20:57 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш бўйича суд бошланди

12.07.2016 08:50 msk

Фарғона

Қирғизистон Олий судида 11 июль куни судья Қақчекей Эсенқанов раисилиги остида 2010 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг жиноий ишини қайта кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси бошланди.


Бишкекдаги Олий суд биноси ёнида, 2016 йил 11 июль. “Фарғона” фотосурати

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасининг апрель ойида Қирғизистон расмийларидан ҳуқуқ ҳимоячини озод қилиш ва айблов ҳукмини бекор қилиш тўғрисидаги талаби Асқаровнинг иишини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиб қолди. БМТ Қўмитаси қарори чиққани маълум бўлганидан сўнг Азимжон Асқаров Олий судга ўз ишини қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза йўллади.

“Фарғона” мухбири маълум қилишича, милиция ходимлари эрталаб Олий суд биносига олиб борувчи йўлни бир маҳалла наридан бошлаб қуршаб олдилар. Суд биносига фақат аккредитациядан ўтган одамларни рўйхат бўйича ўтказдилар. Маҳаллий аҳоли ўртасида саросима пайдо бўлиб, одамлар кўзларида қўрқув билан баъзи журналистларнинг олдига келиб, “нима бўлди, бу сафар энди қаерда оммавий тартибсизликлар бошланди?” деб сўрай бошладилар.

Эрталаб соат тўққиз яримга белгиланган суд мажлиси қирқ минут кечикиш билан бошланди. Раислик қилувчи судья Қақчекей Эсенқанов суд мажлиси кечикканини жабрланувчи тарафнинг кутилгани билан изоҳлади. Суд залида дипломатлар, шу жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Франция, Швейцария элчихоналари, ЕХҲТ, БМТ, Европа иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси, Human Rights Watch ва бошқа ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг вакилларини кўриш мумкин эди.

Асқаровнинг адвокатлари илтимосига мувофиқ Олий суд “Бир Дуйно-Кыргызстан” ҳуқуқ ҳимоя марказининг раҳбари Тўлеқан Исмаиловани Азимжон Асқаровнинг жамоатчилик ҳимоячиси деб тан олди. Адвокат Валериан Вахитов процессда Асқаровнинг ўзи ҳам иштирок этишини сўради, бироқ судьялар унинг иштироки ҳозирча шарт эмас, деб қарор қилдилар ва масалани очиқ қолдирдилар.

Адвокат Нурбек Тўқтақунов Асқаровнинг иши янги очилган тафсилотлар – ҳуқуқ ҳимоячини ноқонуний қўлга олиш ва уни қийноққа солиш, шунингдек, адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ва ғайриқонуний айблов қўйиш бўйича кўрилаётгани тўғрисида аниқлик киритди. Адвокатлар Асқаровни барча моддалар бўйича оқлашни, олдин чиқарилган ҳукмни бекор қилишни ва ҳуқуқ ҳимоячини зудлик билан озод этилишини сўрадилар.


Адвокатлар Нурбек Тўқтақунов ва Валериан Вахитов

Нурбек Тўқтақуновга кўра, БМТ қўмитаси жиноят содир этилгани исботланган ёки исботланмагани тўғрисидаги масалани кўргани йўқ ва расмийлар билан ушбу иш бўйича мунозара қилмоқчи эмас. “Қўмита аъзолари инсон ҳуқуқлари бузилишининг кўплаб ҳолатларини қайд этдилар, - дея таъкидлади Тўқтақунов. – Халқаро қонун меъёрларига мувофиқ битта гуноҳсиз одамнинг қамоқда ўтирганидан, ўнта жиноятчи очиқда юргани яхшироқ. Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса бунинг аксини қўллаб келадилар ва ўнта бегуноҳ одамни қамоқда сақлашни афзал кўрадилар. Мен БМТ Қўмитаси қарорига таяниб, Асқаровни оқлашингизни ҳамда жиноят ишини тўхтатишингизни сўрайман. Агар ҳозир бу иш қилинмаса, унда сиз қийноқлар тизимини қўллаган бўлиб чиқасизлар”.

Ҳимоячиларнинг фикрини тинглаган суд соат 15 га қадар танаффус эълон қилди. Бироқ танаффусдан сўнг жабрланувчи тараф келмагани учун суд мажлисини 12 июль кунига қолдирди.

“Фарғона” баъзи ҳуқуқ ҳимоячилардан Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқилиши қандай натижа билан тугаши мумкинлиги борасида ўз фикрларини изҳор этишни сўради.

Анна Нейстат, Amnesty International ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг вакили:

- Amnesty International нуқтаи назари бўйича Асқаров “виждон тутқуни” саналади. Биз ва бошқа кўплаб ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари у билан узоқ йиллар давомида ишлаб келганмиз ҳамда Асқаровнинг ҳуқуқ ҳимоя фаолияти, хусусан, вилоятдаги милиционерлар ва давлат органларининг бошқа вакиллари томонидан содир этилган муайан қонунбузарликларни ҳужжжатлаштириб юриши унинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган деб ҳисоблаймиз. Энди бўлса Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Қўмитаси унинг ишида жуда кўп миқдорда процессуал қонунбузарликлар, шу жумладан, қийноқлар қўллангани, ноқонуний ҳибсга олиш, ҳимоя қилишга йўл бермасликлар бўлганини тасдиқлади. Натижада, Қўмита Қирғизистон расмийларига Асқаровни зудлик билан озодликка чиқаришни тавсия қилиш керак, деган хулосага келди. Менимча, суд ўз эътиборини айнан БМТ Қўмитаси қарорига қаратиши лозим. Ушбу суд қабул қилиши керак бўлган қарор битта – Қўмита қарорини амалга ошириш. Бу Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига мос келади. Ҳимоячи қайд этиб ўтганидек, бу ерда ҳеч қанақа хулосалар бўлиши мумкин эмас: Қирғизистон БМТ Қўмитаси қарорини ё бажаради ёки бажаришдан бош тортиб “радди маърака” мамлакатга айланади.

Евгений Жовтис, Қозоғистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари:

- Қирғизистон сиёсий тизимига яқин бўлган вакил сифатида суднинг қарори икки хил – сиёсий ва ҳуқуқий асосга эга бўлиши мумкинлигини жуда яхши тушунаман. Бизда биринчиси доим устун келиши кўпчиликка маълум. Шунинг учун ҳамма нарса сиёсий конъюктурага боғлиқ, яъни Қирғизистон учун бу иш ички сиёсий нуқтаи-назардан қанчалик аҳамиятга эга бўлса, юридик ечим ҳам шунга қарайди. Бу ишда ҳуқуқий жиҳатлар бош омил бўлади, деб ўйламайман. Ҳатто БМТ Қўмитаси қарорига қарамай. Энг асосийси – сиёсий аспект бўлиб қолади.


“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама