14:52 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ортда қолган болаликнинг йитиб бораётган ўйинлари. 1-қисм: Ланка

07.11.2005 18:25 msk

А.Кудряшов, Д.Кислов

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида Тошкент ёки Фарғонанинг исталган мактабида ўқув бўлими мудирлари ёки синф раҳбарлари юқори синф ўқувчиларини танаффусда ланка ўйнагани учун койирдилар. Бу ўйин туфайли дабба касалига йўлиқиш мумкинлиги билан қўрқитишарди. Ошиқ ўйнаганлик учун эса баъзи ота-оналар «нима учун сизлар дарс қилиш ўрнига, эрталабдан кечгача қишлоқи болаларга ўхшаб суяк кўтариб, кўчада санғиб юрибсизлар, худди биз сизга «яхши ўйинчоқлар» олиб бермагандай», дея танбеҳ берардилар.

Бугун Ўзбекистонда ланка ёки oшиқ ўйнаган болани кўрмайсиз. Балки сиз бу ўйинларни президент фармони билан таъқиқланган ёки жамоатчилик томонидан қораланади, деб ўйларсиз? Йўқ, бу сиз ўйлагандан кўра жўнроқ. Бу ўйинлар шунчаки унутилган. Улар янги «кўнгилочар машғулотлар»га ўрин бўшатиб, йўқлик сари равона бўлганлар. Шаҳарлик болаларнинг кўпчилиги ўзларининг бўш вақтларини дарвозахоналарида эмас, интернет-кафе ва компьютер ўйинлари клубида ўтказадилар. Ота-оналар бўлса, табиийки, уларни койишда давом этадилар, аммо эндиликда улар фарзандларини ҳар хил «бемаъни зўравонликка ўргатувчи аҳмоқона отиш-чопиш»га ҳаддан зиёд берилганликлари учун урушадилар. Ана шунақа, одатда, катталарга уларнинг болалари ўйнайдиган ўйинлар ёқмайди. «Мана бизнинг замонимизда шунақа ўйинлар ўйнардиларки...» - дея таъкидлайдилар улар.

«Ланка» - қўрғошин қадалган эчки ёки улоқ терисининг парчаси

Дабба бўлиш-бўлмасликни билмадим-у, ўйинни янги ўрганаётган нўноқ бола зўр ўйинчининг «акробатларча» ҳаракат билан ланка тепишини қайтараман деб, қизиқишда суягини чиқариб олиши, пайини чўзиб олиши ёки ҳатто оёғини синдириб олиши мумкин. Ўйинни янги ўргана бошлаганлар ланка тепиш билан кунига уч-тўрт соатлаб шуғулланишиб, кейин «чавандоз юриш» қилиб узоқ юрардилар – кўп ишлаган оёқ ва бел мушаклари қаттиқ оғрирди. Бироқ бир вақтнинг ўзида ҳам спорт, ҳам цирк томошасига ўхшаган ўйиннинг усталари ланкани гоҳ пойабзалининг ёнбоши билан, гоҳ учи билан, гоҳ товони билан моҳирона илиб олиб, соатлаб ерга туширмай тепардилар. Улар ланкани гоҳ бир оёқда турганча, гоҳ сакраб, ғоҳ ҳар иккала оёқда барабар тепиб ўйнардилар.

«Пари», «лури», «жонжи», «қайчи» деган саноқсиз ҳаракатлар бажариларди. Гуруҳ бўлиб ўйналадиган мусобақада ютқазганни баъзан «малай бўлиш»га – омадлироқ ўйинчилар томонидан эпчиллик билан оширилаётган ланкани тутишга мажбур қилинарди. Бошқа бир шартга кўра эса, агар «малай бўлувчи» ланкани тутиб олгудек бўлса, унинг ўрнига ланкани омадсиз оширган ўйинчи ўртага тушиши керак бўларди. Аммо бу энди «олий санъат»га ўхшаш кўнгилхушлик эди.

Ланканинг ҳақиқий устаси у билан мусобақада ютқазишни истамаган анқовлар тўдаси олдида соатлаб маҳоратини намойиш қиларди. Ёки бўлмаса тажрибали ўйинчилар бир-бирларига ўша пайтда машҳур бўлган шарқона кураш акс этган кино қаҳрамонлари каби маҳорат намойиш этардилар. Нимасини айтасиз, мураккаблик ва зарур жисмоний тайёргарлик жиҳатидан шарқона кураш усулларидан кам эмасди. Бу ўйиндаги маҳоратга чек-чегара йўқ эди. Аммо, агар шунчаки қизиқиш ва тенгдошлар кўз ўнгидаги ҳурмат-эҳтиромни ҳисобга олмаса, унинг катталарга тушунарли бўлган амалий аҳамияти нолга тенг эди. Ланкани яхши ўйнаш ҳақиқий тошкентлик йигитнинг ростмана «ўғил бола»лиги белгиси эди. Яна бу Эски шаҳар маҳаллаларидагина эмас, ўша пайтда Чилонзор каби «ғирт европача» туманлар бўлган жойларда ҳам шундай эди. Агар ҳеч бўлмаса «лури»ни ўзлаштириб олмаган бўлсанг, уятга қолиб кетардинг...

Албатта, «учиш хусусиятлари»дан келиб чиққан ҳолда ланканинг ўзи ҳам қадрланарди. Эчки терисидан бўлган узун ва қалин юнгли ланкалар энг яхши ҳисобланарди. Агар унга қўрғошин яхшилаб ўрнатилса, осмонга чиққач, кичкина парашютчалар каби учардилар. Қуён телпаклар ёки бувилар сандиғидан ўмарилган пальтоларнинг синтетик ёқаларидан бундай буюмларнинг юқоригамас, балки истаган ёққа учишига олиб келарди. Шунга қарамай, болажонлар ланка ўхшаш шаклдаги гулхайри билан бажонидил машқ қилишарди.

Ушбу ўйиннинг келиб чиқиши ҳақида узоқ баҳслашиш мумкин. Интернетда биз қизиқ бир мақолага дуч келдик, унда айтилишича, ланка учун эгарда узангисиз, оёқ мускуллари кучи билангина мувозанат сақлаган қадимги Шарқ чавандозлари учун машқ бўлган бўлиши мумкин.

«Ҳинд-Эрон катафракталари (оғир қуроллар билан қуролланган Парфия ва Тохар чавандозлари – зодагон-кшатрийлар табақасининг сара жангчилари) бошдан оёқ темир кийим кийган, узун қиличлар ва оғир ҳужум найзалари билан қуролланган эдилар», - деб ёзади муаллиф, - «Уларнинг қақшатқич зарбаларига Қироч армияси томонидан тор-мор этилган римликларнинг машҳур легионлари ҳам дош бера олмаган. Уларнинг отда узангисиз қандай қилиб ўзларини тутиб ўтирганлари қизиқ. Уларнинг оёқлари ҳам темир билан қопланганди, уларнинг мушаклари ҳам темирдан бўлса керак».

Линг, ланг, ленг и ҳатто «long» каби Ҳинд-европа тилларидаги турли ясалмалар ҳинд-эрон ўзагидан келиб чиққан, бу ўзак бирон-бир нарсанинг узунчоқ қисми, масалан, жасаднинг чўзинчоқ қисми – жумладан, оёқни англатган. Рус тилидаги оёқ мушагини англатувчи «ляжка» ҳамда «лягать» сўзлари ҳам эҳтимол шу сўздан келиб чиққандир. Демак, ланка енгилтакона ўйин эмас, оёқлар учун қадимги машқ бўлиб ҳисобланар балки?..

Бошқа бир муаллиф қўй ёки эчки терисидан қилинган матоҳлар билан машқ қилиш қадимда Хитой жанубида ҳам мавжуд бўлганини таъкидлайди, бунда улардан қуролсиз курашда оёқ мушакларини пишитиш учун фойдаланганлар. Бу спорт «ланг-га» «мустаҳкам оёқ» деб аталган.

Менимча, оёқлар учун машқ-ўйинни англатувчи сўзнинг туркий тилдан келиб чиққанини ҳам инкор қилмаслик керак. Ахир турк чавандозлари қадим-қадимдан ўз рақибларини фақат отда эгарсиз ўтиришлари билангина эмас, чопиб бораётиб, жиловни қўйиб юборганча, камондан аниқ нишонга уришлари билан ҳам лол қолдирганлар.

Афтидан, бу ўйин у ёки бу шаклда бўлсин, Евросиё халқларининг ҳаммаси учун умумий бўлган бўлса керак, аммо у кўчманчи чорвачилик ҳамда учқур чавандозлар маҳорат сақланган жойларда узоқроқ муддат сақланган.

Бугун ланка йўқолиш арафасида турибди. Бутун дунёда тарқалган, қулай, ланкага ўхшаш сокс ортда қолган болалигимизнинг йўлдоши, Осиёнинг сирли қадимги ўйини ланкага бўлган соғинчимиз аритолмайди.

P.S. Кейинги мақолани биз яна бир қадимий ва афсоналарга бой бўлган ўйин – oшиқ ўйинига бағишлаймиз. Шунга кўра биз сайтимиз муштарийларидан ўз шарҳларини, бизнинг маълумотларимизга қўшимча бўлиши мумкин бўлган ҳикояларини юборишларини сўраймиз. Уларнинг ҳаммаси «Фарғона.Ру» саҳифаларида чоп этилади.