳбарияти ва халқаро ташкилотларга қиладиган мурожаатини видеога ёзиб олишни сўради. Асқаров ўзини айбсиз деб билади ва 2010 йил июнидаги фожиали кунларда нималар билан шуғуллангани ва нималарни кўрганини батафсил сўзлаб беради. Ҳибсга олингунига қадар ва ундан кейин кўрганларини ҳам баён этади.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маслаҳатчиси Татьяна Чернобиль суд мажлиси қандай ўтгани ҳақидаги фикрини “Фарғона” билан ўртоқлашди.

- Суд кўриб чиқилишb керак бўлган масаладан бутунлай четлашиб кетди. Олий суд БМТ қўмитасининг Қирғизистонга қарши қарорини кўриб чиқиши керак эди. Бу қарорда Асқаров давлат томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши қурбони сифатида тан олинган эди. Аммо суд Асқаров иши бўйича жабрланувчиларни ҳозирги халқаро ҳуқуқ жараёнида томонлардан бири сифатида тан олди. Аммо уларнинг бунга алоқаси йўқ бўлиб, суд мажлисини жиноий қидирув жараёнига айлантириб юборди.

- Қирғизистонда илгари бунақа суд иши кўрилмаган. Аслида қанақа бўлиши керак эди?

- Биз ҳамкасблар ва юристлар билан маслаҳатлашиб, шундай қарорга келдикки, бу ишда бир томондан Асқаров ёки унинг вакиллари, иккинчи томондан давлат вакиллари бўлиши керак. Вакилларни ҳукуматнинг ўзи танлаши керак, булар Адлия вазирлиги ёки ИИВ вакиллари ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Савол эса қуйидагича қўйилиши керак: Қўмита қарори мамлакат жиноий-процессуал қонунчилигининг кучга киришига ва маҳбусни озод қилишга янги асос бўла оладими? Маълумки, БМТ қўмитаси ўзининг қарорида аниқ-тиниқ ёзганки, Асқаров – инсон ҳуқуқлари бузилишининг қурбонидир. Бу қарорда ишни яна терговга қайтаришга йўл йўқ.


Татьяна Чернобиль

- Аниқлаштириб олайлик: ўлдирилган милиционернинг қариндошлари судда бўлишлари керак эмасми?

- Айнан шундай. Чунки Қўмита қарори уларга тааллуқли эмас. Бу ҳолда жабрланувчи Асқаровнинг ўзи бўлиб, у давлат томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишининг қурбонидир.

“Жабрланувчилар”нинг қариндошлари суд залида тажовузкорона ҳаракат қилмоқда, 2016 йилнинг 12 июли

- Бугун суд залида бўлган воқеаларга қандай баҳо берасиз?

- Бу ўзига хос майнавозчилик бўлиб, кузатувчиларга таъсир қилишга уриниш бўлди. Шуни кўрсатмоқчи бўлишдики, ҳис-ҳаяжонлар қуюшқонидан чиқиб кетган ва шунчалик кўламли тус олганки, агар Қўмитанинг Асқаровни озод этиш қарори бажариладиган бўлса, яна нохушликлар ёки тартибсизликлар келиб чиқиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

- Сизнингча шундайми?

- Агар давлатда ижроия ва бошқа ҳокимият кучли бўлса, давлат органлари ишласа, бундай бўлмайди, албатта. Давлат қонунларни бажариш билан бирга мамлакатда тартиб ўрнатишга қодир бўлиши керак. Айни пайтда эса ўз қонунларини ҳамда Конституцияга амал қилмасликни кузатяпмиз. Конституциянинг 41-моддасида чора кўриш кераклиги белгилаб қўйилган, бунда чора кўриш ёки кўрмаслик, қарорни бажариш ёки бажармасликни танлаш имконияти йўқ. Унда халқаро мажбуриятларнинг ҳаммасини бажариш шартлиги белгилаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюросининг бошлиғи Евгений Жовтис “Фарғона” га берган изоҳида айтиб ўтдики, суднинг қарори жамиятдаги сиёсий ва ҳиссий шароит туфайли олдиндан маълум эди.

- Ҳукумат БМТ қўмитасининг қарорига жавоб бермасдан иложи йўқ эди. Бу ишнинг сиёсийлашганини ҳисобга олиб, суд “сизга ҳам, бизга ҳам” тамойилида ҳукм чиқаришга ҳаракат қилди. Худдики, тергов пайтида қоидабузарликларни кўрмай қолишибди, энди қайта кўриб чиқишади. Аммо Қўмитанинг Асқаровни дарҳол озод қилиш ва унинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳақидаги талаби бажарилмади. Судьялар чиқарган қарор ҳаммани қаноатлантириши керак, деб ўйлаган бўлса керак, аммо қариндошларнинг норози эканликлари кўриниб турибди. Афсуски, суд вазиятни ўрганишга ўтиб кетди, аммо БМТ қўмитаси қарорида бу нарса умуман ёзилмаганди, улар кўриб чиқилиши керак эмас эди. Иккинчидан, суд ҳис-ҳаяжонли вазиятнинг ортишига йўл қўйиб берди, ҳолбуки, раислик қилувчи шахс суд мажлисида тартибни сақлаши керак эди.

***

Ҳуқуқ ҳимоячи қандай босим остида қолгани ҳақида “Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича обсерватория” халқаро миссиясининг маърузасининг бир парчасидан билиш мумкин.

“Суд жараёнида ҳимоя томонига жиддий босим ўтказилди: милиция ходимлари Асқаровни калтаклашда давом этишди, унинг адвокатига эса суд амалдорларининг кўз ўнгида ўлдирилган милиционернинг қариндошлари ташланишар эди, - дейилади маърузада. – Ҳимоя томонининг гувоҳларига таҳдид қилингани туфайли улар судда чиқишдан бош тортишди. Шикоят берилганига қарамасдан, Асқаровнинг қийноқлар ва милициянинг шафқатсиз муносабати ҳақидаги аризасини текшириш учун расмийлар ҳеч нима қилишмади. Фаолияти давомида Обсерватория миссияси ўша пайтдаги Қирғизистоннинг бош прокурори Қубатбек Байбўлов билан учрашди. Унинг айтишича, ўша пайтда вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи Роза Ўтунбоева тўғридан-тўғри судга Асқаровни умрбод қамашни буюрган. Яна айтишича, жиноий ишда тақдим этилган далиллар Асқаровнинг айбини исботламайди, ўша пайтда судлар “революция шукуҳида” ишлаганини хулоса қилди…”.

Байбўловнинг Асқаров ишида Ўтунбоеванинг роли ҳақидаги гаплари жамоатчиликни ларзага келтирди. Ўзининг миллатчилик қарашлари ва фиклари билан танилган муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Эмильбек Каптагаев Фейсбукдаги саҳифасида ғазабли фикрлар келтирган (имлоси сақланган).

“Мана Байбўловга тўғридан-тўғри жавоб, бунинг устига ўзининг маконидан – Бош прокуратурадан берилди (ҚР БП вакилларининг баёнотига ҳавола. – Муаллиф изоҳи). Бундай безбетларча, далил-исботсиз ёлғон гапириш мумкинми? Хафагарчилик ва адоват инсоннинг ичидагини ташқарига чиқаради, асл башарасини очади. Аммо Роза Исоқовнанинг ишончи туфайли уч ой ичида ГКНБ, ИИВ ва Бош прокуратурани бошқарган, хизмат кўрсатмасдан туриб генерал-лейтенант унвонини олган, “кўрмаганни кўргани қурсин” бўлган бундай одам сал чегарани билиши керак. Агар шунчалик принципиал одам бўлса, аллақачон погонини топшириши керак эди, чунки бу унинг даражаси эмас. Асқаровнинг иши бўйича Эже доим қатъий позицияда бўлган, ҳаммаси қонуний бўлишини талаб қилган. Ахир Азиза Абдурасулова ва Тўлўйкан Исмаиловалар бир неча марта бу ишни у билан маслаҳатлашган, улар ҳам ростини айтса керак. Иш Олий судда кўрилишидан олдин, 2011 йилнинг январида Роза Исоқовна ўша пайтдаги Бош прокурор Байбўловга ишни яна бир марта ўрганиб чиқиш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва халқаро ташкилотларнинг баёнотлари, улар келтирган фактлар, ишнинг боришидаги қоидабузарликлар ҳақида матбуотда берилаётган маълумотларга эътибор қаратишни шахсан тайинлаган. Ўша пайтда Бош прокурор бўлган Байбўлов шахсан мамлакат Президентига ҳисобот бериб айтганки, материаллар ўрганилган, бирорта ҳам ариза қолиб кетмаган, ишни тубдан қайта кўриб чиқишга асос йўқ, иш Олий судга қолган, прокуратура олдинги айбловни олдинга суради. Мен шундай ҳисоботни кўрганим учун айтяпман. Кейин, 2011 йилнинг январь ойи охирида Олий суд ишни кўриб чиқишни бошлади. Худди шу Байбўлов давлат айбловини тақдим қилган, унинг шахсан ўзи айбловни қўллаб қувватлаган, энди бўлса Роза Исоқовна судга буйруқ берган деб ёлғон-яшиқни кўпиртиряпти. Айбни бировга тўнкашдан нима наф? Бош прокурор бўлган Байбўлов ўшанда қандайдир камчиликни сезган бўлса, судда айбловни қўллаб-қувватлашдан бош тортиши ва шароитни тушунтириши керак эди. Ахир Бош прокурорни ҳеч ким мажбурлай олмасди. Қайси Байбўловга ишониш керак: 2011 йилги Бош прокурор Байбўловгами ёки ҳозирги хафа бўлган нусхасигами? Ўшанда у мамлакат Президентига ишни қайта кўриб чиқишга асос йўқлигини айтган, энди бўлса Президент судга буйруқ берган деяпти. Аллоҳ ҳар нарсага ҳакам. Ҳамма нарса ойдинлашади, ҳақиқат доим ҳақиқатлигича қолади”.

***

Жазога ҳукм этилган Асқаров икки буюк давлат – АҚШ ва Россия курашида ўртадаги чақага айланди. Биринчи давлат Азимжоннинг хизматларини тан олиб, унга АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мукофотини топширган бўлса, Россия телеканаллари нохолис сюжетларни кетма-кет бериб, ҳуқуқ ҳимоячини айирмачи ва қотил деб атади. “Оға”сига маъқул келиш учун Қирғизистон ТИВ 1993 йилдан бери амалда бўлган АҚШ билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни узишга қарор қилди. Эртакнинг ҳазилнамо тугашига ўхшайди – душманларимга қасд қилиб, эчкини сотаман, шунда болаларим сут ичмайди...

Аммо Россия ва Қирғизистон расмийлари мақсадига эришди: жамоатчилик жазавага тушди – бу қанақаси бўлди, мамлакатдаги барча судларда айби исботланган одамни “пиндослар” тақдирлашга қандай журъат этди? Бу оммавий васвасадаги энг ачинарли ҳолат ҳам шу ўзи: судларга ишонч даражаси ўта пастлигини деярли барча экспертлар тасдиқлайди. Президент Атамбаев юқори минбарлардан туриб амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган суд ислоҳоти барбод бўлди. Аммо Асқаров ишига келганда ҳамма дарров Қирғизистон судларининг сотилмаслиги ва ҳалоллигига ишониб қолади.

Ўта реакцион фикрлайдиган қирғиз тилидаги ОАВда антиАсқаров (яъни антиўзбек) жазаваси бошланди. Маҳаллий матбуотдаги мақолаларнинг бир нечта сарлавҳасини кўринг: “Азимжон Асқаровнинг айби қайта исботлансин, ёки қачонгача Конституциядаги камчиликлардан озор чекамиз?”, “Қанимет Бўдўбаев: “БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси қарорини бажариш шарт эмас”, “Халқаро ташкилотларнинг позицияси бу ишда ҳам, кейинчалик ҳам объектив бўлмайди. Улар қонхўрни оқлаш ва қирғиз ҳукуматининг обрўсини тўкишга ҳаракат қилади”, “Асқаров-гейт” операцияси: Қирғизистон конституцияси ташқи кучларга хизмат қилаверадими?”…

Ҳукумат янги миллатлараро ҳужумни тўхтата оладими? Ишониб бўлмайди. Чунки айнан шундай пайтларда, ташқи душман топилгач, расмийлар ўз позициясини мустаҳкамлаб олишига имкон туғилади, давлат деб аталмиш кема тагидаги тешикларни ямаш мумкин бўлади, бу кема эса чўкмоқда…

Улуғбек Бобоқулов (Бишкек)

Мақола чоп этишга тайёрланаётганда Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг пресс-релизи келди. Унда айтилишича, суднинг бугунги қарори – “Қирғизистон аввало қамоқда ўтирмаслиги керак бўлган одамни озод қилиш орқали тўғри қадам босиш имконини қўлдан чиқарди. Олий суднинг бугунги қарори ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Қирғизистоннинг ўз мажбуриятларини эътиборга олмаслигини англатади”.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама